muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси томонидан Қоҳирадаги «Ҳивор» сиёсий ва ахборот тадқиқотлар марказида «Халқаро ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс асосидир» мавзусида илмий-амалий семинар ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Тадбирдан мақсад мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни Миср жамоатчилигига етказишдан иборат.

Илмий-амалий анжуманда Ўзбекистон Ислом академияси, «Ҳивор» сиёсий ва ахборот тадқиқотлар маркази мутасаддилари, Мисрдаги йирик оммавий ахборот воситалари раҳбарлари ва ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Ислом академияси профессори, сиёсий фанлар доктори Муҳаммадолим Муҳаммадсодиқов юртимизда таълим, маънавий-маърифий, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

Республикамизда Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказларининг очилиши, Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда ҳадис мактаби, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси буюк аждодлар меросини ўрганиш, авайлаб асраш, ёш авлодга етказишда муҳим ўрин тутаётгани маълум қилинди.

«Ал-Гумҳурия» газетаси бош муҳаррири ўринбосари Муҳаммад Талъат ўз маърузасида Ўзбекистон-Миср ҳамкорлиги борасида тўхталиб, сўнгги йилларда икки томонлама алоқалар турли соҳаларда жадал ривожланаётганини билдирди.

Хусусан, Президент Абдулфаттоҳ ас-Сисининг 2018 йил сентябрь ойида Ўзбекистонга расмий ташрифи ўзаро муносабатлар тарихида янги саҳифа очганини қайд этди. Тошкентда Президент Шавкат Мирзиёев билан музокаралар натижасида эришилган келишувлар сиёсий, хавфсизлик, савдо-иқтисодий, маданий, илм-фан, туризм ва диний соҳалардаги ҳамкорликни жадал ривожлантиришга мустаҳкам замин яратгани алоҳида таъкидланди.

«Ҳивор» ахборот ва сиёсий тадқиқотлар маркази директори Аҳмад Тоҳир Ўзбекистон раҳбариятининг Афғонистонда тинчлик ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатларини, 40 йилдан зиёд давр мобайнида давом этаётган низони бевосита афғонларнинг ўзлари ташқи аралашувисиз сиёсий воситалар билан ҳал этиш зарурлигига оид қатъий ташаббусини юқори баҳолади.

А.Тоҳир жорий йилда ўтказиладиган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияда иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма транспорт-логистика лойиҳаларини амалга ошириш каби масалаларни муҳокама қилиш ва бу борада амалий тавсиялар ишлаб чиқилиши жиҳатидан муҳим тадбир эканини таъкидлади.

У, шунингдек, Ўзбекистонда миллатлараро тотувликни таъминлаш, диний экстремизм ва терроризмга қарши кураш бўйича амалга оширилаётган чоралар мамлакат ва бутун минтақа барқарорлигини таъминлашда долзарб аҳамият касб этаётганини қайд этди.

«Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида «Шонли тарихдан – буюк келажак сари» шиори остида маънавий-марифий соҳаларда бошланган жуда муҳим янгиланишлар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Чунончи, буюк аждодлар хотирасига, улар қолдирган бебаҳо меросга эътибор, ёш авлодни уларга муносиб бўлишга интилиш руҳида тарбиялаш бўйича олиб борилаётган туб ўзгаришлар натижасида Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс учун мустаҳкам пойдевор қурилмоқда», - деди «Ҳивор» маркази раҳбари.

Илмий-амалий семинар якунида Мисрда буюк ўзбек уламолари меросига бағишланган анжуманлар, ёшларга оид давлат сиёсати, ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар бўйича Ўзбекистон тажрибаси бағишланган давра суҳбатини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

— Кечириш, кечиримлилик ҳақида динимизда нима дeйилган?

