muslim.uz
“Бобохон ота” масжидига илк ғишт қўйилди
Маърифат маскани бўлган масжидларимиз тобора обод бўлиб боряпти. Бунинг учун Аллоҳ талога қанча кўп шукр қилсак кам.
Ўрта Чирчиқ туманидаги “Бобохон ота” жоме масжидининг янги биносига илк ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда туман бош имом-хатиби Жамолиддин домла Туронов билан биргаликда маҳалла фаоллари, кайвонилар, саховатпеша ҳомийлар иштирок этди.
Масжиднинг 400 кишига мўлжалланган эски биноси вақт ўтиши билан намозхонларга торлик қилиб қолган эди. Шуни инобатга олиб ҳамда аҳолининг таклиф ва тавсиялари асосида янги жоме қурила бошланди.
Янги масжид фаолият бошлагач, бир вақтнинг ўзида бу ерда 2 минг киши ибодатларни адо этади. Янги жомега монанд тарзда барпо этилаётган замонавий таҳоратхона ишга тушгач эса 30-35 киши поклана олади.
Аллоҳ таоло янги жомени тез ва қисқа фурсатда фойдаланишга топширилишини насиб айласин!
Яхшидан боғ қолади
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакиллиги ташаббуси билан Наманган туманидаги “Етти булоқ” боғида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбири ташкил этилди.
Унда Дин ишлари бўйича қўмитанинг вилоят бошқармаси мутахассислари, Диний идора вилоят вакиллиги масъуллари, имом-хатиб, имом-ноиб ва мутаваллилар, нуронийлар ҳамда “Ҳидоя” мадрасаси ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.
Жараёнда вилоят ҳокими ўринбосари Ж.Алойдинов, вилоят бош имом-хатиби А.Турсунов, Нуроний Ҳ.Аюбхановлар нутқ сўзлади.
Тадбир давомида 4,5 гектар жойга 1000 тупдан ортиқ дарахт кўчатлари экилди.
Юртимиз бўйлаб кенг миқёсда ўтказилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган бу каби тадбирлар ҳудудлар қиёфасини обод этиш баробарида, табиатни асраш, экологик мусаффоликни таъминлашга кўмак бериши билан аҳамиятлидир.
Наманган вилоят вакиллиги
матбуот хизмати
Кўчат экиб, боғ барпо этайлик!
Кўчат экиб боғ барпо этиш, атроф-муҳитни тоза-озода сақлаш халқимизнинг асарлар синовидан ўтган миллий қадриятларидир. Зеро, аждодларимиз оилада янги туғилган ўғил болага атаб ерга ниҳол қадамаган. Чунки бу ниҳол кун келиб ўғил бола уйланганиши арафасида унинг учун янги уй қуришда ишлатилган.
Бугун ана шу эзгу анъана давом этиб, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан умуммиллий ҳаракатга айланди. Айни кунларда юртимиз бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” давом этяпти. Бу 10 декабргача давом этади.
Муқаддас динимиз ҳам Ер юзини обод қилишга буюрган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига кўчат экишга тарғиб қила туриб, бундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин” (Имом Бухорий ривояти).
Эътибор беринг-а, ҳаммамиз киришиб 40 кун кўчат эксак, юртимиз чаманзорга, боғу бўстонга айланиб кетади. Бу акцияда фаол қатнашиб, ҳам динимиз тарғиб қилган ишни қилиб, савоб оламиз, ҳам ўзимиз ва келажак авлод учун гўзал диёр қолдирамиз.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар бир муслим банда кўчат ўтказса ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, бунинг учун унга садақа (қилганлик савоби) бўлади” (Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадис кўчат экиш, деҳқончилик қилиш фазилати ва аҳамияти нечоғли улуғ эканига далолат қилади ва кўчат экувчиларнинг Аллоҳ даргоҳида эришадиган ажр-савоблардан хабар беради. Ушбу амал инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаат етказиб туради, қиёмат кунигача садақаи жория сифатида банда фойдасига хизмат қилади.
Бундай ажр-савобларга эга бўлишимизга сабаб шуки, биз ҳаёт фаровонлиги, мўминлар манфаат олишлари, қолаверса, табиатнинг янада кўркам бўлиши учун ўз ҳиссамизни қўшамиз.
Абу Дардо розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Бир киши Дамашқ кўчаларининг биридан ўтаётса, кўчат экаётган одамга кўзи тушибди ва унга: “Нега бу ишни қиляпсиз, ахир, сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидансиз-ку?” дебди. Шунда у киши: “Шошмагин, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир кўчат экса, ундан одам ёки Аллоҳ яратган махлуқотлардан биронтаси еса, бунинг эвазига ўша (кўчат эккан банда)га садақа бўлади”, деганларини эшитганман”, дебди» (Имом Аҳмад ривояти).
Ерга ниҳол қадаш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этаётганини даврнинг ўзи кўрсатиб турибди. Чунончи, шу йил ноябрь ойининг 3–5 кунлари юртимизда кузатилган чанг бўрони фикримизни тасдиқлайди.
