muslim.uz

muslim.uz

Қоҳиранинг дунёга машҳур “Ал-Азҳар” университетининг Фатво маркази муборак Каъбани бузишга ундайдиган “Fortnite” деб номланган видео ўйинни тақиқлаш ҳақида огоҳлантирди. Унда жумладан бундай дейилади:

«Марказ ёшлар онгини банд қиладиган, уларни фойдали билим олиш ёки меҳнат қилишдан чалғитадиган ва уларни воқеликдан узоқлаштириб, виртуал оламларга қамаб қўядиган, нафратга, ўзига ёки бошқаларга зарар етказишга ундайдиган баъзи электрон ўйинлардан огоҳлантиради».

Рўйхатга қўшилган “Fortnite” видео ўйида кейинги босқичга ўтиш учун ўйинчилардан Каъбани бузиш талаб этилади. “Ал-Азҳар” Фатво марказининг мудири Усома ал-Ҳадидий айтади: «Бу ёшларнинг эътиқоди ва қадр-қимматига таъсир қилади. Шу сабабли, марказ зўравонликни рағбатлантирадиган ва ёлғон ғояларни ўз ичига оладиган, эътиқодни бузадиган ёки диний эътиқодга ҳурматсизлик кўрсатадиган барча электрон ўйинларнинг тақиқланишини талаб қилади».

 

middleeastmonitor.com

Баъзида айрим кишиларнинг “худбин бўлмаслик керак”, “ худбинлик ёмон” деган сўзлари қулоққа чалинади.  Хўш, аслида, худбинлик нима?

“ Ўзбек тилининг изоҳли луғати” да: “ Худбинлик (форсча сўз) – манман, эгоист; ўзинигина кўзловчи, ўзини ёки ўз манфаатини ҳаммадан устун қўювчи” дейилади. Шахснинг ўз манфаати доирасида айланиб қолиши, бошқаларнинг фикри ва манфаати билан ҳисоблашмай, фақат ўз фикрлари ва шахсиятини юқори қўйиш билан шуғулланиб қолган ҳолати худбинлик дейилади. Худбинлик баъзан эгоизм деб аталади.  “ Эгоизм “ лотинча сўз бўлиб, у  ўзбек тилидаги  биринчи шахс олмоши “ мен”  маъносига тўғри келади. Манманлик эгоизмнинг учига  чиққан шаклидир. Манманлик билан кибрланиш фарқланади. Манманлик инсон ўзида берилган неъматлар билан ғурурланишидир. Кибр эса ўзини бошқалардан баланд ҳисоблаб, ҳақ гапни тан олмасликдир. Расулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Кибр нима? “ деб сўрашганда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кибр ҳақни тан олмаслик ва одамларга паст назар билан қарашлик” деб жавоб берганлар. Манманлик ўзини ҳамма нарсадан ортиқ яхши кўриш ва ўзидаги нарсалардан кеккайишдир. Ман-манлик кибрдан ёмонроқдир. Манманлик-неъматларни унутиб, неъматлардан кеккайишдир.

             Худбинлик ҳақида Алишер Навоий  “ Маҳбубул-қулуб” асарида : “Ўзига бино қўйишлик – бахтсизликдир, бунинг фарқ ва даражалари бор. Худбиннинг ҳар бир қилган иши ўзига яхши кўринади, лекин бу кўримсиз қилиқда фарқлар кўпдир”

деб ёзадилар.  

Халқимизда худбинлик  ёмон одат сифатида қораланади. Худбинлик  одамни адаштиради. Донишмандлар худбинлик қуйидаги сабаблар орқали юзага келади дейишади:

  1. Баъзи бир инсонлар ўзларини ҳаддан ортиқ яхши кўришлари сабабидан;
  2. Айрим одамлар ўзларини бошқалардан устун кўрадилар;
  3. Айрим кишилар манманлик, кибрли бўлганликлари сабабидан.

Инсон табиатида ўз-ўзини яхши кўриш мавжуд. Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ муҳаббатнинг беш тури ҳақида фикр юритиб, инсоннинг ўзига, ўзининг аъзоларига, саломатлигига муҳаббатини биринчи ўринга қўяди. Унингча, бу муҳаббат Аллоҳ, ота-она, қариндош-уруғ, дўст-биродар, муҳтож-эҳтиёжмандлар хизматида бўлишга имкон яратувчи восита ҳисобланади. Худбинлик муҳаббат ҳиссига эмас, нафсга, ҳирсга асосланади, ўзини адолатсизлик, инсофсизлик, бераҳмлик каби иллатларда намоён бўлади. Худбинлик акси бўлган олийжаноблик (жумардлик)  ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди, лекин инсоннинг ўзига бўлган  муҳаббати, бошқаларда ҳам ўзига шундай муҳаббат борлигини инкор этмаслик керак, бу қоида бузилган жойдан худбинлик бошланади.

