muslim.uz

muslim.uz

13 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган ёрдам хўжалик ерларида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар.
Маълумки, сўнгги вақтларда муҳтарам Президентимиз ўтказилган йиғилишларда бу йилги мураккаб вазиятни ҳисобга олиб, ҳосилдор ерлардан 2-3 марта экин экиш ва қўшимча ҳосил олиш биринчи даражали вазифа экани таъкидланди. Зеро, бугунги оғир дамларда аҳоли рўзғорининг бутлигини таъминлашга мавжуд имкониятларни амалга ошириш орқалигина эришилади.
Муфтий ҳазратлари ёрдамчи хўжаликлар фаолияти билан танишиш мобайнида иссиқхоналардаги полиз маҳсулотлари ва лимон кўчатларини етиштиришда ҳар бир жиҳатга катта эътибор қаратиш муҳимлиги, мўл ҳосил олиш учун барча имкониятларни ишга солиш зарурлигини алоҳида таъкидладилар.
Қайд этиш керакки, Ислом манбаларида машҳур саҳоба Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу мўл ҳосил олиш учун ўз ерига ўғитлар билан ишлов берганлари кўп бор баён этилган. Зеро, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳадисларида: “Ерда экин-тикин қилиб ризқ-рўзингизни талаб қилингиз”, деган эдилар (Имом Табароний ривояти).
Демак, ҳар бир қарич ердан унумли фойдалансак, астойдил меҳнат қилсак, халқнинг дастурхонини тўкин қилиш баробарида улуғ савобларга ҳам эришилади.
Муфтий ҳазратлари ёрдамчи хўжаликлар фаолиятини кўздан кечириш асносида мебель маҳсулотлари ва эшик-ром ишлаб чиқарадиган цехлар ишини ривожлантириш бўйича ҳам муҳим тавсияларни бердилар.
Ўз навбатида соҳа мутахассислари ёрдамчи хўжаликларда олиб борилаётган ишлар, келгусидаги режалар ва кутилаётган натижалар ҳақида мутасаддиларга батафсил маълумот тақдим этдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

13 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “Мулла Қосим” жоме масжидининг янги биносининг биринчи ғиштини қўйиш маросимида иштирок этдилар.
Дастлаб, Қуръони карим тиловат қилингач, бу масжиднинг то қиёматгача Аллоҳ таолога ибодат қилинадиган, хатми Қуръонлар, зикру тасбеҳлар ўқиладиган саждагоҳ бўлишини, моддий ва маънавий обод айлаши, мўмин-мусулмонлар ибодат қиладиган байтуллоҳ бўлишини тилаб, хайрли дуолар қилинди.
Шундан сўнг муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари масжиднинг илк ғиштини табаррукона қўйиб бериб, унинг қурилишига оқ фотиҳа бердилар. Муфтий ҳазратлари бошчилигидаги бир гуруҳ дин пешволари масжид қурилишига моддий ва маънавий ёрдам бераётган барча-барчасининг ҳаққига дуолар қилдилар.
Таъкидлаш керакки, «Мулла Қосим» жоме масжиди XIX асрнинг 80-йилларида қурилган. У кейинги пайтларда яроқсиз ҳолатга келиб қолган эди. Қолаверса, охирги йилларда масжид жамоати сезиларли даражада ортиб, хонақоҳ торлик қилаётган эди. Шу сабабли маҳалла аҳли эзгу ният билан масжидни қайта қуриш таклифини олға суришди. Ушбу хайрли ташаббус Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан қўллаб-қувватланди.
Қурилиш ишларига мутасадди идоралар томонидан рухсат берилгандан сўнг, маҳаллий аҳоли, масжид қавми хабардор қилиниб, эски масжид бузилиб, 0,55 гектар ерга икки ярим минг нафар намозхонга мўлжалланган, қурилиш меъёрлари ва қонунчилик талабларига жавоб берадиган муҳташам бир масжид бино қилиш ишлари бошлаб юборилди.
Бундай эзгу ишга ҳисса қўшиш истагидаги қурувчилар ўз маҳоратларини кўрсатиб, бор куч-ғайрат билан меҳнат қилишмоқда. Зеро, масжид қуришнинг савоби улуғ экани Ислом манбаларида баён қилинган. Бу ҳақда Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан бундай ривоят қилинган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”. Мана шундай савобли ишларга мухлис халқимиз масжид биноси қурилишида фаол иштирок этмоқда.
Аллоҳ таоло ушбу жоме масжидни тез кунларда бунёд этилиб, халқимизга муборак айлашини насиб этсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бугинги кунда шаҳар ва қишлоқларимиз кўркига кўрик қўшаётган замонавий иморатлар қатори эски масжид иморатлари ҳам қайта қурилиб, атрофлари ободонлаштирилиб, фуқароларимиз учун барча қўлайликлар яратилмоқда.

