muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Пятница, 23 Декабрь 2022 00:00

Мазҳабсизлик хатарли йўл

Ғолиб домла Очилов
Вобкент тумани "Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий" жоме масжиди имом - хатиби

Марокаш подшоҳлигининг Работ шаҳрида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ICESCO)нинг халқаро конференцияси бўлиб ўтмоқда.
Мазкур нуфузли анжуманда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов ҳам иштирок этмоқда, дея хабар бердиа Aкадемия Aхборот хизмати. Конференция “Мусулмон дунёсида тараққиётнинг стратегик индикаторлари: Билим индикатори модел сифатида” мавзусидаги 1-маслаҳатлашув учрашуви билан ўз ишини бошлади.


Очилиш сессиясида ICESCO Бош директори Салим ал-Маликнинг мурожаати тингланди. Ўз навбатида Муҳаммад ал-Мактум фонди ижрочи директори, профессор Жамал бин Ҳувайреб, ҳамда UNDP бош техник маслаҳатчиси ва билим лойиҳаси директори Хани Турки анжуман иштирокчиларига мурожаат йўлади.


Шундан сўнг “Билим жамиятларини қуриш ва баҳолашни муҳокама этишнинг энг муҳим муаммолари бўйича” сессияси ўтказилди.
Расмий тадбирлардан сўнг Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийрати ва ислом цивилизацияси халқаро кўргазмаси ва музейига ташриф ташкил этилди.
Таъкидлаш жоизки, ташкилот 1979-йилда ташкил топган бўлиб, бош қароргоҳи Марокаш давлати пойтахти Работ шаҳрида жойлашган. Ташкилот томонидан аъзо давлатлар ўртасида таълим, фан, маданият ва коммуникация соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқлар ҳамда динлар ўртасида дўстона муносабатларни ўрнатишга муҳим эътибор қаратиб келинмоқда. Ислом олами ва дунё тамаддуни ривожида Ўзбекистон Республикасининг ўрни беқиёс бўлгани боис ICESCO ташкилоти билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бормоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Жорий йилнинг 25-27 декабрь кунлари Шимолий Aмерикадаги энг йирик мусулмонлар форуми Канаданинг Торонто шаҳрида “Муборак учрашув” шиори остида бўлиб ўтади.

Бу йилги “Ислом руҳининг тикланиши” конференциясида Мавлоно Ториқ Жамил, Зайд Шакер, Сираж Ваҳаж, Шайх Aбдулҳаким Мурод, Шайх Ёсир Қозий, Шайх Умар Сулаймон ва Ясмин Муҳаммад, Ойша Приме каби бир қатор таниқли олим ва фаоллар иштирок этиб, долзарб мавзуларни муҳокама қилиши кутилмоқда.

Мазкур саммитда германиялик мусулмонлар ҳам маъруза қилиши ва бир қатор лойиҳаларни илгари суриши режалаштирилган.

Ушбу форум “Ковид-19” сабабли сўнгги икки йилда онлайн шаклда ўтказилди.

Маълумки, “Ислом руҳининг тикланиши”  мавзуидаги форум илк бор йигирма йил аввал мусулмон ёшлари томонидан АҚШ даги 11-сентябрь воқеаларидан кейинги исломофобия ҳодисасига қарши курашиш ва ғайридинлар билан ўзаро ҳамкорлик кўприги ўрнатиш мақсадида ташкил этилган эди.

 

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

Президентимизнинг Мурожаатномаси юртимиз ҳаётида тобора алоҳида аҳамият касб этиб бораётган муҳим воқеадир. 2017 йилдан буён анъанага айланган бу ижобий тадбирда тугаётган йилдаги асосий кўрсаткичлар, янги йилга мўлжалланган мақсад ва вазифалар эълон қилинади. Янги марралар белгиланади. Кўзланган мақсадлар мазмунидан келиб чиқиб, бошланажак йил номи таклиф этилади.

2022 йил 20 декабрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мана шундай тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ташкилотлари раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари қатори мен ҳам иштирок этдим.

Ушбу Мурожаатномада юртимиз тараққиётининг янги босқичини ўз ичи­га олган режалар тақдим этилишини миллионлаб мўмин-мусулмонларимиз катта қизиқиш билан кузатди. Аҳамиятлиси, ана шу теран мулоҳаза билан узоқни кўзлаб қилинган чиқишнинг ҳар бир жиҳати жуда кенг масалаларни ўз ичига қамраб олган.

Давлатимиз раҳбари келгуси йил­га мўлжалланган устувор йўналишлар ҳақида гапириб, Янги Ўзбекистон стратегиясининг давомийлигини таъминлаш мақсадида 2023 йилни “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йили деб эълон қилиши бошланган эзгу ишларнинг узвий давоми бўлди.

Азим пойтахтимиздаги Халқаро кон­гресс марказида бўлиб ўтган бу галги нуфузли анжуманда давлатимиз раҳбари ҳозирги ғоят мураккаб даврда тинчлик-осойишталикни асраб-авайлаш нечоғлиқ муҳим экани ҳақида сўз юритиб, ушбу жиҳатларга алоҳида тўхталди: “Бутун дунёда кучайиб бораётган радикализм, экстремизм, терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик каби хатарлар, афсуски, бизни ҳам четлаб ўтмаяпти.

Лекин такрор айтаман, мусулмон умматига сабоқ берган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби буюк уламолар етишиб чиққан бизнинг диёримизда бу борада адашганлар, радикализм ва экстре­мизм ғояларига берилганлар бўлиши мумкинми?

Биз жамиятимизда ҳар қандай радикаллашувга, ёшларимиз онгини бузғунчи ёт ғоялар билан заҳарлашга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга, маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўймаймиз”.

Шубҳасиз, ҳозирги кунда юртимизда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш йўналишидаги ишларни изчил давом эттириш долзарб вазифадир. Зеро, тинчлик ва хотиржамлик — Аллоҳ таолонинг буюк неъмати. Барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикда бўлади. Бу неъмат бебаҳо экани тўғрисида ислом дини манбаларида ҳам такрор-такрор айтилган.

Қуръони каримнинг юздан ортиқ оятида тинчлик, эзгулик ва бағрикенгликка чақирилган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Аллоҳ ризосини топишга интилганларни Қуръон билан тинчлик ва саломатлик йўлларига йўллаб, Ўз изни билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва тўғри йўлга ҳидоят қилур” (“Моида” сураси, 16-оят).

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг улуғ неъмат эканини таъкидлаб, бундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. Улар тинчлик-хотиржамлик ва сиҳат-саломатликдир” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Ҳақ таоло буюрган вазифаларни мукаммал ва хотиржам адо этиш ҳамда олдимизга қўйган эзгу мақсадларга эришиш учун, албатта, тинчлик-осойишталик зарур. Яратган Парвардигор ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, шайтоний йўлларга эргашмасликка амр этган: “Эй имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (“Бақара” сураси, 208-оят).

Демак, тинчлик қарор топган юртдагина осудалик ҳукм суради, фарзанду набиралар эмин-эркин камолга эришади, мўмин-мусулмонларимиз ибодатларини хотиржам адо этади. Буларнинг барчаси тинчлигимиз шарофатидан.

Мурожаатномада давлатимиз раҳбари бугунги кунда тинчликдек улуғ неъматдан ҳамма ҳам баробар баҳраманд эмаслигини алоҳида қайд этди. Чунки дунёнинг турли бурчакларида, айниқса, мусулмон ўлкаларда террорчилар томонидан қўпорувчиликлар, ноҳақ қон тўкишлар содир этилмоқда. Бундай мудҳиш воқеалар дунёнинг тинчликсевар халқлари қатори биз, мўмин-мусулмонларнинг ҳам қалбини ларзага солмоқда.

Президентимиз нутқида “Маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўймаймиз”, дея алоҳида таъкидлади. Бунинг замиридаги ҳикмат шундаки, қуролга қурол билан жавоб берилса, шу ҳолат давом этаверади, уруш-низолар барҳам топмайди. Лекин уларга илму ирфон, маърифат билан жавоб берил-са, қилаётган ишлари хато экани тушунтирилса, уларнинг муносабати ижобий томонга, албатта, ўзгаради.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари ўз нутқида муборак ислом динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятини кенг жамоатчиликка, хусусан, ёшларга етказиш муҳим вазифа эканини алоҳида қайд этди.

Аллоҳ таоло диёримизга Ўзининг азиз неъмати — тинчлик, осойишталикни берди, қут-барака, фаровонликни ато этди. Атрофга назар солсак, бизни ўраб турган сон-саноқсиз неъматлар қуршовида яшаётганимизга амин бўламиз. Қуръони каримда Роббимиз бундай марҳамат қилади: “Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингизни ато этди. Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз”.

Биз қанча шукр қилсак, шунча оз. Ушбу сурурли дамлар бардавом бўлмоғи учун тинчлик неъматининг шукронасини қилиб, уни кўз қорачиғидек асрамоғимиз даркор. Чунки неъматлар шукри билан давомли ва зиёда бўлади. Зеро, муқаддас Каломда “Яна Роббингиз эълон қилган (бу сўзлар) ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукурлик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”, деб марҳамат қилинган (“Иброҳим” сураси, 8-оят). Ҳар бир инсон бахтли, фаровон, тўкинчиликда яшашни истайди. Бунинг учун эса Яратганнинг берган неъматларига шукр вожиб бўлади.

Бугунги кунда Ўзбекистонимиз тараққиётнинг янги босқичига дадил одимлаётгани ва барча соҳаларда катта ютуқларни қўлга киритаётгани Парвардигорнинг чексиз марҳаматидир.

Аллоҳга шукрки, сўнгги йилларда диний-маърифий соҳадаги кенг кўламли ислоҳотлар, янгидан очилаётган масжид-мадрасалар, қайта чирой очаётган қадамжолар мўмин-мусулмонларни чексиз мамнун этмоқда.

Юртимиз бўйлаб қад ростлаган, муҳташам қиёфа касб этган масжидлар сони 2100 дан ошди. Сўнгги 5-6 йилнинг ўзида 70 дан зиёд янги масжид очилди, 200 дан зиёди қайта бунёд этилди. Бундай ишлар жадал давом этмоқда.

Охирги йилларда 3 та диний таълим муассасаси — Бухорода Мир Араб олий мадрасаси, Самарқандда Ҳадис илми олий мактаби ва Сурхондарёда Имом Термизий мадрасаси таъсис этилди, қабул квоталари бир неча баробар оширилди. Шунингдек, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилиши диний соҳа ривожланишида муҳим босқич бўлди.

Ҳаж сафари квотаси жорий йилда 12 минг нафарга етди, 70 минг нафарга яқин юртдошимиз умра зиёратини амалга ошириш бахтига эришди.

Бугун динимиз таълимотларини илмий ўрганиш ва кенг тарғиб этишга ҳар қачонгидан кенг эътибор қаратилмоқда.

Бу борада Марказий Осиёда ягона бўлган Ўзбекистондаги Ислом цивилиза­циями маркази барпо этилмоқда.

Самарқандда Имом Бухорий, Сурхондарёда Имом Термизий, Тошкентда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолият юритмоқда. Шунингдек, турли ҳудудларда ҳадис, ка­лом, ақида, тасаввуф, фиқҳ илмий мактаблари мавжуд.

Албатта, мана шундай улкан неъматларнинг бардавом бўлиши Яратган Парвардигорнинг улуғ инояти ва ҳукм сураётган тинчлик-хотиржамликнинг маҳсулидир.

Унутмаслик керакки, тинчлик учун, уни асраб-авайлаш учун БАРЧА МАСЪУЛ!

Бу, ўз навбатида, доимий ва қатъий ҳаракатларни талаб этади. Ҳушёрлик, огоҳ бўлиб яшаш бир кунлик ёки бир ойлик мавсумий масала эмас, балки кундалик иш, кундалик амалий ҳаракат бўлиши лозим.

Шу ўринда биз — дин пешволари, уламолар ва имом-хатиблар ўз олдимизга қатъий мақсадларни қўйган ҳолда, тинчликни таъминлашга дахлдорлик ҳиссини чуқур англашимиз зарур.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳобаи киромлар: “Ё Расулуллоҳ, биз Аллоҳ таолога дуо қилганимизда кўпроқ нимани сўрайлик?” деб сўраганда, Пайғамбар алайҳиссалом: “Аллоҳ таолодан  офият  (тинчлик,  хотир­жамлик) сўранглар”, деганлар. Шу нуқтаи назардан, қайси хонадонга кирманг, қандай йиғин ёки маърака бўлмасин, фотиҳага қўл очилганда, ёшу қари, эркагу аёл — барчамиз Яратгандан тинчлик ва осойишталикни сўраб дуо қиламиз.

