muslimuz

muslimuz

Пятница, 23 Февраль 2024 00:00

Тиловат саждасидан кейинги дуо

Cавол: Тиловат саждаси қилинганидан кейин қайси дуони қилсак бўлади?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Тиловати саждадан сўнг тайин қилинган дуо йўқ. Урфимизда қуйидаги дуони қилиш одат бўлган.

سَجَدْتُ لِلرَّحْمَانِ وَآمَنْتُ بِالرَّحْمَانِ فَاغْفِرْلِي ذُنُوبِي يَا رَحْمَان سَمِعْنَا وَأَطَعْنَا غُفْرَانَكَ رَبَنَا وَإِلَيْكَ الْمَصِيْر

“Сажадту лирроҳмаани ва ааманту бирроҳмаани фағфирлий зунуубий йаа Роҳмаану. Самиънаа ва атоънаа ғуфроонака Роббанаа ва илайкал масийр”.

Маъноси: “Раҳмон (Аллоҳ)га сажда қилдим, Раҳмон (Аллоҳ)га иймон келтирдим, Ё Раҳмон! Гуноҳларимни мағфират қилгин, эшитдик ва итоат этдик ва қайтиш фақат Сенгадир”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Пятница, 23 Февраль 2024 00:00

Facebook ва Twitter тармоқларидаги дўстлар

Бир билимдон кишидан сўрашибди: “Facebookда энг яхши дўст ким?”.

Бироз жим туриб, сўнг жавоб берибди: “У билан кам гаплашсангиз койимайдиган, “бирор сабаби бордир”, дея яхши гумон қиладиган, сизни расм билан белгиламайдиган, гуруҳларга қўшиб қўймайдиган, сиз билан бирор фикрда баҳслашганда дарров аразлашга, жаҳл қилишга ўтмайдиган, сизни “блокировка” қилиб қўймайдиган, аксинча кўп баҳслашиши сизга бўлган яқинлигини, меҳрини, ҳурматини кўтарадиган дўст Фаcебоокдаги энг яхши дўстдир”

Кейин яна сўрашибди: “Энг ёмон дўст ким?”.

“Ёмон хислатлар ҳақида қўйган ҳамма постда сиз уни назарда тутгансиз деб ўйлайдиган, гапингизни энг ёмон маънода қабул қиладиган, гапингизнинг агар етмишта тўғри маъноси бўлса, ҳаммасини қўйиб, ёмон маънода тушуниб оладиган одам – энг ёмон дўст”.

Кейин буларнинг ҳаммасидан ҳам ёмонроқ нарса ҳақида сўрашибди.

Кўзлари ёшга тўлиб дебдики: “Кимдирдан садоқатни кутсанг-у, у сендан юз ўгирса, садоқатга мувофиқ иш қилмаса мана шу энг оғир ҳолат!

Баъзилар садоқатни пулга сотиб олса бўлади деб ўйлайди. Аслида битта қалин дўстга эришишга кетказган йилларингизда Фаcебоок ва Тwиттерда минглаб дўстлар орттирсангиз бўлади.

Одамлар билан яхши дўстлик ришталарини боғлаш ҳозирги кунда жуда осон, битта тугмани босасиз, қарабсизки битта дўстингиз бор. Бироқ бу ҳақиқий дўстми?

Маълум бир ширкат ёхуд мавқеъ эгаси бўлмасангиз, Фаcебоокда танимаган одамларингизни ўзингизга қўшманг, фақат танишларингиз билан гаплашинг. Чунки танимаган одам сизнинг манзилингизга сизга лойиқ бўлмаган расмни ташлаб қўйиши ёки ноўрин комментариялар ёзиб қўйиши мумкин.