Худбинликда ўз мафаатини бошқа кишилар манфаатидан юқори қўйиш салбий ахлоқий  сифат деб баҳоланади.  Худбинлик манфаатпарастлик ва шахсиятпарастликни ўз ичига олади. Худбин одам ўз манфаати йўлида ҳеч кимни, ҳеч бир жамоа, ҳеч қандай жамиятни тан олмайди.  Худбин кишилар бирор кишидан фойда келмаса, унга манфаат етказишни хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Худбин кишилар ўзларига эга бўлган неъматларга, бирор мавқеъга бошқаларни ҳам эга бўлишларини хоҳламайдилар.

Худбинлик шайтоннинг нафсига  кирувчи йўллардан биридир, худбинлик туфайли инсонни шайтон залолатга бошлайди, уни  балога йўлиқтиради. Инсоннинг худбинлиги,  манмансираши  ҳалокат гирдобига олиб боради.

               Худбинлик жумардлик (олийжаноб)нинг аксидир. Инсон хулқидаги худбинлик иллати инсонни олий жаноб бўлишидан тўсиб туради.  Инсон ўзини доимо тергаб туриши лозим. Ўзида худбинлик аломати сезилса, уни илдиз отмай туриб барҳам бериш чораларини кўради. Ўз нафсини тергаб, уни худбинлашиб кетаётганлигини танқид қилади.  Нафсини худбинлик қудғуларидан сақлайди. Худбинликка қарши кўриладиган чораларидан бири  нафснинг ҳар хил орзуларини чегаралашдир.  Инсондаги худбинлик иллатининг давоси олийжаноблик бўлиб,  у ёрдамида ўзига яхши кўринган нарсани бошқаларга ҳам улашишдир. Масалан, ўзи еб турган таомини бошқа оч кишиларга ҳам бериш, ўз аҳлига нафақа қилиб, ортганини бошқаларга ҳам инфоқ қилади.  Олийжаноблик хислати инсоннинг қадрини оширади, бошқа инсонлар билан муомиласини яхшилайди, инсон  муаммоларини осонлик билан ечилишига сабаб бўлади. Бу фазилатли хислатни фарзандларимизга уларнинг ёшлик пайтидаёқ сингдириб боришимиз лозим бўлади. Фарзанд ёш ниҳол, уни камтар қилиб ўстирсак, у келажакда ўз ўрнини топади. Чунки, яхши инсон ҳўл шохга ўхшайди, уни қанча тортсанг эгилади, аммо синмайди. Худбин киши эса қуруқ шохга ўхшайди, уни тортсанг синади.                

              Ҳар бир инсоннинг табиатида худбинликка,  мақтанчоқликка, ўзини улуғлашга, кибрланишга нисбатан майллар бўлади . Инсон ўз тибиатадаги бу майлларни ақл орқали таниб, уларни ўзидаги камтарлик, олийжаноблик  хусусиятлари билан ушлаб, халқимизнинг “ Камтарга камол, манманга завол” деган мақолини ёдга олиб, ўз нафсига насиҳат қилиш лозим.

              Дарҳақиқат, инсон учун худбинлик, манманлик ярашмайдиган одатдир.  Инсон худбинлик ва манманликдан сақланиш билан ўз шахси ва жамият учун катта манфаат келтиради.   Инсон худбинлик, манманлик каби ёмон одатлардан тийилиш билан икки дунё саодатига эришади.

Рухиддин АКБАРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Қашқадарё  вилояти вакиллиги ходими

Бугун, 2 июль куни уламоларимиз Тошкент шаҳрига ташрифлари давомида қуйидаги масжидларда жума намозида маъруза қилиб берадилар:

Ҳомиджон домла Ишматбеков, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари – Яккасарой тумани “Усмон ибн Маъзун” жоме масжиди;

Иброҳимжон домла Иномов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари – Миробод тумани “Валихўжа ўғли Норхўжа” жоме масжиди; 

Салоҳиддин домла Шарипов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг маслаҳатчиси – Миробод тумани “Қўйлиқ ота” жоме масжиди;

Нуриддин домла Холиқназаров, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби – Мирзо Улуғбек тумани“Мулла Қосим домла” масжиди; 

Муҳаммад Айюбхон домла Ҳомидов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудири – “Яккасарой” жоме масжиди;  

Аброр Мухтор Алий домла, Ўзбекистондаги Ислом цивилизация маркази масъул ходими – Яшнобод тумани “Ислом ота” жоме масжиди; 

Жалолиддин домла Хамроқулов, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти катта устози – Яшнобод тумани “Холид ибн Валид” жоме масжиди; 

