Янгиликлар

Тадбирлар давом этмоқда...

2016 йил 23 ноябрь куни Қашқадарё вилояти Ёшлар марказида вилоятдаги жоме масжид имом-хатиблари иштирокида семинар-йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президент Девони масъул ходими Камолжон Камилов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита масжидлар бўлими масъул ходими Зулҳайдар Султонов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур, вилоят ҳокими ўринбосари Баҳодир Қодиров, ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло Усмонов ўз маърузалари билан қатнашди.

Сўзга чиққанлар юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикни янада мустаҳкамлаш йўлида халқимизга хос ҳамжиҳатлик, ўзаро меҳр-оқибат алоҳида ўрин тутишини таъкидлашди. Шунингдек, бугунги мураккаб ва таҳликали даврда ушбу эзгу фазилатларни асраб-авайлаш билан бирга, доимо огоҳ ва сергак бўлиб яшаш, бепарволик ва беписандлик кайфиятидан узоқ бўлиш лозимлиги уқтирилди.

Юртимизда тинчлик-осойишталикни таъминлаш йўлида давлатимиз томонидан олиб борилаётган ишлар таҳсинга лойиқ. Шундай эмин-эркинлик, тинч-осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиб, жонажон диёримиз тараққиётга муносиб ҳисса қўшиш, уни ҳар турли фитналардан, таҳдидлардан ҳимоя қилиш ҳар биримизнинг шарафли ва масъулиятли бурчимиздир.

Семинар-йиғилишда юртимизда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, бунда имом-хатибларнинг ўрни ва вазифасига алоҳида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, тадбирда бугунги давр ўта тезкор, шиддат билан ривожланиб бораётгани, бунда барча соҳа ходимлари, хусусан, имом-хатиблар, ўқитувчи-педагоглар дунёда содир бўлаётган ҳар бир янгиликдан хабардор бўлиб бориши, ижтимоий ҳаётда кечаётган жараёнларда ҳам фаол иштирок этиши, ҳеч қачон лоқайдлик ва бепарволикка берилмаслиги тушунтирилди.

Шу куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур вилоятдаги “Кўк гумбаз” марказий жоме масжидига ташриф буюриб, тинчлик олий неъмат экани, унинг шукронасини адо этиш, турли ёт ғоялардан ёшларни асраш каби мавзуларда маъруза қилиб, Юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини Яратгандан сўраб дуолар қилдилар.

 

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими

 

 

4215 марта ўқилди

Янгиликлар

Top