Янгиликлар

ШҲТ анжумани бошланди

Пойтахтимизда шу йилнинг 23–24 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг 15 йиллигига бағишланган юбилей мажлиси бўлиб ўтади.

Шу муносабат билан тадбирда иштирок этиш учун Тошкентга ташриф буюрган ШҲТга аъзо давлатлар, халқаро ташкилотлар, шунингдек, чет эл оммавий ахборот воситаларининг қарийб минг нафар вакил азим шаҳримизнинг диққатга сазовор, қадимий масканлари билан танишмоқдалар. Хусусан, Хитой, Россия ва Ҳиндистондан бир гуруҳ журналистлар “Ҳазрати Имом” мажмуасига ташриф буюрдилар. Меҳмонларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходимлари кутиб олишди. 

 Ташриф буюрган меҳмонларга мустақилликка эришилгандан сўнг мамлакатимизда миллий ва диний қадриятларни қайта тиклашга қаратилаётган эътибор ҳамда бу борада олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзланди. Жумладан, Юртбошимиз ташаббуслари билан “Ҳазрати Имом” мажмуасининг барпо этилиши, унда бунёд этилган янги бинолар ҳамда таъмирланган қадимий меъморчилик ёдгорликлари ҳақида маълумотлар берилди.

Бундай улкан мажмуа бугун Ўзбекистонда чирой очган ана шундай юзлаб зиёратгоҳлардан бири экани таъкидланди.

Бундай улкан мажмуада олиб борилган меъморий ишлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Шунингдек, меҳмонлар диний идора кутубхонасида сақланаётган “Ҳазрат Усмон Мусҳафи” ва “Мўйи Муборак” мадрасаси тарихи ҳақида ҳам батафсил маълумот олишди.

Шундан сўнг, меҳмонлар “Бароқхон” мадрасасида жойлашган ҳунармандлар расталари билан танишиб, ўзбекистонлик қўли гул усталарнинг ҳунармандчилик санъати намуналарини томоша қилдилар.

5416 марта ўқилди

Янгиликлар

Top