Сўнги йилларда диний соҳада ҳам кенг кўламли ислоҳатлар амалга оширилмоқда. 100 дан ортиқ масжидлар капитал таъмирдан чиқарилди, 10 дан ортиқ янги масжидлар очилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан келишган ҳолда республикадаги авария ҳолатига келган масжид иморатларини қайта қуриш учун бир қатор ишлар амалга оширилди. Маҳаллий хомийлар ва аҳолининг яқиндан берган ёрдами билан бир қанча масжидларимиз, жумладан Нукус туманидаги «Имаматдин эшон», Беруний туманидаги «Бадр ота», Кегейли туманидаги «Искендер ва Алаўатдин эшон» масжидлари аҳолининг тилак ва истакларига кўра юридик манзили ва масжид номи ўзгармаган ҳолда аҳолига қўлай жойдан ихчам, типовой услубда янги иморатлари қуриб битказилди ва фуқароларимиз учун фойдаланишга топширилгани сўзимиз далили.

Шунингдек, пойтахтимиздан бир неча километр узоқликда жойлашган ҳудудлардаги фуқароларнинг ҳам масжидга эҳтиёжи бойис қилган мурожаатлари инобатга олинмоқда. 10-июнь куни Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ва Мўйноқ тумани ҳокимиётининг ташкил қилиши билан мазкур тумандаги «Қазақдǝрья» овул фуқаролари йиғини марказидан очилиши режалаштирилган масжид иморатининг биринчи ғиштини қўйиш маросими бўлди. Унга Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Шамсуддин Бахауиддинов, Мўйноқ тумани бош имоми Барзыў Ибраимов, маҳаллий ҳокимиёт вакиллари ва нуронийлар иштирок этди.

 

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади”, дедилар

(Имом Муслим ривояти) 

Бугун милодий ҳисоб бўйича 2020 йилнинг 12 июнь, ҳижрий санада эса Шаввол ойининг 20 санаси. Муборак Рамазон ойини кузатганимизга 20 кун бўлди. Яна 10 кундан кейин Шаввол ойи ҳам ўз ниҳоясига етади. Шаввол ойида 6 кун рўза тутишни унутмадингизми? Ёдингиздан кўтарилган бўлса эслатиб қўйишни лозим деб топдик. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Эслатинг! Зеро, эслатма мўминларга манфаат етказур" (Зориёт сураси, 55-оят).

Шаввол ойида 6 кун рўза тутиш йил бўйи рўза тутганнинг савобига ноил этади.

Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Рамазон рўзаси ўттиз кунининг ўн баробари ўн ой (300 кун), Шаввол ойининг олти кун рўзаси эса (60 кун) икки ой бўлади. Жами 360 кун (бир йил)ни ташкил этади. Натижада, киши бутун йил бўйи рўза тутгандек бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)(Анъом” сураси, 160-оят).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан Шаввол ойида олти кун рўза тутса, ҳудди онадан туғилгандек гуноҳлардан фориғ бўлади”, деганлар (Имом Табароний ривояти).

