Улуғ боболаримизнинг илмга интилиш ва эл-юртга хизмат қилиш борасидаги гўзал анъаналарини бугунги ёшларимиз ҳам давом эттирмоқда. Биз бу ҳаракатни талаба ёшларимизнинг ғайратида, янги-янги етишиб чиқаётган иқтидорли қори йигитларимиз тимсолида кўрмоқдамиз. Ҳозирги кунда ёшларимизнинг диний ва маънавий етуклигини мустаҳкамлаш мақсадида юртимизда Тошкент ислом институти ва ўрта-махсус ислом билим юртлари фаолият кўрсатиб келмоқда. Унда бир қанча талабалар таҳсил олмоқда. Қори йигит ва қизларимизнинг билим савияларини ошириш ва қобилиятларини аниқлаш мақсадида, Республика миқёсида Қуръони каримни ёддан ва тажвид қоидалари билан тиловат қилиш бўйича маҳаллий мусобақалар мунтазам ўтказилиб келинмоқда. Мазкур мусобақаларда юқори натижага эришган қори-қорияларимиз турли хорижий давлатларда ўтказилаётган Халқаро Қуръони карим мусобақаларига таклифлар асосида юборилмоқда.
Шу йилнинг 18–24 октябрь кунлари Қуръони каримни ёддан ўқиш ва тафсир қилиш бўйича Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида ўтказилган 38-Халқаро Қуръони карим мусобақасида икки нафар вакилимиз – Тошкент ислом институти талабаси Музаффархонов Абдуллохон ва Сайид Муҳиддин Маҳдум ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Абдуҳалимов Аъзамжон иштирок этиб қайтишди.
Мазкур мусобақада дунёдаги 50 дан ортиқ давлатдан етук Қуръон ҳофизлари иштирок этиб, улар орасида вакиллариимиз Қуръони каримнинг тўлиқ 30 порасини ва 15 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш йўналишида қатнашди.
Мусобақа 4 йўналишда ўтказилиб, унда юқори уч ўринни қўлга киритган қориларга совринли мукофотлар топширилди. Қуръони каримни тўлиқ 30 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш билан бирга 30 поранинг луғавий маъноларини билиш йўналишида 1-ўринни Саудия Арабистони, 2-ўринни Судан, 3-ўринни Марокаш қорилари эгаллади. Қуръони каримнинг 30 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш йўналишида 1-ўринни Фаластин, 2-ўринни Ливия, 3-ўринни Саудия Арабистони давлатлари қорилари эгаллади.
Қуръони каримнинг 15 порасини ёддан ўқиб бериш йўналишида 1-ўринни Ливия, 2-ўринни Баҳрайн, 3-ўринни Камерун қорилари эгаллади.
Вакилларимизга иштироки тўғрисидаги ташаккурнома ёрлиғи тақдим этилди. Иштирокчи қорилар учун мусобақа ташкилий ҳайъати томонидан Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунаввара шаҳарларидаги муқаддас қадамжоларга зиёрат уюштирилди.
Халқаро алоқалар бўлими