Ўзбекистон янгиликлари

Бугун, 2 май куни Бутунжаҳон форуми доирасидаги тадбирлар Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида давом этди. Диний етакчиларнинг Шуша йиғилишда “Ғарб-Шарқ мулоқоти: янги чақириқлар ва мафкуравий таҳдидлар”, “Динни суиистеъмол қилишнинг олдини олиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш” каби мавзулар юзасидан нотиқлар маърузалар ўқиб, дин пешволари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Анжуманда диний конфессиялар етакчилари, маданият соҳаси вакиллари, уламолар, муфтийлар, профессор-олимлар, давлат, жамоат ва дин арбоблари ҳамда халқаро ташкилотлар раҳбарлари бугун дунёда кечаётган мафкуравий таҳдидлар, дин ниқоби остидаги турли фитна ва ёвузликларнинг олдини олиш, диний бағрикенглик масалаларини муҳокама қилдилар.

Хусусан, сўнгги йилларда дунёнинг турли ҳудудларида хавотирли воқеалар тобора кескинлашиб бораётгани, бир қатор минтақаларда низолар кучаяётгани, бу каби қарама-қаршиликларнинг олдини олиш ҳар бир дин пешвосининг бурчи экани ҳамда ҳеч бир дин зўравонликни тарғиб қилмаслиги тўғрисида сўз борди.

Шунингдек, тинчлик-осойишталикни сақлаш йўлида диний бағрикенглик ва ҳамкорлик ғояларини кенг ёйиш, адоват ва муросасизликка олиб борувчи ҳар қандай иллатни бартараф этиш муҳим аҳамият касб этишига урғу қаратилди. Шу боис, бугунги мураккаб бир даврда инсоният учун тинчлик, барқарорлик неъматлари қанчалик катта қийматга эга эканини бутун инсоният чуқур англаб етиши зарурлиги қайд этилди.

Мулоқот якунида форум қатнашчилари дунёда кечаётган долзарб муаммоларни биргаликда ҳал қилишда мазкур йиғинлар муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар ва халқаро анжуманда кўтарилган масалалар юзасидан “Шуша декларацияси” ни қабул қилдилар.

Шунингдек, Форум қатнашчилари Шуша шаҳрининг тарихий-маданий қадамжоларини зиёрат қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

642 марта ўқилди

Янгиликлар

Top