muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 06 Июль 2020 00:00

Нафс муолажаси

Нафс тарбияси энг ҳассос мавзулардан бири ҳисобланади. Бу мавзуда кўплаб олимлар, тариқат машойихлари сўз юритганлар, қатор китоблар ва рисолалар битганлар.

 

Дарҳақиқат, нафсга бўйсунмасликда инсон учун жуда кўп яхшиликлар, баракалар бор. Унга эргашиш эса ёмонликларнинг пойдевори ҳисобланади. Шу кунгача ўтган солиҳ бандалар барча яхшиликларнинг асоси нафсни тарбия қилиш, барча ёмонликларнинг асоси эса унга тобе бўлишда эканлигини таъкидлаганлар.

 

Нафсига эргашмай, уни тарбиялаган киши ютуққа, муваффақиятга етишади. Унга фақат гумроҳ кимсаларгина эргашадилар.

 

«Ҳақиқатда, ким у (нафс)ни покласа, ютуққа эришади». (Шамс сураси, 9 - оят).

 

«...Ўз ҳавои нафсига эргашган кишидан кўра адашганроқ кимса борми?!». (Қасос сураси 50 - оят).

 

Донишманд халқимиз  «Менинг нафсим балодир. Ўтдан чўққа солодир» деб ҳам бежиз айтмаган.

 

Уламолар нафс истакларига тескари ҳаракат қилишни ибодатнинг боши, дейдилар.

 

Тарихда ўтган кўплаб алломалар, машойихлар, руҳий тарбия уламолари нафсларини ислоҳ этиш билан олий мартабалар, мақомларга эришганлар.

 

Бир киши ҳавода муаллақ ўтирган одамни кўриб, бунинг сабабини сўради. У айтди: «Мен ҳавони тарк қилган эдим, Аллоҳ ҳавони бўйсундириб қўйди». Яъни, ичимдаги нафсим истакларига хилоф қилган эдим, Аллоҳ ташимдаги ҳавони хизматимда қилди.

 

Машойихлар айтади:

 

Нафсга хилоф қилишнинг баракаси, таъсири ҳар бир инсонга гарчи у Ислом аҳлидан бўлмаса ҳам ўтади. Ривоят қилинишича, Мисрда мукошафа билан машҳур бўлган роҳиб бўлар эди. Унинг бу ҳолати мусулмонларни фитнага солишидан қўрққан бир олим заҳарланган пичоқни олиб, роҳибнинг уйига борди. У эшикни таққиллатган эди, ичкаридан: «Ҳой мусулмонлар пешвоси! Пичоқни ташла», деган овоз эштилди. Олим пичоқни ташлаб, уй ичига кирди. Роҳибга қараб: «Сенда мукошафа нури қаердан пайдо бўлди? Ёки мусулмонмисан», деди. Роҳиб айтди: «Ҳа, мусулмон бўлдим». Имом: «Бу қандай содир бўлди?», деди. У: «Нафсга хилоф қилиш билан бўлди. Нафсимга исломни таклиф қилгандим, у бош тортди. Мен эса унга хилоф қилдим», деб жавоб қайтарди.

 

