Янгиликлар

Хайрли ишларда бардавом бўлайлик

Рамазон ойи кириб келиши билан мусулмон киши хайрли амалларни кўпроқ бажаради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларига мувофиқ арконларни ижро этишга ҳаракат қилади.

Айниқса, бошқа мусулмонлар ҳам фойда олишлиги мумкин бўлган саховатпешалик ишлари ҳаммани қувонтиради. Садақани гўзал тарзда бажарувчи кишилар бунга яққол мисолдир. Ибн Шиҳоб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Банда садақасини гўзал қилса, албатта, Аллоҳ унинг орқасидан қоладиганларга ўринбосарни гўзал қилади”, дедилар». Демак, ҳар биримиз саховатпешаликни касб қилишимиз бошқа ишларимизнинг ҳам йўлини очишлиги, турмуш ишларида баракани зиёда бўлишлигини  кўришимиз  мумкин  экан.

Уқба ибн Омир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Ҳар ким Қиёмат куни одамлар ўртасида ҳукм чиқарилгунча садақаси соясида бўлади”, деганларини эшитдим». Бу ҳадисдан эса саховатпешаликнинг Аллоҳ ҳузурида буюк мукофоти борлиги ҳамда қаттиқ азоб бўлаётган маҳал кишини саховатпешалиги қутқариши маълум бўлади. Садақанинг қиёматда соябон бўлишлигини эшитганлар ҳар куни садақа қилишга ҳарис бўлганлар. Ҳатто саховат қилишга имконлари бўлмаган тақдирда бир дона  хурмо билан  бўлса  ҳам  садақа  қилганликлари  тарихдан  маълумдир.

Рамазон кайфияти билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакиллиги ҳам саховатли ишга бел боғлади. Вилоят вакили Мансурҳожи Нуруллаев ҳам юртимизда бўлаётган саховатли ишларда ўз ҳиссасини қўшишни,  кам таъминланган оилаларга ёрдам беришни мақсад  қилиб, Бухоро вилояти Когон тумани Чолоки  МФЙ, Қасри Орифон қишлоғида яшовчи Жўраев Алишер ва Когон  тумани Сухор МФЙ, Сухор қишлоғида  яшовчи  Муродов Муртазолар  оиласига  бир  бошдан қўй совға қилди. Бунинг натижасида икки оиланинг хурсандчилиги ва дуоларига мушарраф бўлди.  Аллоҳ  таоло  ҳаммаларимизни  саховат  ишларида  пешқадам  бўлмоғимизни  насиб  этсин.

Бахтиёр Манзитов,
ЎМИ Бухоро вилояти вакиллиги масъул котиби

5266 марта ўқилди

Янгиликлар

Top