Уламолар: "Шаввол ойи рўзасини ой бошида кетма-кет олти кун ёки ой давомида бўлиб-бўлиб тутиш ҳам жоиз", деганлар.

Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Шаввол ойи рўзаси кетма-кет олти кун тутилса ҳам, бўлиб-бўлиб тутилса ҳам фазилати тенгдир”.

Аллоҳим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида бардавом қилгин, гуноҳларимизни мағфират этгин!

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Понедельник, 12 Июнь 2023 00:00

Бани Умайялик Саййида Фотима

 

Абдул Малик қизи Саййида Фотима мажлиснинг бир чеккасида ўтирарди. Қасрни атрофларини иккита овоз ва ҳайрат  қамраб олганди. Бири: Амирал муъминин Абдул Малик ибн Марвоннинг вафот этгани ҳақида қилинаётган  одамларнинг доду - фарёдлари бўлса, иккинчиси:  хуш хабар бўлган янги Амирал муъминин Умар ибн Абдул Азизнинг номини эълон қилиниши  эди. Саййида Фотима буларнинг ҳаммасини бутун вужуди билан ҳис қилиб ўтирарди. Ўша пайтда у бир ишора қилса, амалга оширишадиган, бирор нарсага буюрса ўша захоти бажаришадиган ҳолатда шу кунгача бошидан ўтган ҳамма кечинмаларни  кўз ўнгидан бирма-бир ўтказатган эди. Аммо яна кўп воқеъалар ўтиб кетди. Сулаймон Абдул Малик ўғлидан кейин, Умар ибн Абдул Азиз халифа бўлдилар. Ва аёли Саййида Фотимага: Эй Фотима менга бундай машаққатли ва масъулиятли вазифа юкланди. Бундай муҳим вазифани бажаришга бўлган менинг ҳаракатларим энди сени мени устимдаги ҳақларингни адо қилишимга халақит беради. Яъни мен бу вазифани бажаришга жидду -жаҳд қилдим энди ҳеч нарса  мени буни йўлидан тўсиб қололмайди дедилар. Энди сени орзу ҳавасларнингни адо қилолмайман, сенга яхши қаролмайман деб қўрқаман, сенга зулм қилиб қўйишдан қўрқаман. Агар мен билан қолсанг мени яшашимга чидолмай қоласанми? деб қўрқаман. Лекин сендан ажралишни ҳам хохламайман дедилар. Саййида Фотима ўзи нима қилмоқчисиз?,қандай яшамоқчисиз?деб сўрадилар. Сен билан бизни қўл остимиздаги бу молу - дунёлар ва акаларинг ва қариндош уруғларингнинг қўлларидаги барча молу - давлатлар, мусулмонларнинг моллари-ҳақларидир. Мен бундай ҳақдан воз кечиб, ҳаммасини мусулмонларга, эгаларига қайтариб бермоқчиман дедилар. Бу ишни мен аввало ўзимдан бошламоқчиман дедилар. Ўзим билан фақат бир парча ерни олиб қоламан, чунки уни ҳалол меҳнатим билан сотиб олганман, ўша ерда тирикчилик қилиб, ўшандан чиққан нарса билан кун кечирмоқчиман, сенга бу жуда оғирлик қилади, шунинг учун сени отангни уйига олиб бориб қўяайми? нима дейсан дедилар. Нима сизни бундай қилишга ундаяпти? дедилар, саййида Фотима. Эй Фотима мен эришган нарсамни яна яхшироғига эришишни ҳоҳлайдиган одамман. Мен амир бўлишни хохлаган бўлсам, амир бўлдим, кейин халифа бўлишни хохлаган бўлсам, халифа бўлдим, энди мен ундан яхшироғини хохлайман ундан яхшироғи эса, жаннатдир дедилар.