Ҳўжаобод туман “ЕТТИ ЧИНОР” жоме масжиди ноиби-имоми

Муҳаммадқуддус Абдуҳалимов

3 июль куни Куала-Лумпурдаги элчихонамиз кўмагида Имом Бухорий халқаро тадқиқотлар маркази (ИБХТМ) ва Малайзия Ислом тушуниш институти (Institute of Islamic Understanding Malaysia - IKIM) вакилларининг икки мамлакат илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги имзоланган ҳужжатнинг бандларини батафсил кўриб чиқиш мақсадида видеоконференция режимида навбатдаги эксперт йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар беради "Дунё" ахборот агентлиги.
Эслатиб ўтамиз, ушбу ҳужжат 2020 йилнинг 4 июнида Ўзбекистон халқаро Ислом Академияси, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро тадқиқотлар маркази ва Малайзия Ислом тушунчаси институти раҳбарияти ўртасида имзоланган эди.
Телеконференция давомида томонлар илмий Ислом меросини ўрганиш бўйича қўшма конференциялар, семинарлар ва Ўзбекистонда сақланаётган қадимий қўлёзмаларни тадқиқ этиш, шунингдек, маърифатли Исломни тадқиқ этиш соҳасида мутахассислар алмашиш ва паритет асосида илғор ўқув курсларини ташкил этиш механизмлари ва ҳамкорликни амалга оширишнинг босқичма-босқич қадамларини муҳокама қилдилар.
Тадбир якунлари бўйича томонлар битимлар бир қатор етди, хусусан, бу мавзуда бир каталогни кейинчалик нашр этиш билан “Мавороуннаҳр олимларининг ҳаёти ва илмий мероси:Малайзияда сақланаётган қўлёзмаларни ўрганиш” бўйича қўшма онлайн вебинарлар ташкил қилиш; IKIM онлайн кутубхонасига Имом Бухорий марказида чоп этилган исломшунослик бўйича илмий нашрлар ва сақланаётган қўлёзмаларнинг электрон нусхаларини киритиш; ИБХТМ ва IKIM журналларида биргаликдаги илмий мақолалар ва тадқиқотларни чоп этиш, қўшма тадқиқотларни ўтказиш, шунингдек ўзбек мутахасисларининг магистрлик ва докторлик ишларига илмий раҳбар, оппонетлар сифатида IKIM профессор ва экспертларини жалб қилиш, шунингдек Малайзия Ислом тушуниш институти радиоo ва телевидение каналларида эфирга бериш учун Имом Бухорий маркази тадқиқотчилари билан интервьюлар ташкил этишга келишиб олинди .
Аввалроқ элчихона томонидан Ўзбекистон халқаро Ислом Академияси, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази вакиллари ва Малайзия Ислом тушунчаси институти мутахассислари ўртасида онлайн музокаралар ташкил этилиб, унда маҳаллий илмий-тадқиқот муассасалари ва малайзиялик ҳамкор ўртасидаги ҳамкорлик бўйича қатор ўзига хос келишувларга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Понедельник, 06 Июль 2020 00:00

Қуръони каримнинг ярмига тенг сура

«Қачонки, Ер ўзининг (энг даҳшатли) зилзиласи билан қимирлаганда. Ер (ўз қаридаги конлару мурдалардан иборат) “юк”ларини (юзага) чиқариб ташлаганида ва (қайта тирилишни инкор қилувчи) инсон (даҳшатга тушиб): “Унга не бўлди экан?” – деб қолганида – ана ўша кунда Ер ўз хабарларини сўзлар. (Сўзлашга) Раббингиз ваҳий (рухсат) қилганини айтур. Ўша куни одамлар уларга (номаи) аъмолларини кўрсатилиши учун тўдатўда бўлиб чиқиб келурлар. Бас, кимки дунёда зарра миқдорда яхшилик қилган бўлса, (Қиёмат куни) уни кўрар. Кимки зарра миқдорда ёмонлик қилган бўлса, уни ҳам кўрар” (Залзала сураси, 1–8-оятлар).

“Қачонки, Ер ўзининг (энг даҳшатли) зилзиласи билан қимирлаганда”. Яъни, бутунлигича ҳаракатга келганида. Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу: “Биринчи бор сур чалинганда ер қимирлайди”, деб айтган. Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ ҳам шу фикрни айтган. Бунга Аллоҳ таолонинг: “У кунда ларзага келувчи (сур) ларзага келади. Ортидан эргашувчи (иккинчи бор сур овози) эргашур” (Нозиот сураси, 6-7), оятлари далилШундан сўнг ер иккинчи бор қимирлайди. Шунда у ўзидаги ўликларни, яъни “юк”ларини чиқариб ташлайди».

