Ислом дини аёлларни мўътабар инсон сифатида қадр-қимматларини юқори баҳолаган. Шунга биноан бугунги куннинг аёли ҳам унга берилган ҳақ-ҳуқуқлардан оқилона фойдаланиш билан бир қаторда, аёллик иффатини сақлаб, ўз шаънига доғ туширмасликка ҳаракат қилмоғи лозим.
Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг “Аёллар эркакларнинг ажралмас бир қисмидир”, деган ҳадисларига биноан аёл киши жамиятнинг ажралмас бир бўлаги, у ижтимоий ҳаётда ўз мавқеига эгадир. Шунинг учун ҳам у эркаклар қатори илм олишга, касб-ҳунар ўрганиб, меҳнат қилишга ҳақлидир.
Исломнинг аёлларга нисбатан адолат қилганлигининг белгиси сифатида эркаклар билан бир қаторда диний ва дунёвий илмлар олиш ҳуқуқига эга эканликларини эътироф этиш лозимдир. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Илм талаб қилиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир” (Ибн Можа, Байҳақий ва Ибн Абдулбарр ривоят қилишган).
Айни кунларда ҳам аёлларимиз диний ва дунёвий соҳаларда билим олиш билан юртимиз тараққиётига ҳисса қўшиш, маҳалланинг етакчи фаолларидан бўлиб, ёшларни тарбиялаш, ёш авлодга ибрат кўрсатиш шарафига муяссар бўлмоқдалар.
2017 йилнинг 3-7 январь кунлари Андижон Давлат Университети маданият саройида вилоятдаги отинойиларнинг диний ва дунёвий билимларини ошириш мақсадида ўқув курслари ташкил этилди.
Жумладан, 4 январ куни ўтказилган ўқув семинарда Андижон вилояти бош имом-хатибининг ўринбосари Мирзомақсуд Алимов иштирок этди. У ўз чиқишида “Исломда аёлларнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ҳуқуқлари” мавзусида маъруза қилиб, маҳаллардаги аёл-қизлар маслаҳатчилари ва отинойиларнинг ҳамкорлигини йўлга қўйиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирди.
Ташкил этилган ўқув-семинар барча иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Музаффар Жабборов
ЎМИ Масжидлар бўлими ходими