muslim.uz
Фиқҳий мазҳаблар (аудио)
Эрдан бошқалар ҳам никоҳни буза оладими?!
Фиқҳ китобларида никоҳ ва талоқ алоҳида катта бўлим тариқасида ёритилади. Талоқнинг ичидаги қисмларидан бири бу “Хулуъ” масаласи ҳисобланади. Аллоҳ Таоло ғазаб қилган ва ер-у осмон у сабабли ларзага келган нарса бу никоҳ ақди бўланган инсонларнинг ажримидир. Хулу ҳам талоқ каби ажрим ҳисобланиб, унинг талоқдан фарқи- аёл киши томонидан талаб қилинган ажримдир. Албатта ислом шариатида ақл ва қувват жиҳатдан эркак киши кучли саналади ва барча масалалар унинг тасарруфи орқали амалга оширилади. Бу нарса қийшиқ қовурғадан яратилган аёлнинг ожиза ва ҳиссиётга берилувчи махлуқотлигини Билувчи Зот томонидан қўйилган буйруқ ҳисобланади. Шу сабабдан, талоқ қилиш ҳуқуқи эркак кишига берилган бўлиб, уни жавобгарлигини ҳам эркак киши бўйнига юклатилади. Аммо шундай вазиятлар бўладики, ажрим аёл томондан ҳам талаб қилиниши мумкин. Бу томонга ҳам ислом шариати муносиб қараб, ўз ўрнида аёл киши ҳам ўз талоғини талаб қилиб олишга ҳуқуқ берилган.
Хулуъ сўзи луғатан “кийим ечиш” деган маънода ифодалайди. Шариатда эса хотин кишининг арз қилиб, бир нарса бериб, эри билан ажрашишига хулуъ дейилади. Чунки эр-хотин Қуръон таъбири ила бир-бирига кийим ўрнида бўлади. Шу сабабдан мана шу луғавий маънодаги сўз билан қўлланилади.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида:
Бас, агар икковларининг Аллоҳнинг чегараларида тура олмаслигидан қўрқсангиз, хотин берган эвазда икковларига гуноҳ йўқдир. Ушбулар Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, уларни бузманг. Ва ким Аллоҳнинг чегараларини бузса, бас, ўшалар, ана ўшалар золимлардир , деган (229-оят).
Ушбу ояти карима асосида Ислом шариатида хулуъ ҳукми жорий қилинган. Эр-хотин бирга яшашларининг иложи қолмаса, агар бирга турсалар, гуноҳ иш содир бўлиши муқаррар бўлиб қолса, хотин ажрашишни истаса, эрига фидя (тўлов) бериб, уни рози қилиб, ажрашиб кетиши жоиздир.
Ислом динида биринчи хулуъ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида содир бўлди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
Собит ибн Қайснинг хотини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: Эй Аллоҳнинг Расули! Мен унга хулқда ҳам, динда ҳам бир айб қўя олмайман, лекин Исломда куфрон бўлишини (яъни эримни ёқтирмаганим учун унга итоатсизлик қилиб, гуноҳкор бўлишни) ҳам истамайман , деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: (Сенга маҳр қилиб берган) боғини унга қайтариб берасанми? дедилар. Ҳа , деди аёл. У зот (Собит ибн Қайсга) Боғни қабул қилиб олгин-да, уни бир талоқ қил , дедилар .
Бухорий ва Насоий ривоят қилганлар.
Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва-салламнинг айтганларини қилди ва шу тариқа Исломда биринчи хулуъ собит бўлди.
Хулуъ боин талоқ ҳисобланади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хулуъни бир боин талоқ ҳисоблаганлар. Боин талоқ – ражъий талоқдан фарқлин ўлароқ эр- хотинлик алоқалари ўша заҳотиёқ тамом бўлади.
Бундан ташқари ажрим қози томондан ҳам амалга оширилади. Қазоий ажримга тўрт фиқҳий мазҳабларга кўра, қуйидагилар сабаб бўлади:
- нафақа қилишдан ожизлик
- эр-хотиндаги айб
- зарар
- ёмон оилавий муносабатлар
- эрнинг ғойиб бўлиши ҳамда қамоқ.
Ушбу масалалар қозининг ҳукмига боғлиқ бўлади.
