Янгиликлар

Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони


Кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, унинг асосида ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилмоқда. 

Шу билан бирга, дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар ва ижтимоий-сиёсий вазиятнинг таҳлили диний-маърифий соҳадаги фаолият самарадорлигини оширишни ва малакали кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизимини яратишни тақозо этмоқда. 

Халқимизга азал-азалдан хос бўлган маърифатпарварлик, бағрикенглик, меҳр-мурувват, бунёдкорлик каби эзгу фазилатлар ва қадриятларимизни кенг тарғиб қилиш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг ўрни ва иштирокини ошириш ҳамда 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ: 

1. Қуйидагилар диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари этиб белгилансин: 

“жаҳолатга қарши маърифат” улуғвор ғоя асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини кенг ёритиш ва бу соҳадаги илмий-маърифий фаолиятни жадал ташкил этиш; 

ислом ва жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимизнинг бой маданий меросини чуқур ўрганиш асосида ёшларнинг онгу тафаккурини шакллантириш; 

динни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиган бузғунчи ёт ғояларнинг асл моҳияти ва мақсадлари ҳақида аҳолининг, айниқса, ёшларнинг хабардорлик даражасини ошириш; 

жамиятда миллий ва диний қадриятларимизга ёт бўлган ғояларга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш; 

жамиятда бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, тинчлик ва тотувликни, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг дахлдорлик ҳисси ва иштирокини янада ошириш; 

диний-маърифий ташкилотларнинг моддий-техника таъминотини мустаҳкамлаш, соҳа вакиллари меҳнатини муносиб рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш; 

глобаллашув шароитида жамиятимиздаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва эътиқод эркинлигига таҳдид туғдириши мумкин бўлган омилларни барвақт аниқлаш ва олдини олишга қаратилган ахборот-таҳлилий фаолиятни кучайтириш; 

диний ва дунёвий билимлар уйғунлигини ривожлантириш асосида таълим сифатини ошириш, диний-маърифий соҳада малакали кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг яхлит тизимини яратиш. 

2. Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тузилмасида 15 та штат бирлигидан иборат Диний-ижтимоий жараёнларни ўрганиш ахборот-таҳлил маркази (кейинги ўринларда Марказ деб юритилади) ташкил этилсин. 

Марказ Дин ишлари бўйича қўмитанинг диний мавзуларга оид адабиётлар, Интернет ва оммавий ахборот воситалари материалларини чуқур таҳлил қилиш, диний-ижтимоий муҳитнинг барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш фаолиятини амалга оширадиган ахборот-таҳлилий тузилмаси ҳисобланади. 

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Ўзбекистон ислом академияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академиясини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин. 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси: 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита муассислигидаги Қуръон илмлари, ҳадис, ислом ҳуқуқи, ақида, тасаввуф, ислом иқтисодиёти ва молияси, халқаро муносабатлар, хорижий тиллар (араб, форс, инглиз, рус, урду, турк ва б.) ва бошқа халқаро миқёсда эҳтиёж мавжуд бўлган соҳалар бўйича малакали кадрларни тайёрлашга, ўрта махсус, олий таълим, олий таълимдан кейинги таълим, малака ошириш босқичларида узлуксиз таълимнинг яхлит тизимини ташкил этишга ва илмий меросни чуқур тадқиқ қилиш ва асраб-авайлашга, диний ва дунёвий билим беришга ихтисослашган етакчи таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади; 

республикадаги барча ислом таълим муассасалари фаолиятини ўқув-меъёрий ва ўқув-услубий жиҳатдан таъминлаш ҳамда мувофиқлаштиришни амалга оширади; 

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ва қонунда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади; 

ҳуқуқ ва мажбуриятлар бўйича қайта ташкил этилаётган Ўзбекистон ислом академиясининг ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университетининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади. 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси битирувчиларига умумтаълим мактаблари, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларида соҳага тегишли фанлар бўйича педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи берилсин. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги ПҚ–2909-сон “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 14-бандида белгиланган имтиёзлар Ўзбекистон халқаро ислом академиясига ҳам татбиқ этилсин. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилсин. 

