www.muslimuz

www.muslimuz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорини имзолади. Унга кўра, 2020 йил муборак Рамазон ҳайитининг биринчи куни шу йил 24 май кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари томонидан Ислом дини манбалари ва астрономик маълумотларга таянган ҳолда 2020 йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни шу йил 24 май, якшанба кунига тўғри келиши ҳақида хулоса қилинган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

 

Воқеа – қиёмат номларидан бири. Воқеа сурасида қиёмат қоим бўлганда рўй берадиган ҳодисалар баён этилган, охиратда бандалар оладиган мукофотлари, жаннат неъматлари, дўзах аҳлининг азоб-уқубатлари тафсилоти келтирилган.

Ибн Асокир нақл қилишича, Абдуллоҳ ибн Маъсуд розияллоҳу анҳу вафот этиши арафасида бетоб бўлиб қолди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳумо уни кўргани бориб, ҳол-аҳвол сўради:

– Нимадан шикоятинг бор?

– Гуноҳларимдан.

– Нимани хоҳлайсан?

– Парвардигорим раҳматини.

– Сенга табиб буюрайми?

– Табиб (яъни, Аллоҳ) мени бетоб қилди.

– У ҳолда сенга совға-салом буюртирайми?

– Ҳожати йўқ.

– Сенга керак бўлмаса, қизларингга қолади.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бунга жавобан бундай деди:

– Қизларим камбағал бўлиб қолишларидан қўрқяпсанми? Мен уларга ҳар кеча Воқеа сурасини ўқишни буюрганман. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар кеча Воқеа сурасини ўқиса, зинҳор қашшоқликка учрамайди”, деганларини эшитганман.

Тунда Воқеа сурасини бошидан охиригача ихлос билан ўқиган одам қашшоқлик кўрмайди: ризқи кенг бўлади, касб-корига барака киради. Тажрибада синаб кўрганлар бунинг ҳақиқат эканини таъкидлашган.

Воқеа сураси кенг ризққа сабаб бўлиши ҳақида бундан бошқа ривоятлар ҳам бор. Жумладан, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Воқеа бойлик сурасидир. Уни (ўзингиз) ўқинг, фарзандларингизга ҳам ўргатинг”, деганлар (Ибн Мардавайҳ ривояти).

Кўпчилик муслима опа-сингилларимизни Рамазонда бир ўй ташвишга солади. Турмуш ўртоғи, қайнона-қайнотаси, умуман, яқинларининг хизматини қилиб, одатий уй юмушлари билан овора бўлиб, Қуръон тиловатига кам вақт ажратаётганларидан ёки нафл ибодатларни ўзлари хоҳлагандек адо эта олмаётганларидан беҳаловат бўлишади.

Сўзсиз, эрнинг, ота-онанинг кўнглини олиш, уларга хизмат қилиш, чиройли муомалада бўлиш, фарзандларга ғамхўрлик қилиш, уларнинг тарбияси билан машғул бўлиш ҳам савоб жиҳатдан кам бўлмаган ибодат саналади. Фақат бунда Аллоҳ таолонинг розилиги мақсад қилинган, шу ниятда ҳаракат қилиш талаб этилади.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси аёл вафот этса-ю эри ундан рози бўлса, жаннатга киради”, дедилар (Ибн Можа, Термизий ривояти).

Бошқа ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Аёл беш вақт намозини ўқиса, (йилда) бир ой (фарз) рўзасини тутса, ўз фаржини ҳаромдан сақласа ва эрига итоат қилса, унга жаннатнинг истаган эшигидан кир!”, дейилади» (Имом Табароний ривояти).

Эътибор беринг, ҳурматли муслима опа-сингиллар! Модомики холис нияти ила Аллоҳнинг розилигини истаб, яқинларингизнинг хизматида шай турар экансиз, сизга хушхабар берилмоқда. Жаннат башорати муборак бўлсин!

Яратганнинг ризолиги йўлидаги ушбу ибодатларингизни хурсандчилик билан адо этинг, асло ташвишланманг!..

 

Ҳурматли мўмин биродарлар, оила посбонлари бўлмиш беклар, шу ўринда, сизга ҳам яна бир масъулият тушади. Аёлларимиз ҳар икки ибодатларини (Қуръон тиловати, нафл намозлар ва оила хизмати) баробар амалга ошира олишлари кўп жиҳатдан сизга ҳам боғлиқ. Уларга Рамазонни кўнгилдагидек ўтказишлари учун ёрдам беринг, шарт-шароитларини яхшилаб, қулайликлар, енгилликлар қилиб беринг! Шу тарзда, иншааллоҳ, биз ҳам ибодат мақомига эришамиз!

Аллоҳ таоло оилаларимизга саодат, тотувлик, меҳр-шафқат берсин, Рамазонни гўзал тарзда ўтказишимизни насиб айласин!

 

Ғиёсиддин ҲАБИБУЛЛОҲ

Среда, 20 Май 2020 00:00

ЁРУҒ КУНЛАР ОЛДИНДА

Мусаффо тонг отди, бедор онанинг
Бутун борлиғида чувалар ўйлар.
Қушлар чуғурига тутар қулоғин,
Машриқ томонлардан келар бир хабар.

Ўғил эшик очди: “Ассалом она!”
– Бормисан, жон болам, кўзим, қароси?!
Қандай ташвиш билан юрибсан яна,
Қандай балоларнинг излаб давосин?

– Онажон, юрт тинчдир, осмон беғубор,
Ўриклар ўралган оппоқ ҳарирга.
Алвон лолаларга бурканар адир,
Оз қолди чиқамиз катта сайлга.

– Жон болам, алдама, сўзлагин ростин!
Қалбим ҳис этади дарду ташвишинг.
Дунё андуҳлидир эмасдир сокин,
Қандайдир балони йўқ этмоқ ишинг.

– Ҳа она, корона деган бир вирус,
Инсонлар бошига солар таҳлика.
Барчанинг ақли лол, татмайди ҳеч туз,
Жонин фидо этган уни енгмоққа.

– Ўғлим уч ойдирки, йўқ ҳаловатим,
Мени ҳам азаблар синоат, сирлар.
Гарчи кўрмаса ҳам иккала кўзим,
Қалбим дуодадир очилар йўллар!

– Онажон, куну тун қиласиз дуо,
Нечун кўзингизга бермайди шифо?
– Жон болам, қилмагин шаккоклик асло,
Аллоҳ иродаси, бу эмас жазо.

Хоҳласа балони даф этар шу он,
Фақат сажда қилгин, айлагин эҳсон.
Бир кун вирус деган балосини ҳам,
Албатта, енгажак қалби пок инсон.

Баъзилар унутди меҳр-вафони,
Гўдаклар кўз ёши тутди самони.
Очкўзлик тарқатди бундай балони,
Фаҳшу нодонликлар босди дунёни.

Жон болам, барисин билгувчи Аллоҳ,
Бандасин синайди, этар имтиҳон.
Куфр сўзламагин, шак этма асло,
Саждага бошинг қўй, келтириб иймон.

Мудом саждадаман этгум ибодат,
Кўзимга нур берар у бир кун шояд.
Аллоҳдан ёруғлик сўрагин фақат,
Дуоларинг балки бўлар ижобат.

Ўғил тинглар экан она сўзларин,
Чуқур уйга толди, маъюс эгди бош.
Оларкан қўлига тасбеҳу “Қуръон”,
Эзгу ҳислар қалбда кўтардилар бош...

Ибодат-ла кирди уйга барака,
Меҳр-муҳаббату тавозе, ҳурмат.
Бир тонг ўқир экан ўғил намозин,
Онанинг кўзидан чекинди зулмат.

Она кўзларини очиб борлиқни –
Яшнаган табиат, қуёшни кўрди.
Фарзанди дилга жо этгач Аллоҳни,
Онасин кўзига қайта нур тўлди.

Одамлар, дуога қўл очинг ҳар дам,
Балою офатлар йўқ бўлса шояд.
Қалб иймон нуридан олади малҳам,
Поклик, эзгулик яшайди абад!..

Зуҳра Ҳамроева

Рамазон ойида энг хушовоз қориларнинг 70 нафари Қуръони каримни онлайн хатм ўқдилар. Имом-домлалар, мударрислар, талабалар ва отинойилар томонидан ҳам жами 17 минг марта Илоҳий каломни хатм қилдилар.
Бугун, 19 май дуолар ижобат бўладиган – Қадр кечаси кунида мана шундай хатмоналарнинг якуний бўлади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларида уламолар ва ҳофизи Қуръонлар мана шундай хатми Қуръонларнинг якунини ўқиб, дуою-тазаррулар қиладилар.
Мана шундай онлайн хатми Қуръонларнинг хатмона дуоси 19 май куни соат 22:15 дан бошлаб жонли эфирда ташкил этилади. Хатмона тадбири интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар орқали онлайн намойиш этилади. Ушбу тадбир “Uzreport” телеканалида тўғридан-тўғри, қолган каналларда эса ёзиб олинган ҳолда эфирга берилади.
Ушбу хатми Қуръонни қуйидаги ҳаволалар орқали онлайн узатишни тавсия этамиз:

Фейсбук https://www.facebook.com/muslimuzportal/?ref=aymt_homepage_panel&eid=ARDLMpvyEXGYhRR4mk1GPNGtMZ_qnFuwQpSOGZgheHwOCuEVoUfuNb1MbrZ6pgY4qSFbyddlNdLYDpj0
Ютуб https://www.youtube.com/channel/UCLbdL0ibb4zqlqe7LRNOSNQ
Uzreport https://uzreport.news/livehttps://uzreport.news/live
ITV.UZ https://itv.uz/#!/muslim

Барчамиз дуога қўл очиб, “омин” деб турсак ижобат бўладиган дуоларга шерик бўламиз. Ҳадиси шарифда айтилганидек, хатми Қуръондан кейинги дуо ижобат. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қуръонни хатм қилса, унинг дуоси ижобатдир”, деганлар (Имом Табароний ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу Қуръонни хатм қилсалар, оиласини тўплаб, дуога “омин” деб туришларини буюрар эдилар. Саҳоба Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ҳар гал хатм қилганида оила аъзоларини жамлаб, биргалашиб жамоавий дуо қилар эдилар.
Абдуллоҳ ибн Аббос Қуръон ўқийдиган қориларни суриштириб, қачон хатм қилишини сўраб олар экан. Хатм қиладиган куни бориб, дуосига шерик бўлар эканлар.
Шундай экан фурсатни ғанимат билиб, барчамиз оила-аъзоларимиз билан биргаликда ушбу хатми Қуръон дуосига “омин” деб турсак, барча қилинган дуолар айни дамда бизнинг ҳақимизда ҳам битилади, инша Аллоҳ.
Қадр кечаси муборак бўлсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top