muslim.uz
Ҳаж ва умра ишлари вазири билан тарихий учрашув (видео)
Бекободда Қуръон курси очилди
Аввал Тошкент вилоятининг бешта шаҳри – Ангрен, Бекобод, Нурафшон, Чирчиқ ва Янгийўл шаҳарларида Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш ўқув-курслари фаолиятини йўлга қўйиш учун лицензия олингани ҳақида хабар берган эдик.
Аллоҳга шукр, бугун, 28 сентябрь – Рабиул аввал ойининг иккинчи куни Бекобод шаҳрида мазкур ўқув-курсининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Қуръони карим тиловати билан бошланган тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қуръони карим ва тажвидни ўқитиш бўлими мудири Шайх Алижон қори, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов, Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Зиёвуддин домла Нортожиев, Бекобод шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари, маҳалла фаоллари, Каломуллоҳ муҳиблари иштирок этди.
Бекобод шаҳридаги бу ўқув-курси Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг филиали ҳисобланади.
Ўқувлар муддати 3 ой бўлиб, дарслар жараёнида Қуръони каримнинг 30-пораси, яъни Амма жузи тўлиқ ёд олинади. Шунингдек, дарсларда Ёсин, ар-Раҳмон ва Мулк суралари ҳам ёдлатилади.
Ўқув-курси биносида учта хона бўлиб, бу ерда жами 45 киши Аллоҳнинг каломини ўрганади. Иккита кундузги ва иккита кечги гуруҳ шакллантирилди. Бу гуруҳлардан бири аёлларники бўлиб, Аллоҳнинг каломини ўрганишга иштиёқи баланд хотин-қизлар кундузи бу ерда таҳсил олишлари мумкин.
Тингловчилар 18 ёшга тўлган бўлишлари шарт.
Ўқув хоналарида Қуръони каримнинг бир неча нусхалари, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг “Тафсири Ҳилол”, “Ҳадис ва ҳаёт”, “Одоблар хазинаси” асарлари, “Саодат асри қиссалари” китоби ўрин олган.
Деворларга Қуръони карим оятлари билан бирга тажвид ва ҳарфларнинг махражлари кўрсатилган лавҳалар ўрнатилгани ўқувчиларнинг тажвид қоидаларини ёд олишларида катта қулайликлар туғдиради.
Малакали мутахассилар ўқувчиларга сабоқ бериб боради.
Тадбир сўнгида хайрли дуолар қилинди.
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Улуғ зотлар илм фазилати ҳақида
Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) Кумайлга: «Илм молдан яхшидир, у сени муҳофаза қилади, молни эса сен қўриқлайсан. Илм ҳоким, мол маҳкумдир. Мол нафақа қилиш билан камайса, илм зиёда бўлади», деган.
Али (розияллоҳу анҳу) яна айтади: «Олим киши кечалари қойим, кундузлари рўзадор Аллоҳ йўлидаги кишидан афзалдир. Олим вафот этса, Исломда бир ёриқ пайдо бўлади. У ёриқни фақат олимнинг ўринбосаригина тўлдиради». Абдуллоҳ ибн Муборакдан: «Комил инсонлар кимлар?» деб сўрашганда у зот: «Олимлар», деб жавоб берди. Яна: «Подшоҳлар ким?» деб сўрашди. «Зоҳидлар», дея жавоб қилди. «Пасткашларким?» деган саволга эса: «Дин номидан дунё ейдиганлар», деб жавоб берди.
Ибн Муборак олимлардан бошқасини комил инсон демади. Чунки инсонни ҳайвонлардан ажратиб турадиган асосий хусусияти ақл бўлса, ақлни пешлайдиган нарса илмдир. Инсон нима билан шарафли бўлса, ўша нарса туфайли инсондир. Унинг афзаллиги жисмоний қувватида эмас. Зеро, туя инсондан анча бақувватдир.
Жисмнинг катталиги билан ҳам афзал эмас, зеро, фил ундан каттароқдир. Афзаллик шижоат билан ҳам ўлчанмайди, чунки йиртқич ҳайвон ундан кўра шижоатлироқдир. Еб-ичиш билан ҳам афзал эмас, ҳўкизнинг қорни уникидан каттароқ.
Демак, инсон фақат ўз ақли ва илми билан бошқа жонзотлардан ажралиб туради. Зеро, унинг бу дунёда яратилганидан асосий мақсад Раббисини таниб, ибодат қилишидир. Раббисини таниш учун илм ўрганиши лозим. Ҳакимлардан бири айтади: “Мен икки кишига ачинганимчалик бошқа ҳеч кимга ачин маганман: илмни тушунмасдан туриб ўрганган кишига, илмнинг муҳимлигини тушуниб, уни ўрганмаган кишига”.
Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) илм ўрганиш ва ўргатиш ҳақида айтади: “Илм ўрганинглар, зеро, уни ўрганиш Аллоҳдан қўрқиш, уни талаб қилиш ибодат, музокараси тасбеҳ, уни излаш бамисоли жидду жаҳд қилиш, билмаганга ўргатиш садақа, уни ўз аҳлига билдириш Аллоҳга яқинлик ҳосил қилишдир.
Илм танҳоликда ҳамроҳ, хилватда дўст, тўғри йўл кўрсатувчи далил, хурсандлигу хафалик пайтида кўмакчи, дўстлар олдида вазир, бегоналар олдида яқин дўст ва жаннат йўлининг машъали дир. Аллоҳ илм билан қавмларни юксалтириб, етакчи қилиб қўяди. Улар одамларни яхшиликка етаклайди, бошқалар уларнинг изидан юради, қилган ишлари эътиборли бўлади”.
