muslim.uz

muslim.uz

Брюссель (Белгия)да Европа исломий ташкилотлари бирлашмаси томонидан  “Оилавий можаролар бўйича маслаҳатчи” мутахассисларини тайёрлаш юзасидан ўқув курси ўтказилди. Унда Германия, Белгия, Франция, Швеция, Буюк Британия ва бошқа давлатлардан ташриф буюрган диний раҳбарлар, имоми-хатиб, маънавият соҳасида фаолият юритадиган ўқитувчи ҳамда бир гуруҳ фаол тарғиботчилар иштирок этди.

“Ўқув курси ёш оилаларнинг бузилиш сабаблари, можароларни ҳал қилиш йўллари, оила қурувчиларга билим ва кўникмалар беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйди”, дейди исломий ташкилотлар бирлашмаси раиси Висам Али. 

Тадбир иштирокчилари муҳокама этилган масалалар тўпланиб китоб шаклида нашр этилиши ҳақида таклифлар киритишди.  

 Даврон НУРМУҲАММАД тайёрлади

Среда, 07 Декабрь 2016 00:00

Комил имон аломати

(бир ҳадис шарҳи)

Соғлом қалб эгаси бўлган инсон зоти борки, бу дунёда ҳаёт кечирар экан, кимгадир муҳаббат билан яшайди ва ҳаёти давомида ўша кишидаги гўзал сифатларни ўзида ҳам шакллантиришга ҳаракат қилади. Мусулмонлар эса, кекса-ю, ёш барчамиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни яхши кўрамиз ва ул зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ўхшашликка ҳаракат қиламиз. Чунки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни яхши кўриш, Аллоҳни яхши кўриш ва Аллоҳни яхши кўриш эса, имон ҳаловатидандир. Имом Бухорийдан қилинган ривоятда бундай дейилади:

Абдуллоҳ ибн Ҳишом (р.а.)дан ривоят қилинади: "Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга эдик. У зот, Умар ибн Хаттобнинг қўлларидан тутиб турардилар. Умар: "Албатта, сиз менга ўзимдан бошқа ҳаммадан севимлисиз", деди. Шунда, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Йўқ! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, сизларнинг бирортангизга ўзидан ҳам севимли бўлмагунимча у мўмин бўлолмайди", дедилар. Умар: "Аллоҳга қасамки, энди сиз менга ўзимдан ҳам севимлисиз", деди. "Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Ана энди тўғри бўлди, эй, Умар!" - дедилар".[1]  

Динимизда ота-она, оила ва фарзандлар муҳаббати ҳам мақталган бўла туриб, биз нима сабабдан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни барчадан кўра кўпроқ яхши кўришимиз керак?!

Албатта, бу саволларга жавоб топган киши Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам)ни яхши кўришнинг моҳияти нима эканини англаб етган бўлади. Муҳаббат нима? Уламоларимиз ҳақиқий муҳаббатни: "Таълим, тарбия ва маърифат орқали ҳосил бўладиган муҳаббат", деб иттифоқ қилганлар. Кўр-кўрона қилинган иддао муҳаббат бўлмайди, деганлар.

Ҳакимлардан Шариф Абдуллатиф эса, муҳаббатга ўзгача таъриф беради. У киши: "Агар бировни чиройи учун яхши кўрсанг, бу севги эмас, балки шаҳватдир. Агар бировни заковати учун яхши кўрсанг, бу муҳаббат эмас, лол қолишдир. Агар бировни фақат бойлиги учун яхши кўрсанг, бу ҳам севги эмас, балки моддапарастликдир. Агар бировни сенинг наздингда яхши бўлгани учун яхши кўрсанг, бу ҳам муҳаббат эмас, балки ҳис туйғуларингдан миннатдорчилигингдир. Аммо сен бировни яхши кўрсанг-у, нима учун яхши кўрганингни ўзинг ҳам билмасанг, мана шу ҳақиқий севгидир" дейди.

Дарҳақиқат, юқоридаги иккала тарифга ҳам мувофиқ келадиган севгини саҳобалар ҳаётидаги Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га нисбатан бўлган муҳаббат мисолида кўришимиз мумкин.

Али (розияллоҳу анҳу)дан “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бўлган муҳаббатингиз қандай?” деб сўралганида, “Аллоҳга қасамки, у зот бизга молларимиздан, бола-чақаларимиздан, ота-оналаримиздан ҳамда ташна одамнинг муздек сувга бўлган муҳаббатидан ҳам севимлироқдирлар” деб жавоб бергандилар.

Ёки бўлмаса, ҳаётининг энг охирги дамларини кечираётган Зайд ибн Дасина (розияллоҳу анҳу)нинг муҳаббати ва садоқатини эслайлик. Маккаликлар қўлида асир бўлиб турган Зайд ибн Дасина (розияллоҳу анҳу)ни Макка аҳли ўлдириш учун Ҳарамдан ташқарига чиқараётганларида Абу Суфён ибн Ҳарб ҳали мушрик эди. У Зайд (розияллоҳу анҳу)га деди: “Эй Зайд, агар Муҳаммад ҳозир сенинг ўрнингда асир бўлса-ю, биз унинг бўйнига қилич урсак, сен эса оиланг бағрида бўлишни истайсанми?” деди. Зайд (розияллоҳу анҳу): “Аллоҳга қасамки, Муҳаммад (алайҳиссалом)га ҳозирги турган жойида бир тикон кириб азият беришини, мен эса оилам бағрида бўлишимни асло истамайман” дея жавоб берди. Шунда Абу Суфён: “Мен Муҳаммаднинг саҳобалари уни яхши кўришганидек бошқа ҳеч ким бировни яхши кўрганини кўрмадим” деди.

Чунки, у зотлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни шу даражада яхши кўрар эдиларки, фаразан, замонамиз кишилари саҳобаларнинг бирортасидан: "Нима учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни яхши кўрасиз?" деб сўраса, менимча, у саҳобий нима учун яхши кўришини айтиб беролмасди. Унинг айтиб беролмаслиги, бунинг сабабини билмаганидан эмас, балки дунёда бунақанги савол бор экани унинг ҳаёлига ҳам келмагани учун бўларди. Бундан кўра, уларга: "Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни яхши кўрмаслик мумкинми?!" деган савол берилганида жавоби осонроқ бўларди.

Чунки, у зот — Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эдилар. Ана шу муборак номларининг ўзиёқ қалбларга сурур, кўзларга нур ва жисмга қувват бўларди. Улар, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни худди шундай, сўз билан тушунтира олмайдиган, аммо ҳол тили бунинг барча сабабларини айтадиган даражада яхши кўрар эдилар. Демак, саҳобаларнинг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бўлган муҳаббатлари, юқорида ўтган муҳаббат ҳақидаги икки таърифга ҳам тўғри келадиган муҳаббат бўлган.

Чунки, қалам билан ёзиб, ифодалаб бўлмайдиган нарсалар бор. Бу худди олманинг таъмини билиш учун ўн жилдлик китоб ёзилганда ҳам уни бир тишлаганча бўлмаганига ўхшайди. Ёки, шундай гаплар борки, уларни айтамиз-у, ҳеч нима айтмагандек бўламиз. Ёхуд шундай жимликлар борки, унда ҳамма нарсани айтгандек бўламиз.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га нисбатан муҳаббатни мен шундай тушунаман. Буни эса фақат ва фақат, ўша муҳаббатдан насибадор бўлганларгина билади холос. Энди эса, барчамизга янада тушунарли бўлиши учун, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га нисбатан сўз билан ифодалаш мумкин бўлган муҳаббатнинг икки сабаби ҳақида тўхталсак:

Биринчи сабаб: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни Аллоҳ яхши кўради. Биз Аллоҳни ва У зот яхши кўрган зотларни яхши кўрамиз. Аллоҳ таоло охирги пайғамбари ўлароқ, инсонлар ичидан энг яхшисини танлаб олган ва унга барча фазилатларни бериб, комиллик чўққисига чиқарган. Шунинг ўзиёқ Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)да барча фазилатлар мужассам эканига далолат қилади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан қилинган ривоятда у киши шундай дедилар: “Аллоҳ таоло бандаларининг қалбларига назар солди. Қалблар орасида Муҳаммаднинг қалби энг яхши қалб бўлиб чиқди. Уни Ўзи учун танлаб олди ва уни Ўзининг рисолати билан юборди. Кейин У зот Муҳаммаднинг қалбидан кейин яна бандаларининг қалбларига назар солди ва энг яхши қалб саҳобаларнинг қалблари эканини билди. Шунинг учун уларни Ўз Пайғамбарининг динни ҳимоя қилиш учун курашадиган вазирлари қилди”. [2]

Биз ўзимиз яхши кўрган кишиларга назарн соладиган бўлсак, уларни
камтаринлиги, саҳовати, очиқ чеҳраси, ҳалимлиги ва яна бошқа бир қанча фазилатларни ўзида мажассам этгани учун яхши кўрамиз. Бундай одамни ёмон кўришни тасаввур ҳам қилиб бўлмайди, албатта.