Шунингдек, уламоларимиз масжидлар атрофида жойлашган маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси билан учрашув ўтказиш, эҳтиёжманд оилаларда бўлиб, “Вақф” фондининг моддий ёрдамини етказиш ва пойтахтдаги ижтимоий объектларга ташриф буюришлари режа қилинган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ҳар бир ота - она ўз фарзандининг бахту - саодатли, маънавий соғлом, истиқболи порлоқ,    келажакдаги мустақил ҳаётида ҳам моддий жиҳатдан соғлом  бўлиб яшамоғини орзу қилади ва шу мақсадга эришиш учун бутун умрини, бор-йўғини сарф қилади. Айниқса, бу боласевар халқимизнинг қалбига сингиб кетган фазилатдир. Ислом дини таълимотига кўра, фарзанд Аллоҳ таоло томонидан ато этилган улуғ неъмат бўлиши билан бирга, у ота – онага  топширилган масъулияти жуда катта омонат ҳамдир.

Фарзанд неъматини шукрини адо қилиш ҳар биримизнинг зиммамиздаги энг асосий бурчларимиздан бири ҳисобланади. Уни  асраб–авайлаб, чиройли тарбиялаб камолга етказиш эса бу неъматнинг олий шукронасидир.  Фарзандларимизни  ёмон хулқ, бузуқ ғоялардан фикрини тоза, мусаффо қилмоғимиз даркор. Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада: “Бамисоли сирка асални бузганидек, бадьфеллик ва ахлоқсизлик ҳам кишининг қилаётган амалларини бузади”, деб бадфеъллик ва ахлоқсизлик ҳар қандай инсонни хоҳ у ёш бўлсин, хоҳ қари бўлсин жамиятда беобрў қилишидан огоҳ этадилар.

Фарзандларимизни бундай иллатдан асрашнинг бош омили албатта, уларга чиройли тарбия бериб, ҳаётнинг турли фитналаридан қалбларини покиза сақлаб, билимли инсон қилиб вояга етказишдир. Фарзанд ҳаётида яхши хулқ, чиройли одоб энг биринчи ўринда туради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота – она фарзандига гўзал одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди”, деганлар. Чунки, эътиқоди ва дунёқараши соғлом фарзанд ота - она хизматини қилиб, ватанига садоқатли, комил инсон бўлиб вояга етади. Фарзанднинг яхши, комил инсон бўлиб, жамиятда ўз ўрнини топишида тарбия билан биргаликда илмнинг хизмати беқиёсдир. Зеро, чиройли тарбия билан зийнатланган илмли инсон юртимиз равнақи ва келажаги ҳисобланади. Инсоннинг ўсиб, камолга етишида илмнинг зарурлигини қисқа сатрларда таърифлаб бериш қийин, албатта. Бу тўғрида доно халқимизнинг ажойиб бир ҳикматли сўзи бор: “Фарзанд азиз, тарбияси эса унданда азиз”. Халқимизда одоб-ахлоқ ва тарбияга  бу қадар эътибор берилиши бежиз эмас, чунки инсон илми билан ета олмаган чўққиларни чиройли одоб-ахлоқи билан забт этади.

Бола тарбияни дастлаб оиласида олади. Катталарнинг бутун ҳатти - ҳаракатларини худди суратга олгандек онгига жойлаб, улғайгач, уларни ҳаётига татбиқ этади. Ахлоқи ёмон болалар асосан муҳити соғлом бўлмаган оилалардан чиқиши маълум. “Бугунги ўғри, фирибгар ва хулқи ёмон кимсалар кеча тарбиясига эътибор берилмаган болалардир!” деган эди Абдулла Авлоний. Оиладаги тарбиядан ташқари, болаларимизнинг кўча -кўйда юриш - туришларига ва кимлар билан алоқа қилаётганига ҳам алоҳида аҳамият бериш керак.

Менимча, фақат ота - онасини йўқотган эмас, балки қаровсиз қолган, тарбиясига биров аҳамият бермаган бола ҳам етим ҳисобланади. Келажагимиз бўлган болаларимиз тарбиясига катта аҳамият беришимиз, уларнинг юксак ахлоқий қадриятлар, миллий ва диний анъаналаримизга содиқ бўлишларига ҳаракат қилиш  лозим.

Фарзандларнинг келажакда қайси тоифадаги кишиларга ўхшаб қолиши ҳақида жаноб Расулуллоҳдан ушбу ҳадиси шариф ворид бўлган: “Ҳар бир фарзанд мусулмон фитратида туғилади, лекин уни яҳудийга айлантириб юборадиган ҳам, насроний ёки мажусийга айлантириб юборадиган ҳам унинг ота – онасидир”. Ватанимиз тараққиёти, халқимизнинг бахту - саодати йўлида ёшларимизнинг илму фан ва касбу ҳунар соҳиблари бўлиб етишишлари учун давлатимиз кўрсатаётган ғамхўрлик билан бирга ота - оналарнинг бу борадаги доимий ҳаракатлари ҳам жуда аҳамиятлидир.

