Янгиликлар

Фаоллик сари қадам

Ижтимоий барқарорликни янада мустаҳкамлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш бугунги куннинг талабидир. Асрий орзуимиз маҳсули бўлган мустақилликнинг, эркин ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканини унутмаслик лозим. Бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш эса диний соҳа вакиллари, айниқса, имом-хатиблар фаоллиги билан чамбарчас боғлиқ.

Жорий йилнинг 15 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакиллиги томонидан имом-хатибларнинг фаоллигини ошириш, билим-савиясини кўтариш, тажриба алмашишини йўлга қўйиш мақсадида туман ва шаҳар бош имом-хатиблари Боғот туманидаги аҳоли кам бўлган ва чекка ҳудудларда жойлашган масжидлар фаолияти билан яқиндан танишдилар. Жумладан, “Қазампир бобо”, “Мирҳошим бобо”, “Одина эшон бобо” ва “Хўжа бобо” масжидларида олиб борилаётган ободончилик ва таъмир ишлари, имом-хатибнинг жамоатчилик билан муносабатлари, шунингдек, масжид ҳужжатларининг юритилиши каби фаолиятлар билан танишиш тадбир иштирокчилари диққат эътиборида бўлди.

Тадбир сўнгида Боғот тумани марказидаги “Дарвеш бобо” масжидида йиғилиш ўтказилиб, масжидлар фаолиятидаги ютуқ ва камчиликлар муҳокама қилинди. Тадбирда сўзга чиққан ЎМИ Хоразм вилояти вакили Хайрулла Абдуллаев имом-хатибларни ўз вазифасига масъулият билан ёндашишга, масжидга келаётган жамоатчиликка барча замонавий шароитларни имкон қадар яратиб беришга, аҳоли билан уйғунлашган ҳолда барча тадбирларда илғор бўлишга чақирди.

  

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Хоразм вилояти вакиллиги

4215 марта ўқилди

Янгиликлар

Top