Рамазон-2018

Рамазон ғаниматдир

Рамазон – жаннат эшиклари очиладиган, дўзах эшиклари ёпиладиган, шайтонлар занжирланадиган, Аллоҳ солиҳ бандаларини ўтдан озод этадиган  улуғ ой. Бу ой ибодатсиз, тоатсиз, куну соатлари ҳавода тўзғиган заррадек зое бўлиб кириб-чиқиб кетмасин. Бу ойда ибодатни тавбадан бошлаш мақсадга мувофиқ бўлади.

Тавбадан бошлашга маслаҳат бериш билан бирор кишини айбдорсиз демаймиз. Чунки йўлнинг аввали ҳам, ниҳояси ҳам тавбадир. Тавба – Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонга интилаётган кишининг биринчи ўриндаги амалидир. Демак, тавба кўпчилик ўйлаганидек, фақат осий ва хато қилувчиларнинг илтижо қилишидан иборат эмас. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Эй одамлар! Аллоҳга тавба қилинглар. Чунки мен Унга бир кунда юз бор тавба қиламан”[1], дедилар. Аллоҳ бандаларини тавбага буюрганда уларга иймон номи билан нидо қилиб деди:

Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар”[2].

Барчамиз гуноҳкор бандалармиз. Аллоҳ субҳанаҳу таоло гуноҳларни кўп кечирувчи зот. Кундузда гуноҳ қилган тавба қилсин деб кечаси қўлини узатади, кечада гуноҳ қилган тавба этсин учун кундузи қўлини чўзади. Тавба қилувчиларнинг тавбасидан, осий ва гуноҳкорларнинг пушаймонидан мамнун бўлади. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, “Аллоҳ субҳанаҳу тавба қилмоқ учун Мағриб томондан эни етмиш йиллик бўлган эшик қилиб қўйди. Уни то қуёш Мағрибдан чиққунгача бекитмайди”[3]. Тавба осон ва енгил ишдир. Унда машаққат ва ҳаракат кўрсатиш йўқ. Тавба тийилиш ва пушаймондан иборат. Гуноҳ ишлардан тийилиш, буларнинг ўтмишда қилганига пушаймон, келгусида уларга қайтмасликка қарор қилиш бўлади.

Ўтган гуноҳларга пушаймон бўлиш, келгусида гуноҳларни тарк қилиш, сиз учун умрингизни қадрлаш ва ўтмиш билан келгуси вақт ўртасида ҳозир турган вақтингизни ислоҳ қилишни вожиб қилади. Чунки вақтни зое қилиб қўйиш нажотни бекор қилгандек бўлади. Агар уни юқорида зикр қилинган нарсалар билан сақлаб қолинса нажот топилади, роҳат, неъмат ва лаззатга эришилади. Инсон ўзининг вужудлигини фаҳмлай олиши зарур. Сафар озиғини тайёрлаш ва юриш учун ҳозирлик кўриш билан банд бўлиши лозим. Амал мавсуми бўлган рамазон ойида савобга эришиш учун ҳаракат қилиш, вақтни бой бермаслик керак. Ҳар бир киши ўз замони ва вақтининг қадру қийматини билмоғи зарурдир. Ундан биргина лаҳзасини ҳам бекорга ўтказмасин.

Аллоҳга ибодат қилишда улуғларимизнинг аҳволларидан хабардор бўлиб қўйишимиз зарар қилмайди. Уларни ёдга олсак, шоядки, бизда олийҳимматлик ва ибодатга мойиллик пайдо бўлса:

Муғийра розияллоҳу анҳу бундай дейдилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси намозда шунчалик узоқ турардиларки, ҳатто оёқлари шишиб кетар эди. Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: Аллоҳ таоло сизнинг ўтган ва келгуси хатоларингизни мағфират қилган-ку, нега ўзингизни бунчалар қийнайсиз?” дейишганида, у зот: “Аллоҳ таолонинг шу меҳрибончилигига шукр қилувчи банда бўлмайманми?»  дердилар»[4].

Абу Бакр розияллоҳу анҳу, хоссатан намозда ва Қуръон қироат қилганда кўп йиғлагувчи киши эдилар.

Умар розияллоҳу анҳунинг юзида йиғининг кўплигидан икки қора чизиқ пайдо бўлган эди.

Усмон розияллоҳу анҳу Қуръонни намозда узоқ ўқирди.