Нафақадан ожиз бўлиш. Ҳанафий мазҳабидан бошқа уч мазҳаб, яъни моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабларида нафақадан ожиз бўлиш эр-хотин ажратилишига сабаб бўлади. Аммо, ҳанафий мазҳабига кўра, нафақадан ожизлик сабабли эр хотин ораси ажратилмайди. Чунки эр гоҳ бой, гоҳ ночор ҳолатда бўлади. Агар эр бой бўлиб, нафақа қилмаётган бўлса, ажримдан бошқа йўллар қилинади, масалан қамаб қўйилади ёки мажбуран моли нафақа учун сотилади.
Айб ва касаллик. Абу Ҳанифа ва Имом Муҳаммад уч жинсий касаллик сабабидан эр-хотин ораси ажратилади, дейишган. Улар:
- Мажбуб – эркак жинсий аъзоси кесилган бўлиши;
- Унна – жинсий ожиз бўлиш;
- Хасй – бичилган бўлиш. Мана шу ҳолатлардагина хотин қозига шикоят қилиб, ажрим талаб қилишга ҳақли.
Бунда қозининг никоҳни фасх – бекор қилиши боин талоқ бўлади.
Жанжал ва зарар. Жанжал – инсон ҳурматига таъна етказадиган даражадаги қаттиқ низо. Зарар – эркак кишининг хотинига гап ёки хатти-ҳаракат билан азият етказиши. Худди, сўкиш, уриш ва ҳаром ишларга мажбурлаши каби. Моликийлардан бошқа уч мазҳаб, агарчи низо ва зарар ўта даражада кучли бўлса ҳам, ажримга сабаб бўлолмайди. Чунки аёлдаги зарарни талоқсиз ҳам ҳал этиш мумкин, масалан қозининг эркакни одобга чақириши, жазолаши каби.Моликийларда эса, зарар ва жанжал сабабидан тафриқ жоиз бўлади,
Эрнинг йўқ бўлиб кетиши. Агар эр ғойиб бўлса ҳанафий ва шофеъий мазҳабига кўра, гарчи муддат узун бўлсада, эрнинг йўқ бўлиши сабабидан қози уларнинг орасини ажратмайди. Негаки, бу борада бирорта шаръий далил собит бўлмаган.
Тошкент Ислом институти
403-гуруҳ талабаси Орифжонова Моҳира
Мирзақосим домла Саидмирзаев “Араб тили билимдони – 2021” танлови ғолиби!
Бугун, 11 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” мажмуасида имом-хатиблар ўртасида “Араб тили билимдони – 2021” кўрик-танловининг республика босқичи ўтказилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси мадҳияси, Қуръон карим тиловати билан бошланди.
Танловни Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати ходими Абдуқаййум домла Исмоилов олиб борди.
Қизғин баҳсга бой бўлган танлов натижаларини ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди. Унга кўра қуйидаги имом-хатиблар танлов ғолиблари деб топилди:
1-ўрин – Фарғона вилояти Қувасой шаҳридаги "Тошмозор" масжиди имом-хатиби Мирзақосим домла Саидмирзаев;
2-ўрин – Тошкент вилояти Тошкент туманидаги "Эшонхўжа ота" масжиди имом-хатиби Авазхўжа домла Баҳрамов;
3-ўрин – Андижон вилояти Андижон шаҳридаги "Бобо-Таваккул" масжиди имом-хатиби Нодирбек домла Кенжаев.
Танлов ғолибларига диплом ва совринлар, қолган иштирокчиларга ҳам эсталик совғалар топширилди.
Танлов ғолиб ва иштирокчиларига “Вақф” фонди, “Шамсуддинхон Бобохонов” НМИУ ва “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” масжидининг совғалари топширилди.
Барча ғолибларни муборакбод этамиз!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Таниқли уламоларнинг пойтахт масжидларига бугунги ташриф режаси
Бугун, 11 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги бир гуруҳ таниқли имом-хатиблар пойтахтимиз масжидларига ташриф буюриб, ? пешин ва хуфтон намозларини жамоат билан бирга адо этгандан сўнг мўмин-мусулмонларга маърифий суҳбат қилиб беришади.
