Янгиликлар

Китоб – инсоннинг энг яқин дўсти

Китоб – инсоннинг энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақл қайроғи ва билим манбаидир. Китоб фикрлаш қуроли, хазиналар калити, тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни мўътабар ҳисоблайдилар. Шунинг учун китобга муҳаббат, уни қадрлаш, ўқишга иштиёқ халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида жорий қилинган “Китобхонлик куни” муносабати билан 2016 йил 17 ноябрь куни устоз ва талабаларни дунёқараши кенг, интеллектуал ривожланган, маънавий ва бадиий ҳамда сиёсий илм савияларини янада юксалтириш мақсадида Ахборот-ресурс маркази  ташаббуси Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши муассислигида фаолият юритаётган “Янги аср авлоди” нашриёт-матбаа маркази билан ҳамкорликда китоб кўргазма савдоси ташкил этилди.

17 ноябрь куни соат 10:00 дан 16:00 га қадар ташкил этилган мазкур кўргазмада институт жамоаси билан биргаликда  “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти АРМ мудири бошчилигидаги устоз ва талабалар иштирок этдилар.

“Янги аср авлоди” нашриёт-матбаа марказида чоп этилган китоб ва журналлар ўзининг ранг-баранглиги билан алоҳида ажралиб турди. “Янги аср авлоди” нашриёт-матбаа марказининг “Ёшлар матбуоти” савдо тармоғи ходимлари кўргазма иштирокчиларига 315 номдаги 1400 дона “Камолот кутубхонаси”, “Заковат дурдоналари”, саломатлик рукнларидаги адабиётларни, сиёсий, бадиий, илмий, ҳажвий, жаҳон ва болалар адабиёти дурдоналари, инглиз, рус ва корес тилларидаги луғат, ҳикоя ва бадиий китоблар, оила психология, тарих, юридик китоблар, шерий тўплам китоблар, халқ табобати ва инсонни ўрганишга оид китоблар, журналларни тақдим қилдилар.

Институтда бу каби китоб кўргазмаларини ўтказиш йўлга қўйилгани устоз ва талабаларнинг вақти ҳамда нақдини тежаётгани ва албатта талабалар дунёқараши ривожланишида катта омил экани эътироф этилмоқда. Шунингдек, китоб кўргазмалари юртимиздаги нашриётлар фаолияти ва уларда чоп этилаётган янги китоблар билан яқиндан танишишда муҳим аҳамият касб этмоқда.  

 

Камолиддин Маҳкамов,

Тошкент ислом институти АРМ мудири

11392 марта ўқилди

Янгиликлар

Top