Жорий йилнинг 22 август куни Тошкент шаҳри, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлари зиёратчилари, шу жумладан Президентимиз ташаббуси билан имтиёзли тарзда ҳаж сафарига юборилган 73 нафар иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ҳамроҳлари Мадина шаҳрига соғ-саломат етиб келди. Уларга 8 та шифокор ва 2 та ишчи гуруҳи ҳамроҳлик қилди.
Юртимиздан келган зиёратчилар Мадина аэропортида тантанали кутиб олинди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига алоҳида эҳтиром кўрсатилиб, хурмо ва зам-зам сувлари тақдим этилди. Зиёратчилар замонавий автбусларда Мадинадаги “Жавҳарат ар-Рошид” меҳмонхонасига жойлаштирилди.
Шунингдек, 73 нафар иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва уларнинг ҳамроҳларига меҳмонхонанинг қулай қаватларидан хоналар берилди ҳамда уларнинг ҳолидан доимий хабар олиб туриш учун шифокорлар бириктирилди.
Мадина ва Макка шаҳарларидаги меҳмонхоналарда узлуксиз ишчи гуруҳи штаби ва тиббиёт пункти фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, тиббиёт гуруҳи ходимлари томонидан ҳар куни жадвал асосида зиёратчиларнинг саломатликлари текширилиб, керакли муолажалар ва зарур тавсиялар бериб келинмоқда.
Зиёратчилар билан кунлик маънавий-маърифий учрашувлар, суҳбатлар давом этмоқда. Учрашувларда О.Юсупов, А.Мансуров, М.Йўлдошев ва А.Саатов томонидан юртимиздаги ислоҳотлар, миллий ва диний қадриятларимиз, ҳажнинг ташкилий жиҳатлари, хавфсизик чоралари, ҳаж ва умрага тегишли фатволар ҳамда шифокорлар томонидан шахсий гигиенага тегишли қоидалар тушунтириб борилмоқда.
Мадина ва Макка шаҳарларида зиёратчиларимиз тартибли ва уюшган ҳолда ўз ибодатларини давом эттирмоқдалар.
Бугунги кунда Макка ва Мадина шаҳарларида об-ҳаво кундузи 40-420 кечқурун эса 30-320 ни ташкил қилмоқда.
Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати