Янгиликлар

Ўзбекистон – ШҲТ: тинчлик йўлидаги ўзаро ҳамкорлик

Глобаллашув ва турли таҳдидлар кучайган ҳозирги замонда ҳеч бир муаммони алоҳида бир давлатнинг саъй-ҳаракати билан ечиб бўлмайди. Шу маънода, Ўзбекистон билан ШҲТ ўртасидаги ҳамкорлик икки томон учун ҳам муҳим масалаларни ечишда ҳамкорликда ҳаракат қилишга кенг йўл очди.

Бугун 1996-1997 йиллари «Шанхай бешлиги» номи билан дунё юзини кўрган ҳамда 2001 йили Ўзбекистоннинг аъзо бўлиб кириши натижасида «Шанхай ҳамкорлик ташкилоти» дея ўзгартирилган ташкилотнинг тузилганига 15 йил тўлди. Мамлакатимиз ушбу муддат ичида самарали ҳамкорлик ўрнатган нуфузли халқаро тузилмалардан бири Шанхай ҳамкорлик ташкилотидир. Таъкидлаш жоизки, шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги замонда долзарб муаммоларни ҳал қилишда, хавфсизлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлашда ШҲТнинг роли ва таъсири ошиб бормоқда. Бунда ташкилот саммитларида ШҲТга аъзо мамлакатлар ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар соҳаларда самарали ҳамкорликни ривожлантириш, минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, дунёдаги вазиятнинг нозиклиги ва глобал ўзгаришлар, хавфсизлик ва барқарорликка таҳдидларнинг кучайиб бораётгани, “оловли нуқталар”нинг сақланиб тургани, турли минтақаларда, аввало, барчамизга яқин бўлган Марказий Осиё минтақасидаги мавжуд халқаро террорчилик, экстремизм, айирмачилик ва наркотрафик хавфи ШҲТдек халқаро ташкилотни тузиш ва шакллантириш ҳаётий зарурат эканлигини ва бу иш ўз вақтида амалга оширилганини тасдиқлайди.

ШҲТнинг Ўзбекистон манфаатлари билан ҳамоҳанг асосий жиҳати, унинг халқаро терроризм, диний экстремизм ва айирмачилик, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш фаолиятида намоён бўлади. Бундан буён ҳам ушбу йўналиш ШҲТ фаолиятининг энг муҳим таркибий қисми бўлиб қолади. ШҲТ ижрочи котиби Чжан Дэгуаннинг Ўзбекистон тўғрисида билдирган фирклари ҳам буни тасдиқлайди: «Бизнинг биринчи ва асосий хулосамиз – Ўзбекистон ШҲТ аъзоси сифатида фаол иштирок этмоқда. Мамлакатингиз ҳукумати ва унинг тузилмалари ташкилотга кирувчи барча давлатлар томонидан юксак баҳоланаётган ташаббусларни илгари сурмоқда».

Ўзбекистоннинг ШҲТга аъзо бўлиб кириши денгиз йўлларига чиқишда ва аъзо давлатлар билан иқтисодий ҳамкорлик қилишда кенг имкониятлар яратади. Шунинг учун биз ШҲТга аъзо давлатларнинг илғор жиҳатларидан унумли фойдаланишимиз лозим. Жумладан, Юртбошимиз 2005 йилнинг 25-27 май кунлари ХХРга расмий ташрифи жараёнида таъкидлаганидек, Ўзбекистон учун бугунги кунда дунёда илғор позицияларни эгаллаган соҳаларга оид Хитой тажрибасини ўрганиш муҳимдир. Энг аввало, Хитойнинг тўғри инвестициялари ва юксак технологиясини нефт ва газ соҳасига, телекоммуникация, компьютерлар ишлаб чиқариш, машинасозлик, жумладан қишлоқ хўжалиги ва автомобилсозлик, химия ва нефт-химия тармоғига, маиший техникалар ишлаб чиқаришга кенг жалб қилиш лозим.

Хулоса қилиб айтганда, халқаро майдонда одил, қатъий ва мустақил сиёсат юритиб келаётган Ўзбекистон жуғрофий жиҳатдан ҳам, сиёсий жиҳатдан ҳам Марказий Осиёнинг ўзагини ташкил этади, ҳудудда хавфсизлик ва тарққиётнинг асосий таянчи ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ШҲТнинг фаолиятини такомиллаштиришда Ўзбекистонннинг ўрни беқиёсдир.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

5472 марта ўқилди

Янгиликлар

Top