muslim.uz

muslim.uz

Дунёда ҳеч бир инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламчалик яхши кўрилиб, мақтов билан ёд этилмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий мақталган, улуғланиб мадҳ этилган зот эканлари Муҳаммад деб номланишларида ҳам ўз аксини топган. У зотни Аллоҳ таолонинг Ўзи улуғлаб мадҳ этган, фаришталар ҳам, пайғамбарлар ҳам мадҳ этганлар, ер юзидаги барча ақли бор инсонлар доимо у зотни мақтаб мадҳ этиб келганлар. Чунки у зотнинг сифатлари дўсту душман ҳамманинг ҳузурида энг мақтовли сифатлар бўлган. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ривоят қилади: “Агар Аллоҳ бир бандасини яхши кўрса, Жаброил алайҳиссаломни чақириб, “Мен фалончи бандамни яхши кўрдим, сен ҳам уни яхши кўргин”, дейди. Шунда уни Жаброил алайҳиссалом яхши кўради. Сўнгра осмонга нидо қилиб: “Албатта, Аллоҳ фалончини яхши кўрди, сизлар ҳам уни яхши кўринглар”, дейди. Шунда осмон аҳли уни яхши кўради. Сўнгра Ер аҳли ҳам уни яхши кўради” (Муслим ривояти). 

Аллоҳнинг севгисига эришишнинг биргина йўли бор, у ҳам бўлса Қуръони каримда марҳамат қилинади:

“Айтинг (эй Муҳаммад): Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни кечиради. Аллоҳ кечиримли ва меҳрибон Зотдир”, (Оли Имрон, 31).

Қалби Расулулллоҳга муҳаббат билан лиммо-лим бўлган, у зотнинг айтганларига итоат этишни ҳамма нарсадан афзал деб билган мўмин албатта Аллоҳнинг розилиги ва фазлу марҳаматига сазовор бўлади ва жаннатда у зотга қўшни бўлиш бахтини қўлга киритади. Бунга қуйидаги ҳадис далилдир. Имом Бухорий келтирган ривоятда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: «Бир киши Набий соллаллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Ё Аллоҳнинг расули, қиёмат қачон бўлади?» деди. У зот: «Унга нима ҳозирладинг?» дедилар. У: «Унга кўп намоз ҳам, рўза ҳам, садақа ҳам ҳозирлаганим йўқ. Лекин мен Аллоҳ ва Унинг расулини яхши кўраман», деди. У зот: «Сен яхши кўрганинг билан бирга бўласан», дедилар.

Имом Термизий ва Насоий келтирган ривоятда Сафвон ибн Қудома розияллоҳу анҳу айтади: «Ҳижрат қилиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдим ва: «Эй Аллоҳнинг расули! Қўлингизни узатинг байъат қилай», дедим. У зот қўлларини узатдилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг расули, мен сизни яхши кўраман», дедим. У зот: «Киши яхши кўргани билан бирга бўлади», дедилар.

Пайғамбар алайҳиссаломни яхши кўриш билан бирга у зот буюрган ҳар бир ишга бўйсуниш ва қайтарган ҳар бир қайтариқларидан қайтиш зарур. 

Ҳаётимиз мобайнида суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига диққат қилиб амал қилсак, ҳар бир сўзимиз ҳадисга мувофиқ, ҳар ишимиз суннатга мутобиқ бўлса, юқорида айтилган ҳадисга лойиқ бўлишимиз ва Қиёмат кунида ҳам суйганимиз – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўламиз. 

Иншааллоҳ...

Акбар Умар тайёрлади

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан қайтсалар аввало масжидга кирардилар. Бу ҳақда Абу Саълаба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан қайтганларида олдин масжидга кирар, икки ракат намоз ўқир, сўнг қизлари Фотимага учрар, шундан кейингина уйларига кетар эдилар” (Имом Табароний ривояти).

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан фақатгина кундузи тонг вақтида келардилар. Сафардан келсалар, масжиддан бошлардилар ва унда икки ракат нафл намоз ўқиб, сўнгра ўтирардилар. Одамлар у кишига келиб салом беришар эди” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Аҳмад ривояти).

Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Келинг, биз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ сафардан қайтишда масжидга киришга одатланайлик.

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!

 

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад

Даврон НУРМУҲАММАД

Кеча, 28 октябрь куни Самарқанд вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов ва фаҳрий устоз Маҳмуджон ҳожи домла билан Самарқанд туманида жойлашган “Янги масжид” жоме масжидининг янги биноси пойдеворига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этдилар.
Ташриф давомида бош имом-хатиб бошчилигида “Янги масжид” жоме масжиди биносининг биринчи ғиштини табаррукона қўйиб бердилар. Ушбу улуғ инсонлар масжид қурилишига моддий ва маънавий ёрдам бераётган барча инсонларнинг ҳақига дуо хайрлар қилдилар.

 

sammuslim.uz

Вторник, 27 Октябрь 2020 00:00

Мазҳабларнинг пайдо бўлиш тарихи

Фиқҳий мазҳаблар тарихи Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарихларига боғлиқдир. У зот алайҳиссалом ҳаётлик пайтларида шариатга боғлиқ барча масалаларнинг ечимини ўзларидан сўралар ва У зотнинг сўзлари масалага охирги нуқтани қўяр эди. Лекин ўша пайтда ҳам ижтиҳод бўлган. Саҳобалар У зотга мурожаат қилишнинг иложи бўлмаганда  ёки Мадинадан чиқишганида ижтиҳод қилишган ва Мадинага қайтишганда Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ижтиҳодларининг тўғри ёки нотўғри эканини сўраб билиб олишган. У зот алайҳиссалом ё саҳобаларнинг хатосини тўғирлаганлар ёки уларнинг ижтиҳодларини тўғрилигини тасдиқлаганлар. Баъзан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бир ишга буюрсалар саҳобаи киромлар уни турлича тушуниб, ўзаро фикр мулоҳаза қилар эдилар. Бунга мисол, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга шундай дедилар:

"لَا يُصَلِّيَنَّ أَحَدٌ الْعَصْرَ إِلاَ فِي بَنِي قُرَيْظَةَ" (رواه الإمامُ البخاري عن ابن عمرَ رضي الله عنهما)

яъни: “Бирор киши аср намозини Бану Қурайзадан бошқа жойда ўқимасин!” (Имом Бухорий ривоятлари). Шунда баъзи саҳобалар: “Аср намозини фақат, Бану Қурайзада ўқиймиз”, – деб аср намози вақти кирган бўлса ҳам уни ўқимасдан йўлда давом этдилар. Баъзи саҳобалар эса: “Расулуллоҳ бу гаплари билан бизни тез юришга ундадилар, асрни ўқиб олиб, тез юриб кетаверсак зарари йўқ” , – деб йўлда асрни ўқиб олдилар. Кейин Расулулллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга икки томоннинг ҳам ишлари баён қилинганда, иккиси ҳам тўғрилигини айтдилар.

Иккинчи мисол, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал  разияллоҳу анҳуни яманликларга исломни ўргатиш учун юборганлар. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу жўнаб кетаётган пайтларида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини тўхтатиб шундай деганлар:

"‏ كَيْفَ تَقْضِي إِذَا عَرَضَ لَكَ قَضَاءٌ‏"‏‏ قَالَ: "أَقْضِي بِكِتَابِ اللَّهِ" ‏ قَالَ: ‏"‏فَإِنْ لَمْ تَجِدْ فِي كِتَابِ اللَّهِ‏"‏ قَالَ: "فَبِسُنَّةِ رَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم"‏ قَالَ: ‏"‏فَإِنْ لَمْ تَجِدْ فِي سُنَّةِ رَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم وَلاَ فِي كِتَابِ اللَّهِ‏"‏‏ قَالَ: "أَجْتَهِدُ رَأْيِي وَلاَ آلُو" فَضَرَبَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم صَدْرَهُ وَقَالَ: ‏"‏الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي وَفَّقَ رَسُولَ رَسُولِ اللَّهِ لِمَا يُرْضِي رَسُولَ اللَّهِ"‏ (رَوَاهُ الإِمَامُ أبو داود والإِمَامُ الترمذي)

 яъни: “)У ерда сизга) бирор масала дуч келса, қандай қилиб ҳукм чиқарасиз?”. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу “Аллоҳнинг китоби ила”, – деб жавоб бердилар. Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг китобидан топа олмасангизчи?” – деб сўрадилар. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳнинг суннатлари билан”, – деб жавоб бердилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Расулуллоҳнинг суннатларидан ҳам топа олмасангизчи?” – деб сўрадилар. Шунда Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу: “Қараб турмасдан, фикрим ила ижтиҳод қиламан”, – дедилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам (бу жавоблардан ғоят мамнун бўлиб) Муознинг кўксига урибдилар ва: “Расулуллоҳнинг элчисини Расулуллоҳни рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин”, – дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).

Саҳобалар даври

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин ихтилофлар жуда кам эди. Одамлар билмаган нарсаларини асосан халифалар ва катта саҳобалардан сўрар эдилар. Халифалар қийин масалаларни ечиш учун энг билимдон саҳобаларни йиғиб машварат қилишар ва фатво беришарди (Аллоҳ улардан рози бўлсин). Кейинчалик саҳобалар турли шаҳарларга тарқаб кетдилар. Одамлар ўзлари суҳбатига етишган олим саҳобаларнинг фатволарига амал қилишарди. Хусусан, саҳобалар даврининг охирида аҳвол шундай эди. Шундай қилиб одамлар ишончли манбадан соф ва тўғри маълумотларни олишарди ва уларнинг сўзига, баъзи масалаларни ҳисобга олмаса, тўлиқ амал қилишарди. Ўша даврнинг марказий шаҳарлари Мадинада Абдуллоҳ ибн Умар, Куфа шаҳрида Абдуллоҳ ибн Масъуд, Маккада Абдуллоҳ ибн Аббос, Мисрда Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оснинг (Аллоҳ улардан рози бўлсин) фатволарига амал қилинарди. Айнан мана шу даврларда саҳобалар мазҳаби шакилланганини кўриш мумкин.

Тобеъин ва таба тобеъинлар даври

Тобеъинлар даврида ҳам иш худди мана шундай давом этди. Одамлар асосан саҳобалардан илм олган катта тобеъинларнинг фатволарига амал қилишган.

Улардан кейин таба тобеъинлар даврида саволлар ва янги ҳодисалар кўпайиб кетди. Фатвога эҳтиёж ортди. Шунда бир қанча катта илм соҳиблари юзага чиқдилар. Улар: Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Авзоъий, Имом Жаъфари Содиқ, Имом Муҳаммад ибн Боқир, Имом Ал-Лайс ибн Саъд ва бошқалар эди (Аллоҳ уларни раҳмат қилсин). Улардан кейин улуғ фуқаҳолар бўй кўрсатдилар. Улар: Имом Шофеъий, Имом Аҳмад, Имом Суфён ибн Уяйна, Имом Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, Имом Али ибн Мадиний, Имом Довуд ибн Али ва бошқалар эди (Аллоҳ уларни раҳмат қилсин).

Юқорида зикр қилинган зотларнинг ҳар бирининг ўзига хос ижтиҳодлари бўлган. Улардан бирининг бирор масалада ўз раъй (ёндошув, фикр)и бўлса, буни мазҳаб дейиларди. Уларнинг ҳамма ижтиҳодларини жамланмасини ҳам мазҳаб деб аталган. Демак, у зотларнинг ҳар бирини ўзига хос ва мустақил мазҳаби (масалани ечиш, саволларга жавоб беришда ўзига хос ёндошуви) бўлган.

Фиқҳий мазҳабларнинг шаклланиши

Шундан кейин бу зотларнинг шогирдлари уларнинг ишларини давом эттиришди. Баъзи масалаларда устозларининг ижтиҳодларига хилоф қилишган бўлишсада, фатволарнинг асосий қисмида ўз имомларига эргашдилар ва уларнинг мазҳабларини қўллаб қувватладилар. Лекин замонлар ўтиши билан 20 га яқин мазҳаблар ичидан фақат 4 таси қолди. Қолганларининг баъзи фатволари турли китобларда учраб туради холос. Демак, фиқҳий мазҳаблар баъзилар даъво қилгани каби умматнинг бўлиниши эмас балки унинг бирлашишидир. Сақланиб қолган 4 мазҳаб:

  1. Ҳанафий мазҳаби, асосчиси Абу Ҳанифа Нўмон ибн Собит. Куфа шаҳри. (80-150 ҳижрий й./ 699-767 мелодий й.)
  2. Моликий мазҳаби, асосчиси Молик ибн Анас. Мадина шаҳри. (93-179 ҳ.й/ 711-795 м.й.)
  3. Шофеъий мазҳаби, асосчиси Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий. Ғазо шаҳри. (150-204 ҳ.й/ 767-820 м.й)
  4. Ҳанбалий мазҳаби, асосчиси Аҳмад ибн Ҳанбал. Бағдод шаҳри. (164-241 ҳ.й/ 780-855 м.й)

Бу мазҳабларнинг сақланиб қолишига асосий сабаб мазҳаб имомининг шогирдлари кўплиги, мазҳаб масалалари китоб шаклига келтирилганлиги, бошқа талабаларга мазҳабнинг фатволари дарс қилиб берилганидир.

Имом ибн Аҳмад аш-Шаъроний (ваф. 973/1565) ўзларининг “Ал-Мийзан аш-шаърония” асарида мазҳаблар ҳақида қуйидаги фикрларни зикр қилган: “Мазкур тўрт мазҳабнинг сақланиб қолишининг асосий омили бу мазҳабларнинг таълимотлари бошқа мазҳаблардан кучлироқ бўлгани учун эмас, балки тўрт мазҳаб бошқа ўн тўрт мазҳаб таълимотини ҳам қамраб олганидир”.

Ҳанафий мазҳаби фатво беришда Қуръони карим, суннат ва саҳобаларнинг сўзларидан кейин асосан ижтиҳод (қиёс)га суянганлари учун тарихда уларни баъзилар “Аҳли раъй” деб атаганлар. Лекин аслида фиқҳий мазҳабларнинг ҳаммасини “Аҳли раъй”, деганлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Ҳанафий мазҳабининг бошланиши Куфа шаҳрида бўлган кейин Ироқ, Шом, Хуросон, Яман ва Мисрга тарқалган. Қирққа яқин олимлар бу мазҳабнинг тарқалишига китоб ёзиб хизмат қилганлар. Улардан энг машҳурлари Имом Абу Юсуф, Имом Муҳаммад, Имом Зуфар ва бошқалар эдилар.

Ҳорун ар-Рашид халифаликни қўлга олгач Имом Абу Юсуфни бош қози мансабига кўтаради ва қозиларни тайинлашни унга топширади. Имом Абу Юсуф қозиларни ҳанафий мазҳабидан тайинлар эдилар. Кейинчалик Усмонийлар халифалиги даврида ҳам қозилар фақат Ҳанафий мазҳабидан тайинланган. Бу ҳолат Ҳанафий мазҳабининг обрў-эътиборини ниҳоятда оширган. Ҳозирги кунда ҳам Ҳанафий мазҳаби шарқда: Хуросон, Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш, Ўрта Осиё ва Қозоғистон, Туркияда устун мазҳаб ҳисобланади. Ироқ, Шом ва Миср диёрларида ҳам Ҳанафий мазҳаби тарқалган. Ҳанафий мазҳабининг машҳур кишилари Имом Абу Юсуф, Имом Муҳаммад, Имом Мотурдий, Ибн Нужайм ал-Ҳанафий ва бошқалар.

Мазҳабга эргашиш табий ишдир

Юқоридаги маълумотларни чуқур ўйлаб кўрсак мазҳабга эргашиш ҳар бир ҳолатда бизни таъқиб қилувчи табиий иш эканлигини тушуниб етамиз. Мазҳабга эргашишни хато ҳисобловчи тоифалар ҳам гарчи уммат тан олган тўрт имомга эргашмасада, умумий маънода эргашувчи ҳисобланади. Фарзандлар оталарга эргашадилар. Чунки бола намоз ўқишда отасини кўриб, унинг қандай намоз ўқишини кузатиб, шунга қараб намозни ўрганади. Билмаган нарсаларини сўрайди, ўрганади. Шариат ишларида билмаган нарсасини сўраш, ўрганиш гуноҳ-маъсият, бидъат ёки ёмон иш эмас.  Эътибор берсак, одамлар нафақат дин ишларида балки дунёвий ишларда ҳам бир бирларига тақлид қиладилар.

Тиббиёт олийгоҳини тугатиб шаҳодатнома олган шифокор ҳеч қачон назарий билимларнинг ўзи билан беморларни муолажа қилишни бошламайди. Албатта ўз соҳасини яхши билган, моҳир шифокорнинг суҳбатида бўлиш, бир қанча вақт унинг амалиётларини кузатиш, баъзи саволлар билан мурожаат қилиб ўзига керакли кўникмани ҳосил қилгандан кейингина мустақил фаолиятга киришади. Зотан, дунёвий ишда шунчалик бўлгач, дунё ва охират саодатини ўйлаган, дўзаҳ азобидан халос бўлиб, жаннат неъматларига мушарраф бўлиш учун уммат эътироф қилган, ижтиҳодларига тасаннолар айтган буюк имомларга эргашмаслик жаҳолат, кибр ва қайсарликдан бошқа нарса эмас. Ҳолбуки, дунё ишларида ақл ишлатиш, бировдан сўрамай ўз билганича иш қилиш кўп ҳолларда зарар келтирмайди. Аммо, охират ишининг манбаси Аллоҳнинг каломи ва Расулининг суннати бўлиб, уни тушуниш, англаб етишнинг ўзига яраша усули ва йўриғи бордир. Бунда моҳир мутахассисларга эргашилмаса зарар кўриш, залолатга кетиш, қадамлар тойилиши эҳтимоли юқоридир. Ислом уммати Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофеъий ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбалларни ана шундай моҳир мутахассис деб эътироф қилганлар. (“Тақлидуш шаръия ва аҳамиятуҳу фил ислам” китоби, 85-бет).

Муҳаддис Абдулҳақ Деҳлавий роҳимаҳуллоҳ тўрт мужтаҳид имомлар ҳақида шундай деганлар: “Ислом динининг тўртта уйи, яъни тўртта йўли бор. Ким шу йўллардан бошқасини тутса, батаҳқиқ адашибди”(“Шарҳу сафарус-саъада” 1 жилд, 21 саҳифа).

Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий “Муватто” китобининг шарҳида: “Тўрт мужтаҳид имомларнинг илми бутун Ислом шариатини қамраб олган”, деганлар.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими мутахассиси

Абдуғофур Ниёзқулов

 

Вторник, 27 Октябрь 2020 00:00

Сийрат илмининг буюк устози

Араб тилида ёзилган манбаларни мутолаа қилар экансиз Бухорий, Самарқандий, Шоший, Термизий, Насафий, Хоразмий, Кеший, Фарғоний, Намангоний дея танилган юзлаб, балки минглаб олимларнинг исмига ва уларнинг ёзган нодир асарларига дуч келасиз. Улар ҳақида айтилган мақтовлар, уларнинг илм даражалари ва қилган хизматларини ўқисангиз беихтиёр ана шундай зотларнинг авлоди эканингиздан фахрланасиз. Ана шундай зотлардан бири улуғ муҳаддис Абу Исо Термизийдир. У зотнинг сийрат фанида ёзган “Шамоил” китоби бу соҳада катта бурилиш ясади. Қуйида у зотнинг ҳаётлари ва ушбу асарлари ҳақида олиб борилган илмий тадқиқот маълумотларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Имом Термизийнинг насаби: Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳок[1] бўлиб, манбаларда келган боболари исмининг энг ишончлиси мана шудир. Айрим таржима китобларда Муҳаммад ибн Исо ибн Язид ибн Савра деб ҳам келган[2]. “Иршод ила маърифати уламои-л-ҳадис” китобининг муаллифи Имом Термизийни Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Шаддод деб келтирган[3]. Лекин кўпчилик тарихчи олимлар Муҳаммад ибн Исо ибн Саврага иттифоқ қилганлар.

Куняси: Имом Термизийнинг куняси Абу Исо бўлиб, Имом Термизийни ўзи ҳам бу куняни яхши кўрар эди. У зот бу куняни ўз исмига ихтиёр қилиб, ўзини фақат Абу Исо, деб номланишини яхши кўрган[4].

Имом Термизийга ал-Буғий, ат-Термизий ва ас-Суламий деб нисбат берилишига қуйдагилар сабаб бўлган:

- Термизий – ушбу нисбат Термиз шаҳрида туғилган инсонларга берилган. Бундай нисбат бериш ислом оламида жуда машҳур бўлиб, ҳар бир инсон ўзи туғилган жойга нисбати берилган.

- Буғий – бунга сабаб Имом Термизий туғилган қишлоқ бўлиб, бу қишлоқ Термиз шаҳридан олти фарсах узоқликда жойлашган. Ҳозирда Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудида. Лекин Марказий Осиёлик машҳур тарихчи Абу Саъад Абдулкарим ас-Самъоний (1113-1167) Термизий Буғ қишлоғида вафот этганлиги учун Буғий тахаллусини олган деган.

- Суламий деб нисбат берилишининг тарихчи олимлар икки қабилага нисбат берган. Улардан бири Сулайм ибн Мансур бўлиб, бу араб қабилалари ичидаги машҳур қабиладир. Бу нисбатни “ал-Ансоб” китоби соҳиблари берган[5]. Мулла Али ал-Қори бўлсалар Сулайм ибн Фаҳм қабиласига нисбат берган[6]. Шу ўринда айтиш лозимки, Имом Термизийнинг оилалари ва ота-оналари ҳақида манбаларда аниқ маълумот йўқ. Олимлар Имом Термизийдан фақатгина “Бобом асли Марвлик бўлиб, Лайс ибн Сайёр даврида Марвдан Термизга кўчиб келган ”, деган сўзини келтирадилар[7].

Таваллуди: Имом Термизий ҳижрий III асрнинг аввалида 209/824 йили Термиздаги Буғ қишлоғида ўртаҳол бир оилада таваллуд топган. Имом Заҳабий ўзининг "Сияр аълам ан-нубало" китобида ҳижрий 210 сана бошларида деб келтирган[8]. Ибн Асир ўзининг “Жомеъ-ал-усул” китобида  ҳижрий 209 санада таваллуд топганини келтирган[9]. Имом Термизий умрининг охирида кўзи ожиз бўлиб қолгани учун у зотга “Зарийр” деган тахаллус берилган[10].

