Янгиликлар

Кўринмас қўллар фитнаси

Дунёда юз бераётган фитналар ҳақида фикр юритган киши чуқур ўйга толади. Дин душмани бўлган “учинчи томон”нинг қўғирчоғига айланган манқурт кимсалар барчанинг нафратини қўзғамоқда.

Муборак Рамазон ойида ҳам Ироқнинг Бағдод шаҳридаги масжид ёнида террорчи-худкуш қўпорувчилик қилди. Оқибатда 12 киши ҳалок бўлди. Бир кун ўтиб Туркиянинг Истанбул шаҳридаги аэропорт ҳудудига бостириб кирган 3 нафар жангари ўт очиши натижасида 41 киши ҳаётига зомин бўлди. Ироқ пойтахтида 3 июлга ўтар кечаси содир этилган терактда ҳалок бўлганлар сони 200 кишидан ошди. Энг ачинарлиси Рамазон ҳайити арафасида мусулмонлар учун табаррук жой – Масжиду Набавий олдидаги худкушлик ҳаммасидан ҳам ўтиб тушди. 

Ушбу мудҳиш воқеалар ёвуз душман ишидир. Афсуски, ақлсиз кимсалар “учинчи томон”нинг алдовларига учиб, мана шундай шафқатсизликларга қўл урмоқда.

Бундай “учинчи томон” балосидан қандай сақланиш мумкин? Қуйида манфаатдор кучлар макр-ҳийлалари оқибатлари, фитналаридан огоҳ бўлиш борасида сўз юритамиз.

 

“Учинчи томон”нинг ёвузликлари

 

Кескин қарама-қаршилик, зимдан тўс-тўполонлар уюштириш тобора кучайиб бораётган бир вазиятда халқимизни оқни қорадан ажратишга қодир инсонлар этиб тарбиялаш, доим ҳушёр ва сезгир бўлишга чақириш ғоятда муҳимдир.

Маълумки, тим қоронғи тунда маёқ қайси томонни кўрсатса, одамлар шу ёққа қарайди. Улар қаёққа қараб юришлари маёқ тутган кимсага боғлиқдир. “Учинчи томон” найранглар билан жамиятдан ўзининг ёқловчиларини ажратиб олгач, бу тўда онгига ҳам “эгалик” қилади. Ушбу тўда аъзоларини “эркинлик”, “инсон ҳақ-ҳуқуқлари”га доир кўзбўямачиликлари билан қайрайди.

Афсуски, содда одамлар “маёқ” кўрсатаётган томонгагина талпинади. Уни бошқараётган қўлни эса кўрмайди. Соғлом фикр эгалари эса маёқ тутган шахснинг кимлигига эътибор беради.

Ҳозир халқни тўғри йўлдан оздириш ва қўққисдан ғалаёнлар уюштириш ортида “учинчи томон”нинг қора мақсадлари ётгани ҳеч кимга сир эмас. Бутун ер юзида тинчликка таҳдид солаётган ИШИДнинг қилмишлари бунга яққол мисол. Ушбу террорчи тўдалар “учинчи томон”нинг буюртмасини бажариб, тўс-тўполонлар қилиб, худкушликлар билан муборак Ислом динини ёмонотлиқ қилаётганидан барча хабардор бўлиши зарур.

Дунёга разм солсак, айрим мамлакатларда фитналар сабаб ибодат қилиш у ёқда турсин, оддий кун кечиришнинг ўзи муаммо бўлиб қолмоқда. Ҳатто ибодат пайтида ҳам бузғунчилар томонидан одамлар портлатиб юборилмоқда. Мусулмон одам икки дунёда бундай қабиҳликларга қўл урмайди. Демак, учинчи бир манфаатдор томон, кўзга кўринмас тўда борки, манқуртга айланган гумроҳ кимсаларни бошқариб турибди.

Ислом оламида эътироф этилган уламоларни масжидларда, намозхонлар кўз олдида қатл этилиши, мусулмонлар ардоқлаб келган мақбараларни вайрон қилиниши ўта оғир жиноятдир. Айниқса, ислом оламининг таниқли уламоси Муҳаммад Саид Рамазон Бутий талабаларга дарс ўтаётганда террорчилар томонидан портлатиб юборилгани айни шафқатсизликдир.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) низолар ҳақида бундай деганлар: “Албатта, шайтон Араб ярим оролида ўзига намозхонлар ибодат қилишидан умидини узди. Аммо уларни бир-бирларига қарши гиж-гижлашдан тўхтагани йўқ” (Имом Муслим).

