muslim.uz

muslim.uz

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида кундузги таълим йўналиши битирувчи курс талабалари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий тадқиқотлар бўлими бошлиғи С.Шерхонов, бўлим ходими А.Дусматов, Масжидлар билан ишлаш бўлими бош мутахассиси Музаффар Камолов, институт ректори У.Ғафуров ва проректор У.Ходжаев иштирок этди.

Мулоқот давомида диний соҳа вакиллари олдида турган муҳим вазифалар муҳокама қилинди ва битирувчиларни иш тақсимоти лойиҳаси билан таништирилди.

Халқнинг диний эҳтиёжларини қондиришда масжидлар ва диний соҳа ходимларининг хизмати катта ўрин тутади. Имом ва ноиблар жамоатга намозларни адо қилиб бериш билан бирга кундалик масалаларда мусулмонларга йўл-йўриқ кўрсатиши, уларнинг дардига қулоқ солиб, қийнаётган муаммоларига ечиш орқали ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этади. Шу боис имом-хатиб вазифасида ишловчи талабаларнинг илмий савияси, дунёқараши ва шахсий сифатлари юқори даражада бўлиши лозим.

Масжид меҳроби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мерос экан, У зотга муносиб бўладиган диний соҳа ходимларини тайёрлаш асосий вазифа ҳисобланади.

Маълумот учун, 2020-2021 ўқув йилида институтни кундузги таълим йўналиши бўйича 100 нафар йигит ва 32 нафар аёл-қиз битирмоқда. Уларга юртимиздаги масжидларга имом-хатиб, имом ноиби ҳамда ўрта махсус ислом таълим муассасаларига ўқитувчи вазифаларида ишлаш учун йўлланма берилади. Магистратура босқичида таълимни давом эттирмоқчи бўлган битирувчилар республика олий таълим муассасаларидан бирига ҳужжат топширишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, шу йил 23 апрел куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими бош мутахассиси Музаффар Камолов ва Таълим ва илмий тадқиқот бўлими мутахассиси Муҳаммадяҳёхон Ходжаевлар Диний идора тасарруфидаги Наманган вилоятидаги “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртига ташриф буюриб, мадраса ўқтувчи ва талабалар билан учрашиб, диний таълим муассасалари битирувчилари иш тақсимоти билан таништиришган эди.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Навбатдаги суҳбат Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мутахассиси Муҳаммаджон Ибрагимов билан уюштирилди.

 

Аввал ифтор қилинадими ёки шом намози ўқиладими?

Ислом динида ифторликни тезлаштиришга тарғиб қилинган, оғиз очишни қасддан шом намозидан кейинга суриш суннатга хилофдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда аввал оғиз очиб, кейин шом намозини адо этар эдилар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқишдан олдин оғзиларини ҳўл хурмолар билан очардилар...» (Имом Абу Довуд ривояти).

Демак, рўзадор шом намозининг вақти кириши билан оғзини очиб, чанқоғини қондириб олгандан кейин шом намозини адо этишга киришиши мақсадга мувофиқ экан.

Ифторни тезлатиш афзаллиги борасида Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Инсонлар оғиз очишни тезлаштирсалар, яхшиликда бардавом бўладилар», деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла шундай деди: Бандаларимнинг менга энг суюклиси, уларнинг тезроқ оғиз очганларидир», дедилар (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривоят қилган).

Ушбу ҳадислардан келиб чиқиб, фуқаҳоларимиз қуёш ботиши билан намоздан олдин оғиз очиш мустаҳабдир, деганлар («Раддул муҳтор»). Ушбу ҳукм барча фарз ва нафл рўзаларнинг барчасига тегишли. Чунки бу борада ворид бўлган ҳадислар фарз рўзаларга хосланган эмас.

Рўзадор кундузи ювиниши мумкинми?

Одамлар орасида рўзадор киши кундузи ювиниши ҳақида бир бирига мутлақо зид икки хил қараш бор. Бири рўзадор киши кундуз куни мутлақо ювиниши мумкин эмас, дейди. Бошқаси кундуз куни рўзадор ҳам бемалол ювиниш мумкинлигини таъкидлайди.

Бу мавзуда сўз бошлашдан аввал, кундуз куни эҳтилом бўлиб қолган рўзадор ғусл қилиши вожиблиги, албатта, ювиниши шарт эканини таъкидлаймиз ва бу борада ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Бизнинг мавзумиз ғусл қилиши вожиб бўлмаган рўзадорнинг ювиниши ҳақида бўлади.

