muslim.uz

muslim.uz

Халқаро экспедиция 2021 йил апрелдан майгача бўлган даврда Қорақалпоғистон тарихий ва маданий мерос объектлари салоҳияти ҳамда қийматини баҳолади ва уларни рўйхатларга киритиш стратегиясини ишлаб чиқди. Sputnik. Билдиришича, бу ҳақда ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон миллий комиссияси ахборот хизмати хабар берди.

Экспедиция ЮНEСКО ишлари бўйича Миллий комиссия, Қорақалпоғистон Маданият вазирлиги, шунингдек, вилоят ҳокимликлари томонидан қўллаб-қувватланди.
Комплекс илмий тадқиқотлар олиб борган халқаро экспертлар гуруҳи таркибига археология, архитектура, маданият ҳамда ёдгорликлар тарихи ва ҳужжатлари соҳасидаги маҳаллий ва хорижий мутахассислар киритилди. Экспедиция Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институти ҳомийлигида ва Лондон Университет коллежи кўмагида "Марказий Осиё археологик ландшафтлари" лойиҳаси доирасида бўлиб ўтди.

Маълумотларни йиғиш учун мутахассислар учта учувчисиз учиш воситасидан фойдаланилган. Тўрт ихтисослашган гуруҳ 8 000 километрдан ортиқ масофани босиб ўтди. Тадқиқотлар натижасида вилоятнинг 53 та ёдгорлиги ҳақида материаллар, 67 000 дан ортиқ аэросуратлар ва 144 та видеофильмлар олинди. Тўлиқ тадқиқот 5 000 гектардан ортиқ майдонни қамраб олди.

Таъкидланишича, тадқиқот натижалари батафсил аэросуратлар ва ҳар бир ёдгорликнинг уч ўлчовли моделидан иборат бўлади ҳамда унинг асосида табиий, меъморий, инфратузилма, маиший ва бошқа элементлар аниқланади.

“Кенг миқёсли тадқиқотлар асосида халқаро экспертлар гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган тавсиялар Ўзбекистон тарихи ва маданияти ноёб объектларини сақлаш бўйича глобал стратегияни ва уларни ЮНEСКОнинг нуфузли халқаро рўйхатига киритиш дастурини шакллантиришга имкон беради”, - дейилган хабарда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Понедельник, 07 Июнь 2021 00:00

Қуръони карим – илоҳий мўъжиза

Қуръон ҳақлигига ҳеч шак шубҳа йўқ. Унда ҳамма нарса очиқ-ойдин ва аниқ равшандир. Қуръонни чуқурроқ ўрганиш ва англашга ҳаракат қилиш зарур. Исломни билмоқчи, ҳақиқатни англамоқчи бўлган одам бевосита Қуръони каримга мурожаат қилиши керак. Қуръон илоҳий мўжиза, инсон эса унинг олдида ожиз. Аммо инсон ўзининг ожиз ақли билан кўпгина Қуръоний ҳақиқатни кашф қилади.Бу эса ҳидоятга сабаб бўлади. Қуръони карим одамларга баёнот бўлиб келаверади. Лекин ундан фойда олиш тақводорларга насиб этади. Қуръон туфайли инсоннинг кўнгли, оиласи, ватани ва бутун дунё тинч булади. Чунки Қуръонни билган, атроф муҳитга, ўзи яшаётган борлиққа тинч муомалада бўлади. Ким Қуръонга ўқиса, уни англаса қоронғуликдан нурга чиқади.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Қачонки, уларга очиқ-ойдин оятларимиз тиловат қилинганида, Бизга мулоқот бўлишдан умиди йўқлар: «Бундан бошқа Қуръон келтир ёки уни алмаштир», дедилар. Сен: «Мен ўзимча уни алмаштира олмасман. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсага эргашаман, холос. Албатта, мен Роббимга осийлик қилсам, улуғ куннинг азобидан қўрқаман», деб айт” (Юнус сураси, 15-оят).

Мушриклар Пайғамбаримиз алайҳиссаломга: “Бундан бошқа Қуръон келтир ёки уни алмаштир”, дедилар. Шунда Аллоҳнинг амри билан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен ўзимча уни алмаштира олмасман. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсага эргашаман, холос. Албатта, мен Роббимга осийлик қилсам, улуғ куннинг азобидан қўрқаман», дедилар.

Энди Қуръони каримни оятларини ҳукмини бошқа нарсаларга алмаштираётган ё турли бузуқ оқимларни ўз раъйларига ҳукм чиқаришини нима деб баҳолаш мумкин? Каломуллоҳ сўзини, маъносини, ҳукмини ҳам, умуман ҳеч бир жиҳатини Аллоҳдан бошқа зот яратишга қодир эмас. Қуръони каримнинг илоҳий мўжиза экани ҳозирги кунда табора аёнлашиб бормоқда. Бунга сабаб илм фан ривожланиб, ояти карималардаги мўъжизалар юзага чиқмоқда. Кўплаб ғайридин илм эгалари иймон ва исломни қабул қилмоқдалар. Нима учун мусулмон бўлдингиз, деган саволга уларнинг кўпчилиги “Қуръонни ўқиб чиқиб бундай китобни Аллоҳдан бошқа уни яратишга қодир эмас”, дейишган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримни ўқиб-ўрганиб, унга амал қилишимизни барчамизга насиб қилсин!

Каромат Азимов,
Олтинсой туман “Сўфи Оллоҳёр”
жоме масжид имом хатиби

Мамлакатимиздаги бунёдкорлик ишларининг узвий давоми сифатида Жиззах вилояти, Бахмал туман марказий масжиди бўлган “Жаббор ўғли Жумағул” жоме масжидида шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ қурилиш ишлари бошланди.

Қурилиш лойиҳаси намозхонлар учун жуда қулай ва шинам бўлишига алоҳида эътибор қаратилган.

Таъкидлаш жоиз, қурилиш ишларига моҳир уста ва муҳандислар жалб этилган. Ушбу эзгу ишга ҳисса қўшиш истагидаги қурувчилар ўз маҳоратларини кўрсатиб, бор куч-ғайрати билан меҳнат қилмоқда. Зеро, масжидни обод этишнинг савоби улуғ. Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”.

Масжидлар ободлиги юрт ободлигидир. Зеро, масжидга ибодат қилиш учун келган халқимиз она Ватан тинчлиги, халқ осойишталигини сўраб дуолар қилишади. Бу дуои шарифлар шарофати ила Яратган юртимизни янада фаровон қилади, неъматларини янада зиёда қилиб беради, иншоаллоҳ.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон – бебаҳо қадриятлари билан азалдан оламни ўзига мафтун этиб келган мунаввар диёр.

Қадрият сўзи алоҳида эътибор ва эъзозга эга бўлган одат маъносини англатар экан, у бир халқ ичида эмас, барча халқлар томонидан эътироф этилса, олий мақом касб этади. Ўзбекистон заминида яшовчи халқларга мансуб каттаю кичикка бирдек салом бериш, кексаларни эъзозлаш, қўшнига ҳурмат, қариндошга оқибат, болапарварлик, меҳмонни икром этиш, дини ва миллатидан қатъи назар Бани башар авлодига унинг, аввало, инсон эканлиги эътиборидан бағрикенг муносабатда бўлиш каби фазилатлар асрлар давомида жаҳон тамаддуни саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битилган.  

Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистонга кўчирилган каттаю кичикка кўрсатилган мислсиз меҳр-оқибат тилларда достон бўлган. Она халқимиз етимларни бағрига босиб, улар билан бир бурда нонини баҳам кўриб, минглаб инсонларнинг ҳаёти ва ҳаётдаги муносиб ўрнини сақлаб, яхшиликнинг олий намунасини намоён қилгани маълум ва машҳур ҳақиқат. Етим сўзи араб тилидан таржима қилганда “ёлғиз, ягона”, деган маънони англатади. Бу сўз уруш йилларида юртимизда ўз маъносидан узоқлашди. Манбаларга кўра, Ўзбекистонга уруш ўчоқларидан кўчирилган 200 минг мурғак боланинг барчаси оилали, бошпанали бўлди.  

Ислом дини кўрсатмаларида етимларга меҳр кўрсатиш жаннатий фазилат сифатида эътироф этилган. Ҳадиси шарифда Муҳаммад алайҳис-салом: “Мен ва етимга кафиллик қилувчи, яъни етимга ғамхўрликни ўз зиммасига олувчи жаннатда ёнма-ён бўламиз”, дея икки бармоқларини жуфтлаштириб кўрсатдилар. Қўлимиздаги икки бармоқ бир-бирига қанчалик яқин бўлса, етимни бағрига босувчилар ҳам оламлар сарвари билан жаннатда шунчалар яқин турар эканлар.  

Ислом динининг асрлар давомида башариятни эзгуликка, маърифатга чорлаб келаётган, йиллар давомида ҳаётбахш маънолари кишилар қалбидан ўрин олиб, тарихнинг турли мураккаб онларида ҳам беназир ҳамдам, дилларга малҳам бўлиб, ҳазрат Алишер Навоий таъбири билан айтганда, турмушига рўзғор сафолигини, дунёқарашига ҳидоят зиёсини олиб кираётган тушунчаларини диний қадриятлар, деб атаймиз. Бу қадриятлар имон, эътиқод, виждон, диёнат, маънавият каби ўлмас ва енгилмас туйғулар самарасидир. Бу қадриятлар олий даражадаги одоб-ахлоқ, билим ва маърифатнинг асосидир. Уларда тинчликсеварлик, ҳақсеварлик, инсонпарварлик, маърифатпарварлик, меҳнатсеварлик ҳамда бунёдкорлик каби умуминсоний, дея эътироф этилган, жаҳон тамаддуни тараққиётига бемисл улуш қўшган анъаналар ҳосиласи мужассам.

Кези келганда миллий ва диний қадриятларимиз ўзаро чамбарчас боғланиб кетганини, уларни бир-биридан ажратиш мушкуллигини таъкидлаш жоиз. Айниқса, кўп асрлар мобайнида халқимиз қалбидан чуқур жой олиб, ҳаёт маъносини англаш, миллий маданият, турмуш тарзимиз, қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримизни безавол сақлашда муқаддас динимиз қудратли омил бўлиб келмоқда. Зеро, инсонийлик, меҳр-оқибат, ҳалоллик, охиратни ўйлаб яшаш, яхшилик, меҳр-шафқат сингари халқимизга мансуб бўлган фазилатлар айнан ана шу заминда илдиз отади ва ривожланади.

Сир эмаски, қадрият масаласи исломда ибодат даражасига кўтарилган. Ибодатлар моҳиятида эса қадриятларни муҳофаза қилиш ётади. Масалан, Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда ота-онага яхшилик қилиш таъкидланган. Бу қадрият савоби улуғ амаллардан ҳисобланади. Шоир таъкидлаганидек,  

“Отанг билан онанг қалби ўтар Каъба тавофидин,  

Алар кўнглини шод этсанг бу хизмат ҳам ибодатдир”.

Исломдаги беш асоснинг моҳиятига эътибор қаратилса, уларнинг барчаси инсоният учун қадрият ҳисобланган эзгуликларга чорлаши маълум бўлади. Масалан, имоннинг энг кичик белгиси йўлдан кишиларга озор берадиган нарсани олиб ташлаш, дейилади. Ислом асослари инсониятни ёмон ва бузғунчи ишлардан қайтариши қайд этилган. Савоб учун очлик ва ташналикни ирода қилса-ю  ёмонликлардан тийилмаса, бундай машаққатдан ҳеч қандай манфаат йўқлиги, савоб учун улуғ зиёратга борса-ю аммо тилини бузуқ сўзлар, ўзини фисқу фужур ишлардан тиймаса, ҳатто узоқ давом этган сафаридан ҳам фойда бўлмаслиги таъкидланган. Даромадининг қирқдан бирини эҳтиёжманд кишиларга бераман деса-ю, бу даромад нопок йўллардан келган бўлса ёхуд нопок йўлларга сарфланса, савоб қиламан, деб гуноҳ ва жиноятга ботиб кетиши ҳақида огоҳлантирилган. Демак, исломда савоб ва қадрият тушунчалари ўзаро чамбарчас боғланган.

Ўзини имонли, деб ҳисобловчи ҳар бир инсон атрофдагиларга фақат эзгулик улашиб, кишиларга озор берадиган ишлардан ўзини тийиши лозим. Бу борада Алишер Навоий инсониятга ибратдир. Сўз султонининг умрини буюк ишларга бағишлашига сабаб бўлган туйғу комил имон эди. Шунинг учун ҳазрат: “Нақди жон чиққанда имон гавҳарин кўнглимға сол, Айлагил жондин жудо, лек этма имондин жудо”, дея муножот қилди.

Қадим-қадимдан заминимизда улуғланган қадриятлардан бири бу каттага ҳурмат, раҳбарга итоат, қонунга риоятдир. Ҳар бир имонли инсон ёши улуғларни эъзозлаши, раҳбарларга бўйсуниши, давлат ва жамият қонун-қоидаларига амал қилиши ўта муҳим. Айни пайтда ислом оламининг баъзи нуқталарида юз бераётган парокандалик ва зиддият, ихтилоф ва адоват, ҳалокатнинг асосий сабабларидан бири айнан шу каби тушунчаларнинг барбод бўлганидандир. “Катталаримизни ҳурмат, кичикларимизга шафқат қилмаганлар биздан эмас”, “Барака катталарингиз билан бирга”, “Бир қавмнинг мўътабар кишиси келса сиз ҳам уни иззат-икром қилинг”, “Ким султонни хорласа, Аллоҳ уни хорлайди” мазмунидаги ҳадислар мазкур фикрларга исбот бўлади.

Миллий ва диний қадриятларимиздан яна бири ҳалоллик ҳисобланади. Буюк бобокалонимиз Баҳоуддин Нақшбанднинг “Ибодат ўн қисм бўлса, шундан тўққиз қисми ҳалолликни талаб қилиш, қолган бир қисми бошқа ибодатлардир”, деган ўгитлари ҳалоллик мақоми қанчалар юксак эканини кўрсатиб беради. Ҳалоллик ҳар томонлама покликни ифодалайди. Шу ўринда яна Навоий ўгитлари ёдга келди. Буюк мутафаккир баркамоллик намунаси бўлган Фарҳодни тавсифлаб, “Демангким, кўзи поку ҳам сўзи пок, Дили поку, тили поку ҳам ўзи пок”, дейди.

Ҳалолликнинг энг муҳим жиҳатларидан бири ўғрилик, порахўрлик, фирибгарлик, давлат мулкини талон-тарож қилиш каби бу кишилар мулкига тажовуз ва хиёнат қилишдан тийилиш саналади. Ҳалолликнинг муҳимлигидан, унга олиб борувчи воситаларнинг барчаси, айниқса, меҳнат қилиш, касбу ҳунар билан шуғулланиш ҳам исломий қадриятлар орасида алоҳида ўрин тутади. Кишилар ҳақига кўз олайтириш, тамаъгирлик муқаддас динимизда қораланади. Ҳадиси шарифда “Инсон ўз қўли билан ишлаб топган луқмасидан ширинроқ неъмат йўқ”, эканлиги таъкидланган. Шунинг учун диёримиздан ўтган буюк аллома ва мутафаккирлар касбу ҳунар билан шуғулланган. Масалан, Тошкентнинг Ҳастимом – Ҳазрат Имом даҳасига номи қўйилган Абу Бакр Шоший қаффоллик, яъни қулфсозлик қилган. Абу Саъид Харроз косибликни, Абу Ҳафс Ҳаддод темирчиликни касб қилган бўлса, Баҳоуддин Нақшбанд матога гул солганлар. Диёримиз мусулмонлари амал қиладиган ҳанафий мазҳаби асосчиси – Имои Аъзам Нўъмон ибн Собит тижорат билан шуғулланган.

Халқимиз меҳмондўстлиги оламга машҳур. Дунёда ўзидан-да меҳмонини иззат қиладиган кам сонли миллатлардан бири. Ўзбек хонадонларида ҳамиша тўсатдан келиб қоладиган меҳмон учун захира ҳозирланган. Агар ундай имкон бўлмаса, қўшнидан ёрдам олиб бўлса-да меҳмонга таом ҳозирланган. Бу эса меҳмондўстлик миллий ва диний қадриятлар уйғунлигининг ёрқин ифодасидир. Ҳадиси шарифда қайд этилган “Кимки Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин”, деган тамойилга амал қилиш аждодларимиздан бизга етиб келган гўзал анъана ҳисобланади. Шу сабаб ўлкамизга ташриф буюрган сайёҳлар қадим-қадимдан бу ердаги гўзал урф-одатларга мафтун бўлган. Ўз эҳтиёжидан бошқалар эҳтиёжини устун қўювчилар Қуръони каримда Ҳашр сураси 9-оятида малҳ қилинганлар. Мазкур оятда “ийсор қилувчилар” мақталади. “Ийсор” сўзи араб тилидан таржима қилинганда устун қўйиш маъносини англатади. Яъни, ўз эҳтиёжидан бошқалар эҳтиёжини юқори қўйиб, нафсини бахилликдан сақлаган кимсалар нажотга эришиши баён қилинган. Бу эса гўзал исломий қадриятлардан бири саналади. Бу ўтган пайғамбарлар, азиз авлиёлар, улуғ мутафаккирлар, буюк алломаларга хос бўлган юксак фазилат. Ўзбекистонда ҳали ҳануз мазкур фазилат кўзга ташланади. Емай едириш, киймай кийдириш каби хислатлари билан меҳмон, мусофир, кекса, қўшни, қариндош, бола, етим-есир, бева-бечорани эъзозлаган юртимиз замини қадим-қадимдан файзу баракага бой ўлка сифатида довруқ қозонди. Мазкур қадриятлар Янги Ўзбекистонни барпо қилишда ҳаётимиз кўркига айланиб, Учинчи Ренессанс пойдевори учун тамал тоши бўлиб хизмат қилмоқда. Устозлар, ота-оналар, зиёлилар ўзаро чамбарчарс боғланиб кетган миллий ва диний қадриятларимиз моҳиятини халқимизга, айниқса, ёш авлодга етказишлари бугуннинг долзарб вазифасидир.  

Саидафзал САИДЖАЛОЛОВ,  

Ўзбекистон халқаро ислом академияси катта ўқитувчиси.

ЎзА

Россия мусулмонлари кенгаши Президиумининг кенгайтирилган онлайн йиғилишида ташкилот раҳбари, Россия Федерацияси жамоатчилик палатаси аъзоси Альбир Крганов интернетда ёшларнинг маънавий хавфсизлигини олдини олиш ва ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишларни эълон қилди.

Islam.ru хабарига кўра, ижтимоий тармоқлардаги қисқа видеолар, фотосуратлар ва матнли мақолалар фикр билдириш ва тингловчилар билан мулоқот қилишнинг мақбул ва замонавий шакли эканлигини алоҳида таъкидлади.

"Биз бу ерда нима мақбулу нима мақбул эмаслиги ҳақида ўйлаб турган бир пайтимизда, радикал ва ёвузлар интернетда фаолият юритиб, болалар ва ўсмирларни энг даҳшатли фаолиятга муваффақиятли тарзда жалб қилмоқда. Шу билан бирга, экспертларнинг фикрича, экстремизм бугун "ёшариб бормоқда", - дейди Крганов.

"Мактаб мергани" билан бўлган воқеаларни эслайсизми? Бу ерда интернетнинг катта роли бор эди, бу фақат битта ақлдан озган одам эмас, буларнинг асосида маргинал гуруҳлар ва Колумбайн ҳақидаги янгиликлар ётибди".

"Биз яхши, ижобий контент ярата оламиз. Бунда бизга ёшлар ва замонавий технологиялар ёрдам бериши мумкин. Ҳамма нарса сонияларда амалга оширилади", - дейди Крганов. Бунинг учун деярли кинооператор ва студиялар керак деб ўйлаймиз, аслида биз учун жамоада телефони бор ақлли ва фаол йигит керак бўлади".

"Бугунги кунда ва бизнинг қавмимиз томонидан динимизни қасддан бузадиган жиноятчиларга қарши туриш учун исломнинг анъанавий талқини раҳбарлари томонидан ахборот ишларини мустаҳкамлаш талаби мавжуд", - дея таъкидлади Крганов. У COVID-19нинг тарқалишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар билан шахсий мулоқот чекланган ҳозирги вазиятда, шунингдек, мобиль қурилмаларнинг тобора оммалашиб бориши сабабли Россия мусулмонлари кенгаши минтақавий идоралари фаолиятининг энг муҳим кўрсаткичларидан бири онлайн фаоллик бўлишига алоҳида эътибор қаратди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Янгиликлар

Top