Бегона одамлар билан танишиш билан вақтингизни кетказманг, чунки нариги тарафда туриб сизга ёзаётган одам ким эканини билмайсиз, ҳатто у аёл киши бўлиши ҳам мумкин!”.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Пятница, 23 Февраль 2024 00:00

Ҳаётимизни ўзгартирган қисса

Кўпчилик болаликда ака-укалари билан жанжаллашади. Бунга турли нарсалар сабаб бўлади. Баъзида уй ишларининг тақсимоти борасида низо чиқса, бошқа пайт телевизор кўриш навбати талашилади, ё бўлмаса яна нимадир муаммо чиқиб, ака-укалар ва опа сингиллар орасида ўзаро шовқин кўтарилишига сабаб бўлади. Барча ота-оналар бундай вазиятларда болаларни тинчлантиришга, каттага сен каттасан, кичикка сен кичиксан, деб ўзаро муросага чақиришга уринишади.

Биз ҳам опа-сингилларим билан кўп уришардик. Онамизни бир-биримиздан қизғонардик. Шунда марҳум онам бизларни бир хонага тўплаб, бу ишимиз яхши эмаслигини мулойим оҳангда тушунтирардилар. Кейин бизга Юсуф алайҳиссалом қиссаларини сўзлаб берардилар. У кишининг акалари билан бўлган ҳодисалар, акалари тарафидан қандай ноҳақликлар кўрганлари, акалари оталарини рашк қилиб Юсуф алайҳиссаломни ҳатто қудуққа ташлаб келганлари, Юсуф алайҳисалом бошларидан ўтган кўплаб қийинчиликлар, шунча заҳмат чекканларига қарамай акаларини кечириб юборганларини таъсирли қилиб айтиб берардилар.

Қисса охирида Юсуф алайҳиссалом оталарига “Отажон, бу аввал кўрган тушимнинг таъбиридир” деган жойларида доим кўзимизда ёш бўларди. Қиссани эшитиб бўлганимиздан сўнг ўзимизга келардик. Ғазабимиз босилиб, қаршимизда талашиб тортишаётганимиз бир қориндан талашиб тушган жигарларимиз эканини англаб, бир-биримизни бағримизга босар эдик, айтган дилозор гапларимиз учун бир-биримиздан узр сўрардик.

Лекин орадан яна бир қанча вақт ўтгач, онамнинг насиҳатлари ёдимиздан чиқиб қоларди. Кейин онам бизга яна ўша услубда ўша мулойимлик ва сабр билан Юсуф алайҳиссалом қиссаларини сўзлаб берардилар.

Бир неча йиллар онам сабр-тоқат билан бизга мана шу услубни қўлладилар. Юсуф алайҳиссалом қиссаларини ҳар эшитганимизда қиссанинг ўзимиз учун янги бўлган жиҳатларини кашф қилардик. Бора-бора бу қисса бизга ёд бўлиб кетди. Қачон опа-сингилалар ўзаро низолашиб қоладиган бўлсак, ўз-ўзидан шу қисса ёдимизга келадиган бўлиб қолди. Қисса ёдимизга келиши билан дарров жаҳлимиздан тушиб, жанжалнинг олдини олардик.

Орадан йиллар ўтди. Онам қексайиб омонатларини топширадиган пайт барча фарзандларини атрофларига тўпладилар. Ҳаммамизга эшиттириб шундай насиҳат қилдилар: “Сизларга икки нарсани насиҳат қиламан. Биринчиси, Юсуф алайҳиссаломнинг қиссаларини унутманглар, доимо бир-бирларингизга эслатиб туринглар, ичларингдан кимдир унутса, бошқалари унга эслатсин. Иккинчи насиҳатим шуки, Аллоҳ таолодан қўрқинглар. Агар сизлар Аллоҳ таолодан қўрқсаларингиз, Аллоҳ таоло сизларга барча қийинчилик ва ташвишлардан чиқиш йўлини ато қилади, мен ҳам сизлардан ана ўшанда рози бўламан ва гўримда тинч ётаман...”.

Онамнинг сўнгги насиҳатларини тингларканмиз қўлларимиз кўзларимиздан оқаётган ёшларни артишга улгурмасди. Онам насиҳатларининг сўнггида тез кунларда Жаннатда дийдор кўришишни сўраб дуо қилдилар ва шаҳодат калималарини айтиб боқий дунёга кўчиб ўтдилар...

