muslim.uz

muslim.uz

Мукаддас  Динимиз  таьлимотида  бировга  яхшилик  килиш савоб, қилган яхшилигини миннат қилиши  эса  катта гуноҳ  хисобланади. Мусулмон одам савобли иш қилса, садақа берса, муҳтожларга ёрдам кўрсатса, ҳеч кимга айтмайди, одамларга билдирмайди, яхшилигини миннат қилмайди. Агар оила бошлиғи қўл остидагиларга миннат қилса, “Сенларни мен боқяпман. Мен бўлмасам оч қоласанлар!” деб таъна қилса, бир тарафдан, миннат қилгани учун жуда оғир гуноҳга ботади, иккинчи тарафдан, ризқ Аллоҳдан эканини инкор этган бўлади. Чунки, у бўлмаса, Аллоҳ бандалари ризқини бошқа тарафдан, бошқа одам сабабидан етказади. 

 Аллох таоло Қуръони каримда “Эй, иймон келтирганлар! Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмаса ҳам, кишиларга риё учун молини нафақа қилганга ўхшаб, бекорга кетказманг”. деган (Бақара сураси, 264- оят). 

 Ушбу ояти каримада садақадан кейин миннат қилиб, озор бериб, қилган яхшилигининг савобидан бебаҳра қолишлик ажойиб бадиий васф билан тасвирланяпти. Бу билан мусулмонлар қалбида бу ишнинг нақадар ёмон иш эканлиги жонли тасвир қилинмоқда. Оятнинг аввалида садақани миннат ва озор бериш билан ботил қилмасликка амр бўляпти. Кейин эса aгap шундай қилинса, риё учун садақа қилганга ўхшаб қолишининг баёни келяпти: 

Миннат қилишлик ёмон одат бўлиб, инсон қалбида оғир яра қолдиради. Берганни миннат қилган кишининг мақсади манманлик, бошқаларни менсимаслик, ўзини кўрсатиш, одамлар ўртасида обрў қозониш бўлади. Миннат қилиш туфайли мол сарфлаган киши молни олувчига озор етказади. Одамлар ичида унинг обрўйини тўкади. Инсоний қадр-қимматини пастлатади. Ҳолбуки, Исломда мол-мулкни сарфлаб, нафақа қилишга тарғиб қилишдан мақсад камбағалларнинг кўнглини кўтариш, уларни хурсанд этиш, бой биродарлари уларни ҳурмат қилишини сездиришдир. 

Миннат қилувчи киши икки жиҳатга кўра маломат қилинади: аввало, у барча ризқ ва неъматни Аллоҳ таоло беришини инкор қилган ва тан олмаган бўлади. Агар ризқ Аллоҳдан эканини ҳаққи-рост билганида бундай қилмасди. Иккинчидан, миннатчи одам қилган яхшиликларини айтиб мақтанади. Бунда у кибр ва риё иллатларига мубтало бўлади. Бу эса ўша яхши амалнинг бекор бўлишига, савобининг кетишига сабаб бўлади.

Яхшилик ва сахийлик қилгандан сўнг миннат қилиш, одамларни камситиш, уларни ҳақорат қилиш ва хорлаш каби иллатлардан узоқда бўлиш даркор. 

Абдуллоҳ ибн Амрдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. У киши айтадилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Жаннатга миннатчи, ота-онага оқ бўлган ва кўп ароқ ичувчи кирмайди”, дедилар”. (Имом Насоий ва Имом Доримий ривоят қилган).

Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг: “Жаннатга миннатчи, ота-онага оқ бўлган ва кўп ароқ ичувчи кирмайди”, дедилар, деган сўзларининг маъноси: улар жаннатга биринчлардан бўлиб кирмайдилар, деганидир. Чунки, аҳли суннат вал жамоат уламолари иттифоқига кўра, кимки Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмасдан вафот этган бўлса, дўзахда абадий қолмайди. Балки, жаҳаннам азоби билан гуноҳларидан поклангандан сўнг албатта жаннатга киради. (Аллоҳ барчамизни дўзах азобидан асрасин).  Қариндошларига яхшилик қилгандан сўнг миннат қиладиган инсон ҳам юқоридаги қаттиқ огоҳлантиришга лойиқдир. Чунки бу феъл ҳам уни жаннатга киришига тўсқинлик қиладиган ишлардандир. Юқорида ўтган гаплардан ота-онага оқ бўлувчи ва силаи раҳмни узувчи кишиларнинг дунё ва охиратда жазога лойиқлигини билдик. Бу ҳадиси шарифда эса Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) кўп маст қилувчи ичимликлар ичувчини ҳам жаннатга кирмаслигини зикр қилдилар. Шунинг учун, спиртли ичимликлар ичувчи ёки наркотик моддалар ва маст қилувчи нарсаларни истеъмол қилувчи кишилар бу ҳадиснинг маъносини чуқур ўйлаб кўрсинлар. Ҳамда, Аллоҳга астойдил тавба қилсинлар. 

Яхшиликдан кейин миннат қилиш разил хулқлардандир. Шунга кўра, агар бир инсон бирор кишига яхшилик қилса ёки унга садақа қилса, сўнгра унга миннат қилиб, эҳсон ва садақасини унинг олдида гапирса, батаҳқиқ эҳсон ва садақасининг савоби зое бўлади. 

Миннатчи савобларини зое қилиб, эҳсон қилган одамидан кўпроқ фойда олиш учун унга озор беради ва агар ундан бирор нарса ололмаса, унга бирор зарар етишини орзу қилади. Бу нарса уят ва хорликдан ҳам баттар шармандаликдир. 

Шайх Муҳаммад Арифий айтадилар:

«Таҳорат қиласану, исроф қиласан.

Ҳижоб ўрайсану, атир сепиб оласан.

Таҳажжуд намозига турасану, биродаринг билан аразлашасан.

Рўза тутасану, ғийбат қиласан.

Садақа берасану, миннат қиласан.

Кўзингни оч! Солиҳ амалларнингни тешик халтага солма»

 Аллоҳдан ўзимизга ва барча мусулмонларга ёрдам ва ҳидоят сўраймиз!

 

Одилжон Нарзуллаев Янгийўл туман Имоми Султон жоме масдиди Имом хатиби

“Ўзаро меҳр-оқибатли бўлмагунингизча, комил мўмин бўлолмайсизлар”

 

Муқаддас Ислом динимиз инсонларни тинч-тотув, ҳамжиҳат, кечиримли, бир-биримизга дўст ва биродар бўлиб ҳаёт кечиришга буюради. Тарихдан маълумки, динимизни мана шу кўрсатмасига амал қилиб яшаган мусулмонлар доимо бахт ва саодатда яшаганлар, тинч-тотув ҳаёт кечирганлар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мусулмонлар ўзаро ака-ука ва биродар экани ҳақида шундай марҳамат қилган:

  إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ

яъни:  “Албатта, мўминлар биродардирлар” (Ҳужурот сураси 10-оят).

Ислом дини инсонларни доимо бир-бирлари билан яхши муомалада бўлишга буюрар экан, уларнинг муомалалари беғараз бўлиши учун ўзаро муносабатлари ҳам самимий бўлиши лозимлигини таъкидлайди.

Зеро, инсон табиатан киришимли қилиб яратилган, яъни у жамиятдан ажралиб, алоҳида яшай олмайди. Шундай экан, мўмин киши диний ва дунёвий ишларини тўғри йўлга қўйишда солиҳ дўсту ёрларни танлаши лозим. Пайғамбаримиз алайҳиссалом муборак ҳадиси шарифларида марҳамат қиладилар: 

 وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ لاَ تَدْخُلُوا الْجَنَّةَ حَتَّى تُؤْمِنُوا وَلاَ تُؤْمِنُوا حَتَّى تَحَابُّوا

Бир-бирларингизга биродар бўлмагунингизча, мўмин бўлмайсизлар, мўмин бўлмагунингизча, жаннатга кира олмайсизлар”(Имом Муслим ривоятлари).