Бу мавзуда «Ал-Фатовол Ҳиндия» китобида шундай дейилади: «Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинишича, рўзадор таҳоратдан бошқа пайтларда оғиз ва бурун чайиши макруҳдир. Шунингдек ғусл қилиш (чўмилиш), бошига сув қўйиш, сувга шўнғиш, намланган кийимга ўраниш ҳам макруҳдир. Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: ‘Юқорида саналган ишлар макруҳ эмас’. Мана шу гап устунроқ, ‘Муҳити Сарахсий’ китобида шундай келган».

Демак, жиддий зарурат бўлмаганда, таҳоратдан бошқа пайтларда оғиз ва бурун чайиш, ғусл қилиш (чўмилиш), бошига сув қўйиш, сувга шўнғиш, намланган кийимга ўраниш каби ишларни қилинмаса, бу ишларни ифтордан кейинга қолдирилса, имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг сўзларига амал қилинган бўлади.

Лекин, масалан, кун жуда исиб кетганида ва бошқа шу каби ҳолатларда юқоридаги ишларни қилиш зарурати туғилса ва ибодатдан безор бўлиш маъносида эмас, балки ибодатга ёрдам олиш маъносида бу ишларни қилинса, имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг сўзларига, кейинги уламолар устун кўрган сўзга амал қилинган бўлади, макруҳ бўлмайди.

Рўзадор одам чанқаган вақти оғзига сув олиб, ютмасдан ғарғара қилса бўладими?

Зарурат бўлса, рўзадор одам оғизини оҳиста чайиши мумкин. Лекин ғарғара қилиб, оғиз чайиш макруҳ бўлади. Чунки бунда сув ютилиб кетиб, рўзани очиб юбориш хавфи бор. Агар қаттиқ чайиш оқибатида ичга сув кетиб қолса, рўзаси бузилади ва Рамазондан кейин қазосини тутиши шарт бўлиб қолади. Валлоҳу аълам.

Маълумот учун: Сизда шаръий масалаларда саволлар бўлса, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Telegram’даги @diniysavollar каналига, «savollar.muslim.uz» сайтига ёки фатво бўлимининг 78-150-33-44 рақамли колл-марказига мурожаат қилишингиз мумкин.

"Илм-фанни яхши биладиган мусулмон файласуф ва шифокорларга устоз", - дея Индонезиянинг етакчи журнали CNN Indonesia буюк бобомизга таъриф берган.

Ал Ҳусайн Ибн Абдуллоҳ ибн Ал-Ҳасан ибн Али Ибн Сино Ғарб дунёсида Авиценна дея танилган, ўрта аср ислом дунёсининг таниқли файласуфи ва табиби эди.

Журналга кўра, у ёшлигидан ўзини вундеркиндлигини намоён қила олган, ўн ёшидаёқ Қуръони каримни бошдан-оёқ ёд ўқир эди. 16 ёшга келиб, у амалда қўллай олган тиббий билимларни етарли даражада ўзлаштира олди.

Журнал бизнинг аждодимизнинг «Китоб ал-қонун фит-тибб», «Китоб ун-нажот», «Китоб уш-шифо» каби ишлари таърифланган.

Arboblar.uz сайтига кўра, кичкина Ҳусайн жуда қизиқувчан йигитча бўлган. “Нима учун?” сўзи – луғатидаги энг кўп ишлатиладиган сўз бўлган. Ҳусайн беш ёшга тўлганида оиласи Бухоро шаҳрига кўчиб ўтади. Болакайни бошланғич мусулмонлар мактабига жойлашади ва у ерда ўн йил таълим олади.

Хатиб Убайд синфидаги ўн бешта болакай орасида Ҳусайн энг кичиги бўлган. Қуръон оятлари, сураларни ўқувчилар араб тилида ўқишлари лозим бўлган. Кўпчилик йигитлар араб тилини базўр тушунишган. Ҳусайн ўқишни бошлаши биланоқ устозини саволлар билан кўмиб ташлайди, аммо устози шу заҳотиёқ осон жавоб қайтаради: “Қуръонни ўрган. У ердан барча саволларингга жавоб топасан".

Бир вақтнинг ўзида Ҳусайн бошқа ўқитувчи билан ҳам шуғулланиб, грамматика, услубият ва араб тилларини ўрганади.

Кунлардан бир кун кичик Ҳусайн: “Мен Қуръонни бутунлай ёд олдим. Энди савол берсам буладими?”, дейди. Устози эса жуда қаттиқ ранжийди ва “Қуръонни узоқ йиллар давомида ўрганишади ва камдан-кам мусулмонлар уни ёд олиб, уларни ҳофиз, дея улуғлашади”, дейди. “Демак, мен ҳофиз эканман!” – дея тезкор жавоб қайтаради, болакай. Адолатсиз имтихонда Ҳусайн барча сураларни бир сўз ҳам қолдирмай айтиб беради.