5. Ўзбекистон халқаро ислом академияси таркибида Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари минтақавий филиалларига эга бўлган Малака ошириш маркази ташкил этилиши инобатга олинсин. 

Малака ошириш маркази ва унинг минтақавий филиалларида имом-хатиблар, имом ноиблари, диний соҳа мутахассислари, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, олий ва ўрта таълим муассасаларининг соҳага тегишли педагог кадрлари қайта тайёргарликдан ўтади ва малака оширади. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Ўзбекистон халқаро ислом академияси Малака ошириш маркази ва унинг минтақавий филиаллари фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилсин. 

6. Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги “Зиё” медиа маркази мамлакатимизда диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, аждодларимизнинг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бой диний-илмий меросини кенг тарғиб қилувчи, диний-маърифий ҳаётдаги янгиликларни жамоатчиликка етказувчи асосий медиа тузилма сифатида шакллантирилсин. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда “Зиё” медиа маркази ишини самарали ташкил этиш мақсадида уни алоқа воситалари, кенг қамровли Интернет тармоғи, замонавий телестудия, телевизион ускуналар жамланмаси, компьютер техникалари, дастурий таъминот ва бошқа техника воситалари билан таъминлаш чораларини кўрсин. 

“Зиё” медиа маркази 2021 йилнинг 1 майига қадар белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича республикада ишлаб чиқарилмайдиган, замонавий телестудия ташкил этиш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, компьютер ва сервер техникаси, техника воситалари, шунингдек, бошқа моддий-техника ресурсларини олиб кириш учун божхона тўловларини (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно) тўлашдан озод этилсин. 

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг олий диний-маърифий таълим муассасаси шаклидаги Ҳадис илми мактабини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин. 

Қуръони карим ва ҳадисларнинг асл моҳиятини, ҳадис илмининг илмий-назарий асосларини чуқур ўрганган, ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ ватандошларимизнинг улкан илмий меросини пухта ўзлаштирган, ҳадисшунослик соҳасида илмий изланишлар олиб бориш кўникмасига эга мутахассисларни тайёрлаш ҳамда ҳадислардаги эзгу умуминсоний ғояларни халқимиз, айниқса, ёш авлодга етказиш Ҳадис илми мактабининг асосий вазифалари этиб белгилангани инобатга олинсин. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилсин. 

8. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамоат фонди Васийлик кенгаши мазкур фондни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилганлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилганлиги,2-иловага мувофиқ ушбу жамоат фондининг Васийлик кенгаши таркиби маъқулланганлиги маълумот учун қабул қилинсин. 

“Вақф” хайрия жамоат фондининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланганлиги қайд этилсин: 

фуқароларнинг диний, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш; 

масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, ободонлаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш; 

тарихий-меъморий аҳамиятга эга зиёратгоҳларни сақлаш, таъмирлаш, ободонлаштириш, уларнинг инфратузилмасини янада ривожлантириш; 

диний таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини молиялаштириш, уларнинг профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш; 

масжидлар ва зиёратгоҳлар ходимларини, хусусан имом-хатиблар, имом ноиблари, мутаваллилар, муаззинларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш; 

ислом илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аждодларимиз, замонамизнинг етук олим ва уламолари қаламига мансуб диний-маърифий асарларни чоп этиш ва аҳолига етказишга кўмаклашиш; 

юртимиздаги муқаддас зиёратгоҳ ва қадамжоларнинг мусулмон дунёсидаги нуфузини янада ошириш, бу масканларга маҳаллий ва хорижий фуқароларнинг зиёратларини уюштириш, зиёратчилар учун зарур шароитлар яратиш; 

аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш. 

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан биргаликда Ўзбекистон мусулмонлари идорасига бир ой муддатда “Вақф” хайрия жамоат фондининг молиявий-хўжалик фаолиятини ташкил этиш, фуқаролардан закот, фитр ва бошқа хайрия маблағлари сифатида тушадиган маблағлар Фонднинг алоҳида ҳисоб рақамида тўпланиши, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган (шу жумладан, Интернет тармоғи орқали онлайн кузатиш имкониятини яратган) ҳолда маблағларнинг тушиши ва сарфланишида тўлиқ шаффофликни таъминлаш бўйича амалий кўмак берсин. 

9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Маданият вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Давлат солиқ қўмитаси ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан биргаликда уч ой муддатда республикадаги барча муқаддас зиёратгоҳ ва қадамжоларни ўрганиб чиқсин ҳамда уларнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2018 йил 1 июлга қадар ўрганиш натижалари асосида муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларни “Вақф” хайрия жамоат фондига фойдаланиш учун ижарага бериш ҳуқуқи билан бириктириб беришни назарда тутувчи қарорни қабул қилсин. 

Муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар моддий маданий мерос объектлари ҳисобланади ҳамда уларнинг талаб даражасида муҳофаза қилиниши устидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан давлат назорати ўрнатилади. 

10. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Вақф” хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан ушбу идора тизимидаги диний-маърифий ташкилотларда: 

фаолият юритаётган ходимларга, шу жумладан имом-хатибларга ойлик иш ҳақи тўлаш; 

фаолият юритаётган уй-жойга муҳтож ходимларни хизмат уй-жойлари билан таъминлаш; 

кўп йиллар давомида намунали фаолият юритаётган, уй-жойга муҳтож имом-хатибларга янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича қурилаётган уй-жойларни сотиб олиб, текинга бериш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг буюртмасига асосан идора тизимидаги диний-маърифий ташкилотлар ходимларига хизмат уй-жойлари ва уларга сотиб олиб бериш учун янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича қурилаётган уй-жойларнинг ажратилишини таъминласин. 

11. Белгилансинки, 2018 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ишловчи: 

ўқитувчи, илмий ходим ва мутахассисларга ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядларига кўра тариф коэффициентлари ва базавий лавозим маошлари 3 баравар (Марказ ходимларига – 4 баравар) миқдорда қўлланилади; 

пенсионерларга уларнинг ушбу ташкилотлардаги фаолияти ягона бўлган тақдирда пенсиялари тўлиқ тўланади. 

Мазкур банднинг учинчи хатбошиси барча диний-маърифий ташкилотлар ходимларига татбиқ этилсин. 

12. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Фанлар академияси, Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва кенг жамоатчиликнинг ислом илм-фани ва маданиятига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг ибратли ҳаёти ва бой илмий меросини чуқур ўрганиш, мамлакатимиз довруғини жаҳон миқёсида кенг ёйиш ишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган шахсларни рағбатлантириш мақсадида “Имом Бухорий” давлат мукофотини таъсис этиш ҳақидаги таклифи қўллаб-қувватлансин. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда мазкур давлат мукофотини таъсис этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини киритсин. 

13. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Адлия вазирлиги билан биргаликда диний-маърифий соҳада намунали фаолият юритаётган, ижтимоий-маънавий ишларда алоҳида ўрнак кўрсатаётган соҳа вакилларини рағбатлантириш, шу жумладан давлат мукофотларига тақдим этиш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига киритиб борсин. 

14. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита: 

бир ҳафта муддатда қўмита фаолиятини такомиллаштириш ва унинг янгиланган тузилмасини тасдиқлаш ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини; 

Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 
бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин. 

15. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчилари Р.Т.Камилов ва Р.С.Қосимов зиммасига юклансин. 





Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                   Ш.МИРЗИЁЕВ 


Тошкент шаҳри, 2018 йил 16 апрель 

6399 марта ўқилди

Янгиликлар

Top