Агар бу дўстлик Аллоҳ учун бўлса, у яна ҳам мустаҳкам бўлади, чунки Аллоҳ розилиги учун бўлган дўстликка ҳеч қандай дунёвий ғараз аралашмайди. Бошқача қилиб айтганда, дунёвий ишлар юзасидан сен-менга бориб қолган тақдирда ҳам, уларнинг дўстлигига путур етмайди. Шунинг учун ҳам динимизда Аллоҳ учун дўстлашишга тарғиб қилиниб, бунга катта ажру мукофотлар ваъда қилинган. Абу Дардо разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

 إنَّ حَوْلَ الْعَرْشِ مَنَابِرُ مِنْ نُوْرٍ عَلَيْهَا قَوْمٌ لِبَاسُهُمْ نُوْرٌ وَوُجُوهُهُمْ نُوْرٌ لَيْسُوا بِأَنْبِيَاءَ وَلاَ شُهَدَاءَ يَغْبِطُهُمُ النَّبِيُّونَ وَالشُّهَدَاءُ فَقَالُوا: يَا رَسولَ اللهِ صِفْهُمْ لَنَا فَقَالَ: هُمْ اَلْمُتَحَابُّونَ فِي اللهِ

وَالْمُتَجَالِسُونَ فِي اللهِ وَالْمُتَزَاوِرُونَ فِي اللهِ 

(رواه الإمام مسلم)

яъни: “Аршнинг атрофида нурдан бўлган минбарлар бор. Ушбу минбарларда либослари нур, юзлари нур бўлган бир қавм бўладилар. Улар пайғамбар ҳам, шаҳидлар ҳам эмаслар. Уларни пайғамбар ва шуҳадолар ҳавас қиладилар”, – дедилар. Шунда саҳобалар: “Бизга уларни тавсифлаб беринг, Ё Расулуллоҳ”, дедилар. Шунда  Расулимиз алайҳиссалом: “Улар Аллоҳ йўлида бир-бирларига муҳаббат қилувчилар, Аллоҳ йўлида бирга ўтурувчилар, Аллоҳ йўлида бир-бирларини зиёрат қилувчилар”, дея  марҳамат қилдилар (Имом Муслим ривоятлари).

Ислом тарихидан маълумки, Абу Зарр разияллоҳу анҳу билан Билол ибн Рабоҳ разияллоҳу анҳу ўрталарида бироз келишмовчилик бўлиб,  аччиқланган Абу Зарр разияллоҳу анҳу Билол ибн Рабоҳга: “Эй қора хотиннинг ўғли, мени босиб олдинг!” дегандилар, Билол ғазаб қилган ҳолда ўрниларидан туриб: “Аллоҳга қасам, мен бу ишни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга айтаман”, дедилар. 

Бу хабар етказилганида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари ўзгариб кетди ва: Эй Абу Зарр! Онасини айбладингизми? Сизда жоҳилият одатлари бор экан”, дедилар. 

Абу Зарр йиғладилар ва: “Эй Аллоҳнинг расули, менга истиғфор айтинг” дедиларда, масжиддан йиғлаган ҳолда чиқиб кетдилар. 

Кейин Билолнинг олдига келиб, юзларини тупроққа қўйдилар-да: “Аллоҳга қасам, то оёғинг билан юзимни эзғиламагунингча, бошимни кўтармайман. Сен олижаноб кишисан, мен эса пасткашман”, дедилар. 

Билол ҳам йиғлаб унга яқинлашдилар-да, унинг юзидан ўпдилар. Сўнгра: "Аллоҳга қасамки, Аллоҳ учун бир марта бўлса ҳам сажда қилган юзни оёғим билан босмайман”, дедилар. Кейин икковлари ўринларидан туриб, бир-бирларини қучоқлаб, йиғида давом этишди.

Бизлар бугунги кунда бир-биримизга ёмонлик қилиб қўйсак, кечирасиз деб айтишга ҳам ботина олмаймиз. Аслида, узр сўраш юқори савиядаги маданият ҳамда олий фазилатли хулқлардандир. Қолаверса, Ислом динида, ирқий камситиш ёки миллат ажратиш, инсон зотини таҳқирлаш қораланган. Инсон қайси миллат ва ирқдан бўлмасин, унга нисбатан камситиш маънавий қашшоқликдир!

