Янгиликлар

“Ҳаж – 2016” мавсуми бошланди

Фуқароларимизни ҳаж ва умра зиёратига юбориш, ўрнатилган тартибга кўра, Юртбошимиз Фармонлари билан тузилган “Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Жамоатчилик кенгаши” нинг қарорлари ва тавсиялари асосида ташкил этилмоқда. Ўтган йигирма беш йил мобайнида муборак сафарларни ташкил этиш борасида катта ютуқларга эришилди. Бугунги кунда бу ишлар янада такомиллашди ва зиёратчиларимизга кўплаб қулай шароитлар яратилди. Бунинг учун Яратганга чексиз шукрлар қилишимиз даркор.

Бу йили зиёратчилар “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг “БОИНГ” русумли ҳаво кемаларида Тошкент, Наманган, Бухоро, Урганч, Қарши ва Самарқанд шаҳарларидан амалга оширилиши режалаштирилган чартер рейсларда 24 август - 4 сентябрь кунлари жўнаб кетишади,  17-28 сентябрь кунлари қайтиб келишади.

Шунга кўра, ҳар йилги тажрибадан келиб чиққан ҳолда, зиёратчиларимиз учиш вақтларидан 5 соат олдин сафарга тайёргарлик кўриш мақсадида тузилган жадвалга мувофиқ, “Новза” масжидига йиғилдилар. Уларга ўз гуруҳ раҳбарлари томонидан керакли тавсиялар ва кўрсатмалар берилди.

Зиёратчиларни Тошкент халқаро аэропортига иззат-икром билан шинам автобусларда олиб борилди.

Бугун 24 август куни Ўзбекистон ҳаж делегацияси, ишчи гуруҳи аъзолари, шифокорлар, ошпазлар ва зиёратчилардан иборат жами 450 дан зиёд зиёратчилар икки рейсда Саудия Арабистони Подшоҳлигига жўнаб кетдилар.

Зиёратчиларимиз Мадинаи мунавварада “Масжид ан-Набавий” дан унча узоқ бўлмаган “Жавҳарат Ар-Рашид” меҳмонхонасига, Маккаи Мукаррама шаҳрида эса янги қурилган ва замонавий жиҳозланган ҳашаматли “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасига жойлашадилар. Улар 3 маҳал миллий таомлар, иссиқ чой ва яхна ичимликлар билан таъминланади.

Ҳаж арконлари ва ҳожиларимиз шароитини ёритиб бериш учун ишчи гуруҳ таркибидаги Тошкент ислом университети “Зиё” студияси вакиллари томонидан интервью ва репортажлар олиниб,  “Ўзбекистон” телеканали орқали намойиш этилиши режалаштирилган.

Маълумки, Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги МДҲ мамлакатлари ичида Ўзбекистонда ҳаж ва умра ишлари шундай тартибли, намунали ва ҳавас қиладиган даражада ташкил этилганини мамнуният билан эътироф этмоқда.

Аллоҳ таоло ҳаж амалларини адо этиш йўлида мол-дунё сарфлаб, муқаддас масканлар сари отланган азиз юртдошларимизни жонажон Ватанимизга, ота-оналари ва фарзандлари бағрига соғ-саломат қайтишларини насиб этсин, қиладиган ҳаж ибодатларини қабул этиб, гуноҳларини мағфират айласин!

 ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

7302 марта ўқилди

Янгиликлар

Top