Иккинчи сабаб: Аллоҳ таоло бизларни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га эргашишга буюриб, бунинг учун У ҳам бизни яхши кўриши ва гуноҳларимиздан ўтишини ваъда қилган. Бу яхшиликларнинг барчаси Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) туфайли эканини билишимиз у зотга нисбатан муҳаббатимизни янада зиёда қилади. Зеро, Аллоҳ таоло бу ҳақда бундай марҳамат қилган:

“Сен: “Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қилади ва сизларни гуноҳларингизни мағфират қилади”, деб айт”. [3]

Демак, Расулуллоҳ (соллоллоҳу алайҳи ва саллам)ни яхши кўрган киши, дунёдаги энг комил инсонни яхши кўрган бўлади. Расулуллоҳ (алайҳиссалом)ни яхши кўрган киши, Аллоҳнинг амрига итоат этиб, Аллоҳнинг муҳаббати ва мағфиратига сазовор бўлади.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Ўзининг энг охирги пайғамбарини, барча фазилатли сифатлар билан сийлаб, бутун инсониятга намуна ўлароқ танлаб олганди. Аллоҳ таоло: "(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун - Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир". [4]

Буни биргина оддий мисол билан тушунадиган бўлсак: “Иккита киши бор. Иккиси ҳам ўз ота-онасига муҳаббатли. Аммо улардан бири Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни танимайди ва иккинчиси эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни яхши кўради. Энди булардан қайси бири ота-онасини кўпроқ яхши кўриши мумкин ва нима учун?!

Биринчи кишининг ота-онасига бўлган муҳаббати албатта, иккинчи кишида топилади. Аммо иккинчи кишининг ота-онасига бўлган муҳаббати, биринчи кишида топилмайди. Чунки, биз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни яхши кўрамиз ва у зот ота-она ҳақида берган тавсияларига хилоф қилмаймиз ва бунинг натижасида Аллоҳнинг ризолигига эришмоқлигимизни ҳам онгли равишда тушунамиз. Айнан шу муҳаббатни, аҳли аёлимиз, фарзандларимиз, ака-ука, опа-сингил, етим-есир, табиат, ҳайвонот ва бутун борлиқ мисолида татбиқ қилиб кўришимиз мумкин. Натижа қандай бўлади?.

Албатта, натижа иккинчи одам ўз ота-онасини яхши кўрганидек бўлади. Шунда қаерга қарамайлик кўзни қувонтирадиган ва қалбни хурсандчиликка тўлдирадиган нарсаларгагина гувоҳ бўлишимиз мумкин бўлади”.

Шу сабабли ҳам биз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни барчадан яхши кўришимиз керак. Чунки бу муҳаббат, яқинларимиз ва яхшиликларга нисбатан бўлган муҳаббатимизни янада зиёда бўлишига олиб келади. Шу билан бирга бизларни ўзимиз яхши кўрган томонга оғиб, адолатсизлик қилишимиздан ҳам ҳимоя қилади. Ислом маърифатидан хабардор кишилар бу сўзларни янада теранроқ тушунадилар, албатта.

Биз муҳаббатни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га муҳаббатли кишилардан ўрганишимиз лозим: "Кунлардан бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қулликдан озод қилган Савбан (розияллоҳу анҳу) ранглари оқариб, титраган ҳолда кириб келдилар. Расулуллоҳ (соллоллоҳу алайҳи ва саллам): "Бетобмисан, нима бўлди?", деб сўрадилар. У: "Йўқ, бемор эмасман. Соғлигим ҳам жойида. Сизни узоқ муддат кўрмасам шу аҳволга тушаман. Яна мени қийнаган нарса шуки, агар жаннатга кирсам, сизни мақомингиз баландлигидан сиз билан кўриша олмайман" – деб қўрқаман. Аллоҳ сақласин агар жаҳаннамга тушсам, яна ҳам сизни кўра олмайман" -деб қўрқаман, шуни эслаб рангим оқариб, танам титрайди" – деди. Шунда қуйидаги оятлар нозил бўлди:

"Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва уларнинг рафиқлари қандай ҳам яхши!" [5]

Дарҳақиқат, саҳоба ва саҳобиялар (розияллоҳу анҳум) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни барча нарсалардан кўра, кўпроқ яхши кўришарди. Анас (розияллоҳу анҳу) бу муҳаббат ҳақида шундай дейдилар:

Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: "Бир киши Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига келиб: "Эй, Аллоҳнинг расули! Қиёмат қачон" деб сўради. Шунда у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Қиёмат учун нима тайёргарлигинг бор?" дедилар. У: "Аллоҳ ва расулининг муҳаббати" деб жавоб берди. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Бас, албатта сен яхши кўрганинг билан бирга бўласан",  дедилар.

Анас (розияллоҳу анҳу): "Исломни қабул қилганимдан кейин, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: "Бас, албатта сен яхши кўрганинг билан бирга бўласан" деган сўзларидан хурсанд бўлганимчалик хурсанд бўлмаган эдим. Мен Аллоҳни, расулини, Абу Бакр ва Умарни яхши кўраман. Гарчи амалларим уларникича бўлмасада, улар билан бирга бўлишни умид қиламан" – дедилар”.[6]

Саҳобалардан кейин келган зотлар ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни яхши кўришган ва доимо у зот (саллоллоҳу алайҳи ва саллам)га нисбатан эҳтиромда бўлишган: “Турк султонларидан бўлган Маҳмуд Ғазнавий Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га муҳаббатли кишилардан эди. Вазирининг Муҳаммад номли ўғли унга котиблик қиларди. Кунлардан бир куни унга: “Эй, вазирнинг ўғли!” -деб мурожаат қилди. Бундан хавотирга тушган ўғил воқеани отасига айтди. Вазир келиб султондан: “Эй, султоним! Ўғлимиздан бирор беодоблик ўтдими? Сиз уни исми билан эмас, куняси билан чақирибсиз?”–деди.

Маҳмуд Ғазнавий: “Хавотир олма эй, вазир! Мен умрим давомида ҳали бирор марта ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) номларини бетаҳорат тилга олган эмасман. Ўша куни таҳоратим йўқ эди, шунинг учун шундай чақирдим”—деди”. Бунга ўхшаш мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин, жумладан Абдулоҳ ибн Муборак шундай ҳикоя қиладилар: “Мен, Молик бизга ҳадис айтиб турганида, чаён уни ўн олти марта чақиб олганини кўрдим. Уни ранги ўзгариб, сарғайсада, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳадисларини айтишдан тўхтамасди. Мажлис тугаб, одамлар тарқагач мен ундан: “Эй, Абу Абдуллоҳ! Бугун сизни ҳолингиз бошқачароқ кўринди, нима бўлди?” - деб сўрадим. У: “Тўғри, мени бугун чаён ўн олти марта чақиб олди, аммо мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сўзларига ҳурмат юзасидан бунинг барига сабр қилдим” –деди”.

Мен, хотима ўрнида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га муҳаббат ҳақида келган гўзал бир ҳадисни келтиришни лозим деб билдим. Зеро бу ҳадиси шариф барчаларимиз учун имонимиз мезони вазифасини ҳам ўтайди. Мен, мазкур мақолани ўқиган барча азизлардан илтимос қилардимки, қалбимизда яқинларимизга бўлган муҳаббат билан, Аллоҳ ва Унинг расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га нисбатан бўлган муҳаббатни таққослаб кўрайлик. Агар муҳаббат, ҳадисда айтилган даражага кўтарилган бўлса, имон лаззатини ўша банда тотибди.

Анас (розияллоҳу анҳу): “Исломни қабул қилганимдан кейин, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Бас, албатта сен яхши кўрганинг билан бирга бўласан” деган сўзларичалик хурсанд бўлмаган эдим. Мен Аллоҳни, расулини, Абу Бакр ва Умарни яхши кўраман. Гарчи амалларим уларникича бўлмасада, улар билан бирга бўлишни умид қиламан" деб, амалларини кам санаб, муҳаббатларига қатъий ишонч билан умид қилганлар.

Аммо, бизчи?! Биз Аллоҳдан нима деб умид қиламиз?! Амалимиз уларникича бўлмагани аниқ, муҳаббатимизчи?!...

