muslim.uz

muslim.uz

Бухоро шаҳар “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртида 2018 йил 18 август куни муборак Қурбон ҳайити муносабати билан ҳайитга тайёргарлик ҳашари бўлиб ўтди.

Унда комендант, 1 та мударрис, 3 та мударриса, 2 та ишчи ходим, 10 та талабалар фаол иштирок этдилар.

         Ҳашарда билим юртимизнинг атрофи ва кўчаларига сувлар сепиб супурилди, олд томонида жойлашган ҳовузнинг ичкари қисми, атрофлари, билим юртининг ички ва ташқи ҳовлиси, том қисмлари тозаланди ва барча дарахтлар оқланди, ахлатлар олинди. Билим юрти саҳнидаги гулзор тозаланди. 

Ҳар бир курс талаба қизларга ажратиб берилган синф хонасидаги доска, парталар, гилам тозаланди. Талаба қизлар турар жойларини тоза ва озода қилдилар.

1-курс талабалари таҳоратхона ва масжидни тозаладилар.

         2-курс талаба қизлари билим юрти ошхоналарини саранжом-саришта қилдилар.

         3-курс талаба қизлари тикувчилик хонаси ва АРМ хоналарини кўздан кечириб тозаладилар.

         4-курс талабалари таҳоратхона, қизлар гигиена хонасини озода қилдилар. 

          “Қурбон ҳайити”га тайёргарлик ҳашари барча ҳудудларда бўлгани  каби бизнинг билим юртимизда ҳам ўтказилиб, мударрисалар ва талабалар “Қурбон ҳайити”га тайёргарлик ҳашарига оз бўлса ҳам ўз ҳиссаларини қўшганларидан жуда ҳам мамнун бўлдилар.

 

“Қурбон ҳайити” ҳаммангизга муборак бўлсин!

 

 

Билим юрти мудири

А.Иноятов

  بسم الله الرحمن الرحيم 

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло инсонларни бир ота ва бир онадан пайдо қилиб, уларни Ер юзи бўйлаб турли хил миллат ва элатлар шаклида тарқатиб юборди. Инсонларнинг бу каби хилма-хиллиги фитрий бўлиб, Аллоҳ таоло уни илоҳий ҳикмат ила жорий қилди. Яъни, бу бўлиниш ажралиш учун эмас, балки бирлашиш ва ўзаро яқинлашиш учун эканлигини Қуръони каримда баён қилди:

 يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ  (سورة الحجرات/13).

яъни:  Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Динимизда мана шу ҳақиқатни баён қилиш орқали инсонларни бирликда ва  ҳамжиҳатликда яшашга даъват этилади.

Айни пайтда динимиз бизларни ўзаро ихтилоф қилишдан, тафриқага бўлинишимиздан қайтаради. Зеро, ихтилоф ва тафриқа инсонларни бир-биридан узоқлаштиради, ўртада адоват ва фитна пайдо бўлишига сабаб бўлади. Айниқса, динда тафриқага бўлиниш залолат саналиб, инсоннинг икки дунёсини ҳам барбод бўлишига олиб боради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

وَاعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللَّهِ جَمِيعًا وَلَا تَفَرَّقُوا وَاذْكُرُوا نِعْمَةَ اللَّهِ عَلَيْكُمْ إِذْ كُنْتُمْ أَعْدَاءً فَأَلَّفَ بَيْنَ قُلُوبِكُمْ فَأَصْبَحْتُمْ بِنِعْمَتِهِ إِخْوَانًا وَكُنْتُمْ عَلَى شَفَا حُفْرَةٍ مِنَ النَّارِ فَأَنْقَذَكُمْ مِنْهَا كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمْ آَيَاتِهِ لَعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ (سورة آل عمران/103).

яъни: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг! Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди. Шояд ҳақ йўлни топгайсизлар, деб, Аллоҳ Ўз оятларини сизларга шундай баён қилади”

(Оли Имрон сураси, 103-оят).

 Ушбу оятда Аллоҳ таоло Ўзининг каломи бўлмиш Қуръони каримни “маҳкам тутиш”га буюрмоқда. Шунчаки, уни “ушланг” демаяпти. Чунки, ушланган нарса гоҳида беҳосдан қўлдан тушиб кетиши мумкин. Аммо маҳкам тутилганда, уни ҳар қандай ҳолатда ҳам қўлдан қўйиб юбормасликка ҳаракат қилинади. Қолаверса, оятда бу ишни жамоат бўлиб, барча биргаликда қилишга буюрилмоқда. Акс ҳолда, ҳар ким ўз ҳолича бўлса, ўртада тафовут, келишмовчилик, тафриқа чиқиши табиий ҳолдир. Шунинг учун оятнинг давомида “фирқаларга бўлинманг!” дейилмоқда.

