Янгиликлар

“Нажотга шошилинг” номли азон айтиш маҳорати мусобақаси...

Буюк ибодат сари чорлашга хизмат қилувчи азон мусаффо динимизнинг шиор ва белгиларидандир. Азон айтиш биринчи ҳижрий санадан бошланган. Даставвал, мусулмонлар масжидда тўпланишар, намоз вақтини кутиб ўтиришар, вақт бўлганда эса намоз ўқир эдилар. Абдуллоҳ ибн Зайд ибн Абду Роббиҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у кишига тушларида намозга чақириқни бошқа услубларда – дўмбира чалиш, олов ёқиш кабилар ила эмас, балки, айнан маълум сўзлардан иборат азон ила бўлишини ўргатилган. Тонг отиши билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, тушларини сўзлаб берганларида, Пайғамбаримиз: “Иншааллоҳ, бу ҳақ туш. Билолнинг ёнида туриб, кўрганингни айтиб бериб тур, у азон айтсин, унинг овози сеникидан кучли”, деганлар. Бунга ўхшаш тушни Умар розияллоҳу анҳу ҳам кўрганларини айтганлар. Хуллас, шу тариқа азон айтиш жорий бўлган.

“Азон” луғатда, билдириш маъносини англатади. Шариатда эса: «Фарз намознинг вақтини махсус сўзлар ила билдиришга азон дейилади».

Азон айтишнинг фазилати бир қанча ҳадисларда алоҳида баён қилинган. Жумладан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Муаззин овози етган жойгача мағфират қилинади ва унга барча ҳўлу қуруқ гувоҳлик беради», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Муаззинлар қиёмат куни бўйни энг узун одамлар бўлурлар», дедилар». Муслим ва Аҳмад ривоят қилган. Насаийнинг ривоятида эса: «Унга у билан намоз ўқиганларнинг ажрича ажр берилади», деган иборани зиёда қилинган.

Юртимиз истиқлолга эришиб, диний ўқув юртлар қайтадан ташкил қилинганидан сўнг, деярли ҳар йили талабалар ўртасида Қуръони карим, ҳадис, ислом тарихи (сийрат), араб тили грамматикаси ва сўзлашуви каби мусобақалар ўта эьтибор билан ўтказиб келинмоқда. Бу мусобақаларни ташкиллаштириш, улардаги шартлар, иштирокчиларнинг савияси йиллар давомида анчайин такомиллашиб бормоқда.

Жорий йилнинг 23 декабрь куни Тошкент ислом институти асосий биносида “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ташаббуси билан институт тарихида биринчи бор “Нажотга шошилинг” номли азон айтиш маҳорати мусобақаси ташкиллаштирилди. Мусобақанинг асосий мақсади – талабаларда азоннинг тарихи ҳамда унинг талаффузи ва тараннуми, фиқҳий қоидаларини ўзлаштиришларига қизиқтириш, талабалар азонни маҳорат билан айтиш малакасини ҳосил қилишларига кўмаклашишдир, Дастлаб, ҳар бир курс талабалари ўртасида ички мусобақа ўтказилди ва ҳар бир курсдан икки нафар ғолиб талаба мусобақада қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди. Мазкур мусобақа “савт” (овозни жарангдор ва баландлиги) 40 балл, “тараннум” (гўзал оҳанг) 30 балл ва “тўғри талаффуз” (азондаги лафзлар ва ҳарфларни тўғри талаффуз қилиш) 30 балл - жами 100 баллик шартларни ўз ичига олди. Шу билан бирга, кейинги азон айтиш маҳорати мусобақаларида бошқа шартларни ҳам қўшиш назарда тутилган. Мусобақа ҳакамлар ҳайьати раиси Жалолиддин Ҳамроқулов (“Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири), ҳакамлар ҳайьати аьзолари Жаҳонгир Нематов, Исломхон Убайдуллаев, Аҳмадхон Рашидов ва Зафар Маҳмудовлар (“Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ўқитувчилари), котиб ва баллар ҳисобчиси Жаҳонгир Рўзиев (“Таҳфизул-Қуръон” кафедраси кабинет мудири) бўлдилар.

Мусобақа муаззинлар пешвоси, ислом тарихида биринчи бўлиб азон айтган ҳазрати Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу ҳақларидаги саҳна кўриниши билан бошланди. Сўнгра, институт ректори Уйғун Ғафуров мусобақани очиқ деб эьлон қилди ва навбатма-навбат иштирокчилар чиқиш қилдилар.

Якуний тўпланган баллар йиғиндисига кўра қуйидаги талабалар ғолиб деб топилдилар:

Олий ўрин: Нуриддинов Йўлдош 2 “б” курс талабаси,

Олий ўрин: Нейматов Муҳаммадюсуф 1 “г” курс талабаси,  

1-ўрин: Сайдалиев МуҳаммадҲожимирзо 2 “а” курс талабаси,

2-ўрин: Бузрукхонов Акромхон 2 “а” курс талабаси,

3-ўрин: Мансуров Мусо 1 “б” курс талабаси.

 Ғолиблар мақтов ёрлиғи ва қимматбаҳо совғалар, иштирокчилар эса эсдалик совғалар билан тақдирландилар. Мусобақа якунида юртимиз тинчлиги, фаровонлиги ва тараққиёти, халқимиз бахти ва саодати, институтимиз ривожини сўраб дуолар қилинди.

Лойиҳа муаллифи,

Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ

 

 

 

7143 марта ўқилди

Янгиликлар

Top