Ҳурматли ўқувчи сиз бунга нима дейсиз?. Агар бадавлат савдогар бўлса ёки ҳашаматли бир саройда ишлайдиган амалдор бўлса, унинг уйида қимматбаҳо нафис буюмлари бўлса, энг сара нарсаларнинг ҳаммасига эга бўлса, қўли қаерга чўзса етадиган бўлса, қиммат баҳо охириги русумдаги автомабилларга эга бўлса, таомларни сарасини еса, хулласи ҳамма нематлар унда бисёр бўлса, шохона яшаш бўлсаю, агар Аллоҳ учун  шуларнинг барчасидан воз кечишни, камтарона, фақирона яшашни ихтиёр қилса, унинг хотини бунга рози бўладими?, бундай эр билан, бундай йўқсил ҳаёт кечиришга рози бўладими?, ҳеч нарсаси йўқ, бўм бўш хонада аввалги тўкин- сочинликдан ном-нишона йўқ, асари ҳам йўқ бундай ҳолатда яшашга хотини рози бўладими?. Мен ўйлайман, йўқ, албатта бундай яшашга рози бўлмайди. Аммо саййида Фотимага келсак, У Халифа Абдул Маликни қизи, отаси Халифа, икки халифанинг синглиси, эри Халифа бўла туриб,нима деди?, Эй Амирал мўминин сиз нима десангиз шу, мен сиз билан биргаман, мен сизга турмушга  чиққанимда, сиздаги  бу неъматлар учун, сиздаги бу дунё матоҳлари учун сизга тегмаганман, энди сиз тор ҳаётни истаган вақтингизда, сизни ташлаб кетаманми?. Йўқ албатта Сиз қандай яшашни ихтиёр қилган бўлсангиз мен шунга розиман деди. Бундай жасорат бутун дунё аёллари  тарихида, мусулмон аёллари ўртасида бўлмаган. Саййида Фотима онамиз бу борада мисли кўрилмаган, яккаю – ягона аёлдир. Ушбу бўлиб ўтган воқеадан кейин, айтилган торлик ҳаёти бошланди. Бу аёл ҳашаматли ҳаётни фақирлик, йўқсиллик, торлик ҳаётига алмаштирди. Тўғри алмаштирди, лекин келажакдаги доимий бўладиган, бир куни келиб тугаб қолмайдиган, ундаги неъматлар битмас-туганмас бўладиган, абадул- абад бўладиган ҳаётга алмаштирди.

 Умар ибн Абдул Азиз ўша куниданоқ, хизматкорларни барчаларини озод қилдилар, биргина ўзи хохлаб кетишни истамаган бир болкайни олиб қолдилар фақат. Уйларини ташлаб чиқиб кетдилар, молу - дунёларини ҳаммасини байтул молга топширдилар. Бир парча ерларида камтарона ҳаёт кечира бошладилар. Энг одил ҳакам, энг қатъиятли подшо ва энг адолатли халифа сифатида ҳаёт кечира бошладилар. Оддий одамларнинг бир вакили сифатида кун кечира бошладилар. Лекин бундай ҳаёт кечиришлари уларнинг масъулиятли вазифаларини тўла – тўкис виждонан бажаришларига тўсқинлик қилолмади, балки тақволари янада кучайиб, ниҳоятда инсониятга гўзал намуна бўлдилар. Шулардан бир неча воқеъаларни эътиборингизга ҳавола қиламиз. Кунлардан бирида Мисрлик бир аёл Умар ибн Абдул Азизни излаб Мадинага келди. Халифада муҳим иши борлигини айтиб ва уни қасри қаёрдалигини одамлардан сўради. Одамлар у аёлга Халифани уйига қандай боришни тушунтирдилар. Мисрлик аёл излаб-излаб, сўраб  суриштириб,   уйларини  топиб келди ва киришга изн сўради. Ичкарига кириб бир аёлни супада, эски кўрпча  устида, ямоқ кийимда ўтирганини кўриб, унга яқинлашди. Яхшилаб тикилиб қаради,   Саййида Фотимани кўриб, қўрқиб кетди. У аёл Саййида Фотимани яхши танирди, Абдул Малик ибн Марвоннинг қизи эканини яхши биларди. Саййида Фотима уни очиқ юз билан,  қарши олиб, дўстона муомала қила бошлади. У аёлни тинчлантирди. Шу пайт аёлнинг кўзи деворни суваётган лойкашга тушди. Саййида Фотимага, ана у лойкаш (сувоқчидан) қочмайсизми?  яъни сатри аврат қилмайсизми? деди. Саййида Фотима унга кулиб: бу лойкаш Амирал Мўминин бўладилар деди. Мисрлик аёл ҳанг-манг бўлиб қотиб қолди.