Ҳозирги кунда биз Аллоҳ таолонинг бу амрини тўғри тушуниб олишимиз керак. “Фирқаларга бўлинманг!” дедими, биз ўзаро низо ва адоватларни йиғиштириб, фирқаларга бўлинишни тўхтатишимиз керак.

Қачонки бизлар Қуръони Каримни маҳкам тутиш учун бирлашиб, ёнма-ён турар эканмиз, ораларимиздаги адоват ҳам йўқола бошлайди, ўзаро ҳамжиҳатлик ривож топади.  Қуръоннинг мўъжизаси ҳам шунда, аслида. Бир тарафдан Аллоҳ таолонинг “фирқаларга бўлинманг!” деган оятларини зикр қилиб турсагу, бошқа тарафдан олимларни, имомларни, мазҳабларни, бошқа мусулмонларни ва улар қилаётган ишларни танқид қилиб турсак, оятга зид иш қилган бўлмаймизми?! Дарвоқеъ, кейинги пайтларда ижтимоий тармоқлар орқали уламоларни, бошқа мўминларни, диний ташкилотларни танқид қиладиганлар кўпайиб кетди. Ҳолбуки, ояти каримада мўминларнинг биродар бўлиб яшашлари Аллоҳнинг неъмати эканлиги, айнан биродарлик туфайлигина дўзах чоҳи ёқасидан омон қолиш мумкин эканлиги эслатилмоқда. Бошқа бир оятда эса Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

إِنَّ الَّذِينَ فَرَّقُوا دِينَهُمْ وَكَانُوا شِيَعًا لَسْتَ مِنْهُمْ فِي شَيْءٍ إِنَّمَا أَمْرُهُمْ إِلَى اللَّهِ ثُمَّ يُنَبِّئُهُمْ بِمَا كَانُوا يَفْعَلُونَ (سورة الانعام/159).

яъни: “Динларини (фирқаларга) бўлиб, (турли) гуруҳларга айланганлар (учун) бирор нарсада (Сиз масъул) эмассиз. Уларнинг иши Аллоҳга (ҳавола). Сўнгра (У) уларни қилиб юрган амалларидан огоҳ қилур” (Анъом сураси, 159-оят).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло тафриқа ва гуруҳбозликка олиб борадиган низо ҳамда ихтилофларни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларидан бошқа деб, уни ҳидоят йўлига тескари йўл, деб ҳисобламоқда. Аллоҳ таоло бу оятда тафриқа ва гуруҳбозлик Пайғамбаримизнинг умматларига муносиб эмаслигини қаттиқ таъкидламоқда. 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّ اللَّهَ تعالى يَرْضَى لَكُمْ ثَلاثًا وَيَكْرَهُ لَكُمْ ثَلاثًا فَيَرْضَى لَكُمْ أَنْ تَعْبُدُوهُ وَلا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَأَنْ تَعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللَّهِ جَمِيعًا وَلا تَفَرَّقُوا وَيَكْرَهُ لَكُمْ قِيلَ وَقَالَ وَكَثْرَةَ السُّؤَالِ وَإِضَاعَةَ الْمَالِ (رَوَاهُ الْإِمَامُ مسلم).

яъни: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:  “Албатта Аллоҳ таоло сизлар учун уч нарсада рози бўлиб, уч нарсада норозидир. Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмасдан ибодат қилсангиз, Аллоҳнинг арқони бўлмиш Исломни жам бўлиб маҳкам ушлаб, фирқаланиб кетмасангиз, рози бўлади. Аммо “деди-деди” деб, беҳуда гапни кўпайтирсангиз, кўп савол берсангиз ва мол-дунёни беҳудага сарф қилсангиз, сиздан норози бўлади”, –дедилар (Имом Муслим ривояти).

عن أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "إِنَّ أُمَّتِي لَا تَجْتَمِعُ عَلَى ضَلَالَةٍ فَإِذَا رَأَيْتُمُ اخْتِلَافًا فَعَلَيْكُمْ بِالسَّوَادِ الْأَعْظَمِ" (رواه الْإِمَامُ ابن ماجه).

яъни: Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Албатта мени умматим залолатга жамланмайди, шундай экан, қачон ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга саводи аъзамни (яъни, энг улуғ жамоани)  лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривояти).

Уламоларимиз ҳадисдаги “саводи аъзам” калимасини аҳли сунна вал жамоа деб шарҳлаганлар.

Муҳтарам азизлар! Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 269-оятида шундай деган:

يُؤْتِي الْحِكْمَةَ مَنْ يَشَاءُ وَمَنْ يُؤْتَ الْحِكْمَةَ فَقَدْ أُوتِيَ خَيْرًا كَثِيرًا وَمَا يَذَّكَّرُ إِلَّا أُولُو الْأَلْبَابِ (سورة البقرة/269).

