Янгиликлар

ТАЪЛИМ ВА МАЪРИФАТ – ТИНЧЛИК ВА БУНЁДКОРЛИК ЙЎЛИ

2016 йил 18-19 октябрь кунлари Тошкентда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси бўлиб ўтади.

Ушбу нуфузли тадбирга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрилди. Сессияда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар, кузатувчи мамлакатлар ва халқаро ташкилотлардан уч юзга яқин вакил иштирок этиши кутилмоқда.

Ислом конференцияси ташкилоти 1969 йил 25сентябрда Марокаш пойтахти Работ шаҳрида бўлиб ўтган мусулмон давлатлари саммитида ташкил этилган. Мусулмон давлатларининг ҳар томонлама ривожланиши учун шароит яратиш, турли халқлар ўртасида тинчлик ва тотувлик қарор топишига кўмаклашиш унинг асосий мақсади этиб белгиланган.

2011йил 28 июнда тузилма номи “Ислом конференцияси ташкилоти”дан “Ислом ҳамкорлик ташкилоти” деб ўзгартирилган. Бугунги кунда ташкилотга 57 мамлакат аъзо ҳисобланади.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котибияти Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида жойлашган. Бош котиб 5 йил муддатга сайланади. Амалдаги Бош котиб Иёз Амин Маданий 2014йил 1январдан буён ташкилотга раҳбарлик қилиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг мактуби асосида 1996 йилнинг 2 октябрида ИҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг ҳар йили ўтказиладиган навбатдаги мувофиқлаштириш сессиясида Ўзбекистон Республикаси мазкур ташкилотнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айланди.

Ўзбекистоннинг ИҲТга аъзо бўлишининг асосий мақсадларидан бири ушбу ташкилот салоҳиятидан фойдаланган ҳолда, Ислом дунёсида республиканинг миллий манфаатлари ҳимоясини таъминлашдан иборат. Шу боис, мазкур ташкилот салоҳияти ва имкониятларини халқаро терроризм, диний ақидапарастлик ҳамда наркотик моддаларни ишлаб чиқариш ва тарқатишга қарши кураш каби замонамизнинг энг таҳликали муаммоларини ечишга жалб этиб келмоқда.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинади.

Ташкилотнинг олий органи – Ислом саммити уч йилда бир марта ўтказилади. Ундан кейинги муҳим орган Ташқи ишлар вазирлари кенгаши бўлиб, унинг сессияси ҳар йили аъзо мамлакатлардан бирида ўтказилади. 2015йил май ойида Қувайт шаҳрида бўлган 42-сессияда навбатдаги сессияни Тошкент шаҳрида ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Тошкентда бўлиб ўтадиган Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессияси аъзо мамлакатлар ҳамкорлигини янада ривожлантиришга хизмат қилади. Анжуман Ўзбекистон томонидан таклиф этилган “Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик йўли” шиори остида ўтади. Шу вақтдан бошлаб Ўзбекистон ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раисликни расман қабул қилиб олади ва навбатдаги 44-сессиягача унга раҳбарлик қилади.

Ўзбекистон раислиги даврида ИҲТнинг маданий-ижтимоий салоҳиятини кўтариш масалаларига урғу берган ҳолда, ташкилотнинг мусулмон давлатларининг фаол ва обрўли форуми сифатида мавқеини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Бугун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Иёз Амин Маданий билан учрашди.Суҳбат давомида Ўзбекистоннинг Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашидаги раислиги доирасида 18 октябрь куни Тошкент шаҳрида очиладиган ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.Мулоқот чоғида вазирлар учрашуви кун тартиби ва амалий жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди ҳамда бўлажак анжуманни муваффақиятли ўтказишдан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ахборот хизмати

7418 марта ўқилди

Янгиликлар

Top