Янгиликлар

Дўстлигимиз абадий бўлсин

Ўзбекистон ва Қирғиз Республикаси ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамкорликка асосланган дўстона муносабатларнинг мантиқий давоми сифатида 2016 йил 26 октябрь куни мамлакатимизнинг бир гуруҳ вакиллари қўшни республиканинг таклифига кўра Ўш областига ташриф буюрдилар. Делегация таркибида диний соҳа ходимларидан Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи М.Йўлдошев, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари бош имом-хатиблари, уларнинг ўринбосарлари иштирок этди.
«Дўстлик» чегара постида мамлакатимиз делегациясини Қирғиз Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари М.Абулғозиев бошчилигидаги расмийлар кутиб олди. Сўнг белгиланган дастур асосида Ўш шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан таништирув бошланди.
Дастлаб Ўш шаҳрининг марказий майдонида қирғиз тадбиркор 
ва фермерлари ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ярмаркаси бўлиб ўтди. Сўнг Қирғиз халқлари ассамблеяси томонидан концерт дастури ташкил этилди. Ўзбек ва қирғиз миллатига мансуб ижодкорлар томонидан икки халқ тилида ватанпарварлик мазмунидаги қўшиқлар куйланди. 
Шундан сўнг Ўш шаҳридаги «Сулаймон тоғ» масжидининг мажлислар залида Қирғиз Республикаси муфтийси Максатбек Токтомушев ва қирғизистонлик имом-хатиблар, уламолар ҳамда диний соҳа ходимлари иштирокида  учрашув бўлиб ўтди. Учрашувни Қирғиз Республикаси Президенти ҳузуридаги Дин ишлари бўйича комиссиянинг Ўш, Жалолобод, Боткен областлари бўйича минтақавий бўлими бошлиғи Исакбай Мурзабеков олиб борди. Унда Қирғиз Республикаси муфтийси Максатбек Токтомушев нутқ сўзлади. Сўзга чиққанлар икки халқ азалдан аҳил-иноқликда, ўзаро ҳурмат ва ишонч руҳида яшаб келгани, мамлакатларимизнинг тинчлиги, фаровон ҳаёти бутун минтақадаги барқарорликка таъсир кўрсатиши, ўсиб келаётган ёш авлодни дин номидан ҳаракат қилаётган, хавфсизликка таҳдид солаётган экстремистик ва террорчи ташкилотлар ғояларидан ҳимоя қилиш долзарб аҳамият касб этаётгани, мазҳабсизликни даъво қилаётган оқимлардан огоҳ бўлиш, ҳанафий мазҳаби, мотуридийлик ақидавий таълимотида мустаҳкам туриш лозимлигини қайд этдилар.
Шундан сўнг Ўзган туманида жойлашган Имом Бухорий номидаги ислом институти ва «Абдураҳим ҳожи» мадрасасига ташриф уюштирилди. Бу ерда Қирғизистондаги диний таълим, ўқувчи ва талабаларга яратилган шароитлар билан таништирилди.
Сафар давомида Ўзган туманидаги Имом Сарахсий мақбараси, Ўзган археология-архитектура музейи ва бошқа диққатга сазовор жойларга ташриф уюштирилди. Қирғизистон тарафидан Ўш шаҳри, Ўш, Жалолобод, Боткен областлари қозилари ва бош имом-хатиблари ҳамроҳлик қилдилар.
Мулоқотлар дўстона руҳда кечди. Бу каби учрашувларни доимий йўлга қўйиш таклифлари билдирилди. Ўзбекистонлик диний ходимлар самимий қабул учун мезбонларга ўз миннатдорликларини изҳор этдилар.

Матбуот хизмати 

 

4823 марта ўқилди

Янгиликлар

Top