Фарзандларимизга шундай тарбия берайликки, улар ўз ота-боболарига, ўз тарихи, Ватани, она тилига, миллат улуғларига, мукаддас Ислом дини анъаналарига содиқ бўлиб қолишсин. Чунки илмли, одобли, фаросатли одам ҳаётда ўрнини топиб олади. Китоблардан ўрганилган маърифий илм қаторида оилада олинган ҳаёт илми ҳам уларга сув ва ҳаводек зарур. Фарзандлари улғайган сари улар тақдирига ҳушёрроқ қараш, уларни юксак қадриятларимизнинг асл ва бақувват илдизларидан баҳраманд этиш, бугунги турмуш тарзимизга мос тарбия бериш ота - оналар зиммасидаги муҳим вазифалардан саналади.

Ҳозирги глобаллашув шароитида ота-оналарнинг фарзандлари устидаги масъулиятлари янада ортиб, бу борада умуман бепарво бўлмасликлари талаб этилади. Фарзандларини ёшлигиданоқ кучи, қобилиятига мос тушадиган илм-фан, меҳнат ва касб - ҳунарларга йўналтиришлари  ва оммавий маданият ва турли ғоявий ҳужумлардан эҳтиёт қилишлари жуда зарурдир.

Ҳусайн Воиз Кошифий “Ахлоқи муҳсинин” асарида фарзанд тарбиясида муҳим бўлган қадриятларга тўхталиб: “Фарзанд Ҳақ таолонинг омонатидир. Ота - онадан маҳшар вақтида бу омонат ҳақи талаб қилинади. Бу омонат гўёки ойна – бутун борлиқ кўзгуси, аввалидир. Ҳақиқат жавоҳири уни нимага хоҳласа, ўшанга мойил қилиш мумкин. Демак, зарурат бўйича фарзандни тўғри тарбия қилиш керак, токи ёқимли сифатларга эга бўлсин. Аввало унга чиройли ном бериш керак. Агар фарзанд номи муносиб бўлмаса маълум муддат яшагандан сўнг унда ўз исмига нисбатан нафрат пайдо бўлади. Яна мўътадил табиатли, хушмуомала ва покиза кўринишли бўлсин”, дейди.  

Ҳадис шарифда “Фарзандинг ё жаннатинг ёки дўзахингдир”, деб айтилган. Агар ота-она фарзандини яхши хулқли, одобли ва имон-эътиқодли қилиб тарбияласа, бундай фарзанд қиёмат кунида ўзи билан ота-онасини ҳам     жаннатга         етаклайди. Шундай экан, ҳар бир ота-она фарзандларининг тарбиясига кўпроқ эътибор бериши, уларга алоҳида вақт ажратиб, одоб-ахлоқдан таълим бериши, уларни доимо назорат қилиб бориши, ёмонларга яқин йўлатмаслиги лозим экан. Ана шунда улар ота-онаси ва эл-юртига хизмат қиладиган, уларга икки дунёда обрў олиб келадиган, юзларини ёруғ ва бошларини юқори қиладиган фарзандлар бўлиб катта бўлишади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 104 – моддасида: “Ота – оналар ўз фарзандларини вояга етганларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар” деб  белгилаб  қўйилган.

Бу эса ҳар биримизнинг фарзандларимиз, ёш авлоднинг маънавий-ахлоқий камолоти, ғоявий чиниқишига, ҳар хил бузғунчи ғоя ва мафкураларга қарши муросасиз курашчи руҳида тарбиялашга масъулият билан ёндашишга ундайди. Айнан фарзандларнинг камолоти – эртанги кунда барчамизнинг тинч ҳаётимизни таъминлайди.

Ҳар қайси давлат, ҳар қайси миллат униб-ўсиб келаётган ёш авлод тимсолида шу халқнинг азалий орзу-интилишларини рўёбга чиқарадиган буюк кучни кўради. Мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг асосий устувор йўналишлардан бири ана шундай комил инсонларни тарбиялашга йўналтирилган.

Келажак авлод тарбияси барча замонларда халқимиз олдида турган асосий вазифалардан бири бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Бу каби савобли мақсад ва вазифани нафақат тарбия билан шуғулланувчи ташкилотлар, балки барча - барчамиз ўз олдимизга асосий мақсад сифатида қўйишимиз лозим. 

Муҳаммади ҚОРАЕВ,

Қарши шаҳар  “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби

Янгиликлар

Top