Янгиликлар

Ободлик кўнгилдан ва хонадонимиздан бошланур

Юртимизда мустақилликнинг йигирма беш йиллиги мобайнида эришилган муваффақиятлар асрларга татигуликдир. Хусусан, динимиз равнақи, унутилган алломаларимиз ҳаёти ва фаолияти, шунингдек, уларнинг нафақат мусулмон олами, балки бутун жаҳон офкор оммаси тан олди. Исломий билимларни теран ўрганиш имконини берувчи янги билим даргоҳларининг очилиши, хорижий давлатлар билан турли соҳаларда кенг алоқалар боғлаш бўйича юз йиллар қамраб олмас миқёсда хайрли ва эзгу ишлар амалга оширилди.

Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, юртимиз истиқлол неъматига мушарраф бўлгач, халқимиз барча соҳада камоли ҳуррият ила сайъ-ҳаракат қилиш имкониятига эга бўлди. Жумладан, динимизга ҳам кенг йўл очилиб, мўмин-мусулмонларимиз ибодатларини эмин-эркин адо этиш бахтига муяссар бўлдилар. Ўз эътиқодини ошкор қила олмаган, ибодатларини ҳузур-ҳаловат билан адо эта олмаган ота-боболаримиз эриша олмаган ҳуррият неъматидан Яратган бизларни баҳраманд қилди. Минглаб масжидлар очилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилди. Ўнлаб диний таълим муассасалари барпо қилиниб, у ерда ёшлар диний ва дунёвий фанлардан таҳсил олмоқдалар. Ўнлаб зиёратгоҳлар таъмирланиб, диний идора ихтиёрига топширилди. Ўтган йиллар давомида ҳукуматимиз томонидан диний соҳага тааллуқли бўлган бир нечта қонун ва қарорлар қабул қилинди. Бу эса мамлакатимиз ҳукуматининг дин ва диндорларга нисбатан нақадар ҳурмат ва эҳтиром кўрсатаётганининг ёрқин мисолидир.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида Тошкент ислом институти  ва 9 та ўрта махсус ислом билим юртлари фаолият олиб бормоқда. Мазкур Тошкент ислом институти ва ўрта махсус ислом билим юртларида диний ва дунёвий илмлар уйғунлаштирилган ҳолда ўргатилиб, етук мутахассислар тайёрлаб келинмоқда.

Жумладан, Тошкент ислом институти ва ўрта махсус ислом билим юртларида ҳам янги 2016 – 2017 ўқув йили учун қабул имтиҳонлари ўтказилиб, 254 нафар абитуриент талабалар сафига қабул қилинди. Талабалар сафига қабул қилинган абитуриентлар 1 сентябрга қадар билим юртларини ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этиб келмоқдалар.

 

Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими

 

 

3803 марта ўқилди

Янгиликлар

Top