Имом Термизийни илмга юзланиши ва илм талабидаги сафарлари: Имом Термизий ёшлик чоғида ғоятда тиришқоқ, идрокли ва заковатли бўлиб, бу фазилати билан ўз тенгдошларидан батамом ажралиб турган. Имом Термизийни ёшлик чоғида илмга ўта қизиқиш ва иштиёқи ўша даврнинг кўпгина илмларини, айниқса, ҳадис илмини чуқур эгаллашида яққол намоён бўлди. Имом Термизий илм олишда фақат ўз юрти ёки қўшни вилоятлар билан чекланмади. Тарихчи олимлар Имом Термизийнинг илмий сафарга чиқиши 240/850 йилдан, яъни йигирма олти ёшидан бошланганини, илм талабида узоқ юртларга, қатор хорижий мамлакатларга сафар қилганини айтишган. Жумладан, у зот Бухоро, Марв[11], Рай [12], Басра, Куфа ва Ҳижоз (Макка ва Мадина)га сафар қилиб, кўплаб муҳаддислар, уламолар билан мулоқотда бўлиб, улардан таълим олган. Имом Термизийнинг Бағдодга киргани ҳақидаги маълумот борасида олимлар ихтилоф қилганлар.

Вафоти: Узоқ йиллик илмий ҳаётдан сўнг Имом Термизий 279/892 йил ражаб ойининг ўн учинчисида, душанба куни ватани бўлмиш Термизнинг Буғ қишлоғида вафот этди. Ҳозирда у зотнинг қабри Ўзбекистондаги машҳур зиёратгоҳлардан бири ҳисобланади.

У зот ҳақида айтилган мақтовлар: Имом Самъоний “Имом Термизий ҳеч шубҳасиз ўз асрининг имомидир”, деган[13]. Имом Самъоний яна бошқа бир ўринда “Имом Термизий ҳадис илми борасида иқтидо қилинадиган имомлардан бири бўлиб, “Жомеъ”, “Таворих” ва “Илал” каби буюк асарлар муаллифи, у зотнинг зеҳни борасида зорбулмасаллар келтирилган”, деган[14]. Ҳоким Абу Аҳмад мен Умар ибн Алакдан “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий вафот этди. Хуросонда ўзидан кейин илм ва тақвода Абу Исога ўхшашини қолдиргани йўқ. У кўп йиғлаганидан ҳатто кўр бўлиб қолди”, деганини эшитдим” деган[15]. Абул Фазл Байламоний “Мен Наср ибн Муҳаммад Шайрокуҳийдан у мен Муҳаммад ибн Исо Термизийдан у Менга “Муҳаммад ибн Исмоил Мен сендан кўрган фойда сен мендан кўрган фойдадан кўпроқдир”, деганини эшитдим”,[16] деган.

Ибн Касир “Имом Термизий бу иш (ҳадис илми) борасида ўз замонасининг имомларидан эди”, деган[17]. Ҳофиз Абул Ҳажжож Миззий “Имом Термизий кўзга кўринган ҳофиз имомлардан бири бўлиб, Аллоҳ у билан мусулмонларни манфаатлантирди”,[18] деган. Мулла Али Қори “Термизий имом, ҳужжат, ишончли, ҳофиз, мутқиндир”, деган[19]. Бундан ташқари бошқа жуда кўплаб олимларни имом Термизий ҳақида айтган сўзларини келтириш мумкин. Буларнинг ҳаммаси Имом Термизийнинг ҳадис илми борасида катта олимлардан бўлгани ва салаф солиҳларнинг фиқҳини яхши ўзлаштирганига далолат қилади. У зот илм ва амални жамлаган инсонлардан бири бўлган.

“Шамоили Муҳаммадия” китоби ҳақида олимларнинг айтган мақтовлари: Ушбу китоб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шамоиллари борасида ёзилган энг улуғ ва фойдали манба ҳисобланади. Муаллиф ушбу китобда мавзунинг асл чашмаси, дуру гавҳарлари ва барча қирраларини келтириб, чиройли услубда тартибга солган ва мухтасар ҳолда жамлаган. Китоб шу даражага етганки, ўқувчига малол келадиган даражада узун ҳам, мақсадни ифодалашда бирор камчилик пайдо қиладиган даражада қисқа ҳам бўлмай, ўз мавзусини тўла қамраб олиши жиҳатидан ўрта ҳажмли китоблар сирасига киради. Бунга Ибн Касир “Бидая-ван-ниҳоя” китобида ишора қилиб шундай деган: “Инсонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шамоиллари борасида қадимда ҳам, ҳозирда ҳам айнан шу мавзуда ва бу мавзуга алоқадор китобларни битганлар. Шамоил борасида жуда фойдали ва аъло даражада ҳадисларни жамлаган асарлар сирасига Имом Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра Термизийнинг китобини келтиришимиз мумкин. У зот бу йўналишда машҳур “Шамоили Муҳаммадия” китобини ёзган. Каминада у зотга етадиган муттасил санад мавжуд”,[20] деган. Муҳаммад ибн Абдурауф Муновий (в.1031 ҳ.) “Шамоили Муҳаммадия” китобига ёзган шарҳининг муқаддимасида шундай дейди: “Ривоят ва дироят олими Имом Термизийнинг (Аллоҳ таоло у зотнинг қабрини ҳушбўй мискнинг ҳидидан муаттар бўлган жаннат боғчаларидан қилсин) “Шамоили Муҳаммадия” китоби ўз бобида тенгсиз, тузилиш ва маълумотларни қамраб олиш жиҳатидан якка-ю ягонадир. Бирон киши бу китобга тенг бўлувчи ёки ўхшашини ёзмаган. Муаллиф китобни ёзишда гўзал услуб тутган. Ҳадис ва хабарларнинг чашмаси билан нақш солган. Ҳатто бу китоб Аллоҳ таоло тарафидан инъом этилган иқтидорнинг самараси деб ҳисобланган ва машриқу мағрибда донғи кетган”[21]. Мулла Али Қори китоб ҳақида: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари ва шамоиллари борасида ёзилган китобларнинг энг гўзали Термизийнинг Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам сийратлари борасида мукаммал тарзда ёзилган жоме мухтасар китобдир. Бу китобни ўқиган киши У жанобнинг ташқи кўринишини кўргандек ва ҳар бобда У зотнинг шарафли хислатларини тасаввур қилади”,[22] деган. Китобнинг яхшиликлари, фойдалари ва самаралари ҳақида кўп нақллар ривоят қилинган. Шунингдек, олдин ҳам, кейинчалик ҳам аҳли илмлар томонидан бу китобга хизмат қилиш мақсадида мухтасар, шарҳ, таҳқиқ қилиш ва назмга солиш каби турли йўналишларда катта меҳнатлар амалга оширилди.

Китобнинг номи: “Шамоил” сўзи ишлатилганда инсоннинг хислатлари, сифатлари, ўзига хос хусусиятлари, ахлоқу одоблари ва шунга ўхшаш маънолар назарда тутилади. Фалончи гўзал шамоил эгаси дейилганда гўзал ахлоқ эгаси деган маъно тушунилади. Олийжаноб шамоил эгаси дейилганда олийжаноб ахлоқ эгаси деган маъно тушунилади. Шунинг учун Имом Термизий ва у зотдан бошқа аҳли илмлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари, ахлоқлари, одоблари ва шунга тегишли бўлган бошқа хислатларни “Шамоил” деб номлаганлар. Имом Термизийнинг “Шамоил” китоби турли номлар билан нашр қилинган. Нусха кўчирувчи хаттотлар, китобни ривоят қилувчилар ва олимлар унга турли номларни ишлатганлар. Бу номлардан энг машҳурлари “Шамоили Набавийя” ёки “Шамоил Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам” бўлиб, бу номлар энг кўп ишлатилган. Баъзан “Шамоили Муҳаммадия”, “Шамоили Мустафо” номлари ҳам ишлатилади. Гоҳо олимлар китобни муаллифига ҳам нисбат бериб “Шамоил Термизий” ёки “Шамоил Термизийя” деб ҳам ишлатганлар[23].

“Шамоил” китобини шарҳлаган Абдураззоқ ибн Абдумуҳсин Бадр китоб муқаддимасида: “Олдинги аҳли илм олимлар китобни “Шамоил Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам” деб номлаганлар. Кейинги мутааххир олимлар бўлса, “Шамоили Муҳаммадия” деб номлаганлар” деган. Олим ушбу сўзи билан китобни номларини жамлашга ҳаракат қилган. Китобнинг исми борасида олиб борилган изланишда юқорида зикр қилинган номлардан ҳам узунроқ ном учради. У “Шамоили Муҳаммадия ва Хосаи-л- Мустофавийя” номидир[24]. Бу номни асосан араб мамлакатларидаги нусхаларда кўриш мумкин. Хусусан, бу номни Марокаш давлати пойтахти Работ шаҳридаги Подшо фондида сақланаётган қўлёзма нусхаларда учратиш мумкин[25]. Китоб номи турли хил номланишига сабаб китобнинг умумий муқаддимаси йўқлигидир. Чунки муаллифларнинг китоб ёзишдаги одатлари китобни қайси мавзу борасида ёзилганини, китоб номи нима экани ва ундаги йўналишни баён қилиб сўнгра китобни бошлаганлар. Имом Термизий бўлса, басмала ва ҳамд айтгандан сўнг тўғридан тўғри китобни бошлаб кетган. Шунинг учун китоб турлича хил номлана бошлаган. Эҳтимол муаллиф ўзи ёзган нусхада китобнинг номини ёзган бўлиши мумкин. Китобни ундан ривоят қилганлар ва нақл қилганлар уни ўзлари турлича номлаганлари учун аниқ бир ном қарор топмаган бўлиши ҳам мумкин. Модомики ҳозиргача бу ихтилоф бор экан, демак, Имом Термизий китобга қандай ном қўйганини ҳеч ким аниқ келтира олмайди. Биз эса юртимизда танилган номи бўлган “Шамоили Муҳаммадия” номини мақоламизга киритдик.

Китобнинг қўлёзма нусхалари: Имом Термизийнинг шамоил китоблари ислом оламида энг кўп тарқалган китоблардан бири ҳисобланади. Бунга бир неча сабабларни келтириш мумкин:

  1. “Шамоили Муҳаммадия” китоби Аллоҳ таолонинг охирги пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида бўлгани учун ислом уммати бу китобни жидду жаҳд билан ўрганишга ҳаракат қилган.
  2. Имом Термизий ҳадис илмида иқтидо қилинадиган (эргашиладиган) Имомлардан бўлгани учун оми халқ ва олимлар орасида китоб кенг тарқалган.
  3. Имом Термизий нафақат олим, балки жуда тақводор зот бўлганлар, бу ҳам китобнинг кенг тарқалишига сабаб бўлган. Бундан ташқари бошқа кўплаб сабабларни ҳам келтириш мумкин.