яъни:У Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат (пайғамбарлик ёки Қуръон илмини) беради. Кимга (мазкур) ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди. Бундан фақат оқил кишиларгина эслатма олурлар(Бақара сураси, 269-оят).

Демак фаҳм-ҳикмат шундай улуғ нарса эканки, инсон у орқали Қуръон, ҳадис илмларини билиб, ундан тўғри ҳукм чиқара билиш ҳамда ҳар бир оят ва ҳадиснинг моҳиятига тушуна олиш қобилиятига эга бўлади. Аллоҳ ўзининг улуғ неъмати бўлган ҳикматини ҳаммага эмас, балки фақат ўзи хоҳлаган, ўзи севган бандаларига беради. Ҳикмат боши, манбаи, тамали, асоси – Аллоҳдан қўрқувдир! Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رضي الله عنه أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: "رَأْسُ الْحِكْمَةِ مَخَافَةُ اللهِ" (رواه الْإِمَامُ البيهقي).

яъни: Ҳикматнинг боши Аллоҳдан қўрқишдир” (Имом Байҳақий ривояти).

Қалбида Аллоҳдан қўрқуви бўлиб, ҳикмат эгаси бўлган киши ҳеч қачон Ислом дунёси уламолари Фирқатун ножия (нажот топувчи тоифа), деб ижмоъ қилган, аҳли суннат вал жамоатга қарши чиқиб, янги фирқалар тузмайди, бошқа фирқаларга эргашмайди! Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

عَنِ بْنِ عُمَرَ رضي الله عنه أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: "إِنَّ اللهَ لاَ يَجْمَعُ أُمَّتِي عَلَى ضَلَالَةٍ وَيَدُ اللهِ عَلَى الْجَمَاعَةِ

 وَمَنْ شَذَّ شَذَّ فِي النَّارِ" (رَوَاهُ الْإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ).

яъни: “Аллоҳ таоло менинг умматимни залолатга жамламайди. Аллоҳнинг қудрат қўли жамоат узрадир. Кимки жамоатдан ажралса, ажралиб жаҳаннамга киради” (Имом Термизий ривояти).

 Ислом тарихида қанчадан-қанча мазҳаблар, фирқалар чиққан бўлса-да, уламолар уларнинг йўллари тўғрилигига ижмоъ қилмаганлигидан, тезда йўқолиб кетишди. Аҳли ножия деб эълон қилинган аҳли суннат вал жамоат ҳақ бўлганлиги сабабли 14 асрдан бери яшаб келмоқда.

Ҳикмат соҳиби бўлган фаросатли, аҳли фаҳм "Мен юрган йўл нотўғри бўлиб қолса, Аллоҳнинг ҳузурига борганда нима қиламан?", – деб қўрқади. Фақатгина илмнинг ўзи кифоя қилганда эди, Азозил тўғри йўлдан адашмаган бўлар эди. У олим бўлса ҳам, ҳикматдан бенасиб бўлгани учун Аллоҳ таолонинг Одам алайҳиссаломга сажда қилишга бўлган буйруғининг ҳикматини била олмасдан тўғри йўлдан озиб, шайтонир ражиймга айланди.

Афсуски, баъзи ҳикмат илми берилмаган кимсалар ўзларини олиму доно фаҳмлаб, "шу йўлим тўғри" деб, турли-туман фирқалар ташкил қилмоқда. Уларга фаросат ва ҳикмат илми берилганида эди, исломнинг моҳиятидан хабардор бўлиб, асло фирқаларга бўлинмас эдилар.

Муҳтарам аҳли ислом! Дин илмини билмай туриб, Ислом дини номидан тарғибот ва ташвиқот қилаётган ҳар қандай кимсага эргашиб кетавериш ярамайди! Айниқса, замонавий электрон воситалари, интернет тармоқлари орқали тарқатилаётган диний мавзудаги маълумотларнинг ҳаммаси ҳам соф ислом ғоясига, бизнинг ақидамизга тўғри келавермайди. Шунинг учун интернет тармоғидан фойдаланадиган фарзандларимиздан огоҳ бўлайликки, токи улар экстремистик оқимлар таъсирига тушиб, алданиб қолмасинлар.

Диний илми етарли бўлмаган кишининг илмсиз тарзда фатво бериши ҳам одамлар орасида тафриқага сабаб бўлувчи омиллардан бири саналади. Диний илми бўлмаган кишининг олимликни даъво қилиши такаббурликдир. Аслида бундай кимсаларни илмдан гапиришга ҳаққи йўқ. Чунки, ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ عَوْفِ بْنِ مَالِكٍ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لَا يَقُصُّ إِلَّا أَمِيْرٌ أَوْ مَأْمُورٌ أَوْ مُخْتَالٌ

 (رواه الْإِمَامُ أبو داود).

