18 октиябрь куни кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрига Амир Темур ордени берилган кун муносабати билан вилоят миқёсида тадбир бўлиб ўтди. Унда кўплаб ташкилот ва жамоат бирлашмалари вакиллари қаторида вилоят бош имом-хатиби Н. Исламов ва бош имом ўринбосари З. Эшонқулов иштирок этишди.
Дастлаб, Соҳибқироннинг қабри жойлашган Гўри Амир мақбарасида Қуръон тиловати қилинди ва Амир Темур ҳазратлари ҳамда барча ўтган буюк бобокалонларимиз руҳи покларига бағишланди. Сўнг Темур бобомиз ҳайкали пойига гулчамбар қўйилди.
Тадбир иштирокчилари биргаликда махсус автобусга ўтириб, вилоят ҳокими бошчилигида 2016 йилда Самарқанд шаҳрида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг Самарқандга ташрифи чоғида самарқандликларга туҳфа сифатида тақдим этилган замонавий трамвай қурилишига ҳам оқ фотиҳа берилди ва қурувчилар томонидан ишлар бошлаб юборилди.
Маълумки, 1996 йил 18 октабрда Самарқандда Амир Темур таваллудининг 660 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан ушбу кунни – Самарқанд шаҳри куни сифатида нишонлаш таклиф этилган эди. Ўша куни шаҳарга Амир Темур ордени топширилди. Мана 20 йилдирки, бу сана кенг нишонланиб келинмоқда.
ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги