Янгиликлар

Имом Бухорий халқаро марказида янги босқич ўқувлари бошланди

2016 йилнинг 16 октябрь куни Имом Бухорий Халқаро марказида диний ходимларнинг II давра VIII босқич ўқувларининг бошланишига бағишланган суҳбат тадбири бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри имом-хатиблари иштирок этишди.

Тадбирда Марказ директори Ш.Зиёдов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири А.Қаюмов ва Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими И.Зуҳриддинов қатнашиб, тингловчиларни янги ўқув машғулотларининг бошланиши муносабати билан қутлаб, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов ташаббуси билан ташкил этилган Имом Бухорий халқаро маркази, унинг мақсад ва вазифалари ҳақида тушунчалар беришди. Марказдаги шарт-шароитлар ҳамда тингловчилар томонидан риоя этилиши лозим бўлган тартиб-қоидалар тушунтирилди.

Суҳбат якунида ҳозирги кундаги бузғунчи гуруҳлар найранглари, жумладан, Яқин Шарқ мамлакатларидаги турли низо, фитналардан огоҳ бўлиш ҳамда жойларда ўтказилаётган турли маърифий тадбирларда бузғунчиларнинг ёд ғоялари, кирдикорларини тўғри ва холисона очиб бериш таъкидланди. Юртимизда чоп этилаётган маънавий-маърифий газета ва журналларда, интернет сайтларида халқимиз, хусусан, ёшларни тўғри йўлдан оғдиришга уринаётган ёт ғоя ва таҳдидларга қарши долзарб мавзулардаги чиқишлар билан фаол иштирок этиш тавсия этилди.

Ўқув жадвалига мувофиқ 17 октябрь куни биринчи машғулотлар бошланди. Унда Имом Бухорийнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти”, “Имом-хатибларнинг маънавий-маърифий соҳадаги долзарб вазифалари” мавзуидаги маърузани Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансуров олиб борди.

Яқиндагина тўлиқ жорий таъмирдан чиқарилган ётоқхонада тингловчиларнинг самарали таҳсил олишлари ва мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун етарлича шароитлар муҳайё қилинди. Ўқув хоналари ва ётоқхона электр манбаи, иссиқ сув ва бошқа барча қулайликлар билан таъминланган.

Марказ ошхонасида тингловчилар учун уч маҳал иссиқ овқат, ётоқхона буфетида енгил тамадди қилишлари учун зарур шароитлар ташкил этилган.

Шундай қилиб, II давра VIII босқич машғулотлари кўтаринки кайфиятда бошланди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими

3506 марта ўқилди

Янгиликлар

Top