Янгиликлар

Билим юртида “Билимлер беллескенде” танлови ўтказилди

Жорий йилнинг 12 октябрь куни “Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний” ўрта махсус ислом билим юртида “Билимлер беллескенде” танлови бўлиб ўтди.

Танлов ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – билим юрти талабаларининг диний экстремизм ва терроризм,  бузғунчилик, ахлоқсизлик каби ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетини янада кучайтириш, талабаларнинг Қуръон, ақоид, тафсир, ҳадис ва фиқҳий масалалардаги билимларини янада ошириш, турли таҳдидларга қарши мустақил фикрларини баён этиш қобилиятини ривожлантириш,  талабаларни қизиқишлари бўйича тўғри йўналтириш ва уларни рағбатлантириш, миллий-диний урф-одат, анъана ва қадриятлар асосида тарбиялашдан иборатдир.

Танловни Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси, “Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний” ўрта махсус ислом билим юрти мудири Шамсуддин Баҳоуддинов кириш сўзи билан очиб берди ва танлов иштирокчиларига омад тилади. 

Танловда билим юрти 2-курс талабаларининг “Зиё” командаси, 3-курс талабаларининг “Бухорий издошлари” ва 4-курс талабаларининг “Беруний издошлари” жамоалари иштирок этишди. Улар тўртта шарт бўйича ўзаро беллашдилар. Билим юрти мудири ўринбосарлари ва бир қатор фан ўқитувчилари танловга ҳакамлик қилишди. 

Биринчи шартда таништирув шарти бўлиб, жамоа аъзолари ҳақида қисқа маълумот бериб ўтдилар. Қўшимча слайд ҳамда видеоролик ишларидан фойдаланилди.

Иккинчи шартда ҳар бир жамоа сардори ҳакамлар ҳайъати томонидан тайёрланган конвертлардан бирини танлаб, гуруҳ билан келишган ҳолда саволларга жавоб беришди.

Учинчи шартда ҳакамлар ҳайъати томонидан тайёрланган 10 та тезкор савол кетма-кетликда гуруҳ сардорларига ўқиб эшиттирилди ва жавоблар ўз навбатида белгилаб борилди.

Тўртинчи шартда эса ҳар битта жамоа “Таълим соҳасига оид” йигирма дақиқали саҳна кўринишларини тайёрлаб, ўз чиқишларини намойиш этишди.

Қизғин ва муросасиз кечган беллашув натижаларига кўра, биринчи даражали диплом билан 2-курс талабаларининг “Зиё” жамоаси,  иккинчи даражали диплом билан 4-курс талабаларининг “Беруний авлодлари” жамоаси ва учинчи даражали диплом билан 3-курс талабаларининг “Бухорий издошлари” жамоаси тақдирландилар. Шунингдек, иштирокчиларга билим юрти томонидан қиммат баҳо эсдалик совғалари топширилди.    

САЛАМАТ КУДАЙБЕРГЕНОВ

Билим юрти ўқитувчиси

3864 марта ўқилди

Янгиликлар

Top