Али розияллоҳу анҳу меҳробида йиғлар, ҳатто соқоли кўз ёшлар билан ҳўл бўлиб кетарди. У: “Эй дунё! Мендан бошқани алда, сени қайтиши йўқ бўлган уч талоқ қўйдим”[5], дер эди.

Қатода Қуръонни доимо ҳар ҳафтада, Рамазонда ҳар уч кунда хатм қиларди.

Суфён Саврий қўрққанидан йиғларди.

Саид ибн Мусаййиб масжидни лозим тутган киши эди. Қирқ йил муддат давомида жамоат билан бир намоз ҳам у кишидан ўтиб кетмаган.

Рамазон ойи фурсатдир. Аллоҳ билан савдо қиладиган ойдир. Шундай экан, солиҳ амалларга, яхшиликларга, тоатга шошилайлик, Аллоҳ томонидан кўп фойда ва улкан савобларга эришамиз.

Рамазон иш бошловчилар енг шимариб киришадиган, тақводорлар ўз тайёргарлигини кўрадиган, ҳушёр инсонлар қўлга киритадиган энг улуғ фурсатдир. У қалби саломат, аъзолари тўғри, вақтини зарарли ва фойдасиз ишларда зое қилмайдиган киши учун гуноҳлар кечирилиш ойидир.  Қуйида бу ой фурсатларини ғанимат билишга, уларни солиҳ амаллар билан обод этишга ёрдам берадиган баъзи ишларни ҳавола қиламиз:

Рўза одат эмас, ибодатдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки рамазонда иймон ва эҳтисоб билан рўза тутса ўтган гуноҳи кечирилур”[6], дедилар. “Иймон билан”нинг маъноси – Аллоҳга ва У рўза тутган кишиларга тайёрлаб қўйган нарсаларга ишониб, дегани, “эҳтисоб билан”нинг маъноси – Аллоҳнинг савобини излаб демакдир. Яъни, уни рўза тутишга риё, овоза қилиш, молу обрў талаби ундамаган.

Рамазон шукри вожиб бўлган неъмат. Аллоҳ умрингизни узайтириб бу улуғ ойга етиб келдингиз ва Аллоҳ сизни бу ажру савобларни касб этишга муяссар қилиб қўйди. Бу шукр қилиш лозим бўлган энг катта неъмат ва буни берганига Аллоҳга ҳамду сано айтиш вожиб.

Уйқу ва уйқусизлик. Рамазон саноқли кунлар ва кузатиладиган кечалардир. Кириб келади, қарабсизки кетишга шай турибди. Шунинг учун бу ойда тоат-ибодатга жидду жаҳд қилинг. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазон кириб, гуноҳлари кечирилмасдан чиқиб кетган кишининг бурни ерга ишқалансин”, дедилар[7].

Қуръон тиловати. Рамазон Қуръон ойидир. Бу ойда Қуръон тиловатига ғайрат қилинг. Шошмасдан тартил, тадаббур ва хушуъ билан ўқинг. Имконингиз борича тиловат ҳукмларига риоя этинг.

Қиёмул-лайл (кечани қоим қилиш). Қиёмул-лайл асосан таровеҳ намози билан бўлади. Бу намозга рағбат қилиб, имом билан тўлиқ ўқимоқ лозим. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки имоми билан у кетгунига қадар турса, унга кечани қоим қилгани ёзилади”[8], деганлар.

Садақа. Рамазон ойидаги садақа бошқа ойлардагидан кўра фазилатлидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазон кирса саховатлари ошиб кетар эди. Шундай экан, бу ойда ўзингизда эҳсону садақага шошилинг.

Рўзадорларни ифторлантириш. Рўзадорларни ифтор қилдиришга, мискин ва камбағалларни таомлантиришга қизиқиш керак. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки рўзадорга ифтор қилиб берса, унга рўзадорнинг ажридек савоб бўлади. Бу билан рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас”[9],  деганлар.

Шунингдек, ғанимат бўлган амаллар сирасига масжидни лозим тутиш, иложи бўлса рамазонда умра қилиш, рамазоннинг охирги ўн кунида ғайратни янада ошириш, Қадр кечасидаги ибодатлар, зикр, дуо ва бошқа тоат-ибодатларни қоим қилиш киради.

Бу ғанимат дамлардан фойдаланиб қолшимизга Парвардигоримиз кўмак беришини сўраб қоламиз!     

 

Рашидбек  ЭРНАЗАРОВ,

Хоразм вилояти Боғот тумани  бош имом-хатиби 

 

 

49415 марта ўқилди

Янгиликлар

Top