Мақолалар

Ўзингдаги оғриқларни яшир

Суфён ибн Абдуллоҳ Сақафий розияллоҳу анҳу айтади: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга бир ишни айтинг, уни маҳкам тутай”. У зот: “Аллоҳга иймон келтирдим, деб айт ва устувор бўл (ўлгунингча шу иймонингга кўра яша)”, дедилар.

“Аллоҳ учун Унинг тоатида устувор бўлганлар”. Абул Олия Риёҳий: “Оятнинг маъноси – динни, даъватни ва амални Аллоҳ учун холис қилганлар, дегани”, деб айтган. Устувор бўлишнинг асоси учта нарсада бўлади: Қуръон ва суннатга эргашиш ҳамда жамоатни лозим тутиш.

Билки, банда учун энг яхши нажот йўли – илмга амал қилиш, Аллоҳдан қўрқиб ёмон ишлардан четланиш ва Аллоҳ азза ва жалла билан бой бўлишдир. Ҳолингни ислоҳ қилиш билан шуғуллан, Роббинг қаршисида хокисор тур, шубҳалардан сақлан, одамларга бўлган эҳтиёжларингни камайтир, ўзинг учун нимани раво кўрсанг, одамларга ҳам шуни раво кўр, нимани ёмон кўрсанг, улар учун ҳам ёмон кўр. Ҳеч кимнинг айбини ошкор қилма.

Ёмон иш қилишни кўнглингга тугиб қўйма, кичкина гуноҳларни такрор-такрор қилаверма. Ҳар қандай ҳолда Аллоҳга шошил, Ундан ҳожатингни сўра. Барча ишда Аллоҳга таваккал қил. Ҳавои-нафсни қўй. Ўзингдан қониқиб, кутиб юраверма. Зикрингни махфий тарзда қил. Аллоҳга доим шукр қил, истиғфорни кўпайтир, фикрлаб ибрат ол.

Одамлар шошадиган вазиятларда сен хотиржам бўл, одамлар билан муомала қилганингда одоб билан муомала қил. Нафсинг учун одамларга жаҳл қилма. Аллоҳ учун ўзингга ғазабинг келсин. Ҳеч кимга яхшилиги эвазига ёмонлик қилма. Ўзини яхши билмаган одамни асло мақтама, ўзинг учун ҳам мақтов қабул қилма. Кулишни, ҳазил-мутойибани камайтир.

Ўзингдаги оғриқларни яшир, ўзингни соғлом қилиб кўрсат. Ишончни яшир, одамларнинг молидан умидингни уз, гўзал фақирликни ўзингда ҳис эт. Бошингга тушган мусибатга сабр қил, Аллоҳ сенга тақсимлаб берганига рози бўл, Аллоҳнинг ваъдасига ҳеч шубҳасиз ишон, амлларингдан қўрқувда бўл. Сенга алоқаси бўлмаган ишни қилишга уринма, сендан талаб қилинган ишни зое қилма. Ҳар бир инъомида Аллоҳга муҳтож бўл ва нажотни Ундан иста.

Сенга зулм қилганларни кечириб юбор, сендан қизғанганларга ҳам сен беравер, сен билан алоқани узганларга Аллоҳ йўлида силаи раҳм қил, сени яхши кўрганларни Аллоҳ учун Афзал кўр, ўзингни ва молингни биродарларинг учун сарф эт, дининг хусусида сенга бош бўлганларнинг ҳақларига риоя қил. Қилган яхшилигинг кўзингга катта бўлиб кўриниб кетмасин, қилган ёмонлигингни кичкина санамагин.

Амал билан ужуб қилишдан эҳтиёт бўлганингдек, илм билан зийнатланишдан ҳам эҳтиёт бўл. Ҳеч қачон одоб илмга зид келади деган тушунчага борма. Одамларга бўйсунмаслик бирла Аллоҳга итоат қил, лекин Аллоҳга маъсият бўладиган ўринда одамларга бўйсунма. Аллоҳ йўлида кучингни аяма. Амалларинг борасида ўзингдан рози бўлма. Намозингда Аллоҳнинг ҳузурида бутун вужудинг билан тур.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг “Метин қоялар” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

1158 марта ўқилди

Мақолалар

Top