Жорий йилнинг 14 октябрь куни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида “Буюк ва муқаддассан, мустақил Ватан” мавзусида очиқ дарс бўлиб ўтди. Унда 2-курс талабалари иштирок этишди. Очиқ дарсни билим юрти ўқув ишлари бўйича мудир муовини Маъмуржон Эркаев олиб борди. Шунингдек, очиқ дарсга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари И. Иномов, Тошкент ислом институти ўқув ишлари бўйича проректор И. Аҳроров, билим юрти мудири З. Мирсадиқов, билим юрти услубий бирлашмаси раиси Ж. Холмўминов ва билим юрти ўқитувчилари қатнашишди.
Очиқ дарсдан кўзланган асосий мақсад – истиқлол йилларида эришилган ютуқлар, мустақилликка эришгандан сўнг Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти И. Каримов бошчилигида амалга оширилган ислоҳотлар, қатағон йилларида халқнинг бошига тушган қийин кунлар, қатағон қурбонлари, истиқлол туфайли уларнинг номлари ҳамда диний ва миллий қадриятлар қайта тикланиб, келажак авлодга етказилгани ҳақидаги маълумотларни талабаларга етказиш ва уларда ўз юртига бўлган муҳаббат, инсонпарварлик каби фазилатларни шакллантиришдан иборат.
Очиқ дарсда талабалар икки гуруҳга бўлиниб, биринчи гуруҳга “Қатағон сиёсати”, иккинчи гуруҳга эса “Мустақиллик фарзандлари” деб ном беришди.
Очиқ дарс уч қисм асосида олиб борилди. Асосий қисм, мустаҳкамлаш ва уйга вазифа. Очиқ дарс аввалида “Ким эдиг-у, ким бўлдик”шиори асосида ишланган видеолавҳа намойиш этилди.
Асосий қисмда ўқитувчи тайёрлаб келган слайд асосида мустақилликдан аввалги ҳолат, яъни Совет тузуми ҳукм сураётган давр миллий ва диний қадриятларимиз оёқости қилиниши, Абдулла Қодирий, Беҳбудий, Фитрат, Усмон Носир ва Тавалло каби зиёли, шоир ва ёзувчиларнинг қамоққа олиниб қатағон қилиниши, миллийлигимизнинг йўқотилиши ҳақида, шунингдек, мустақилликдан кейин диний ва миллий қадриятлар, қатағон қурбонларининг номлари қайта тикланиши ва улар қолдирган асарлар ўрганилиб, нашр эттирилиши, она тилимизга бўлган эътибор ва аҳамиятнинг юқори даражага олиб чиқилгани ҳақида гапириб ўтди.
Уйга вазифа қилиб қуйидагилар белгиланди:
- Ҳафта давомида “Ким эдуг-у, ким бўлдик” шиори асосида мустақилликкача бўлган давр ва мустақиллик даврини қиёсий ўрганиш.
- Шаҳидлар хиёбонига саёҳат уюштириш ва ҳозирги олган билимларини амалий мустаҳкамлаш.
Машғулот сўнгида очиқ дарсдан кўзланган мақсадга эришилди ва меҳмонлар очиқ дарс юзасидан ўзларининг тавсиялари ва таҳлилий мулоҳазаларини ўртоқлашдилар.
Абдулвосе ҒАНИЕВ,
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
маънавий-маърифий масалалар бўйича мудир муовини