Бир куни бир савдогар Халифага бир матони кўрсатди, нархи саккиз дирҳам эди. Умар ибн Абдул Азиз; матоинг чиройли эканку, аммо менга бу жуда керагидан ҳашаматли( ялтироқ) экан, менга бунақаси тўғри келмайди дедилар.Шунда савдогар; олдин Мадинага амир бўлганингизда, сизга баҳоси беш минг дирхам турадиган мато олиб келганимда, чиройли эканку аммо жуда дағал экан деб, олмаган эдингиз, деди. Энди эса Халифа бўлганингизда шундай арзон мато олиб келсам, бунақа деяпсиз деди.

Умар ибн Абул Азиз бир куни касал бўлиб ётардилар. Устиларида кир бўлиб кетган кўйлакда ётардилар. Саййида Фотимани акалари, Маслама ибн Абдул Малик  бир юмуш билан келдилар. Қарасалар Халифа кир кўйлакда ётибдилар, Эй Фотима Амирал Мўмининни кўйлакларига бир қараб ювиб қўйсанг бўлмайдими? дедилар. Эртаси куни яна бир юмуш билан келгандилар, яна ўша кўйлакда ётибдилар. Эй Фотима кеча мен сенга айтмаганмидим, кўйлакларини ювиб қўйгин деб? Шунда Саййида Фотима Аллоҳга қасамки, шундан бошқа кўйлаклари йўқ эди деб жавоб бердилар.

Юқорида айтганимиздек Умар ибн Абдул Азиз биргина ёш болакайни олиб қолгандилар. Халифни уйида хизмат қилиб юрарди. Саййида Фотима бир куни уни олдига бир товоқда  таом тайёрлаб келтириб қўйдилар. Хизматкор бола тоамни кўридию, жеркиб,норози бўлиб, аъдас, яна аъдасми?,нима ҳар куни аъдасми?деб бақирди. (Ясмиқ дони, седанага ўхшаш дондан тайёрланган таом) Саййида Фотима: Эй ўғилчам, бу сени ҳожанг, Амирал Мўмининнинг таомику дедилар.

Бир куни Амирал Мўминин узум егилари келиб, эй Фотима бир дирҳаминг борми? Узум сотиб олардик дедилар. Сиз Амирал Мўминин бўла туриб, узум сотиб олишга бир дирҳам топа олмаяпсизку, мен қаердан оламан дедилар. Эй Фотима ўзинг кўриб турганингдек, шу бир парча ерим бўлса, ундан келаётган даромад эхтиёжларимизга етмай қолаяптида, Бу ҳолатга сабр қилишлик, дўзах ўтининг оловига сабр қилишдан кўра енгилроқдир дедилар.

Саййида Фотимани биргина қимматбаҳо гавҳарлари бор эди. Умар ибн Абдул Азиз Саййида Фотимага: шу ўзингни сенга отанг ҳадя қилган қимматбаҳо гавҳарингни байтул молга топширишингни хохлайман чунки, буни отанг мусулмонлардан олиб, сенга берган бундай молни мени уйимда бўлиши менга ёқмайди. Шу гавҳарни байтул молга топширгин ёки сенга жавобингни беришимга изн бергин дедилар. Албатта мен сизни дейман, бунга икки ҳисса кўп бўлганда ҳам, уни байтул молга топшириб  сизни танлаган бўлардим, дедилар.

Халифани аёли сабр қилган бундай ҳаётга, кичкина бир хизматчининг хотини сабр қилолмайди.

Саййида Фотима Эрини розилиги учун буларга сабр қилди, Роббисидан бўладиган ажру - савобни умид қилиб, Роббисидан ҳақиқий қўрққани учун бундай ҳаётга рози бўлиб, сабр қилиб яшади, охиратини ўйлаб буларнинг барчасига сабр қилиб яшади.

Бир куни Умар ибн Абул Азизнинг хузурларига дўстларидан бири ташриф буюрди.у Унга Умар бу кеча қабр ҳақида ва унинг яшовчилари ҳақида ўйлаб ётиб, тунни бедор ўтказдим дедилар. Шунда ҳалиги киши: Маййитнинг учинчи кунидан бошлаб, қурт – қумурсқалар уни жасадини ўраб олиб, гўштини еб битирадилар. Чиройли жасаддан ва хуш бўй ҳидлардан ном-нишона  қолмайди деди. Умар буни эшитиб, йиғладилар, шундай бу ҳолатни тасаввур қилдиларки, натижада хушларидан кетиб қодилар. Буни кўрган Саййида Фотима: Эй Музаҳим вой бўлсин сенга, мана бу кишини чиқарворсанг бўлмайдими? деб хизматкор болага қараб бақирдилар. Ҳалиги киши чиқиб кетди, Саййида Фотима тепаларига кириб ўтириб йиғлай бошладилар, кўзларидан оққан кўз ёшлари чак-чак этиб, Умарни юзларига тушарди, ўзларига келдилар, қарасалар Саййида Фотима тепаларида ўтириб йиғлаётганларини кўрдилар. Эй Фотима нимага йиғлаяпсан дедилар? Эй Амиралмуминин мени кўз ўнгимда бундай ҳолатингизни кўриб, ўлим талвасаси олдида ҳолатингиз қандай бўларкин деб йиғлаяпман дедилар. Дунёни тарк қилишингизни ўйлаб, сиздан ажралиб қолишимни ўйлаб йиғлаяпман дедилар. Саййида Фотима  ҳаётлик чоғларида у кишига етиши мумкин бўлган озорлага йиғлаган бўлса, энди ўлим ҳолатида у кишига ачиниб йиғларди. Икки кўзлари жиққа ёшга тўлган эди. Икки акалари сингилларига тасалли бериш учун келиб, байтулмолга бериб юборган молларини қайтариб беришни таклиф қилдилар. Шунда Саййида Фотима Аллоҳга қасамки, мен молу-мулкдан, неъматлардан ажралиб қолганимга йиғламаяпман, мен бу кеча у кишини ҳолатларини кўриб йиғлаяпман дедилар. Нима бўлди? деб сўрашди, улар. Амирал Мўминин бу кеча йиғлаб номоз ўқиб туриб,

يوم يكون الناس كالفراش المبثوث *  وتكون الجبال كالعهن المنفوش *)  (  

У кунда (қиёмат кунида ) одамлар тўзиб кетган капалакка ўхшаб қолурлар. Ва тоғлар титилган жунга ўхшаб қолурлар. Шу оятни ўқидиларда, йиғидан тўхтаб хириллаб қолдилар. Мен ўйладим жонлари узилди деб. Бомдод номозига уйғотганимда кўзларини очмадилар. Акалари Язид халифа бўлдилар, Саййида Фотимага зеб- зинатларини қайтариб бермоқчи бўлдилар. Шунда Саййида Фотима: Аллоҳга қасамки, йўқ асло олмайман, тириклик чоғларида итоат қилиб, бериб юборганимни, ўлганларида итоатсизлик қилиб оламанми? дедилар. Ундай нарсаларга менинг ҳожатим йўқ, дедилар. Аллоҳ уларни барчаларини раҳмат қилсин.

 

Алий Тантовийнинг  "Тарих қиссалари " китобидан олинган мақолани таржима қилинди.

Юлдашев Иззатуллоҳ

Тошкент ислом институти “Тиллар” кафедраси ўқитувчиси

 

Янгиликлар

Top