Қуръонни хатиб Убайднинг ўзи ҳам ёддан билган. Шундан кейин Ҳусайн мактабга бормаган. Ўн ёшида, яъни 990 йилга бориб, Ҳусайн таълимининг бошланғич даврини якунлайди. У Қуръонни ёддан айтиб, ўз хотираси билан барчани ҳайратга солади ва араб адабиётини ниҳоятда зўр билиши билан барчани лол қолдиради. Шу вақтдан эътиборан, Ибн Сино шайҳ бўлади. Мана, шахсий таржимаи холидан парча: “Ўн ёшимда мен Қуръонни ёд олдим ва адабиёт фанини ўрганиб катта муваффақиятларга эришиб, барчани қойил қолдирдим”.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Юксак тараққий этган ахборот технологиялари асрида яшаяпмиз. Тонгда уйғонишимиз билан “ақлли” телефонни қўлига олиб, ижтимоий тармоқларга кирамиз. Бу – дунёдаги аксарият одамнинг одати. Шу тариқа ҳар ким истаса-истамаса, ўзини ахборот майдони ичра кўради. Кимлардир бу майдонда – тарқатувчи, кимлардир – оддий иштирокчи, кимлардир – ўша ахборотларнинг қурбони, кимлардир эса – шунчаки кузатувчи…

Афсуски, ахборот тарқатиш борасидаги мутлақ эркинлик баъзида тарбиясизликка сабаб бўлиб қолмоқда. Хусусан, сўнгги пайтларда тарқатилаётган лавҳалар орасида ҳақоратли сўзлар, туҳматли иборалар, муайян шахсларни обрўсизлантириш қасд қилинган тасвирлар кўпайиб бормоқда. Энг ёмони, уларнинг аксарияти бир гуруҳ троллар ёки “фейк”, яъни сохта аккаунтлар томонидан уюштирилмоқда. Бу қилмишлар ортида қандай ғаразлар ётгани жумбоқ…

Айниқса, бундай номақбул хатти-ҳаракатлар исломий қадриятлар борасида ҳам учраётгани кишини янада кўпроқ ташвишга солмоқда. Муборак Рамазон ойларида ижтимоий тармоқларда на динимизга ва на одобимизга тўғри келмайдиган видеотасвирлар тарқади. Уни ҳамма кўрди. Аммо… “интернет усталари”дан нечовларининг хаёлига рўза, ифтор ҳам ислом шиорларидан бири экани келди? Илло, айрим интернет фойдаланувчилари рўза ҳам – ислом шиори эканини билганларида эди, балки бундай қилмаган бўлардилар. 

Аллоҳ таоло ислом шиорларини қадрлашга тарғиб қилган ва уларни топташ, масхара қилишдан қаттиқ қайтарган. Жумладан, Ҳақ таоло Қуръони каримда: “(Гап) шудир. Яна кимки Аллоҳнинг шиорлари (қурбонликлар)ни улуғ деб билса, бас, албатта, (бу) дилларнинг тақвосидандир” (Ҳаж сураси 32 оят), – деб хитоб қилган.

Бу ҳақда кейинги вақтларда олиму зиёлиларимиз турли сабаблар билан кўп ва хўб ёзишга, Аллоҳ таолонинг ушбу амрини бот-бот бизларга эслатиб туришга мажбур бўляптилар.

Ислом таълимотига кўра “шиор” сўзи “нишон”, “белги”, “аломат” маъноларини билдиради. Яратган Парвардигоримиз Аллоҳ таолонинг динининг кўзга кўринган ва шон-шавкатининг аломати бўлган нарсалар шиор ҳисобланади.

Масалан,

  • Каломуллоҳ, яъни Қуръони карим, унинг тиловати, азон,
  • Аллоҳ таоло фарз қилган – намоз, рўза, закот, ҳаж каби динимиз устини бўлган ибодатлар,
  • шариатимизда улуғланган зотлар – пайғамбарлар, саҳобалар, тобеинлар, авлиёлар, уламолар, илм аҳллари,  
  • шариатимизда қадрланган – Каъбатуллоҳ, Макка мукаррама, Мадина мунаввара, Мино, Арафот, Қуддуси шариф каби жойлар,
  • барча масжидлар ва замонлар – Жума куни, Рамазон ойи, муқаддас ойлар,
  • ибодат воситалари бўлмиш тасбиҳ, салла ва жойнамоз каби нарсаларни тушуниш мумкин.

Аввалроқ айтганимиздек, сўнгги пайтларда баъзи инсонларнинг Рамазон ойида ижтимоий тармоқлар орқали рўза ва ифторларга турли масхараомуз муносабатда бўлиб, бу ишининг оқибатини билмасдан гуноҳ орттириб олаётгани эса ачинарли ҳолат, билимсизлик, авомлик, борингки, жоҳиллик деса ҳам бўлаверади.

Аллоҳ таолонинг шиорларини оёқости қилиш, улардан бирортасини масхара қилиш, камситиш, беҳурмат қилиш, хўрлаш, менсимаслик, хор қилиш мўмин кишининг кофир бўлишига сабаб бўлади.

Савбон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шариатнинг шиорини паст санаганларни қаттиқ қоралаб бундай деганлар: Аниқ биламанки, умматим ичидаги баъзи кимсалар Қиёмат кунида Тиҳома тоғи каби улкан ҳасанотлар билан оппоқ бўлиб келишади, лекин Аллоҳ таоло уларнинг амалларини тўзиган чанг каби қилиб қўяди.

Шунда Cавбон разияллоҳу анҳу: “Ё Раcулаллоҳ, бизга уларни cифатлаб, очиқ баён қилиб берсангиз, билмасдан ўшалардан бўлиб қолмайлик!” – деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: Улар cизларнинг биродарларингиз, cизларга ўхшаган одамлардир. Улар ҳам cиз каби тунлари ибодат қилади. Лекин улар шундай одамларки, ёлғиз қолган вақтларида шариатнинг шиорларини топтайдилар, – дедилар (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Динимиз уламолари ўзларининг фатволарида бундай дейишган: “Ким азонни масхара қилса ёки Қуръони каримни енгил санаб оёқ ости қилса, ёки шаръий илмларни ёхуд уламоларни масхара қилса, ибодатларни енгил санаб бажармаса, ёки масжидни масхара қилса, кофир бўлади” (“Ғамзу уюнил басоир шарҳ ашбоҳ ван-назоир” китоби).

Ота-боболаримиз Ислом одобига жиддий эътибор берганидан хабаримиз бор ва уларнинг одоб-ахлоқи билан баъзи-баъзида мақтаниб ҳам қўямиз...

Ота-оналаримиз шариатимиздаги мустаҳаб ва одоб амалларига ҳам ниҳоятда қаттиқ эътиборли бўлганлар. Улар одоблари гўзаллигидан тасбеҳлари кўксиларидан пастга тушмаган... Жойнамозларини ҳам эҳтиёткорона, оёқ остида қолдирмасдан, меҳр билан алоҳида баланд жойларга қўйганлар... Масжид атрофидан меҳр билан оҳисталик билан ўтганлар... Азон айтилаётганда меҳр билан эшитганлар, беҳуда сўз сўзламаганлар... Араб ёзувидаги матнлар битилган ашёларни меҳр билан эҳтиётлаб сақлаганлар... Нима сабабдан?.. Чунки улар динга алоқаси бор ҳар бир нарсага АЛОҲИДА ОДОБ билан муомала қилганлар! Чунки улар динга алоқаси бор ҳар бир нарсага ЎЗГАЧА МЕҲР билан муносабат қилганлар! У одоб – БЕТАКРОР ОДОБ!!! У меҳр – БЕҚИЁС МЕҲР!!!

Имом Абу Довуд Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ўзи ҳақ бўлcа ҳам талашиб-тортишмаган киши учун – жаннат чеккароғидан уй берилишига, ҳазиллашиб бўлса-да ёлғон гапирмаган киши учун – жаннатнинг ўртасидан уй берилишига, хулқини гўзал қилган киши учун эса – жаннатнинг энг юқори қисмидан уй берилишига мен кафилман” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Минг афсуски, ҳозирги кунда баъзилар шундай чиройли ишларга, жаҳон мамлакатлари ва ўзга диёрлар ичинда “ўзбек халқининг ноёб ва гўзал одоблари” деб тан олинган одобларига беписанд бўлиб, “ҳеч нарса қилмайди” қабилидаги гапларни айтиб, ота-оналаримиз бетакрор ва беқиёс меҳр билан бажариб келган бетакрор ва беқиёс динимизнинг бетакрор ва беқиёс одобларини йўққа чиқаришга уринмоқдалар. Ваҳоланки, шайтон мусулмон кишининг биринчи бўлиб имонига ҳужум қилмайди, балки биринчи бўлиб мусулмон кишини мустаҳаб ва одоб бўлган амалларга беэътибор қилишга уринади. Агар ғолиб чиқса, дастлаб суннатга, кейин вожибга, сўнг фарз амалларга бепарво қарашга уринади. Агар мусулмон кимсани фарз амалга ҳам эътиборсиз қилишга эришса, алалоқибат, Аллоҳ сақласин, имонига ҳам ҳужум қилиб, натижада имондан ажратади!!!

Шундай экан, ҳар биримиз ота-боболаримизнинг йўналишларини маҳкам ушлаб, барча мустаҳаб ва одоб амалларга тўла амал қилиш ҳамда динимиз шиорларига одоб ва ахлоқ билан муомала қилишимиз – бетакрор динимиз талабидир!!!

Демак, юқоридаги ҳукмлар рўза ва ифтор билан боғлиқ ғалати ҳолатларни тарқатаётган кишиларга сабоқ бўлиши керак. Улар ҳам исломий қадриятларга путур етказиш эвазига кўнгилхушлик ила омманинг эътиборини жалб қилиш оғир гуноҳ эканини англаб етсинлар.

Яна бир жиҳат, сўз эркинлиги дегани – исталган нарсани ҳеч қандай масъулиятни ҳис қилмасдан айтиш, ёзиш, тарқатиш дегани эмас. Балки ҳар бир сўз учун жавоб бера олиш масъулиятидир.

Оғзига келганни демоқ – нодоннинг иши,

Олдига келганни емоқ – хайвоннинг иши,

деб бежиз ёзилмаган. 

Ҳар бир интернет фойдаланувчиси айтаётган гапи, тарқатаётган ахбороти учун Аллоҳ таоло олдида ҳам, мўмин-мусулмонлар олдида ҳам, жамият аъзолари ва давлат қонунлари олдида ҳам жавобгардир! Бу меъёр дунёвий қонун-қоидаларда ҳам, диний таълимотимизда ҳам қатъий белгилаб қўйилган!

Бир сўз билан айтганда, “фейк” аккаунтлар ёки троллар юритувчилари муборак динимиз шаънига доғ солувчи лавҳалар, бузғунчи шарҳлар, ҳақоратли сўзлар, таҳқирлашлари учун икки дунёда ҳам жавоб берадилар.

Илоҳо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам меҳрибон Парвардигоримиз буюрган, жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизни руҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

 

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Кеча, 28 апрель куни “Зиёрат туризмини ривожлантиришнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда мутасаддилар томонидан зиёрат туризмини ривожлантиришга оид муаммолар, долзарб вазифалар ва истиқболдаги режалар муҳокама этилди.

Мулоқотда Ўзбекистонда туризм иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидан бири сифатида ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётгани, қатор фармон ва қарорлар асосида бу соҳадаги шарт-шароитлар яхшиланиб бораётгани, шунингдек, COVID-19 пандемияси туризм соҳасига ҳанузгача салбий таъсир кўрсатаётгани қайд этилди.

Шубҳасиз, пандемия ва ундан кейинги даврда мамлакатимизда туризм соҳасини жадал қайта тиклашда зиёрат туризмининг ўрни беқиёс. Шунга кўра, Давлатимиз Раҳбари томонидан зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилди.

Жумладан, 2021 йилда мамлакатимизда мавжуд кўплаб зиёратгоҳлар ва муқаддас қадамжолар имкониятидан фойдаланиб, зиёрат туризми йўналишида 700 минг зиёратчини жалб қилиш ва 130 миллион долларлик хизматлар экспортини таъминлаш белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Унда қулай ички ва халқаро зиёрат туризми муҳитини яратиш, мамлакатимизнинг зиёрат туризми салоҳиятини кенг тарғиб қилиш ҳамда мамлакатимизнинг саёҳат ва дам олиш учун хавфсиз манзил сифатидаги имиджини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинган.

Жорий йилда вилоятлар кесимида зиёратгоҳларнинг тарғиботи учун жами 1,1 миллиард сўм, хорижий давлатларда мамлакатимизнинг зиёрат туризми салоҳиятини тарғиб қилиш учун 6 миллиард сўм маблағ ажратилган. Шунингдек, қатор янги маҳаллий ва хорижий йўналишларда авиапарвозлар ва темир йўл қатновларинини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Умуман олганда, зиёрат туризми соҳасида бугунги ҳолат ва келгусидаги режалар муҳокамасига бағишланган халқаро давра суҳбати савол-жавоб ва қизғин баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтди.

 

Дин ишлари бўйича қўмита

Ахборот хизмати

Янгиликлар

Top