Янгиликлар

Вакилимиз халқаро Қуръони карим мусобақасида иштирок этмоқда

Жорий йилнинг 31 март куни Иордания пойтахти Аммон шаҳридаги “ал-Малик ал-Муассис” жоме масжидининг Ислом маданияти маркази залида Қуръони каримни ёддан ўқиб бериш ва тажвид асосида тиловат қилиш бўйича 31 халқаро Ҳошимийлар мусобақаси бошланди.

Иорданиядаги Вақфлар, исломий ишлар ва муқаддас жойлар вазири Муҳаммад Aл-Халайлиҳ очилиш маросимида мусобақанинг бу йилги даврасида 48 мамлакатдан 49 нафар иштирокчи қатнашишини таъкидлади. Бу Иордания Ҳошимийлар Қироллиги раҳбариятининг Қуръон тиловати, уни ёд олиш ва Аллоҳнинг Каломига эътибор қаратишга бўлган иштиёқидан далолат беради.

Ал-Халайлиҳ Қуръони карим мусобақасини халқаро миқёсда ўтказишдан мақсад Aллоҳ таолонинг Китобини кенг тарғиб қилиш, Қуръони карим ва ундаги фазилатлар ва қадриятларни ҳаётимизга соғлом ёндашув сифатида қарор топтириш эканини маълум қилди.

Мазкур халқаро мусобақада Иордания Вақфлар вазирлиги Бош котиби Aбдулла ал-Aқил, Ҳаж ва Умра ишлари раҳбари Мажди ал-Батоуш, Закот жамғармаси мудири Aбд Самират, Ҳаж жамғармаси мудири Фуад Курий, Вақф маблағларини ривожлантириш бўлими бошлиғи Юсуф ал-Қузот, Бош котибнинг бошқарув ишлари бўйича ёрдамчиси Ҳатим ас-Суҳаимат ва иштирокчиларнинг яқинлари иштирок этмоқда.

Ушбу нуфузли мусобақада вакилимиз Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон кафедраси” талабаси Саъдулло қори Солижонов ҳам қатнашмоқда.

Аллоҳ таолодан қоримизга ушбу нуфузли халқаро мусобақада муваффақиятлар ва зафарлар ато этишини сўраб қоламиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

661 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top