Қуйида уламолар пешин ва хуфтонга борадиган масжидлар рўйхати билан танишишингиз мумкин:
Шайхонтоҳур туманидаги “Шайх Зайниддин” масжидига пешинга, тумандаги “Сузук ота” масжидига хуфтонга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов;
Шайхонтоҳур туманидаги “Доруссалом” масжидига пешинга, тумандаги “Коҳ ота Бузрук” масжидига хуфтонга Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасур домла Раупов;
Олмазор туманидаги “Дўстжонбой” масжидига пешинга, тумандаги “Абу Бакр Қаффоли Шоший” масжидига хуфтонга Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи Муҳаммадайюб домла Ҳомидов;
Олмазор туманидаги “Масжидус-салом” масжидига пешинга, Шайхонтоҳур туманидаги “Хожа Аламбардор” масжидига хуфтонга Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи ўринбосари Аброр домла Мухтор Алий;
Чилонзор туманидаги “Носирхон” масжидига пешинга, Шайхонтоҳур туманидаги “Мўйи муборак” масжидига хуфтонга Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов;
Шайхонтоҳур туманидаги “Имом Ҳасан” масжидига пешинга, Шайхонтоҳур туманидаги
“Обидхон Махдум” масжидига хуфтонга Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби Собир домла Рустамов;
Олмазор туманидаги “Иброҳим ота” масжидига пешинга, тумандаги “Иброҳимбой Орифжонбой” масжидига хуфтонга Олмазор тумани бош имом-хатиби Абдуллоҳ домла Юлдошев;
Олмазор туманидаги “Ҳофиз Кўҳакий” масжидига пешинга, тумандаги “Тўлқин Акром ўғли” масжидига хуфтонга
Шайхонтоҳур тумани “Доруссалом” масжиди имом-хатиби Муҳаммадраҳим домла Абдуқодиров;
Олмазор туманидаги “Мевазор” масжидига пешинга, тумандаги “Исматилло ҳожи” масжидига хуфтонга Чилонзор туманидаги “Новза” масжиди имом-хатиби Жалолиддин домла Ҳамрақулов;
Олмазор тумани “Искандар хўжа” масжидига пешинга, тумандаги “Сафабой ота” масжидига хуфтонга Яккасарой туманидаги “Ракат” масжиди имом-хатиби Роббимқул домла Муҳаммадиев;
Юнусобод туманидаги “Юнусобод Оқ тепа” масжидига пешинга, тумандаги “Омина” масжидига хуфтонга Олмазор тумани “Сирож Солиҳ” масжиди имом-хатиби Ҳасан домла Қодиров;
Чилонзор туманидаги “Бўта Бува” масжидига пешинга, Олмазор туманидаги “Мирза Ғолиб” масжидига хуфтонга Олмазор тумани “Ҳазрати Имом” масжиди имом-хатиби Ҳабибуллоҳ қори Абдураззақов;
Шайхонтоҳур туманидаги “Ҳувайдо” масжидига пешинга, тумандаги “Мунаввар қори” масжидига хуфтонга Юнусобод туманидаги “Мирза Юсуф” масжиди имом-хатиби Фозилжон домла Убайдуллаев;
Олмазор туманидаги “Охунгузар” масжидига пешинга, Шайхонтоҳур туманидаги “Ислом нури” масжидига хуфтонга Яшнобод тумани “Ислом ота” масжиди имом-хатиби Йўлдошали домла Каримов;
Аллоҳ таоло уламоларимизнинг суҳбатини манфаатли ва давомли қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Африкада Мавлид ун-Набавий катта миқёсда нишонланди
Кениянинг Ламу шаҳрида Муҳаммад Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллудларига бағишланган Мавлид ун-набавий фестивали ўтказилди. Байрамга 6000 нафар меҳмон ташриф буюрди. Мавлид Шарқий Африка қирғоқ ҳудудларида энг қадимгиларидан бири Ар-Риёд масжидида бўлиб ўтди. Унда Марокаш, Комор ороллари, Танзания ва Угандадан фахрий меҳмонлар иштирок этиши хабар қилинди.
Илгари Расулуллоҳнинг таваллудларига бағишланган тадбирда 20 000 дан 30 000 нафаргача меҳмонлар иштирок эган. Бу йил COVID-19 билан боғлиқ вазият туфайли ташриф буюрувчилар сони чекланган.
Фестиваль давомида Ламу аҳолиси ва меҳмонлари бепул тиббий лагерлардан фойдаланишлари мумкин. Хизматлар саратон учун бепул кўрикдан ўтиш, катаракт жарроҳлик операцияси ва қон босимини текширишни ўз ичига олади.
Islam.ru хабар қилишича, Мавлид ун-набавий фестивалининг авж нуқтаси 4 ноябрь куни бўлиб ўтди. Байрам танловлар, футбол, елканли қайиқда сузиш мусобақалари, ислом хаттотлик кўргазмаси ва намойишни ўз ичига олади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати