Янгиликлар

Жума намозига ташриф

2016 йил 11  ноябрь куни пойтахтимизнинг Олмазор туманида жойлашган “Имом Бухорий” жоме масжидига жума намозини адо этиб бериш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов ташриф буюрдилар.

Иброҳимжон домла жамоатга “Ислом–бағрикенгликка чорлайди” мавзусида маъруза қилиб, хусусан, қуйидагиларни айтиб ўтдилар:

"Диний бағрикенглик – турли дин вакиллари эътиқодидаги мавжуд ақидавий фарқлардан қатъий назар уларнинг ёнма-ён, ўзаро тинч-тотув яшашини англатади. Ҳар ким ўз эътиқодига амал қилишда эркин бўлгани ҳолда бу ҳуқуққа бошқалар ҳам эга эканлигини эътироф этмоғи лозим. Бағрикенглик билан ўзгаларнинг узрини қабул қилиш, оғирликни ўзига олиб, бошқаларга енгиллик бахш этиш муқаддас динимизнинг таълимотларидан биридир.  Зеро, Ислом дини илк даврданоқ собиқ динларга ҳеч қандай тазйиқ ўтказмади, турфа мазҳаб ва мафкураларга қарши таассуб этмади. Биринчи кунларданоқ диний бағрикенгликнинг оламшумул шиорларини ўртага ташлади: Барча самовий динлар бир манба, бир булоқдан сув ичади, ҳамма пайғамбарлар биродардирлар. Динлардаги ихтилофлар қотиллик ва адоватларга сабаб бўлмаслиги, яхшилик, силаи раҳмдан тўсмаслиги лозим”.

Шундан сўнг, жума намозини адо этган масжид қавми бугунги нурафшон ва осойишта кунлар учун шукроналик билдиришди, азиз ватанимиз ҳамда қалби эзгуликка тўла халқимиз ҳаққига дуои хайрлар қилишди.

 

Садриддин АБДУРАШИДОВ,

«Имом Бухорий» жоме масжиди имом-хатиби

 

4320 марта ўқилди

Янгиликлар

Top