Мўмин-мусулмонлар ўзаро биродар бўлганларидан кейин, бир киши ҳақида фикр билдириш борасида тилига жуда эҳтиёт бўлиши лозим. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:

 إِنَّ العَبْدَ لَيَتَكَلَّمُ بِالكَلِمَةِ مِنْ رِضْوَانِ اللَّهِ، لاَ يُلْقِي لَهَا بَالا، يَرْفَعُهُ اللَّهُ بِهَا دَرَجَاتٍ، وَإِنَّ العَبْدَ لَيَتَكَلَّمُ بِالكَلِمَةِ مِنْ سَخَطِ اللَّهِ، لاَ يُلْقِي لَهَا بَالا، يَهْوِي بِهَا فِي جَهَنَّمَ

 (رواه الإمام البخاري عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه) 

яъни: “Киши ўзи эътибор бермаган ҳолда Аллоҳ рози бўладиган сўзни айтиши мумкин. Бу билан Аллоҳ унинг жаннатдаги даражасини кўтаради. Шунингдек, киши ўзи эътибор бермаган ҳолда Аллоҳни ғазаби келадиган сўзни гапириб қўйиши мумкин. Бу билан  Аллоҳ уни жаҳаннамга туширади” (Имом Бухорий ривоятлари).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом мусулмонларнинг бир-бирларига дўст, биродар, кўмакдош бўлишлари  зарурлигини бундан ўн беш аср муқаддам эълон қилиб, Ислом умматини ўзаро биродарликка, қардошликка, ҳамкорликка чақирганлар. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: 

﴿ المُسلمُ أخو المُسلمِ لا يَظلِمُه ولا يُسلِمُه مَن كان في حاجةِ أخيه كان اللهُ في حاجتِه ومَن فرَّجَ عن مسلمٍ كُربةً فرَّجَ اللهُ بها عنه كُرْبةً مِن كُرَبِ يَومِ القِيَامَةِ ومَن سَتَرَ مُسْلمًا سَتَرَه اللهُ يَومَ القِيَامَةِ

яъни: “Мусулмон мусулмон кишининг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди ва биродарини душманга ҳам топшириб қўймайди. Ким биродарининг ҳожатида бўлса, Аллоҳ ҳам унинг ҳожатида бўлади. Ким мусулмондан ғам-ташвишни кетказса, Аллоҳ таоло уни Қиёмат ғам-ташвишларидан халос этади. Ким мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ таоло Қиёмат кунида унинг ҳам айбини беркитади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: 

 لَا يُؤْمِنُ أحَدُكُمْ، حتَّى يُحِبَّ لأخِيهِ ما يُحِبُّ لِنَفْسِهِ

яъни: “Киши ўзи учун яхши кўрган нарсани биродарига ҳам раво кўрмагунича комил мўмин бўла олмайди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари). 

Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаи киромлардан бирларига уч марта Жаннатни башоратини бердилар. Шунда, Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳу у кишини уйларида меҳмон бўлиб, уч кун амалларини кузатдилар. Лекин ҳеч қандай ортиқча амални кўрмадилар. Кейин, у саҳобадан Абдуллоҳ ибн Амр: “Қайси амалингиз туфайли Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтган нарсага эришгансиз?” – деб сўрадилар. У зот: “Сиз кўрганингиздан бошқа нарса йўқ. Лекин кўнглимда бирор мусулмонга нисбатан ғиллу ғашлик сақламайман ва Аллоҳ унга берган нарсага ҳасад қилмайман”, – дедилар. Абдуллоҳ ибн Амр: “Ҳа, мана шу нарса сизни ушбу даражага олиб чиққан экан”, – дедилар (Имом Аҳмад ривоятлари).

Муҳтарам азизлар! Дўстлик ва биродарчиликка путур етказадиган масалалардан бири турли масалаларда ихтилоф қилиш, бехуда тортишувларга киришишдир. Айнан шу кунларда янги йил кунини нишонлаш ҳақида баҳс-мунозаралар кўпаймоқда. Маълумки, айни пайтда дунёда юзлаб байрамлар ва нишонланадиган кунлар мавжуд. Ҳар бир мамлакатнинг байрам ва тантаналари мана шу халқнинг дини, маданияти ва тарих мобайнида эришган ютуқларини ўзида акс эттиради. Бугунги кунда юртимиздаги байрамлар хилма-хил бўлиб, улар миллий, диний, касбий ва халқаро каби турларга бўлинади. Мазкур байрамларнинг айримлари ҳукумат томонидан дам олиш куни сифатида эълон қилинган.

Байрамлар уч қисмга бўлинади, қуйида уларни баён қиламиз:

  1. Диний байрам. Исломда диний байрамлар Аллоҳ таоло ва унинг Расули томонидан белгиланган, уни бошқа инсонлар белгилай олмайди. Бу кунларда махсус ибодатлар (ҳайит намози, қурбонлик) қилинади. Бундай байрамлар Исломда иккита бўлиб улар – Ийдул Фитр (Рамазон ҳайити) ва Ийдул Азҳо (Қурбон ҳайити)дир. Рамазон ҳайити Рамазон ойи рўзасини тутиш тугагани муносабати билан ўтказилади. Қурбон ҳайити Ҳажнинг асосий арконлари якунлангани муносабати билан, Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни нишонланади ва унга кейинги “ташриқ кунлари” номини олган уч кун ҳам қўшилади. Бу байрамлар ҳақида Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида, уларнинг ўйин-кулги қиладиган икки кунлари бор эди. “Бу икки кун қандай кун?” – деб сўрадилар. “Жоҳилиятда ўйин-кулги қиладиган кунимиз эди”, – дейишди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ сизларга у иккиси ўрнига улардан кўра яхши Азҳо (Қурбон ҳайити) ва Фитр (Рамазон ҳайити) кунларини берди”, – дедилар” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Ислом дини байрамларида хурсандчилик қилган, ота-онаси, аҳли аёли, қариндош ва таниш-билишларига кенгчилик яратганлар ҳамда қурбонлик қилганлар савоб оладилар ва ибодат қилганнинг ажрига эришадилар. Ҳатто еб-ичиш хурсандчилик аломати бўлганидан юқорида зикр қилинган икки ҳайит ва ташриқ кунларида рўза тутиш макруҳдир.

  1. Бошқа дин вакилларининг байрами. Масалан, рождество, пасха ва шунга ўхшаган байрамлар. Мусулмон киши бошқа дин вакилларининг диний байрамларини нишонлаши мумкин эмас. Чунки бу мансух бўлган (ҳукмлари бекор бўлган) динларни қўллаб-қувватлаш ва Исломдан устун қўйиш, ўзини уларга ўхшатиш бўлиб қолади.
  2. Динга алоқаси бўлмаган ижтимоий байрам. Масалан, 8 март, 9 май, 1 сентябрь, 1 октябрь, 8 декабрь ва шунга ўхшаш байрамлар. Динга алоқаси бўлмаган ижтимоий байрамлардан кўзланган мақсад тўғри бўлса, турли маъсиятлар аралашуви сабабли шариат кўрсатмаларидан ташқарига чиқилмаса, Ислом бундай дунёвий байрамларни ман қилмайди.

Юқоридагилар каби ижтимоий байрамлардан яна бири – мелодий йил бошланиш санасини нишонлашдир.

Юртимизда ҳам янги йил санасини ўзига хос тарзда кутиш ва ўтказиш одат тусига кирган. Ушбу санани нишонловчи фуқаролар ўзларини бошқа дин вакилларига қайсидир ақидада ўхшашликни мақсад қилмайдилар. Аксинча янги бошланадиган санани хурсандчилик билан кутиб, янги кунга янги мақсадлар, янгича кайфият билан кириб боришни мақсад қиладилар. Шу сабабдан уларнинг қилаётган ишларига диний тус бериш, уларни эътиқодий хатога йўл қўйганликда айблаш ёхуд куфрга нисбат бериш мутлақо ножоиз саналади.

