Янгиликлар

ТИИда Қуръони карим мусобақаси ўтказилди

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим!

“Дарҳақиқат, Биз Қуръонни зикр учун осон қилдик. Бас, эслатма олувчи борми?!” деган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Қуръони карим қалбига нозил қилинган, энг биринчи қори – Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га саловоту саломлар бўлсин. Қуръони каримни ўқийдиган, уни ёдлаб то қиёматгача нақл қиладиган  қориларга Аллоҳнинг фазли марҳамати бўлсин.

Каломларнинг энг афзали Аллоҳ таолонинг Каломи бўлганидек, мусобақаларнинг энг афзали Каломуллоҳ – Қуръони карим мусобақасидир.

Дарҳақиқат, Мутаффифун сураси 26 ояти каримасида бундай дейилган:

و في ذلك فاليتنافس المتنافسون

“...ва шу нарса учун (яъни, “аброрлар” учун бериладиган жаннат неъматлари учун)  мусобақа қилувчилар мусобақа қилсинлар”.

Анкабут сураси 49-оятида эса бундай марҳамат қилади:

بل هو آيات في صدور الذين اوتواْ العلم

“Йўқ! У (Қуръон) илм берилган зотларнинг дилларидаги аниқ оятлардир”.

Оиша (розияллоҳу анҳо) онамиздан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Қуръонга моҳир киши улуғ, итоаткор малоикалар билан биргадир. Қуръонни қироат қилишда тутилиб-тутилиб, қийналган кишига икки баробар ажр бор” деганлар (Имом Муслим).Ушбу ҳадиси шарифдаги “моҳир” сўзидан Қуръонни тажвид ва тадаббур билан ўқийдиган яхши ёд олган қори назарда тутилган.

  Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ҳар ойни бирор фанга бағишланади ва унга тегишли алоҳида режалар ишлаб чиқилади. Октябрь ойи “Қуръон қироати ва тажвид ойлиги” деб номланганлиги боис, 27 октябрь куни “Таҳфизул Қуръон” кафедраси ташаббуси билан, институт талабалари ўртасида “Қуръон зиёфати” номли Қуръони карим мусобақаси ўтказилди. Мазкур мусобақа, аввалгиларидан фарқли ўлароқ, фақат тараннум йўналиши бўйича Тошкент ислом институтининг қироат ва тиловатда пешқадам 26 та талабалари ўртасида  “Тараннум” (оҳанг чиройли бўлиши); “Савт” (овози баланд, гўзал бўлиши);  “Тажвид” (Қуръонни тажвид қоидаларига тўла риоя қилган ҳолда тиловат қилиш) шартлари асосида ўтказилди.

Мусобақани ўтказишдан асосий мақсад талабаларнинг катта тадбирлардаги Қуръони карим тиловати вақтида ҳаяжонини йўқотиш, халқ орасида ўзини тутишда тажриба ҳосил қилишларидир. Ушбу мусобақада мураттаблик (яъни, Қуръоннинг 30 пораси бўйича сўралган жойдан ёддан тўлиқ ўқиб бериш) йўналиши бўйича мусобақа назарда тутилмади ҳамда бу мусобақа Республика босқичига саралаш мусобақаси деб эътибор қилинмади. Бироқ, Республика босқичига саралаш пайтида мужаввид (яъни, Қуръонни равон, чиройли оҳангда тажвид қоидалари асосида ўқиб бериш) йўналишида ушбу мусобақа натижалари эътиборга олиниши эълон қилинди.

Мусобақа, албатта, Қуръон тиловати билан бошланди. Сўнг “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири мусобқани очиб берди ҳамда Қуръони карим ва қориларнинг фазилати, бу фараҳбахш ва осойишта кунларда, жаннатмакон диёримизга шундай гўзал мусобақалар ўтказиш ярашиши ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

Мусобақа якунига кўра:

1-ўринга 2 “б” курс талабаси Йўлдош Нуриддинов ва 2 “а” курс талабаси Абдулазиз Раҳмонберди;

2-ўринга 4 “г” курс талабаси Исмоил Носиров ва 4 “б” курс талабаси Иноятуллоҳ Эсонқулов;

3-ўринга 4 “б” курс талабаси Ҳусанхон Ваҳобов лойиқ деб топилди. Ғолиблар мақтов ёрлиқлари ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.

Тадбир охирида юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги ва тинчлиги, диний идорамиз рахбарияти ва ушбу олий даргоҳда фидокорона хизмат қилаётган ҳамда таълим бераётган устозларнинг фаолиятига ривож сўраб дуои хайрлар қилинди.

Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,

“Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири

4778 марта ўқилди

Янгиликлар

Top