Ўшандан бери қанча йиллар ўтиб кетди. Лекин онамнинг ўша кунги насиҳатлари умрбод қалбимизга муҳрланди. Онамнинг берган тарбиялари ва насиҳатлари шарофатидан ҳаётимизда қандай муаммога йўлиқсак, Юсуф алайҳиссалом қиссаларини эслайдиган, у зотни қудуқда бирор ёрдамчисиз бўлган пайтларида қутқарган Аллоҳ бизни ҳам бу ҳаёт қийинчиликларидан олиб чиқиб кетишига ишонадиган бўлдик. Жигарлар билан ўзаро оқибатимиз ҳам гўзал бўлди. Аллоҳ таоло онамизни Ўзи раҳматига олсин, бизларни Юсуф алайҳиссалом ва онамиз билан жаннатда учраштирсин.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббуси билан юртимизда фаолият юритиб келаётган 3500 дан зиёд имом-хатиб ва имом ноиблар учун воиз уламо ва малакали мутахассислар иштирокида маънавий-маърифий суҳбатлар ўтказиш йўлга қўйилди.

Шу йил 22 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов ва Диний идора Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри вакилликлари жамоаси ва масжидларнинг барча имом-хатиб ва имом ноибларига zoom дастури орқали маънавий-маърифий суҳбат ўтказдилар.

Масофавий учрашувда профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов ўз маърузасида юртимиз мўмин-мусулмонлари ҳуқуқий давлат ва қонун устувор бўлган жамиятда истиқомат қилиши, барча қонун олдида тенг эканини, шу боис нима касб қилиш ва қандай лавозим эгаси бўлишидан қатъий назар барча қонунга амал қилиши зарур эканини алоҳида таъкидлади.

Шайх Алижон қори Қуръони карим фазилати ҳақида манфаатли мавъиза қилиб, жумладан, Каломуллоҳнинг инсониятга раҳмат ўлароқ нозил қилингани, уни ўқиган қорига дунёю охиратда бериладиган ажру мукофотлар, улуғ ойларда қилинган хатми Қуръонларнинг савоби янада зиёда бўлиши, Қуръони каримни эшитиш қалбга ҳузур бериши ҳақида оят, ҳадис ва уларнинг шарҳи билан тушунтириб берди.

Маънавий-маърифий учрашувда нотиқлар томонидан барча соҳа вакиллари қатори имом-домлалар ҳам ўз вазифасини сидқидилдан бажаришга харис бўлиши, ахлоқий сифатларини камол топтириб бориши, илму маърифат ва жамоат ишларида мўмин-мусулмонларга намуна бўлиши лозимлигини таъкидлаш баробарида дин пешволари жамиятдаги мақом ва мартабаларига ҳар томонлама муносиб бўлишлари айтиб ўтилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

 

 Эслатма! Бу йилги бароат кечаси 24 феврал шанба кунидан 25 феврал якшанбага ўтар кечасига тўғри келмоқда, иншаАЛЛОҲ.

Бароат сўзи қандай маънони англатади?

“Бароат” сўзи араб тилида “озод бўлиш”, “нажот топиш” деган маъноларни англатади. Бу кечанинг бундай номланишига сабаб, унда Аллоҳ таолонинг раҳмати ва фазли ила беҳисоб инсонлар дўзахдан нажот топадилар.

Бароат кечаси қандай кеча?

Онамиз Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан:Эй Оиша бу кеча қандай кеча эканини биласизми?” деб сўрадилар. Мен: “Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ”, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ азза ва жалла бу кеча бандаларига раҳмат назари билан қарайди ва мағфират сўровчиларни мағфират этади, раҳм сўровчиларга раҳм қилади, дилларида мусулмонларга нисбатан гина, адоват сақловчи кишиларни қандай бўлса, шундай ҳолатда қўйиб қўяди”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Бароат кечасида нималар содир бўлади?