 яъни: Авф ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Одамларга илмдан фақат амир (подшоҳ), ёки маъмур (подшоҳ томонидан рухсат берилган шахслар), ёки мутакаббир (ўзини катта олувчи) панд насиҳат қилади”, – дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Демак, одамларга ваъз айтишга фақат мутасадди раҳбарнинг ёки у томонидан ижозат берилган олим кишиларнинг ҳаққи бор. Улардан бошқа ким воизлик қилса, демак, бу – унинг манманлигидан, ўзига бино қўйганлигидандир.

Аллоҳ таоло барчаларимизни бир ёқадан бош чиқариб, меҳр-оқибат билан, тинч-тотувликда ҳаётгузаронлик бахтига муяссар айласин. Омин! 

Суббота, 18 Август 2018 00:00

Ҳашар – элга ярашар

“Ҳашар – элга ярашар” деган мақол бежиз айтилмаган. Ҳашарда халқимизга хос бағрикенглик, ўзаро ҳамжиҳатлик, умумхалқ байрами олдидан маҳаллалар, кўчалар ва аҳоли турар жойларини ободонлаштириш ишлари уюшқоқлик ва ҳамжиҳатлик билан амалга оширилади.

2018 йил 18-19 августь кунлари Қурбон ҳайити ва мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрами муносабати билан Имом Бухорий номли Тошкент ислом институти биносида ҳам ҳашар ташкил этилди.

Ҳашарда институт раҳбарияти, ўқитувчи ва ишчи хизматчилар ҳамда 2018-2019 ўқув йилида қабул қилинган талабалар фаол иштирок этди. Институтнинг ички ва ташқи ҳудудларида ободонлаштириш ишлари билан биргаликда ўқув даргоҳининг дарс хоналари, маъмурий хоналар, кафедралар, ошхона, ахборот-ресурс маркази тозаланиб тартибга келтирилди. Шунингдек, институтнинг атрофи ва ҳовлисидаги яшил майдон ҳудудларида қуриб қолган бегона ўтлар юлиб ташланди, ҳовлидаги узум ишкомлари тартибга келтирилди, дарахтлар оқланди ва қуриган шохлари кесилди ҳамда ҳовлидаги мавжуд ёнғин хавфсизлиги бурчаклари қайта жиҳозланиб, бўялди.

Ҳашар кунлари институтнинг “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ҳудудида ҳам тозалик ишлари юқори кайфиятда олиб борилди. Унда ўқув хоналари, талабалар турар жойи, ошхона, жисмоний маданият ва спорт мажмуаси, кафедранинг ички ва ташқи ҳовлиси тозаланди. 2018-2019 ўқув йилида қабул қилинган аёл-қиз талабалари томонидан барча дераза ойналари артилиб, янги ўқув йилига тайёр ҳолатга келтирилди.

Хулоса ўрнида Тошкент ислом институтида ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашари институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари, ходимлари ва талабалари орасида кўтаринки кайфият билан ўтганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Зеро, ҳашар ҳамжиҳатлик, ободлик ва яратувчанлик рамзи сифатида шаклланган меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ректор в.в.б У.Ходжаев

манба: islaminstitut.uz

Қуйида Тошкент шаҳар Олмазор тумани масжидларида ўтган ҳашар тадбиридан лавҳалар:

ЎМИ матбуот хизмати


 

 

Қирғизистон Республикасининг олий муфтийси Мақсат ҳожи Тўхтамишевнинг айтишича, жорий йилнинг сантябрь ойида Бишкекда Марказий Осиёдаги энг йирик масжид ўз фаолиятини бошлайди. Бу ҳақда islam-today интернет сайтига таяниб Азон нашри хабар берди.

 

“Масжид Усмонли турклар даври меъморчилиги асосида қурилади. Ўйлаймизки, бу иншоот Қирғизистоннинг безагига айланади”, дея фикр билдирган Қирғизистон муфтийси.

 

Марказий масжид Имом Сарахсий деб номланиши кутилмоқда. Қурилиш 2012 йилда бошланган. Унга Туркиянинг “Диёнат” фонди томонидан 25 миллион доллар ажратилди. Масжидга 8 минг киши, умумий ҳудудига эса 20 минг киши жойлашиши мумкин бўлади.

 

Айни пайтда Марказий Осиёдаги энг йирик масжид — Остонадаги “Ҳазрат Султон” масжиди ҳисобланади. У 11 гектарлик ҳудудда жойлашган бўлиб, умумий майдони 17 минг квадрат метрдан ортиқ. Сиғими эса 5 минг кишини ташкил қилади.

 

ЎМИ Матбуот хизмати



Янгиликлар

Top