Ваҳоланки, бировни куфрга чиқариш жуда ҳассос масаладир. Бунинг ўзини асослари, қоидалари, бу масалани ҳал қиладиган кишилари бор. Агар бир киши динда қатъий далиллар билан собит бўлган бирор нарсани ўзи билган ҳолда инкор қилса ёки бирор куфр лафзини айтса, ҳатто барча ҳолатда ҳам уни кофирга чиқариш оддий инсонларнинг иши эмас. Бу масала қозилар, муфтийлар кўриб чиқадиган масаладир.

Тўғри, ушбу масала юзасидан замонамиз уламолари ўртасида ҳар хил фикрлар мавжуд. Шариатга зид бўлмаган ҳолатда нишонлашни жоиз дейдиган уламолар, мелодий йил ҳисобининг бошланишини насронийликдаги диний байрамлар билан боғлаш нотўғри, дейдилар. Чунки улардаги диний байрам йилнинг 24–25 декабрь ёки 6–7 январь кунларига белгилангандир. Дунё аҳолиси 1 январь кунига милодий сананинг бошланиши сифатида қарайди. Уни муайян дин, шу жумладан насронийлик ёки бошқа дин билан боғламайди.

Динимиз манбаларида ҳам бошланаётган кун, ой ва йил учун барака сўраб дуо қилиш зикр қилинган. Толҳа ибн Убайдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон янги чиққан ойни кўрсалар шундай дер эдилар:

 اللَّهُمَّ أَهِلَّهُ عَلَيْنَا بِالْيُمْنِ وَالْإِيمَانِ وَالسَّلَامَةِ وَالْإِسْلَامِ رَبِّي وَرَبُّكَ اللهُ 

(رَوَاهُ الامَامُ التِّرْمِذِيُّ)

“Аллоҳим! Уни бизга хайр-барака, имон, саломатлик ва Ислом ила чиқаргин. Роббим ва Роббинг Аллоҳдир” (Имом Термизий ривоят қилган).

Шундай экан, ҳар бир бошланаётган кун, ой, йилни яхши дуо ва ниятлар ила бошлаш дуруст бўлади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг розилиги йўлида дўстлашувчи солиҳ бандаларидан қилсин! Мўмин-мусулмонларнинг ҳамжиҳатлигини таъминласин! Омин!

 

Хабар берганимиздек, бугун, 18 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Андижон вилояти Асака шаҳридаги "Холид ибн Валид" жоме масжидида пешин намозига ташриф буюриб, минглаб намозхонларга мавъизасини қилиб берадилар. Шу боис айни пайтда масжидда қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Муфтий ҳазратнинг суҳбатларини сайт ва ижтимоий тармоқларимиз орқали жонли эфирда кузатиб боришингиз мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Muslim.uz

@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

Бугун, 17 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Фарғона вилоятига ташрифлари давомида Фарғона шаҳрида бўлиб, “Аҳмаджон қори” жоме масжиди янги биносига илк ғиштни қўйиб бердилар. Маросимда уламолар, имом-хатиблар, ҳожи отахонлар ва масжид қавми иштирок этди. 

Муфтий ҳазратлари маросим давомида охирги йилларда юртимизда кўплаб масжидлар очилиб, обод бўлётгани, мўмин-мусулмонларга барча шароит яратилаётгани ҳақида сўзлаб, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг давоми сифатида ана шундай хайрли ишлар амалга оширилаётгани, айниқса, ёшларнинг таълим-тарбияси, илм олиши бугунги кунда алоҳида эътибор қилинаётганини таъкидладилар. 

Келгусида янгидан қад ростлаётган “Аҳмаджон қори” масжиди 70 сотих майдонни ўз ичига олиб, 8 минг намозхонни ўз бағрига олади. Шунингдек, жоме бир вақтда 100 киши хизмат қиладиган замонавий таҳоратхона, автотураргоҳ ҳам ўрин олади. 

Муфтий ҳазратлари маросим давомида масжид қурилишига ўз фондларидан 20 миллион сўмлик моддий ёрдам бериш ҳақидаги сертификатни топширдилар ва мутасадди вакилларга зарур кўрсатмалар бердилар. Якунда юртимиз ободлиги, халқимиз фаровонлиги ва масжид қурилишига ҳисса қўшаётганлар ҳаққига хайрли дуолар қилиб бердилар.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Янгиликлар

Top