Китобнинг қўлёзма нусхалари сони ҳақида гапирадиган бўлсак, унинг аниқ ададини аниқлаш жуда мушкул. Китобнинг қўлёзмалари қанча эканлигини аниқ айтиб бўлмайди. Чунки баъзи қўлёзма нусхалар шахсий фондларда сақланаётган бўлиши мумкин. Жумладан, Дамашқдаги Асад кутубхонасининг ўзида китобнинг 23 та қўлёзма нусхаси бор.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасидаги “Шамоили Муҳаммадия” китобининг қўлёзма нусхалари қуйидагилар:

  1. “Шамоили Муҳаммадия” китобига ёзилган форс тилидаги шарҳ. Шарҳловчи Абул Хайр Фазлуллоҳ ибн Рузибаҳондир. Бу китоб “Шамоили Муҳаммадия” асарининг форс тилига таржимаси бўлиб, аввал арабча матн ёзилган. Сўнгра ёзув остидан форсча ёзилиб, кенг услубда шарҳланган. Қўлёзманинг охирги 10 вараққа яқин қисмига бир оз шикаст этган. Ҳаммод ибн Саламадан ривоят қилинган ҳадис билан тугаган бўлиб, тўлиқ ҳолатда эмас. 299 варақдан иборатдир. Китоб № 2351 рақам остида сақланади.
  2. “Жаму-л-Васоил шарҳ Шамоил” китобининг қўлёзма нусхаси № 422 рақам остида сақланади. Бу нусхада бир жилдда китобни ҳаммаси жамланган. Ушбу қўлёзма жуда равон насх хатида ёзилиб, ҳижрий 1231 сана рабиул-аввал ойида тугалланган.
  3. “Шамоили Муҳаммадия” китобига ёзилган арабча шарҳ. Шарҳловчи исми номаълум, чунки қўлёзманинг аввалги ва охирги варақлари йўқ. Қўлёзма 639 варақдан иборат. Ҳар бир бетда 19 та қатор бўлиб, № 461 рақам остида сақланади. Ушбу қўлёзма ҳижрий 555 санада ёзилган.
  4. Жамланма китобда келган қўлёзма нусха бўлиб, № 441 рақам остида сақланади. Ушбу қўлёзма ҳижрий 1350 санада ёзилган.
  5. “Шамоили Муҳаммадия” китобининг ҳижрий 990 санада Маккаи Мукаррамада ёзилган қўлёзма нусхаси. У 90 варақдан иборат бўлиб, № 481 рақам остида сақланади.
  6. Ушбу қўлёзма XVI асрга оид бўлиб, 104 варақдан иборат. 1980 йилда “Шамоили Муҳаммадия” китобининг ушбу қўлёзмаси офсет босмада чоп этилган бўлиб, ундаги қисқача сўзбоши собиқ Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ҳайъатининг раиси, марҳум муфтий Зиёвуддинхон Ибн Эшон Бобохон ҳазратлари томонидан ёзилган. Ушбу қўлёзманинг бобларни боши қизил рангда бўлиб, чиройли насх хати билан ёзилган. Ҳошиясида бошқа нусхалардан ривоятлар бор. У № 2797 рақам остида сақланади.

 

«Шамоил Муҳаммадия» асарига ёзилган шарҳлар: “Шамоили Муҳаммадия” асарига кўплаб шарҳлар ёзилган. Уларни бирон бир адад билан чегаралаш мумкин эмас. Кўпчилик тадқиқотчилар китоб таҳқиқини келтиришдан олдин китоб муаллифининг ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида бир оз сўз юритадилар. Сўнгра китобнинг аҳамияти ва унга ёзилган шарҳлар ҳақида маълумот берадилар. Ҳудди шунингдек, “Шамоили Муҳаммадия” китоби борасида тадқиқот олиб борган олимлар унга ёзилган шарҳларни келтирганлар. Уларнинг баъзилари ўнта, баъзилари йигирмата шарҳни келтирган. Ҳозиргача қилинган тадқиқотларда энг кўп шарҳларнинг номларини жамлаган тадқиқот бу Абдуҳ Али Кушкнинг тадқиқоти бўлиб, унда 72 та шарҳнинг номи ва муаллифлари исмлари келтирилган. Аммо илмий тадқиқотлар шуни кўрсатдики, китобга ёзилган шарҳлар 80 тадан ошиқроқ бўлиб, уларнинг номлари тарих китобларида келгандир.

Улардан машҳурлари:

  • “Иттиҳафатур-Роббонийя бишарҳиш-шамоили Муҳаммадия” – Аҳмад ибн Абдулжаввод Думий.
  • “Аъзобул-манохил ала шамоил” – Аҳмад ибн Жаъфар Каттоний.
  • “Аснал-васоил би шарҳиш-шамоил” – Аллома, муҳаддис, муфассир, муаррих Наҳвий Исмоил ибн Муҳаммад Ажлуний.
  • “Ашрофул-васоил” – Исмоил Муфид ибн Али Аттор Румий.
  • “Ашрофул-васоил ила фаҳмиш-шамоил” – Фақиҳ Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳажар Маккий, Ҳайтамий, Ансорий.
  • “Ашрофул-васоил шарҳи шамоил” – Сайфуллоҳ ибн Нуруллоҳ Бухорий, Деҳлавий.
  • “Ақробул-васоил фи шарҳиш-шамоил” – Ҳофиз Муҳммад ибн Абдураҳмон Саховий.
  • “Анжаҳул-васоил” – Абулқосим ибн Муҳаммад ибн Абулбарокат ибн Махлас.
  • “Туҳфатул-ахёр ала шамоилил мухтор” – Муҳаддис Абулҳасан Али ибн Аҳмад Ҳурайший.
  • “Ровзул-азҳар фи шамоил Набий мухтор” – Абдуссалом ибн Аҳмад Имроний Фосий.
  • “Дурару фазоил-шарҳ шамоил” – Алимуддин ибн Фасиҳиддин Қоннужий.
  • “Заҳрул-хамоил ала шамоил” – Жалолиддин Абдураҳмон ибн Абу Бакр Суютий.
  • “Турар ала шамоил” – Ориф Абу Зайд Абдураҳмон Фосий.
  • “Шарҳ шамоил” – Абдураззоқ ибн Абдулмуҳсин Бадр.
  • “Итру шазий фи шарҳ мухтасар шамоил Термизий” – Фақиҳ Абдулмажид Шурнубий, Азҳарий.
  • “Ихтисор шарҳ шамоил ли жассус” – Муҳаммад ибн Ҳасан Ҳажавий.
  • “Фатҳул-айман мақбул вал-шарҳ муҳда ашроф росул” – Фозил Муҳмуд ибн Абдул Муҳсин ибн Муваққеъ Шофеий.
  • “Фаваид жалилатул-баҳийяту ала шамоили Муҳаммадия” – Муҳаддис, фақиҳ, Муҳаммад ибн Қосим ибн Жассус.
  • “Китабату ала шамоил” – шайх Али ибн Зайниддин Ужҳурий.
  • “Кашфул-фазоил” – Нур ибн Муҳаммад Кошоний.
  • “Мухтар мин шарҳил” – Ҳасан ибн Исҳоқ ибн Маҳдий.
  • “Маваҳибул-ладунийя ала шамоил Муҳаммадия” – Шайх, Иброҳим ибн Муҳаммад Бажурий.

