Янгиликлар

Қалбларни титратган воқеа

2016 йилнинг 24 августида Италия пойтахти Рим шаҳридан 150 км узоқликда жойлашган Пескара-дель-Тронто шаҳрида даҳшатли зилзила содир бўлди. Ушбу зилзила шаҳар аҳолисини карахт аҳволга солиб қўйди. Қутқарувчилар ва ўтўчирувчилар тирик қолганларни қутқариб қолишга бор кучлари билан ҳаркат қилишди. Туну кун тиним билмаётган қутқарувчилар, хароба уйларни кўздан кечираётган бир пайтда, қулаган девор бўлаклари остидан 4 ёшлар атрофидаги Giorgia Renaldo исмли қизалоқни топиб олишди. Мўъжиза сабаб бу қизалоқ тирик қолганди. У нафас олаётганди. Унинг беғубор юзчаси моматалоқ бўлиб, сочлари чангга беланиб ётган бўлсада, тақдири илоҳий сабаб у тирик эди.

Қутқарувчилардан бири бўлиб ўтган воқеъани бундай изоҳлайди: “Биз қулаб тушган девор остида қолган бир қизалоқни кўрдик, у тахминан 8-9 ёшлар атрофида эди. Уни устидан девор бўлакларини олиб ташлар эканмиз, аллақачон, унинг жони узилиб, танаси музлаб бўлган эди. Лекин бизни ҳайратга солган воқеъа, у бағрида 3-4 ёшлар атрофидаги бир қизалоқни қучоқлаб ётарди. У қизалоқ эса нафас олаётганди. Кейин билдикки, бу унинг синглиси Giorgia Renaldo экан. Чамамда, зилзила бошланиб, деворлар қулай бошлаганда, опа ўз синглисини қаттиқ қучоқлаб олган. Қулаб тушган деворнинг бир бўлаги, опанинг устига қулаган, у шу заҳотиёқ ҳаётдан кўз юмган. Синглиси яраланган бўлсада, у тирик қолган.  Чунки қулаган девор бўлаги синглисини бағрига босиб олган опанинг танасига келиб урилган ва у шу заҳотиёқ вафот этган”.  

Ҳа, ҳақиқатан ҳам, опанинг ўз синглисига бўлган муҳаббати, унинг ҳаётини сақлаб қолишга сабаб бўлди. Опанинг меҳри ва жасорати барчани юм-юм йиғлатди. Ушбу воқеъанинг эртаси куни ўз синглиси ҳаётини сақлаб қолган жасоратли қизалоқнинг дафн маросими бўлди. Уни кўзларда шашқатор ёш билан сўнгги манзилга кузатишди...

Дафн маросимида қутқарувчилардан бирининг қизалоққа ёзиб келган мактуби йиғилганларни кўзига ёш келтирди. Унда қуйидаги жумлалар ёзилганди: “Ўз мардлиги ва жасорати билан қалбларни ларзага солган қизалоқ, бизни кечир...биз сени қутқариб қололмадик. Биз кечикдик...Сени қидириб топганимизда, мурғак тананг музлаб қолганди, сени бу ҳолатда кўриб қалбимиз эзилди, қўлларимиз қалтираб, кўзларимиз ёшланди. Биз сени қутқаришга кечикдик... бироқ сен ўз жигаринг, меҳрибон синглингнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун мардларча жон бердинг...бу жасоратинг олдида барчамиз бош эгамиз! Биз сени жуда яхши кўрамиз...”.

Илҳом МАЪРУПОВ

таржимаси

4812 марта ўқилди

Янгиликлар

Top