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Бу кечада (шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида) нималар бўлишини биласизми?” дедилар.

Оиша розияллоҳу анҳо: “Ё Аллоҳнинг Расули, бу кечада нималар бўлади?” дедилар.

У зот алайҳиссалом: “У кечада Одам болаларининг бу йилда туғиладиганлари ва бу йилда вафот этадиганлари ёзилади ва у кечада уларнинг амаллари кўтарилиб, ризқлари нозил бўлади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Бароат кечасида гуноҳлар мағфират қилинади

Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ таоло шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси дунё осмонига (Ўзининг шаънига мувофиқ) тушади ва Аллоҳга ширк келтирган ва қалбида гина, кудурат бор кишидан бошқа барчани мағфират қилади” (Имом Байҳақий ривояти).

Бароат кечасида дуолар қабул бўлади

Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қачон шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, бас, (Аллоҳ таоло тарафидан) бир нидо қилувчи нидо қилади: “Бирорта мағфират сўровчи борми, Мен уни мағфират қиламан! Бирор нарса сўровчи борми, Мен унга бераман”, дейди. Шу вақтда ким сўраса, унга берилади. Зинокор ҳотин ва мушрикдан бошқа”.

Бароат кечасида одамлар дўзахдан озод қилинади

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Жаброил алайҳиссалом менинг олдимга келиб: “Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ таоло бу кечада кўп одамларни дўзахдан озод қилади. Уларнинг адади Калб қабиласи қўйларининг жунларидан ҳам зиёда бўлади. Фақат бу кечада Аллоҳ таолога ширк келтирган, гиначи ва қариндошлик алоқаларини узувчи, изорини (манманлик билан) тўпиғидан пастга тушириб юрувчи, ота-онасига оқ бўлувчи ва хамр ичувчи кишиларга раҳмат назари билан қарамайди”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Бароат кечасида қандай амалларни бажариш лозим?

1. Хуфтон ва бомдод намозини жамоат билан адо этинг.

2. Истиғфор айтишни кўпайтиринг.

“Астағфируллоҳуллазий лаа илааҳа иллаа ҳувал ҳайюл қаййум ва атуубу илайҳи”.

3. Ўзингиз ва барча уммат учун хайрли дуолар қилинг.

Айниқса, “Аъузу би афвика мин ъиқобик ва аъузу биризока мин сахотик ва аъузу бика минка жалла важҳука лаа уҳсий санаан алайка анта камаа аснайта ъалаа нафсика” дуосини ўқиш лозим.

4. Тоқатингиз етганича зикрлар, нафл ибодатлар, Қуръон тиловати қилинг.

Хусусан, “Субҳааналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳил ъалиййил ъазийм” зикрини кўп айтиш тавсия этилади.

5. Шаъбоннинг ўн бешинчи куни рўза тутинг.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қачон Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, унинг кечасини бедор ўтказинглар, кундузининг рўзасини тутинглар. Чунки ўшанда Аллоҳ қуёш ботиш пайтида дунё осмонига тушади ва тонг отгунича: “Қани, истиғфор айтувчи борми, уни мағфират қиламан. Қани, ризқ сўровчи борми, унга ризқ бераман. Қани, балога учраган борми, унга офият бераман. Қани фалон, фалон” (дейди) дедилар (Имом Ибн Можа ривояти).

Бароат кечасини бедор ўтказганга жаннат вожиб бўлади

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бешта кечани бедор ўтказса, жаннат унга вожиб бўлади – тарвия, арафа, қурбонлик, фитр ва шаъбоннинг ўн бешинчи кечаларидир”, дедилар.

Аллоҳ таоло барча мўмин-мусулмонларни бу муборак ой ва кечаларнинг фазилатларидан тўлиқ баҳраманд этсин. Рамазон ойига соғ-саломат етказсин.

Даврон НУРМУҲАММАД

Янгиликлар

Top