Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов 27-28 март кунлари махсус ташриф билан Навоий вилоятида бўлдилар. Сафарнинг биринчи куни Кармана туманидаги “Қосим Шайх Азизон” ва “Мавлоно Ориф Деггароний” масжидлари фаолияти билан танишдилар. Нурота туманидаги “Чилустун” жоме масжидида ҳам бўлдилар. Куннинг иккинчи ярмида Навбаҳор туманидаги “Абул Ҳасан Ҳарақоний” масжидини зиёрат қилдилар ва намозхонларга қулай шароитлар яратиш хусусида кўрсатмалар бердилар.
Эртаси куни Қизилтепа туманидаги “Боязид Бистомий” масжиди, Қизилтепа туман халқ қабристони; “Хўжа Жалол” масжиди ва “Хўжа Жалол” халқ қабристони; “Тошмасжид” масжиди ва “Эшон Ниёз” қабристонига бордилар. Обод бўлаётган масжидлар ва қабристонларни кўрганидан хурсанд бўлганларини айтиб, аҳолининг ҳақига дуолар қилдилар.
Қўмита раиси ва муфтий ҳазратлари туманларда имом-хатиблар билан йиғилишлар ўтказдилар. Имомларга суициднинг олдини олиш, давомати паст ўқувчилар, диний оқимга мойил кишилар, жазони ўташ муассасаларида ётганлар ҳамда қидирувда бўлганлар оилалари билан суҳбатлар ўтказишга доир кўрсатмалар бердилар. Намозхонлар билан дилдан гаплашдилар.
Бундан ташқари, Қизилтепа туманида ишга тушган “Деҳқонобод” қишлоқ врачлик пунктида бўлиб, яратилган шароитлар билан танишдилар. Врач ва ҳамширалар ҳақига эл саломатлиги йўлида толмай хизмат қилишларини сўраб дуолар қилдилар. Саккизта маҳаллани ўз ичига олган “Ванғози” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Толиб Қодиров аҳолининг меҳр оқибатлилиги, маърифий-маънавий тадбирлар кўп ўтказилиши, энг асосийси, аҳолининг диний эҳтиёжини қондирилгани, масжид билан ҳамкорлик тўғри йўлга қўйилганини фахрланиб гапирди. Шундан сўнг, 84 ёшли Салим ҳожи Каримов бобо хонадонида бўлдилар.
Китобхонликни ўзига дастуруламал билган отахон барчага китоб ўқишни тавсия этади. Маҳалланинг тўй-маъракаларида бош бўлади.
Отахон ота-боболарига насиб этмаган мустақиллик кунларига, халқимизга шундай элпарвар юртбошини берганига, муқаддас Ҳаж зиёратига бориб келганига, тўкис шароитда фарзандлари, эл-юрти ардоғида яшаётганидан хурсанд бўлиб, юртимиз тинчлигини тилаб дуога қўл очдилар.
Тоҳиржон РЎЗИЕВ
Навоий вилоят бош имом хатиби