               Шамоил Муҳаммадия асарига форс тилида ҳам шарҳлар ёзилган бўлиб, улардан қуйидагиларни келтириш мумкин:

  1. “Шарҳ” – Шайх Муҳаммад Ошиқ ибн Умар Ҳанафий.
  2. “Шарҳ” – Шайх Муҳаммад Файз ибн Муҳаммад Биликромий.
  3. “Шарҳ” – Абилхайр Фазлуллоҳ ибн Рузибаҳон.

 

               Туркий шарҳлардан бўлса энг машҳури шайх Ҳисомиддин Ҳасан ибн Муҳаммад Нақшбандийнинг шарҳларидир. Китоб дунёнинг бир нечта тилларига таржима ҳам қилинган. Булар: ўзбек,  инглиз, француз, урду, форс тилларидир. Келтириб ўтилган маълумотлардан Ислом оламида мазкур асарнинг ўрни беқиёслигини англаш мумкин.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ҳадис илмининг ривожи ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини кенг оммага етиб боришида улуғ ватандошимизнинг хизматлари буюкдир. Зеро, юқорида келтирилган уламоларнинг мақтовлари ҳам сўзимизни тасдиқлайди. Хусусан, у зотнинг “Шамоил” асари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқ-атворлари, ташқи кўринишлари, ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида намуна бўлиб, амалга оширган ишларини мукаммал тарзда баён этиб берган. Китобни мутолаа қилган китобхон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни янада яқиндан танийди. Аллоҳ таоло бу бобокалонимизнинг хизматларини қабул этиб, жаннатдаги мартабаларини юқори қилсин!

 

Манбалар асосида Тошкент вилояти Қибрай тумани “Саъдулла ота” жоме масжиди имом-хатиби,

Тошкент ислом институти “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Мирҳамидов Обиджон тайёрлади.

 

[1] Қаранг: Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дорул қалам 2001. –Б.37.

[2] Қаранг: ибн Ҳажар Асқалоний.Таҳзибут таҳзиб. – Байрут, Дорул маърифа 1395 ҳ. – 9/ 387.

[3] Қаранг: Абу Яъло Халилий. Ал-Иршод. – Риёз, Мактабатул Рушд 1409-ҳ. – 3/904

[4] Муҳаммад Абдураҳмон ибн Абдуроҳим. Муқаддима Туҳфатул-Аҳвузий. – Байрут, Дорул кутуб илмийя 1990. – Б. 242.

[5] Имом Самьоний. Ансоб. – Байрут, Дорул Муҳаммад Амин, 1401. Ж.2. – Б.361.

[6] Қаранг: Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дорул қалам, 2001. –Б.38.

[7] Тақюддин Исирдий. Фазоилал-китаб ал-Жомеъ. – Байрут, Оламул кутуб, 1409 ҳ. – Б. 40..

[8] Муҳаммад ибн Аҳмад Заҳабий. Сияру аьломин-нубало. – Байрут, Муассасату-р- рисола, 1302ҳ. Ж. 13. –Б.371.

[9] Қаранг: Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дорул қалам, 2001. –Б.39..

[10] Тақюддин Исирдий. Фазоилал-китаб ал-Жомеъ. – Байрут, Оламул кутуб, 1409 ҳ. – Б. 40.

[11] Туркманистон ҳудудида жойлашган..

[12] Хозирги кунда Эрон пойтахти Теҳрон.

[13] Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дорул қалам, 2001. –Б.51

[14] Имом Самъоний. Ансоб. – Байрут, 1401 ҳ. Ж.2. –Б.45.

[15] Ибн Ҳажар Асқалоний.Таҳзибу-т-таҳзиб. – Байрут, Дорул маърифа, 1395 ҳ. Ж.9. – Б.389

[16] Ибн Ҳажар Асқалоний.Таҳзибу-т-таҳзиб. – Байрут, Дорул маърифа, 1395 ҳ. Ж.9. – Б.389

[17] Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дорул қалам, 2001. –Б.52.

[18] Абул Ҳажжож Юсуф.Таҳзибу-л-Камол. – Байрут, Муассасатур-рисола, 1407 ҳ. Ж.26. –Б. 250.

[19] Иёд Холид. Имом Термизий. – Дамашқ, Дорул қалам, 2001. –Б.53.

[20] Ибн Касир. Бидая–ван-ниҳоя. –Байрут, Ҳижр, 1997. Ж.6. –Б.13.

[21] Имом Муновий. Шарҳ Шамоил. – Миср, Матбатул адабия, 1317 ҳ. Ж.1. –Б.2.

[22] Али Қори. Жаму-л-васоил. – Миср, Матбату-л-адабия, 1317 ҳ. Ж.1. –Б.2.

[23] Ҳассон Ҳолий. Шуруҳ Мағрибийя. – Работ, Манбаату Абу Рақроқ, 2012. – Б.30.

[24] Ҳассон Ҳолий. Шуруҳ Мағрибийя. – Работ, Манбаату Абу Рақроқ, 2012. – Б.30.

[25] Подшо фўндида 1615,11806- рақамлар остида сақланаётган нусхаларда шу ном билан келади.

Янгиликлар

Top