Биз "муҳаббат" деб юрган нарса, аслида "муҳаббатми" ёки "иддаоми"?! Агар муҳаббат бўлса, суннатга амалимиз қани?!

Анас (р.а.)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Уч хислат кимда бўлса, у имон ҳаловати ва таъмини тотибди: "Аллоҳ азза ва жалла ва Унинг расули унинг учун барча нарсалардан севимлироқ бўлмоғи. Яхши ва ёмон кўриш, фақатгина Аллоҳ учун бўлмоғи. Унинг, Аллоҳга ширк келтиришдан кўра, катта гулханга тушишликни яхши кўрмоғи" - дедилар.[7]

Аллоҳ таоло барчаларимизнинг қалбимизни имон ҳаловатини топадиган ва унда Аллоҳ ва Расулининг муҳаббатидан ўзга нарса бўлмаган қалблардан қилсин!

Олимхон Исахон ўғли,
Имом Бухорий халқаро маркази Манбашунослик бўлим бошлиғи 

 [1] Бухорий ривояти.

[2] Имом Аҳмад ривояти.

[3] Оли Имрон сураси 31оят.

[4] Аҳзоб сураси 21 оят.

[5] Нисо сураси  69 оят.

[6] Имом Байҳақий “Шўъбул Ийман” китобида зикр қилган.

[7] Насаий ривояти. Саҳиҳ ҳадис.

 

Шу кунларда Республикамиз Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллик шодиёнасини ҳам муносиб кутиб олиш арафасида турибмиз. Конституциямизда халқимиз руҳига мос келадиган инсонпарварлик, бағрикенлик, меҳр-оқибат, имон-эътиқод ва виждон эркинлиги каби энг эзгу ижтимоий мавзуларнинг мужассам бўлгани муҳим аҳамият касб этади.

Юртимизда қонун устуворлигини таъминлаш, барча инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш изчил ислоҳотлар орқали амалий саъй-ҳаракатлар натижасида рўёбга чиқмоқда. Мустақиллик даврида маънавий  тараққиёт йўлида эришилган муваффақиятлар, халқимиз ҳаёти, моддий фаровонлиги, онгу тафаккурида юз берган катта ижобий ўзгаришлар ана шундан ёрқин далолатдир.

Ўзбекистон Республикаси Конституция қабул қилинганининг 24 йиллиги муносабати билан Тошкент вилояти Паркент туманидаги “Бешкапа” жоме масжиди ходимлари ва ташаббускорлари томонидан тумандаги аҳолининг ёрдамга муҳтож қатлами, кексалар ва жисмоний имконияти чекланганлар учун хайрия байрам дастурхони ёзилди. Тадбир ташкилотчилари томонидан иштирокчиларга байрам совғалари улашилди.

 

Муҳаммадназар Қаюмов,

ЎМИ Масжидлар бўлими мудири

Среда, 07 Декабрь 2016 00:00

Ёшларни асраш – келажакни асраш

2016 йил декабрь ойининг биринчи ўн кунлигида Тошкент вилояти Қибрай тумани бош имом-хатиблари, туман Ички ишлар бошқармаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Маҳалла” жамоат фонди ҳамда Халқ таълими бошқармасининг туман бўлимлари билан ҳамкорликда мазкур тумандаги 28 та умум таълим мактабида “Ёшлар ўртасида ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш: терроризм ва экстремизмда кенг аҳоли, асосан ёшлар иштирокининг олдини олиш” мавзуида давра суҳбатлари ўтказилди.

Тадбирларга мактабларнинг устоз-муаллимлари ҳамда юқори синф ўқувчилари жалб қилинди. Мутахассислар, жумладан имом-хатиблар томонидан терроризмнинг келиб чиқиши, унинг асоссиз сохта ғоялари орқали мамлакатимиз тинчлиги, ҳаётимиз фаровонлигига таҳдиди, уларнинг ғояларига алданиб қолмаслик йўллари батафсил тушунтирилди. Учрашувлар қизиқарли, савол-жавобларга бой бўлди.

Бўлиб ўтган учрашув ва давра суҳбатларида Қибрай туманидаги барча имом-хатиблар фаол иштирок этди.

Сарвар Муҳаммадиев,

ЎМИ Масжидлар бўлими мутахассиси

 

Янгиликлар

Top