— Турли-туман хулқ-атворли одамлар орасида яшар эканмиз, албатта, улардан бир қанча озор-азиятлар кўрамиз. Агар ҳар бир шундай кўнгилсизлик бизга қаттиқ таъсир этиб, ғамга ботириб қўяверса, шубҳасиз, бутун ҳаётимиз азобга айланади. Шу боис имкон қадар ён-атрофимиздагиларнинг хатолари, билиб-билмай етказган озорларига сабр қилиб, кечиришга ҳаракат қилайлик. Шунда бир-биримизга меҳр-муҳаббатимиз зиёда бўлади. Гоҳида бошқалардан бирор ёмонлик ёки зулм ўтса ҳам, синов деб қабул қилишимиз зарур. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтадики:

﴿وَلَمَن صَبَرَ وَغَفَرَ إِنَّ ذَلِكَ لَمِنْ عَزْمِ الْأُمُورِ﴾

“Албатта, ким (ўзига етган озор-азиятларга) сабр қилса ва (интиқом олмай Аллоҳ учун) кечириб юборса, шак-шубҳасиз бу (иш) ишларнинг мақсадга мувофиқидир” (“Шўро” сураси, 43-оят).

Аллоҳ таоло яна:

﴿خُذِ الْعَفْوَ وَأْمُرْ بِالْعُرْفِ وَأَعْرِضْ عَنِ الْجَاهِلِينَ﴾

“Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир”, деган (Аъроф сураси, 199-оят). Яъни ўзаро муомала-муносабатда кечиримли бўл, осон йўлни тут. Одамларга нисбатан ўта талабчан бўлма. қилган хатоларини авф этувчи, кенг бағирли бўл.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунё ва охиратдаги гўзал ахлоқга далолат қилай-ми?” дедилар. “Ҳа ё Расулуллоҳ!” дейишди.

“Сенга зулм қилганни афв қил, алоқани узганга алоқани боғлагин. Сени маҳрум қилганга бер”, дедилар. Аллоҳ янада билгувчироқ!

 

— Инсонларни нeча маротабагача кeчириш мумкин? Одамлар орасида уч мартагача кечириш мумкин, кейин кечирмаса ҳам бўлади, деган гаплар бор...

Неча маротаба кечиришининг миқдори белгиланмаган. Албатта, бу масала вазият ва ҳолатга боғлиқ бўлади. Мусулмон шахснинг умумий ахлоқига кўра, доимий ҳолда кечиримли бўлиши лозим. Мусулмонннинг кечирувчи ва бағрикенглигини поймол қилишга олиб борадиган даражада бўлмаслиги керак. Ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом мусулмоннинг ахлоқини “У зулм қилмайди ва ўзига зулм қилинишига ҳам қўймайди”, деб тавсиф қилганлар.  

 

— Ота-она агар ўз фарзандининг бирор гуноҳини кечирмаган бўлса, фарзанд унга оқ бўлади-ми?

Агар оқ бўлишга сабаб бўладиган даражада отаси ёки онасига одобсизлик қилган бўлса ёки уларни шу даражада ранжитган бўлса, оқ бўлади. Отаси ёки онасини рози қилиши, уларнинг кўнгилларини хушлаши лозим. Агар уларни рози қилишга улгурмаган бўлса, ҳақларида тинимсиз дуо ва истиғфорда бўлиши, садоқат ва яхшиликлар қилиб уларга савобини бағишлаши керак.

 

— Бир одамнинг дилига озор бериб, қаттиқ ранжитган одам энди ундан кечирим сўраса, у оғзида “кечирдим” деса-ю, лекин хафа қилган одам: “тилида кечирдим деди-ю, дилида кечирмади”, деган шубҳага борса, қандай йўл тутиш керак?

 Динимиз зоҳирга қараб ҳукм қилади. Тили билан “кечирдим”, дегани кифоя қилади.

 

— Ражаб ойининг кечирим сўрайдиган куни бор эмиш. Шу кунда кимни билиб-билмай кўнглини оғритган бўлсак, ундан кечирим сўраш керак экан. Шу гап тўғрими?

 Динимизда бундай гап йўқ. Кечириш учун бирон кеча ёки кун хосланмаган. Бировни дилини оғритган киши қанчалик тез кечирим сўраса, шунчалик гуноҳдан тез қутулади.

— Кимдир ўғрилигини бўйнига олиб, кечирим сўраса, мол эгаси уни кечирса, ўғри гуноҳдан фориғ бўлади-ми?

 Молиявий нарсаларда етказган зарарни қоплаб бериши шарт. Аммо жабрланувчи томонидан ўзининг ҳаққидан воз кечиши, рози бўлиши билан ўғрининг зиммасидан соқит бўлади.