Шайтон доим мусулмонлар орасига нифоқ солишга уринади. Агар инсонлар эътиқодларида мустаҳкам турсалар, шайтон улар орасига низо сололмайди.

Ер юзининг турли минтақалари, хусусан, Сурия ва Ироқ ҳудудида бўлаётган қарама-қаршиликлар ҳам кўринмас қўл макр­ҳийласининг оқибатидир.

Бундай фитналарнинг ортига теран кўз билан боқиш керак. Жангарилар ва уларнинг “халифа”сини ўйнатаётган учинчи қўл парда ортида ҳаракат қилмоқда. Икки томонни низо ва курашлар гирдобига ташлаб, бундан усталик билан ўз ғаразли мақсади йўлида фойдаланаётган учинчи қўл ҳақида бир неча йил олдин Президентимиз: “Бундай нозик дамларда учинчи қўлнинг маккорона, пинҳоний ҳаракатини унутмайлик! Уларнинг тегирмонига сув қуймайлик”, дея огоҳлантирган эдилар.

 

Фитна ҳақида ҳадисларда келган хабарлар

 

Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фитналар авж олган пайтда мусулмонлар бир-бирининг қонини тўкиши, ҳатто, инсон қўшнисини, яқинининг ўғлини, қариндошини ўлдириши ҳақида айтганлар. Шунда одамлар: “Ё Расулуллоҳ, ўша вақтда ақлимиз ўзимизда бўладими?” дейишади. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Йўқ. У замон кишилари кўпчилигининг ақллари суғуриб олиниб, жоҳил кимсалар халифалик қилади”, дедилар (Ибн Можа).

Бундай фитналар гирдобида қотил нима учун бир инсонни ўлдираётганини англамайди, ҳақ ва ботил, савоб ва гуноҳ орасини ажрата олмай қолади. Ҳозир Ироқ ва Сурия ҳудудларида ўлаётган ҳам, ўлдираётган ҳам инсонлар. Бундай қабиҳликни ҳадисда айтилганидек, фақат ва фақат жоҳил кимсаларгина қилади.

Жангарилар ҳеч тап тортмай, оқибатини ўйламай, Аллоҳ ҳузурида қандай жавоб беришини хаёлига ҳам келтирмай, ўз биродари, аёллар ва норасида гўдакларнинг жонига қасд қилмоқда.

Пайғамбар (алайҳиссалом) уруш-жанжал авж оладиган даврлар хабарини берганлар. Жумладан, Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, Муҳаммад (алайҳиссалом): “Замон тезлашади, амал камаяди, хасислик авж олади, фитналар зоҳир бўлади ва “ҳарж” кўпаяди”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, “ҳарж” нима?” дейишди. У зот: “Уруш, уруш”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим).

“Қомус” номли изоҳли луғат китобида “ҳарж” сўзи: “ҳаражан насу” – одамлар фитна, парокандалик ва урушга аралашдилар, деган маънони билдиради, деб шарҳ берилган.

Муовия ибн Қурранинг отасидан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қачон Шом аҳли бузилса, сизларга яхшилик йўқ!” деганлар (Имом Термизий). Яъни, террорчилар “Бизнинг томонга келинг!”, деб ҳар қанча жар солаётган, сафларига қўшилмаётганларни кофирга чиқараётган бўлмасин, уларга қўшилишда асло хайр йўқ!

Аксинча, савоб амалларда собитқадам бўлиб, ибодат, илм билан машғул бўлган афзал. Зеро, Маъқил ибн Ясор (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳарж (куни)даги ибодат мен томон қилинган ҳижрат (зиёрат) кабидир”, деганлар.

Имом Нававий ушбу ҳадиснинг шарҳида бундай дейди: “Ҳарждан мурод фитна ва парокандаликдир. Бундай кунда кам сонли одамлар ибодат билан машғул бўлиб, бошқалар фитнага аралашиб қолади. Шунинг учун мустаҳкам имон-эътиқод орқали фитна-фасоддан сақланиш фазилатдир”.

Имом Таҳовий: Одамлар Раббисига ибодат қилишдан, яхши ишлардан чалғимай, савоб амалларни, ибодатларни кўпайтириб бораверса, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни зиёрат қилгандек улкан савобга эришишларини айтади.

Демак, тинчлик-осойишталик ҳукм суриб турган диёрда ҳалол касб қилиб, тоат-ибодат билан банд бўлиш дин душманларининг ботил шиорларига алданиб қолмаслик омили эканини Расул (алайҳиссалом) алоҳида таъкидлаб васият қилмоқдалар. Фитна ва низолардан нари бўлишни истаган инсон ўзини ислоҳ қилиши, ибодатда бардавом бўлиши ва илм билан шуғулланиши лозим.

