Янгиликлар

Мана бир неча йилдирки, жонажон юртимиздан ҳар йили минглаб юртдошларимиз Ҳаж ва Умра зиёратларини адо этиб келмоқдалар. Ҳукуматимиз ҳамда мутасадди ташкилотлар томонидан йилдан-йилга зиёратчиларимиз хотиржам ва бемалол ибодат қилишлари учун чиройли шарт-шароитлар қилиб берилмоқда.

Бу йилги ҳаж мавсумига ҳам  тайёргарлик бошлаб юборилган.

Аввало зиёратчи хотиржам, ибодатларини чиройли ва мукаммал адо этиши учун унга сифатли, тоза, озода истиқомат жойи ва етарли шарт-шароитлар керак бўлади.

Макка шаҳрининг “Азизия” даҳасидаги кўркам бино пештоқига 16 метр узунликдаги давлатимизнинг байроғини кўрсангиз дилингиз яйрайди. 23 қаватли ҳашаматли “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонаси улканлигидан Макка шаҳрининг узоқ-узоқлари кўриниб туради, тепасига қарасангиз, дўппингиз ерга тушади.

Ташқаридан шунча чиройли ва ҳашаматли бўлса, ичкари қисми қанақа экан, деб ўйлаётгандирсиз, албатта. Аввало меҳмонхона кираверишидаги кенг зал одамнинг диққатини ўзига тортади. Киргандан ҳордиқ чиқармоқчи бўлсангиз, бунинг учун янги, қулай ўриндиқлар жойлаштирилган, меҳмонхона хизматчиларининг ширин муомаласи эса кишининг баҳри дилини очади.

Ўз хонангизга кўтарилмоқчи бўлсангиз, ҳар бирига 21 тадан одам сиғадиган 10 та лифт кутиб туради. Бу лифтлар шундай дастурланган-ки, битта тугмани боссангиз, сиз турган жойга энг яқин лифт дарров етиб келиб, истаган қаватингизга бир зумда етказиб қўяди. Қаватингиздаги йўлакка гиламлар тўшалган. Йўлаклар гард тушса, ялагудек саранжом-саришта. Ҳар бир хона 4 кишига мўлжалланган бўлиб, сизга мўлжалланган ётоқда ҳали оҳори тўкилмаган кўрпа-ю чойшаблар тўшаб қўйилган. Хоҳласангиз рўпарангизга осиб қўйилган телевизордан Каъбаи муаззамани ёки Масжидун Набавийни томоша қилиб ўтиришингиз мумкин.

Ҳар бир хонада кийим жавони, ёзув столи, совутгич ва музлатгич ҳам мажуд. Хона дид билан шундай безатилган-ки, кирган киши ҳайратини яширолмаса керак. Хоналар ёруғ ва озода. Хона безагига ҳамоҳанг қилиб чиройли парда осилган. Хуллас келганингизда бунга ўзингиз амин бўласиз, муҳтарам Ҳожи!

Ҳаж-2016 ишчи гуруҳи

Макка шаҳри. 2016 йил 22 август

5400 марта ўқилди

Янгиликлар

Top