Мана шундай тарғибот ишларида диний соҳа ходимлари ислом дини радикализм, экстремизм, терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик каби ижтимоий иллатларни бутунлай қоралашини таъкидламоқда. Зеро, Аллоҳ таоло Ер юзида бузғунчилик қилмасликни буюриб, “Аллоҳ эса фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди” (“Бақара” сураси, 205-оят), шу суранинг 60-оятида эса, “Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!” деб огоҳлантирган. Расул алайҳиссалом ҳадиси шарифларида “Ҳақиқий мусулмон унинг қўлидан ва тилидан бошқа мусулмонга озор етмайдиган кишидир”, дейилган (Имом Бухорий ривояти).

Ушбу фаолиятда миллий мустақиллик ғояси бирлаштирган, ҳур фикрли ва тараққийпарвар аждодларимиз бўлган жадидларнинг миллий онгни юксалтириш, аҳоли ичида маърифат тарқатиш, таълимни ривожлантириш, озод ва фаровон, демократик жамият қуриш каби ғоялар илгари сурилган илмий меросидан кенг фойдаланиш тарихий заруратдир.

Шундай экан, атрофга бир назар ташлайлик, юртимизда бўлаётган бунёдкорлик, ободончилик ва кундан-кунга гўзаллашиб бораётган гўшаларни кўриб, кишининг кўзи қувнайди, дили яйрайди.

Шуларни ҳис этарканмиз, муҳтарам азизлар, фарзандларимиз, набираларимиз бахти учун яшайлик, уларнинг ёшлик йиллари саодатли замонга тўғри келганини англатайлик. Буларнинг барчасига шукр қилиш керак. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси муборакларида “Ким оиласи тинч, жасади саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолатда тонг оттирса, унга дунё тўлиғича берилибди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Инсон — азизу мукаррам зот. Шу боис, давлатимиз раҳбари томонидан 2023 йилни “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йили деб номлаш таклифи илгари сурилгани кўпчиликни қувонтирди. Сабаби, Мурожаатномада баён этилган режа ва лойиҳалар, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиз тараққиётини, халқимиз фаровонлигини янада оширишга хизмат қилади. Бундай хайрли ишлар юртимизда инсон қадри ҳамма нарсадан устун бўлиши керак, деган тамойилнинг мантиқий давомидир.

Ислом инсон қадрини ниҳоятда юқори даражага кўтаради. Динимизда инсоннинг қадр-қиммати қалби поклиги, мақсади эзгулиги, ундаги имон-ихлос ва қилган яхши амаллари билан ўлчанади. Инсон қадрини ўлчашнинг ана шу илоҳий мезонлари ишга солингандагина одамлар ҳақиқий қадрини топади. Зотан, ислом дини нозил қилинишининг бош сабаби ҳам, бу муқаддас диннинг асл моҳияти ҳам инсон қадрини улуғлашдир. Дунёдаги барча нарсалар инсонга беминнат хизмат қилиш учун яратилган.

Қуръони каримнинг бир неча оятида бу умуминсоний юксак қадрият алоҳида таъкидланган. Жумладан, “Исро” сурасининг 70-оятида “Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (уловла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик”, дейилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида “Мўмин киши Аллоҳ таоло наздида фаришталардан ҳам мукаррам ва афзалдир”, деган эканлар.

Янги Ўзбекистонда ҳам барча ислоҳотлар инсоннинг мана шундай фаровон ҳаёт кечиришига қаратилган.

Инчунин, бугун инсон қадри-қиммати ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги кенг кўламли ислоҳотлар янада янги поғонага кўтарилмоқда.

Инсондаги азизлик ва мукаррамлик шарафи кишига ғурур-ифтихор бағишлаши баробарида халқ манфаати, дин ривожи ва мамлакат ободлиги йўлида ўз ҳиссасини қўшишга ундайди.

Сўзимни Имом Мотуридий бобомизнинг Мурожаатномада келтирилган: “Элу юрт билан ҳамдард бўлиб яшагин, токи халқ ҳамиша сен билан бирга бўлгай”, деган ҳикмати ҳар бир мутасаддининг ҳаётий шиори бўлишига даъват этиш билан якунлайман.

Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2022 йил 22 декабрь, 260(782) сон

Янгиликлар

Top