muslim.uz

muslim.uz

Бухоро вилояти

"Соктари" жоме масжиди

имом-хатиби

Жасур домла Латипов

Четверг, 19 Август 2021 00:00

Давомийлик ила кичик гуноҳ йўқ

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо дедилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабр ёнидан ўтдилар ва: «Албатта, бу иккови азобланяпти. Катта нарса учун азобланаётганлари йўқ», дедилар. Кейин: «Улардан бири чақимчилик қилиб юрар эди, бошқаси эса пешобидан эҳтиётланмас эди», дедилар. Кейин бир ҳўл новдани олиб, иккига синдирдилар-да, сўнг ҳар бирини биттадан қабрга санчиб қўйдилар. Сўнгра: «Шояд, бу иккаласи қуригунича у икковидан (азоб) енгиллатиб турилса», дедилар» (Бухорий, Насоий, Аҳмад ривояти).

«Албатта, бу иккови азобланяпти. Катта нарса учун азобланаётганлари йўқ». Ушбу лафздан икки хил маъно олиш мумкин. Истаган одам йўқотиши, кетказиши ёки сақланиши мумкин бўлган нарса учун азобланаётибдилар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом одамлар енгил санайдиган шу ва шунга ўхшаш амаллардан огоҳлантиришни ният қилдилар. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Ўшанда сиз уни (ифкни) тилларингиз ила илиб олар, оғзингиз ила ўзингиз билмаган нарсани гапирар эдингиз ва буни (ифкни) ўзингиз учун енгил санардингиз. Ҳолбуки, у Аллоҳнинг наздида оғирдир» (Нур сураси, 15-оят).

 Ушбу ҳадис маъносини олимлар қуйидагича таъвил қилган: икки қабрдагилар асли гуноҳи кабира бўлмаган ва сақланиш мумкин бўлган нарса сабабли азобланяпти. Лекин бу иш дин ва маъсият жиҳатидан каттадир. Чунки кичик гуноҳни давомий бажариш, уни катта гуноҳга айлантиради. Зеро, кичик гуноҳни қасддан бажаришнинг ҳукми катта гуноҳ ҳукмида бўлади.

Хаттобий раҳматуллоҳи алайҳ одамларнинг ҳўл новдаларни қабрга суқиб қўйишни ман этиб, бундай дейди: «Чунки бу ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларининг баракотига хосдир». Бошқа бир ўринда бундай дейилади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабрга новдани экишлари ғайбдан бўлди. Яъни у зот алайҳиссаломнинг «азобланяпти» сўзлари ғайибни билганларига ишора эди. Биз эса қабрдагиларнинг азобланаётганини билмаймиз ва бу ишни қилишимиз дуруст эмас».

Ҳофиз ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Бу каби ишни қилишимиз мумкин эмас. Чунки қабр эгаси азобдами ёки йўқми – билмаймиз. Биз фақат агар у азобланаётган бўлса, унинг азобини енгиллашини нисбат беришимиз мумкин. Бу худди унинг раҳм қилинганми ёки йўқ – билмаганимиз учун унга раҳмат айтишимиз кабидир». Шунингдек, ҳадис матнида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айнан муборак қўллари билан новдаларни қабрларга санчиб қўйганлари айтилмаган. Балки бу ишга амир этганлар, деб эътибор қилинади. Бир ривоятда: «Улар фақат ғийбат ва бавл сабабидан азобланяптилар», деб айтилган. Бу ерда кофир эмас, балки икки мусулмон назарда тутилмоқда. Чунки улар кофир бўлганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаргиз улар учун истиғфор айтмаган бўлардилар.

Ушбу ҳадисда қабр азоби ҳақ эканига далил бор. Жумҳур фуқаҳолар наздида одам боласининг бавли, у оз бўладими ёки кўп, мутлақо нажасдир. Лекин Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ мўминларга машаққат бўлмаслиги учун: «Дирҳам миқдоридан ошсагина нажас бўлади», деб айтади.

Мана шулардан сақланганларни Аллоҳ гўзал мукофотласин ва дўзахдан халос этсин.

 

«Манҳал ҳадис» китоби асосида Юлдуз Асқар қизи тайёрлади

«Ҳилол» журналининг 8(29) сонидан олинди

 

Динимиз таълимотига кўра, фарзанд Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати ва омонатидир. Бу неъмат шукрини адо қилиш зиммамиздаги энг муҳим бурчлардан ҳисобланади. Бунинг учун уни асраб-авайлаш, чиройли тарбиялаб, камолга етказиш лозим. Фарзандларимизни ёмон хулқ, бузуқ ғоялардан эҳтиёт қилмоғимиз шарт.

Чунки бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Сирка асални бузганидек, бадфеъл­лик ва ахлоқсизлик ҳам кишининг амалларини бузади”, деган муборак ҳадис ворид бўлган.

Фарзандларимизни турли иллат ва ахлоқсизликлардан асрашнинг бош омили чиройли таълим-тарбия бериб, Аллоҳни танитиш, имон-эътиқодли инсон қилиб вояга етказишдир. Зотан, фарзанд учун таълим-тарбия, одоб-ахлоқ сув ва ҳаводек зарур. Ҳадисда: “Ота-она фарзандига гўзал одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди”, дейилади (Имом Термизий ривояти). Чунки эътиқоди ва дунёқараши соғлом фарзанд ота-она хизматини қиладиган, эл-юртига садоқатли, комил инсон бўлиб вояга етади.

Фарзандларимизнинг солиҳ, комил инсон бўлиб, жамиятда ўз ўринларини топишида илмнинг ўрни беқиёс. Зеро, чиройли тарбия билан зийнатланган илмли инсон юртимиз равнақи ва келажаги ҳисобланади. Инсоннинг ўсиб, камолга етишида илмнинг зарурлигини қисқа сатрларда баён қилиш қийин, албатта. Доно халқимиз: “Бола – азиз, одоби – ундан азиз”, дейди. Халқимизда одоб-ахлоқ ва тарбияга бу қадар эътибор берилиши бежиз эмас. Чунки инсон илми билан ета олмаган чўққиларни чиройли одоб-ахлоқи билан забт этади.

Бола тарбияни дастлаб оиласида олади. Кат­таларнинг хатти-ҳаракатларини худди суратга олгандек онгига жойлаб, улғайгач, уларни ҳаётига татбиқ этади. Ахлоқи ёмон болалар асосан муҳити бузуқ оилалардан чиқиши маълум. “Бугунги ўғри, фирибгар ва хулқи ёмон кимсалар кеча тарбиясига эътибор берилмаган болалардир!” деган эди Абдулла Авлоний. Оиладаги тарбиядан ташқари, болаларимизнинг кўча-кўйда юриш-туришларига ва кимлар билан алоқа қилаётганларига ҳам алоҳида аҳамият беришимиз керак.

Фарзандларнинг келажакда қайси тоифадаги кишиларга ўхшаб қолиши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу ҳадиси шариф ворид бўлган: “Ҳар бир фарзанд мусулмон фитратида туғилади, лекин уни яҳудийга айлантириб юборадиган ҳам, насроний ёки мажусийга айлантириб юборадиган ҳам унинг ота-онасидир” (Имом Бухорий ривояти). Ватанимиз тараққиёти, халқимизнинг бахту саодати йў­лида ёшларимизнинг илму фан ва касбу ҳунар соҳиблари бўлиб етишишлари учун давлатимиз кўрсатаётган ғамхўрлик билан бирга ота-оналарнинг бу борадаги доимий ҳаракатлари ҳам жуда аҳамиятлидир.

Фарзандларини ёшлигиданоқ кучи, қобилия­тига мос тушадиган илм-фан, меҳнат ва касб-ҳунарларга йўналти­ришлари ва “оммавий маданият” ва турли ғоявий ҳужумлардан эҳтиёт қи­лишлари жуда зарур.

Ҳусайн Воиз Кошифий “Ахлоқи муҳ­синий” асарида фарзанд тарбиясида муҳим бўлган жиҳатларга тўхталиб: “Фарзанд Ҳақ таолонинг омонатидир. Ота-онадан маҳшар вақтида бу омонат ҳақи талаб қилинади. Бу омонат гўёки ойна – бутун борлиқ кўзгуси, аввалидир. Ҳақиқат жавоҳири уни нимага хоҳласа, ўшанга мойил қилиш мумкин. Демак, зарурат бўйича фарзандни тўғри тарбия қилиш керак, токи ёқимли сифатларга эга бўлсин. Аввало унга чиройли ном бериш керак. Агар фарзанднинг номи муносиб бўлмаса, маълум муддат яшагандан сўнг унда ўз исмига нисбатан наф­рат пайдо бўлади. Яна мўътадил табиатли, хушмуомала ва покиза кў­ринишли бўлсин”, дейди.

Ҳадиси шарифда: “Фарзандинг ё жан­натинг, ё дўзахингдир”, дейилган. Агар ота-она фарзандини яхши хулқли, одобли ва имон-эътиқодли қилиб тарбияласа, бундай фарзанд қиёмат куни ота-онасини жаннатга етаклайди. Шундай экан, ҳар бир ота-она фарзандларининг тарбиясига кўпроқ эътибор бериши, уларга алоҳида вақт ажратиб, одоб-ахлоқдан таълим бериши, уларни доимо назорат қилиб бориши, ёмонларга яқин йўлатмаслиги лозим.

Муҳаммаджон ҚОРАЕВ,

Қарши шаҳар “Қумқишлоқ” жоме

масжиди имом-хатиби

Четверг, 19 Август 2021 00:00

Ҳижрат тушунчаси (видео)

Исҳоқжон домла Бегматов

Янгиликлар

Top