“Ер (ўз қаъридаги конлару мурдалардан иборат) “юк”ларини (юзага) чиқариб ташлаганида…” Абу Убайда ва Ахфаш: “Маййит ер остида бўлгани учун унга юк ҳисобланади”, дейишади. Ибн Аббос ва Мужоҳид айтишади: «Иккинчи бор сур чалинганида ер ўз “юк”ларини, яъни ўликларини чиқариб ташлайди. Шунинг учун Парвардигор жин ва инсонларни “сақалан”, яъни: “Эй инсу жинлар!” (Ар-Раҳмон сураси, 31-оят), деб атади». Уламолардан баъзилари бундай дейишган: «Қадимда араблар бирон-бир қонхўр, золимни кўришса, уни: “Ер юзидаги “сақал”, яъни машаққат (оғир юк)”, деб аташарди. У ўлгач эса, ер ўзидаги юкни олиб ташлади”, дейишарди». Бир ўринда ер “юк”ларидан мурод хазиналардир, дейилган. Бу борада ҳадис ҳам ворид бўлган: “Ер ўзининг олтин ва кумушдан бўлган хазиналарини уюм-уюм этиб чиқариб ташлайди”.

“Ва (қайта тирилишни инкор қилувчи) инсон (даҳшатга тушиб): “Унга не бўлди экан?” – деб қолганида…” Оятдаги “инсон”дан кофир назарда тутилмоқда. Имом Заҳҳок ривоятида Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу: “Бу “инсон” Асвад ибн Абдул Асаддир”, деб айтган. Яна айтиладики: «Оятдаги “инсон”дан мурод қиёмат кунида, биринчи сур чалингандаги ҳолатга гувоҳ бўлувчи ҳар бир мўмин ва кофирдир. Ушбу ҳодисалар қиёмат аломатлари бўлиб, рўёбга чиқмагунича одамлар уларни аввалдан била олмайди. Шунинг учун бир-бирларидан: “Унга (ерга) не бўлди экан?” деб сўрашади.

«Оятдаги “инсон”дан хоссатан кофир назарда тутилмоқда», деган фикрга кўра, “зилзила” бу “қиёматдир”. Сабаби мўмин қиёматни эътироф этади ва у ҳақда сўрамайди. Кофир эса инкор этади. Шунинг учун у ҳақда сўрайди.

“Унга не бўлди экан?” Яъни: “Нега ер зилзила билан қимирлади?” Бир ўринда бундай дейилади: «Инсон: “Ерга нима бўлдики, у “юк”ларини чиқариб ташлади?” (яъни, нима учун қимирлади?) деб ажабланиб сўрайди». Яна бир фикрга кўра бундай: «Биринчи сур чалингандан кейин Аллоҳ таоло ўликларни тирилтиради. Сўнг ер ҳаракатга келади ва ўликларни чиқариб ташлайди. Зилзила юз бериб, ўликлар тирилиб, инсонлар ернинг ёрилиши гувоҳи бўлишади. Кейин қўрқувдан: “Унга не бўлди экан?” деб айтишади».

“Ана ўша кунда Ер ўз хабарларини сўзлар”. Яъни, ўша кунда ер ўз устида қилиб ўтилган яхши ва ёмон амалларни айтиб беради. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ана ўша кунда Ер ўз хабарларини сўзлар” оятини ўқиб: “Унинг хабарлари нима эканини биласизларми?” деб сўрадилар. Саҳобалар: “Аллоҳ ва расули билувчироқ”, деб айтишди. Набий алайҳиссалом: “Ҳар бир қул ва чўри ер юзида нима амал қилганига гувоҳлик бериши ернинг хабарларидир. У: “Фалон куни фалон амалларни қилди”, деб айтади. Мана шу унинг хабарларидир”, деб марҳамат қилдилар» (Имом Термизий ривояти).

“(Сўзлашга) Раббингиз ваҳий (рухсат) қилганини айтур”. Яъни, ер Аллоҳ таоло унга ваҳий қилган нарсани (бир ўринда: буюргани, бошқасида: бўйсундиргани, деб келади) хабар қилади. Айтилади: “Шу кунда зилзила рўй беради ва ер ўзидаги юкларни ташқарига чиқариб ташлайди. У ўзининг хабарларни, яъни унда содир этилган тоат ва гуноҳлар, шунингдек, яхшилигу ёмонликни сўзлайди”. Ушбу маълумот Суфён Саврий ва бошқалардан ҳам нақл қилинган.

“Ўша куни одамлар тўда-тўда бўлиб чиқиб келурлар”, яъни, гуруҳ-гуруҳ бўлиб. Айтиладики: “Бир гуруҳ кишилар жаннатга кириш учун ўнг томонни эгаллайди. Бошқа гуруҳ эса жаҳаннамга кириш учун чап томонни эгалайди. Бунга Алллоҳ таолонинг ушбу сўзи далил: “Қиёмат қоим бўладиган кун – ана ўша кунда (мўминлар билан кофирлар) бир-бирларидан ажралурлар” (Рум сураси, 14-оят).

“(Номаи) аъмолларини кўрсатилиши учун”, яъни дунёда қилиб ўтган амалларнинг савобини. Бир ўринда: “Ҳисоб-китобларидан фориғ бўлганларидан кейин тўда-тўда бўлиб қайтадилар”, дейилади. Набий алайҳиссалом: «Қиёмат кунида ўз насфини маломат қилмайдиган киши қолмайди. Агар яхши одам бўлса: “Нима учун яхшиликларни кўпроқ қилмадим”, дейди. Акси бўлса: “Нима учун гуноҳлардан тийилмадим”, дейди»Ибн Аббос айтади: «“Тўда-тўда бўлиб”, яъни инсонлар амалларига кўра икки фирқага бўлинишади. Биринчи тоифа мўминлар, иккинчи тоифа мўминлардан бошқа ҳамма».

“Бас, кимки дунёда зарра миқдорда яхшилик қилган бўлса, (Қиёмат куни) уни кўрар. Кимки зарра миқдорда ёмонлик қилган бўлса, уни ҳам кўрар”. Ушбу оят уч масалани ўз ичига олади. Биринчиси: «Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи: “Бас, кимки дунёда зарра миқдорда яхшилик қилган бўлса, уни кўрар”. Ибн Аббос айтади: “Кофирлардан бирортаси яхшилик қилса ва унга дунёда бирон яхшилик берилса, охиратда унга савоб қолмайди. Аммо зарра миқдорда ёмонлик қилса-ю, дунёда жазосини олмаса, охиратда жазосини олади. Ширк келтирганлик жазосини ҳам охиратда олади. Энди мўминлардан қай бири дунёда зарра миқдорда ёмонлик қилса ва ўшанга яраша жазо олса, охиратда жазоланмасдан, ундан кечиб юборилиши мумкин. Аксинча, дунёда зарра миқдорда яхшилик қилса, ундан қабул қилинади. Охиратда яхшилиги кўпайтирилиб берилади”. Аллоҳ таоло одам боласининг кичик ва катта, ҳеч бир амалидан ғофил қолмайди. “Албатта, Аллоҳ бир зарра миқдорида (ҳам) зулм қилмайди” (Нисо сураси, 40-оят).

Муҳаммад ибн Каъб Қурозий бундай дейди: “Қайси кофир зарра миқдорида яхшилик қилса, ўшанинг савобини дунёда – ўзи, моли, аҳли ва боласида кўради ва Аллоҳ таоло ҳузурида яхшилиги қолмайди. Қайси мўмин зарра миқдорда ёмонлик қилса, унинг уқубатини дунёда ўзи, моли, боласи ва аҳлида кўради. Ҳатто биронта гуноҳи қолмай дунёдан ўтади. Бунга қуйидаги ҳадиси шариф далил: “Набий алайҳиссаломга ушбу икки оят нозил бўлганида, Абу Бакр таом еяётган эди. Шу вақт у ейишдан тўхтаб қолди ва: “Ё Расулуллоҳ, биз қилиб ўтган барча катта-кичик гуноҳларимизни кўрамизми?” деб сўради. Набий алайҳиссалом: “Сизлар ёқтирмаган мисқол заррасидек ёмонлик ҳам, сизлар яхши кўрадиган мисқол заррасидек яхшилик ҳам охиратга захира қилинади ва қиёмат кунида берилади”, деб огоҳлантирдилар.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розийаллоҳу анҳу айтади: «Бир одам Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, менга жомеъ (лафзи қисқа, аммо савоби улуғ) сурани ўргатинг!” деди. У зот алайҳиссалом: “Иза зулзилатил арзу…” (сураси)ни ўргатдилар». Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Ким “Иза зулзилатил…” (сураси)ни ўқиса, унга Қуръоннинг ярми (ўқилгани) савоби берилади», деб марҳамат қилдилар (Имом Термизий ривояти).

Имом Қуртубий тафсири асосисда

Исмоил НУРИМОН тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 9-сонидан

 

ЎМИ матбуот хизмати

Воскресенье, 05 Июль 2020 00:00

Аллоҳ йўлида дўстлашишнинг ажри

Ислом дини инсонларни доимо бир-бири билан дўстлашишга, ўзаро фикр алмашишга ва маслаҳатга, аҳиллик ила бирдамликка чақириб келган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам жудаям кўп ҳадисларида Аллоҳ учун бир-бирини яхши кўриш, Аллоҳнинг розилиги учун дўстлашишга қаттиқ тарғиб қилганлар ва айнан шундай дўстликни ихтиёр қилганларга гўзал ҳушхабарлар берганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло Қиёмат куни: “Азаматим учун дўст бўлганлар қани? Бугун, Менинг соямдан бошқа соя йўқ кунда Ўз соям билан соялантираман”, дейди”, дедилар. (Имом Муслим)

Аллоҳ йўлида дўстлашган кишилар учун бу ҳушхабардан яхшироқ мукофот бўлмаса керак аслида. Чунки, қиёмат кунидаги воқеа ва ҳодисалардан озгина хабари бор инсон борки, Аллоҳдан омонлик сўрайди. У куннинг дахшати одамларни ақлу хушидан айиради. Инсон фақатгина ўз нафсини ўйлаб, атрофидаги барча яқинларидан юз ўгиради. Бу ҳақда Роббимиз шундай хабар беради: “У кунда киши қочадир; ўз ака укасидан. Ва ота онасидан. Ва хотини ва бола чақасидан. У кунда улардан ҳар бир шахсни овора қилувчи ўз иши бор”. (Абаса-34-37)

Бугун бошимиз узра неча минг километрлар юқоридан бизга ўз нурини сочиб, танамизни қиздириб турган қуёшни Аллоҳ таоло елкаларимиз баробарига тушириб қўйган пайтда одамлар ўз терларига ғарқ бўлганча,  унинг иссиғидан қочиб, соя жой қидириб қоладилар. Айнан шу пайтда, ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлган бир пайтда оламлар Роббисининг ўзи: “Азаматим учун дўст бўлганлар қани? Бугун, Менинг соямдан бошқа соя йўқ кунда Ўз соям билан соялантираман”, деб чақириб туришидан ортиқ мукофот борми ахир? Йўқ, албатта.

Кейинги ҳадис эса бунданда гўзал, бунданда роҳатбахш. Уни тафаккур ила ўқиш одамга ҳаяжон беради. Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ таоло: “Менинг азаматим учун бир-бирларини дўст тутувчиларга нурдан бўлган минбарлар берилади. Уни кўрган набийлар ва шаҳидлар ҳавас қилишади”, деди”. (Имом Термизий)

Азизим! Аллоҳнинг пайғамбарлари, жонини Аллоҳ учун фидо қилган шаҳидлар ҳавас қиладиган минбарларга наҳот сиз ҳавас қилмайсиз? Наҳот ҳаракат қилмайсиз? Ахир бунга сизга имкон борку. Молингни берасан демаяпти, жонингни берасан демаяпти. Фақатгина, бир-бирингизни Аллоҳ учун яхши кўринг деяпти. Мол дунёси учунмас, шон-шуҳрати учунмас, насаби ёки гўзаллиги учунмас, балки, қилаётган гўзал амалини, покиза қалбини, сувратию сийратини фақатгина Аллоҳ учун яхши кўр демоқда. Боридаям-йўғидаям, очлигидаям-тўқлигидаям, беморлигу-соғлигидаям бирдек муомала қил. Аллоҳ учун яхшилигини ошир, ёмонлигини яшир, хатоси бўлса оммага жар солмасдан секингина қулоғига пичирла. Борлигидаям-йўқлигидаям шаънини ва обрўсини сақла, демоқда холос. Агар жаннат фақатгина ибодат учун берилганда эди, Аллоҳнинг розилиги фақатгина намозда бўлганида эди, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларнинг: “Аллоҳ қаерда?” деган сўзларига “Аллоҳ мўминнинг қалбида”, дея жавоб бермаган бўлардилар. Ёки: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, иймон келтирмагунингизча жаннатга кира олмайсиз. Ва бир-бирларингизга муҳаббат қилмагунингизча мўмин бўла олмайсиз”, (Имом Муслим) дея Аллоҳ йўлидаги дўстликни мўминликка хужжат қилиб қасам ичмас эдилар.

Қадрдоним! Инсон ҳаётида дўстнинг ўрни беқиёс. Чунки, киши ҳаётида турли-туман воқеа-ҳодисаларга, ҳар-хил синовларга, яхши ва ёмон кунларга дуч келади. Бундай пайтларда эса бир яхши ҳамсуҳбатга, ишончли насиҳатгўйга, самимий далда бериб тургувчи бир жонкуярга мухтож бўлади. Бундай пайтда эса, Аллоҳдан қўрқадиган, Аллоҳ учун дўстлашган солиҳ ва покиза дўст ниҳоятда асқотади.

Ҳикматларда айтилади: “Агар кишининг атрофида солиҳ, олийжаноб кишилар кўп бўлса, бу – Аллоҳ таолонинг унга берган инъоми ва икромидир”.

“Аллоҳ таолонинг хузурида мартабанг қанчалик юқори бўлса, ёнингда юрган дўстларинг шунчалар солиҳ, покиза ва олийжаноб кишилар бўлади. Агар мартабанг қанчалик паст бўлса, атрофингда юрган дўстларинг ҳам шунчалар пасткаш ва аблаҳ кишилар бўлади”.

Демак, бугун дўст танлашда адашма. Дўстлашишда адашма. Ниятинг ва мақсадингни тўғрилаб ол. Аллоҳдан яхши дўстларни сўра. Кимнидир яхши кўрсанг фақат Аллоҳ учун яхши кўр. Агар кимнидар ёқтирмасанг ҳам ўз истак ҳоҳишинг учун эмас, балки, Аллоҳга бўлган маъсиятини, қайсидир ёмон амалини ёмон кўр.  Яхшилар билан дўстлаш. Ёмонлардан узоқлаш.

Унутма! Аллоҳ учун тутинган дўстлар нафақат бу дунёда, балки охиратдаям нажот топишингга сабаб бўлади.

Исломов Ёрбек

Янгиликлар

Top