Яна бир эътибор беришимиз лозим бўлган жиҳат бу – атмосферанинг ифлосланишидир. Тирик организм сувсиз ва овқатсиз бир неча кун яшаши мумкин. Аммо ҳавосиз 5 дақиқадан ортиқ яшай олмайди. Ҳаво таркибининг ўзгариши, яъни унинг ифлосланиши нафақат инсонга балки барча тирик жонзотларга салбий таъсир кўрасатади. Шунинг учун ҳам атмосферани тоза сақлаш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади.
Ҳозирда атмосфера асосан, автотранспорт воситалари, турли завод-фабрикалар ва шу каби қурилмалар чиқараётган чиқинди газлар сабабидан ифлосланмоқда. Биз атмосферани тозалаш учун автотранспорт воситалари, турли завод-фабрикалар фаолиятини тўхтатиб қўёлмаймиз, албатта. Фақатгина уларнинг зарарларини камайтиришимиз мумкин холос.
Шундай экан, атмосферани тозалайдиган, бизга қайта ҳаво ишлаб чиқариб берадиган табиий имкониятлардан кенг фойдаланишимиз лозим. Барчага маълумки ўсимлик ва дарахтлар кислород ишлаб чиқарувчи энг қулай ва зарарсиз воситадир. Демак, мевали ва манзарали дарахтларни кўпайтириш, боғлар яратиш олдимизда турган зарур ишлардан бири экан. Зеро, динимиз ҳам бунга тарғиб қилади.
Ақлли одам фақат бугуни билан яшамайди. Балки у келажаги учун, охирати учун сармоя киритади. Охират сармояси, яъни номаи аъмолимизга савоблар қиёматгача тўхтамасдан бориб туриши учун садақаи жория қилишимиз керак. Кўчат экиб, боғ барпо қилиш эса энг яхши садақаи жориядир.
Жасурбек домла РАУПОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби
ИҲТнинг янги раҳбари иш бошлади
Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котиби шу ҳафтанинг чоршанба куни ўз лавозимига киришди, дея хабар бермоқда “Саудий Пресс” матбуот хизмати.
Ҳусайн Иброҳим Тоҳа ўтган йил ноябрь ойида Нигер пойтахти Ниамей шаҳрида бўлиб ўтган ИҲТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 47-сессиясида ушбу лавозимга сайланган эди.
Унинг ИҲТдаги ваколат муддати беш йилдан иборат. Ҳусайн Тоҳа ўз мамлакатида Ташқи ишлар вазири, Африка интеграцияси ва халқаро ҳамкорлик вазири, Нигер президентининг дипломатик маслаҳатчиси, мухтор вазир ҳамда мамлакатининг Франция, Испания, Португалия, Греция ва бошқа мамлакатлардаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси каби қатор лавозимларда ишлаган чадлик дипломатдир.
Шунингдек, Ҳусайн Тоҳа Саудия Арабистонидаги Чад элчихонасида катта маслаҳатчи лавозимида ҳам фаолият юритган. Француз, араб ва инглиз тилларини яхши биладиган ИҲТнинг янги раҳбари Чад миллий ордени, Франциянинг Фахрий легиони миллий ордени ва фахрий элчи унвонлари билан тақдирланган.
ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими
Меҳр кўзда, маърифат эса...
Халқимизда: “Меҳр – кўзда”, деган нақл бор. Дарҳақиқат, тез-тез кўришиб турган кишилар оқибатли бўлишади. Ана шу кўришув илм мажлисларига айланиб кетса-чи?.. Тадбир иштирокчилари маърифатли бўлишади.
Уламоларимизнинг ташрифлари намозхонлар ўртасида ҳам меҳрни, ҳам маърифатни юксалтиряпти. Мисол учун, бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов хуфтон намозига Тошкент тумани “Ғишткўприк” жомесига бориб, намозни жамоат билан адо этгач, одамларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтардилар.
Шунингдек, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасур домла Раупов тумандаги “Зуннурайн” жомесида суҳбат қилиб бердилар.
“Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Яҳё домла Абдураҳмонов “Мирхалил ҳожи ота”га, Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Зайнилобиддин домла Қудратов “Ҳасан ибн Собит”га, Тошкент шаҳар Чилонзор тумани “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” масжиди имом-хатиби Исмоил Муҳаммад Содиқ “Ҳасанбой ота”га боришиб, маърузалар қилиб беришди.
Тошкент туманидаги “Доруссалом”, “Эшонбува”, “Рамадон”, “Ҳамд” жомелари ҳам хуфтон намозида фазйга тўлди.
Қибрай туманидаги “Ўнқўрғон”, “Байтқўрғон”, Зангиота туманидаги “Умир”, “Эшонгузар”, Янгийўл шаҳридаги “Олтинобод” масжидлари намозхонлари уламоларнинг суҳбатларидан баҳра олишди.