 

— Инсон ноҳақ бошқа кишига зулм қилиб қўйиб, унинг олдига тиз чўкиб кечирим сўраши мумкин-ми? Шу ҳолатда унинг иймонига зиён етмайди-ми?

Кечирим сўраш энг афзал амаллардан ва мўминнинг сифатларидандир. Аммо кечирим сўраш учун гуноҳ ишга қўл урмаслиги керак. Агар зулм қилган бўлса, тиз чўкмасдан узр сўраса ҳам, узри қабул бўлаверади. Аллоҳдан бошқага рукуъ ё сажда қилиб бўлмайди. Нима қилиб бўлса ҳам жоиз бўлган йўллар билан кечирим сўраш кифоя қилади. Аллоҳ янада билгувчироқ!

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Мисрда чоп этиладиган “Ал-Махруса ал-Ахбария” ва “Ал-Хабар ал-Йаум” нашрлари саҳифаларида журналист Фотима Бадави қаламига мансуб «Ўзбекистонда диний ислоҳотлар – халқаро даражадаги ибрат намунаси» сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Унда бугунги кунларда Ўзбекистонда барча диний конфессиялар учун мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий жараёнларида самарали ва эркин иштирок этишига имкон берадиган ижтимоий-сиёсий, жумладан, диний-маърифий соҳалардаги ислоҳотларнинг янги йўли кузатилаётгани маълум қилинган. Қайд этилганидек, давлат турли муаммоли масалаларнинг ҳал этилишига кўмаклашиш йўли билан диний ташкилотлар билан яқин ҳамкорликни, шунингдек, жамиятда динлараро ҳамда миллатлараро тинчлик ва ҳамжиҳатлик барқарорлиги бўйича биргаликда таклиф ва чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши ва динлараро мулоқот маданияти ривожланишини таъминламоқда. Дин соҳасидаги бундай ижобий тамойил республика раҳбариятининг сиёсий иродаси ва бу соҳадаги изчил инсонпарварлик сиёсати туфайли юзага келди.

Кейинги беш йил давомида Ўзбекистон ҳудудидаги адлия идораларида ҳаммаси бўлиб 61 та диний ташкилот рўйхатдан ўтиб, юридик шахс мақомини олди. Мақолада таъкидланганидек, шу тариқа уларнинг умумий сони 2 минг 300 тага етди.

Мақолада Ўзбекистоннинг халқаро ташкилотлар, жумладан, махсус мандатарийлар билан диний эркинликни таъминлаш масалалари бўйича ҳамкорликни фаол ривожлантираётгани алоҳида таъкидланган. 2017 йил октябрида БМТнинг диний ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси Аҳмед Шаҳид илк маротаба Ўзбекистонга келди. Унинг тавсиялари ҳисобга олинган ҳолда, парламент томонидан дин ва эътиқод эркинлиги таъминланиши бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.

Муаллифнинг қайд этишича, Ўзбекистонда бу соҳадаги қонунчилик ва ҳуқуқий амалиётни такомиллаштириш юзасидан фаол ишлар олиб борилмоқда. Масалан, ҳозирги пайтда янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ниҳоясига етиш арафасида турибди. Уни ишлаб чиқишда давлат органлари, жамоат ташкилотлари, диний конфессиялар, оддий фуқаролар ҳамда хорижлик экспертларнинг таклифлари ҳисобга олинмоқда.

Нашр тақдим этган маълумотларда қайд этилганидек, «2019-2020 йиллари Ўзбекистон томонидан ўтказилган «Меҳр» инсонпарварлик акцияларининг натижаси ўлароқ, мамлакатнинг аёллар ва болалардан иборат 300 нафардан зиёд фуқароси Яқин Шарқдаги қуролли тўқнашувлар ҳудудларидан Ватанга олиб келинди. Уларнинг тезроқ реинтеграциялашуви ва реабилитациясига кўмаклашиш мақсадларида давлат даражасида тиббий, руҳий, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш бўйича мажмуавий чора-тадбирлар ҳаётга тадбиқ қилинди. Олиб келинган фуқароларнинг барчасини тинч ҳаётга ва жамиятга интеграциялашуви учун зарур шароитлар, уй-жой ва иш билан таъминлаш йўли билан таълим ва бошқа ижтимоий дастурлардан баҳраманд бўлиш имкониятлари яратилди».

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Азиз биродарим эсингизда тутинг солиҳ амаллар Аллоҳ олдида қабул бўлиши учун икки шарт бор:

Биринчиси: Амални ёлғиз Аллоҳ учун холис қилиш.

Иккинчиси: Бу амални бажаришда Расулуллоҳга эргашиш.

Бу икки шартнинг бирортаси бўлмаса Аллоҳ бундай амални қабул қилмайди.

Нафл рўза

Билингки, Аллоҳ таолога доим итоатли бўлиш ва нафсни тарбиялаб бориш сиз-у биздан ҳар доим талаб қилинган амалдир. Мана шу нафс тарбияси учун Аллоҳ таоло ибодатларни йўлга қўйган. Бу ибодатларга қанчалик берилган бўлсангиз нафсингиз тарбияси шунчалик юксалади, қанчалик эътиборсиз бўлсангиз бу тарбиядан узоқ бўласиз. Шунинг учун Аллоҳ таоло учун холис тоат ибодатда бўлганлар энг қалби юмшоқ, солиҳ инсонлар бўлади. Аммо гуноҳлар ва маъсиятлар аҳллари эса қалблари қаттиқ инсонлар бўлишади.

Рўза эса қалбни ҳар-хил касалликлардан тозаловчи амалдир. Шу сабабли Рамазон ойи қалбларни тозаловчи ойдир. Бу рўзадор учун иймонга тўла қалб билан чиқиши учун оладиган улкан фойдасидур. Бу қалб уни бошқа амалларни бажаришга ундайди. Бу амаллардан бири шаввол ойининг олти кунида рўза тутишдир.

Шаввол ойининг олти кунида рўза тутиш фазилатлари:

Абу Айюб Ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади”- дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ дедилар “Уламолар дедилар: Бу нарса худди бир йил рўза тутганга ўхшатилди, чунки битта яхшилик ўн баробарига кўпайтирилади. Рамазон ўн ой савобига тенг ва олти кун эса икки ойга”. (Бу Насаий китобида марфуъ ҳадисда ва Муслимнинг Нававий шарҳида келган).

Олти кун рўзасининг сифати

Имом Нававий дедилар: “Устозларимиз айтдиларки: энг афзали Ийд Фитр кунидан кейин кетма-кет тутишликдир, агар бўлиб тутса ёки шаввол бошидан охирига кечиктирса унга кетма-кетлик савоби бўлади, чунки у рамазонга шавволни олти кунини улаган бўлади.

Муслим ривояти, Нававий шарҳи.

(Давоми бор)

Манба: islamtoday.net

Муҳаммадали таржимаси

Мамлакатимиз Бош консулхонаси Россиянинг Урал федерал округи жамоатчилиги учун Екатеринбургда Ўзбекистон зиёрат туризми салоҳияти тақдимоти ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА. Унда Свердловск вилояти ҳокимлиги ва жамоат ташкилотлари, Озарбайжон, Қирғизистон ва Тожикистон дипломатик ваколатхоналари раҳбар ва ходимлари, маҳаллий диаспоралар аъзолари, талабалар, йирик иш берувчи ва тадбиркорлар иштирок этди. Шунингдек, Юқори Пишма шаҳридаги Имом Бухорий жоме масжиди имом-хатиби, Свердловск вилояти мусулмонлар бошқармаси раиси Артур Мухутдинов ҳам қатнашди.

Иштирокчиларга Ўзбекистон туризм салоҳияти ҳақидаги видеоролик ва тақдимот намойиш этилди. Уларда буюк аждодларимиз мероси ва Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида жойлашган муқаддас қадамжолар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ўзбек ҳунармандлари ишлаган миллий безак ва амалий санъат маҳсулотлари, мамлакатимиздаги гастрономик туризмнинг ўзига хос хусусиятлари алоҳида эътироф этилди.

Тадбир Россия жамоатчилиги томонидан илиқ кутиб олинди. Хусусан, Россия ташқи ишлар вазирлигининг Екатеринбургдаги ваколатхонаси ва Свердловск вилояти Қонунчилик ассамблеяси депутати Вячеслав Вегнернинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида тақдимот ҳақида хабарлар жойлаштирилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Янгиликлар

Top