muslim.uz

muslim.uz

Пятница, 12 Март 2021 00:00

Соф эътиқод ҳимоячилари

Маънавий тарбияни тўғри йўналтириш, мафкуравий иммунитетни ошириш, халқни турли бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилиш ва диний билимларни ўзлаштиришда эътиқод ҳал этувчи вазифани бажаради. Ақида инсоннинг ўй-фикр ва ҳаракатларининг натижасини бегилаб беради. Бир сўз билан айтганда, жамиятнинг тараққиёти соф ақида билан чамбарчас боғлиқ. Бу борада мотуридийлик ақидаси бизга намуна бўла олади. Зеро, юртимизнинг минг йиллик тарихи мотуридийлик таълимотининг соф ақида ва мусаффо исломий кўрсатмаларга асосланганини исботлаб берди. Абу Мансур Мотуридий ва Абул Ҳасан Ашъарий асос солган мотуридийлик ва ашъарийлик таълимотлари қадимдан аҳли сунна вал жамоанинг икки йўналиши сифатида талқин қилиниб, ҳадисда зикр қилинган “Дўзахдан нажот топувчи” ақидавий мазҳаб дея қабул қилиб келинган. Олимларнинг мотуридийлик таълимоти ҳақида билдирган қуйидаги таърифлари фикримизни тасдиқлайди: Кафавий Имом Мотуридий ҳақида бундай ёзади: “У мутакаллимлар имоми, мусулмонлар ақидасини тўғриловчи шахс бўлиб, Аллоҳ уни “тўғри йўл” билан қўллаб-қувватлаган. У бор кучини дин ҳимояси учун сарфлаган ва буюк асарлар ёзган ҳамда ботил ақида соҳибларига раддиялар берган”.

Ибн Ҳажар Ҳайтамий бундай ёзади: “Аҳли суннадан мурод аҳли сунна вал жамоанинг икки имоми – Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридийлар тутган йўлдир”. Муртазо Забидий “Итҳаф ассада ал-муттақин би шарҳ Иҳё улум аддин” асарида “Аҳли сунна вал жамоа ибораси ишлатилганда ашъарийлар ва мотуридийлар назарда тутилади” номли алоҳида фасл ажратган.

Шуни билиш лозимки, Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридий (Аллоҳ иккисидан рози бўлсин ва Ислом дини учун қилган хизматларини яхши мукофотлар билан тақдирласин) янгича фикр-ғояни ўйлаб топмадилар ва янги мазҳаб яратмадилар, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг саҳобалари тутган йўлни ботил эътиқодлардан тозалашди.

Ҳар икки аллома бидъатчи ва адашган фирқалар билан баҳс-мунозара қилиб, уларни мағлуб қилишган. Ашъарий ва Мотуридий салафи солиҳларнинг тутган йўлини ҳужжат ва далиллар билан мустаҳкамлаб, унинг бардавомлигини сақлаб қолишган. Шу боис салафи солиҳларнинг мазкур мазҳабига эргашганлар ашъарий ёки мотуридий деб аталади.

Шунингдек, Ҳаким Самарқандий, Рустуғфаний, Абдулкарим Паздавий, Иёзий, Абул Лайс Самарқандий, Абу Муин Насафий, Умар Насафий, Алоуддин Самарқандий, Алоуддин Косоний, Саъдуддин Тафтазоний, Мулла Али Қорий, Нуриддин Собуний Бухорий ва бошқа кўплаб машҳур олимлар мотуридийлик таълимотида ижод қилиб, унинг ривожига катта ҳисса қўшганлар. Бир сўз билан айтганда, мотуридийлик аҳли сунна вал жамоа ақидасининг асл ўзаги экани барча олимлар томонидан бирдек эътироф этилган.

Аммо ҳозирда сохта салафийлик ва мазҳабсизлик руҳидаги баъзи адашган фирқалар мотуридийлик ақидасига нисбатан салбий ёндашаётгани айни ҳақиқат. Айрим мусулмон тадқиқотчилар мотуридийлик йўналишини аҳли сунна вал жамоа таркибида санашга очиқ-ойдин қаршилик кўрсатмоқдалар.

Мотуридия таълимотига бўлган мазкур салбий ёндашувлар нафақат адабиёт ва матбуотда, балки интернет саҳифаларида ҳам кенг ёритилмоқда. Сохта салафий лик руҳида ёзилган ушбу адабиёт ва мақолаларга юксак дид билан безак берилгани ўқувчилар сонининг ортишига хизмат қилмоқда. Аҳли суннанинг асл соф ақидасига хавф солиб турган бу каби омиллар юртимиз ижтимоий ва маънавий барқарорлигига салбий таъсир кўрсатиши табиий ҳол. Мамлакатимизда Имом Мотуридий ва унинг таълимоти борасида бир қатор тадқиқотлар амалга оширилганига қарамай, мотуридийлик таълимотининг асл моҳияти чуқур тадқиқ қилинмаган, қолаверса, Имом Мотуридий асарларининг таржималари ҳануз амалга оширилмаган.

Мазкур омиллар Имом Мотуридий асарларини кенг оммага етказиш учун ўзбек тилига ўгириш ҳамда мотуридийлик таълимотининг асл моҳиятини содда тилда баён қилиб бериш каби ишларнинг амалга оширилишини тақозо этади. Мотуридийлик ақидаси матнлари таржимаси ва шарҳларини яратишда жумлаларнинг қисқалиги ва осон ёдланишига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Минг йилдан зиёд давр мобайнида халқимиз эътиқод қилиб келган аҳли суннанинг соф ақидаси – мотуридийлик таълимоти матнларини янгича талқинда тадқиқ қилиш ва ҳозирги замон талабларига мос услублар билан бойитиш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан биридир.

Бурҳониддин АҲМЕДОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси Манбалар хазинаси мутахассиси

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 12-сонидан

Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси Улуғбек Мақсудов мамлакат ташқи ишлар вазирининг сиёсий ва иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Ийд ас-Сақафий билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Учрашувда элчи Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фарҳанга йўллаган мактубини топширди. Унда Саудия делегацияси жорий йил 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро анжуманга таклиф этилган.

Суҳбат чоғида икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш масаласи муҳокама қилинди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолиги доирасида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббусига биноан ишлаб чиқилаётган Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияси лойиҳаси юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, ўзаро алоқаларда муҳим рол ўйнайдиган тадбирлардан бири бўлган Ўзбекистон-Саудия ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш ва бошқа ҳамкорликка доир масалалар ҳам муҳокама қилинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Истанбулдаги Ўзбекистон Бош консуллиги Давлат туризм қўмитаси вакиллари билан бирга Европада доимий истиқомат қилувчи этник турклар орасидан журналистлар, сайёҳлик компаниялари раҳбарлари мамлакатимизга сармоя киритиш ниятида бўлган тадбиркорлар иштирокида онлайн давра суҳбати ўтказди, деб хабар бермоқда "Дунё"ахборот агентлиги.

Тадбир давомида Ўзбекистонда хавфсиз зиёрат туризми учун шарт-шароитлар, шунингдек, мамлакатнинг COVID-19 пандемияси оқибатларига қарши курашдаги ютуқлари тақдимоти бўлиб ўтди.

Қайд этилишича, ҳозирда ҳар куни Истанбулдан Тошкентга Турк ва Ўзбекистон ҳаво йўлларининг иккита мунтазам қатнови йўлга қўйилган. Март ойининг охиридан эса Истанбулни Самарқанд, Урганч ва Фарғона билан боғлайдиган бошқа ҳаво қатновлари фаолият бошлайди. Шунингдек, йўловчиларнинг камида ярми Ўзбекистонда муқаддас жойларга зиёрат қиладиган сайёҳлар экани алоҳида таъкидланди.

Учрашувда Ўзбекистонга сайёҳларни жалб этиш масалалари алоҳида муҳокама қилинди.

1997 йилдан буён туризм соҳасида фаолият олиб бораётган «Kuwait Star», «Miran Group» «OldTusba» сайёҳлик компаниялари вакили Суат Карачорлу халқаро ҳамжамият Ўзбекистон раҳбарияти томонидан туризм соҳасини ривожлантиришда қаратилаётган эътиборни юқори баҳолашини, ҳозирда 86 мамлакатнинг хорижий фуқаролари эркин келиши мумкинлигини таъкидлади. У миллий, диний ва бошқа байрамларда фестивалларни ташкил этиш орқали туризмни ривожлантиришни тавсия қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Тароқ аслида сочни тартибга солиш учун ишлатилади-ю, аммо шу билан бирга у сочларнинг баъзиларини жойидан юлиб туширади.

Ибн Сино

***

Оддий фикрла, оддий қабул қил ва оддий яша! Чунки ҳаётнинг ўзи оддий – уни ўзимиз мураккаблаштирамиз.

Тарих муҳрлаган сўзлар

***

Инсонлар шундай: курашадилар, зулм қиладилар, зулм кўрадилар ва алалоқибат ўлим ғолиб бўлади ва барчасини маҳв этади.

Саййид Аброр Умар

***

Ишлаган болта зангламайди, доимо ярақлаб туради.

Устозлар ўгитидан

***

Миянгни чиркин ҳаёллар ва бемаза тасаввурлардан тозала. Чунки мия ахлат қути эмас...

Сайфуллоҳ Термизий

***

Яхшилик қил, жаҳон яхшилик олсин,
Яхшилар бошига яхшилик солсин.
Мол-дунё барчадин - сендан ҳам қолур,
Яхшиси мол эмас, яхшилик қолсин.

Абдурахмон Жомий

***

Бағритошлик кўп ёлғон ва ҳасаднинг натижасидир.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу

***

Ўтмиш ўтиб кетди келажак орзу

Ўзинг турган соатга қилавер ружу.

“Ҳикматлар бўстони”дан

***

 

Ҳеч бир гап қолмади, маълум бўлмаган,
Жуда оз сир қолди, мавҳум бўлмаган,
Билимим ҳақида чуқур ўйласам,
Билдимки, ҳеч нарса маълум бўлмаган.

Абу Али ибн Сино

***

Билмайдиганлар жим турса, одамлар орасида келишмовчиликлар бўлмас эди.

Муҳаммад Ғаззолий

***

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

Малайзия Давлат телерадиокомпанияси (Radio Televisyen Malaysia - RTM) нинг "Fresh Brew" дастури ходимлари тайёрлаган Ўзбекистон ҳақида махсус кўрсатувда мамлакатимиз элчиси Равшан Усманов Малайзия томошабинларини Ўзбекистон – Малайзия муносабатлари ҳақида маълумот берди.

Ўзбек дипломати эпидемиологик вазият яхшилангандан сўнг икки давлат ўртасида фаол ҳамкорлик қайта тикланишига умид билдирди. Жумладан, зиёрат туризми истиқболли соҳалардан бири экани, унга Малайзия жамоатчилигининг қизиқиши катталигига урғу қаратди.
Таълим соҳаси ҳам муҳим экани, хусусан, Малайзиянинг Жануби-Шарқий Осиёдаги минтақавий таълим маскани эканлиги катта истиқболлар очиши, бу ерда 200 дан ортиқ ўзбекистонлик талаба таҳсил олаётгани ва Республикамизда Малайзиянинг икки олий ўқув юрти филиаллари очилганини қайд этди.

Маълумот учун, "RTM" нафақат Малайзияда, балки бутун Жануби-Шарқий Осиёдаги энг йирик давлат телерадиокомпанияси ҳисобланади. У 36 та радио ва 3 та телеканални ўз ичига олади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Янгиликлар

Top