Маълумки, фисқу фасод ишларни қилиш охир-оқибат фитнага қўшилиш билан якун топади. Шу боис макр-ҳийлалар домига тушиб қолишдан сақланиш ва огоҳ бўлиш керак.

 

Имом-хатибларга тавсиялар

 

Ҳақиқатан ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳадисларида фитналардан огоҳ бўлишда бизга ёрдам берувчи кўп ҳикматлар бор. Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг саҳобаларига айтган сўзлари барча умматларга ҳам тегишлидир. У зот жуда кўп бор: “Огоҳ бўлинг! Албатта келажакда кўп фитналар бўлади”, деб фитналардан сақланиш йўлларини тушунтирганлар ва унинг муолажасини аниқ кўрсатиб берганлар.

Шу нуқтаи назардан қараганда, мазкур ҳадисларнинг мазмун-моҳиятини англаб, “учинчи томон”нинг найрангларидан халқимизни огоҳ этишда имом-хатибларга қуйидаги вазифалар тавсия этилади:

Биринчидан, бутун дунёда, айниқса, Яқин Шарқ мамлакатларида муборак динимиз номини ниқоб қилиб содир этилаётган бузғунчиликлардан кимлар манфаатдор экани, уларнинг ортида қандай кучлар турганини теран мушоҳада этиб, бутун аҳоли, хусусан, ёшларни тинчликнинг қадрига етиш, бу неъматни асраш учун доимо огоҳ ва зийрак бўлишга чақиришни имом-хатиблар асло тўхтатмасликлари керак.

Шу ўринда яқиндагина Тошкент шаҳрида ўтказилган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг саммитида тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилгани ва бу борада кенг кўламли амалий ишлар қилинаётганини таъкидлаш лозимдир.

Иккинчидан, ер юзининг турли минтақаларида содир этилаётган фожиали воқеаларнинг қандай аянчли оқибатларга олиб келишини чуқур ҳис қилган ҳолда, имом-хатиблар нотинч ўлкаларда яшаш ва бир бурда нон топиш нечоғли қийин кечаётганини ҳаётий мисоллар билан тушунтиришлари лозим.

Учинчидан, ақидапараст оқимлар ғояси халқимиз асрлар давомида эътиқод қилиб келаётган мотуридия ақидаси ва ҳанафий мазҳабига мутлақо ёт эканини аниқ мисол ва ишончли далиллар асосида ёритиш имом-хатиблар зиммасидадир. Айрим ташвишли ҳолатлар, баъзи ёшларнинг чет эл меҳнат сафаридан келгач, ўз эътиқодини янглиш деб ҳисоблаб, адашган гуруҳларнинг алдовларига учиб, “бу ибодатни бундай қилиш керак, у амални ундай қилиш керак”, деб “ўргатиш”гача бориши имом-хатибларни хавотирга солиши керак.

Тўртинчидан, айрим қўшни мамлакатларда кечаётган вазиятни таҳлил қилган киши радикал кучларнинг фаоллашганини хулоса қилади. Ушбу давлатларнинг чекка ҳудудларида ИШИД таъсиридаги гуруҳлар изғиб юргани кузатилган. Ёшларни авраб, жиҳодга чақирувчи жамоаларнинг янги уруш ўчоқларини юзага келтираётгани вазиятнинг янада кескин тус олишига сабаб бўлмоқда.

Бундай пайтда юртимиздаги осойишта муҳит ўз-ўзидан қўлга киритилмаганини тушунтириш ва муҳтарам Юртбошимизнинг: “Бошимиздан кечирган мана шундай мураккаб тарих сабоқларини одамларга, аввало ёшларимизга етказиш, уларнинг кўзини ҳақиқатга очиб бериш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас бурчимиздир” деган сўзларига қатъий амал қилган ҳолда имом-хатиблар ғоявий таҳдидларга қарши курашчанликни муттасил олиб боришлари даркор.

Бешинчидан, дунёнинг айрим минтақаларида фитналар авж олиб, қирғинбарот урушлар бўлаётган бир паллада Набий (алайҳиссалом)нинг муборак ҳадисларига оғишмай амал қилган ҳолда осуда юртда Яратганга чин ихлос ила тоат­ибодат қилиб, дуою илтижолар билан яшашга ҳеч нарса тенг келмаслигини имом-хатиблар халқимиз онгги ва шуурига чуқур сингдиришлари керак.

Айдарбек ТУЛЕПОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раиси ўринбосари

7046 марта ўқилди

Янгиликлар

Top