Яҳё ибн Муоз: “Олимлар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматларига ота-оналаридан ҳам меҳрибондир”, деди. “Нима учун?” деб сўрашди. “Ота-оналар фарзандларини дунё оташидан ҳимоя қилади, олимлар эса уларни охират олови – жаҳаннамдан муҳофаза етади”, деб жавоб берди
Олимхон Исақов
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси
Фитна улкан гуноҳдир
Динимизнинг икки муқаддас манбаи - Қуръон ва суннатда одамлар орасини ислоҳ қилиш энг катта савоб амаллардан экани ва аксинча, кишилар орасини бузиш, бир-бирига гижгижлаш эса улкан гуноҳлиги таъкидланган.
Кишилар орасини бузиш фитна ҳисобланади. Фитна маънавий жиноятдир. Унинг дастидан оила, маҳалла-кўй, ҳаттоки бутун бошли жамият пароканда бўлиб кетиши мумкин.
Кимларгадир яқин бўлиш ва баъзи мақсадларга етишишдек ғаразни кўзлаб бир мўмин биродари (дўсти, ҳамкасби, қариндоши...) га туҳмат этиш, гап ташиш, чақимчилик қилиш қабр азобига сабаб бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Чақимчи жаннатга кирмайди!" деганлар ( Имом Муслим).
Киши фитна қилиб ўзи таълим олаётган маскан, ризқланиб турган иш жойининг маънавий ҳаётини булғаши, у ерда ўқиётган, меҳнат қилаётганларнинг бир-бирига ишончи йўқолишига сабаб бўлувчи носоғлом муҳитни юзага келтириши нонкўрлик ҳамдир.
Ҳар қандай гуноҳ ишга қўлимиз, тилимиз, ҳеч қурса, дилимиз билан қарши туришга буюрилганмиз. Бир-биримизни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтариш ҳар биримизнинг мўминлик бурчимиздир. Шундай экан, фитна қўзғалгани ҳамоно, унинг тарқалиши учун карнай бўлиш ўрнига, дарҳол ёйилишига тўсиқ бўлиб, фитна қўзғаётганларни инсофга чақиришимиз керак.
Фитна қилиш каби қабиҳ ишларнинг жавоби оғир, азоби қаттиқдир. Арзимас ва ўткинчи дунё матоҳини кўзлаб, қабиҳ ишлар билан шуғулланиб юрганлар наинки абадий охират саодатини бой беришаётгани, балки шу дунёдаёқ хору зор бўлишларини эсдан чиқармасинлар. Зеро, Парвардигорнинг адолат тарозуси бор: " Бас, кимки ( дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса,( қиёмат куни) уни кўрар. Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса, уни ҳам кўрар" ( Залзала, 7-8).
Иброҳим Қосимхўжаев,
Наманган шахар “Ғойибберди махдум” жоме масжиди имом хатиби
«Ал-Азҳар» диний мажмуаси юртимизга оид тарихий қўлёзма ва нодир нашрларнинг рақамли маълумотлар базасини тақдим этди
Мамлакатимиз элчихонаси томонидан олиб борилган манзилли изланишлар натижаси ўлароқ, Мисрнинг «Ал-Азҳар» диний мажмуаси архив ва кутубхона фондидан Ўзбекистон тарихига оид қўлёзма ва нодир нашрларнинг янги рақамли маълумотлар базаси олинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
«Ал-Азҳар» диний мажмуаси қошидаги Ислом тадқиқотлари академияси (ИТА) Бош котиби Назир Муҳаммад Айёд томонидан ушбу мажмуа кутубхоналарида сақланаётган жами 49 минг 361 қўлёзма адабиёт рўйхати келтирилган 28 китобдан иборат янгиланган жамланма ҳамда айнан шу ноёб нашрлар бўйича тафсилотларни ўз ичида олган 50 GB ҳажмидаги электрон файллар 8 та CD-дискда тегишли дастурий таъминот иловаси билан бирга тақдим этилди.
Ушбу дастурий таъминот иловасида Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази томонидан яратилган «Ўзбекистонга оид хориждаги қўлёзма асарлар реестри»дан ўрин олган ва ҳозирда «Ал-Азҳар» университети марказий кутубхонасида сақланаётган қуйидаги асарлар мавжуд:
-Алоуддин Усмандий Самарқандий, шарҳ “Уюн ал-Масаил”, инв. № (1980) 26819;
-Имом ал-Бухорий, “Ал-Адаб ал-Муфрад”, инв. № (466) 3778;
-Имом ал-Бухорий, “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ”, инв. № 197;
-Имом ал-Бухорий, “Аз-Зуъафа ас-Сағир”, инв. № 446;
-Имом ал-Бухорий, “Ат-Тарих ал-Кабир”, инв. № 681;
-Имом ал-Бухорий, “Хайр ал-Калом фи ал-Қироат халф ал-Имом”, инв. № (2032) 22407;
-Имом ал-Бухорий, “Халқ афъал ал-Ибод”, инв. № (2895) 36424.
«Ўзбекистонга оид хориждаги қўлёзма асарлар реестрини» янгилаш ва тўлиқ маълумотлар билан бойитиш мақсадида ушбу манбалар ичида ўзбек алломалари қаламига мансуб қўшимча қўлёзма асарларни аниқлаш, тўпланган материалларни расмий нашрларда чоп этиш ва илм аҳлига етказиш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек, Мисрда сақланаётган мамлакатимиз тарихи ва аждодларимизга оид адабиётлар нусхаларини кўчириш ишлари давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати