www.muslimuz

www.muslimuz

 بسم الله الرحمن الرحيم

ЗАКОТ – МОЛИЯВИЙ ИБОДАТ

 

Муҳтарам жамоат! Ислом нуқтаи назарида инсонга берилган мол-мулк ҳам синовлардан биридир. Одам молу давлатини Аллоҳ таоло ва Пайғамбари кўрсатганидек сарф қилса, тўғри йўлга ва эзгуликка ишлатса, мол-мулк унга берилган неъмат бўлади. Агар мол-мулкини гуноҳга ва ер юзида бузғунчилик қилишга сарфласа, бу унинг учун азобга айланади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

  إِنَّمَا أَمْوَالُكُمْ وَأَوْلَادُكُمْ فِتْنَةٌ وَاللَّهُ عِنْدَهُ أَجْرٌ عَظِيمٌ 

яъни: “Сизларнинг мол-мулкларингиз ва фарзандларингиз фақат бир синовдир. Улуғ мукофот эса Аллоҳнинг ҳузуридадир(Тағобун сураси 15-оят).

Мол-дунё фитнаси мўмин учун катта синовдир. Бу синовни ҳамма ҳам енгиб ўта олмайди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай дейдилар:

﴿إِنَّ لِكُلِّ أُمَّةٍ فِتْنَةً، وَإِنَّ فِتْنَةَ أُمَّتِي الْمَالُ

яъни: “Ҳар бир умматнинг синови бор. Умматимнинг синови молдир” (Имом Аҳмад ривоятлари).

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

اُبْتُلِيْنَا بِالضَّرَّاءِ فَصَبَرْنَا، وَابْتُلِيْنَا بِالسَّرَّاءِ فَلَمْ نَصْبِرْ

яъни: “Қийинчилик билан имтиҳон қилинганда сабр қилдик. Кенгчилик билан синалганда, сабр қила олмадик”.

Динимизда мол-дунёнинг муҳаббати қалбни эгалламаслиги учун турли садақалар ва инфоқ-эҳсон қилиб туришга буюрилади. Мана шу садақаларнинг бошида бойларга фарз бўлган закот туради. Садақалар ичида энг савоблиси ҳам закотдир. Чунки амаллар ичида энг савоби кўпи фарз амаллардир. Нафл садақалар ундан кейин туради.

Закот – Исломнинг беш фарзидан бири, молиявий ибодатдир. Унинг “ўсиш”, “салоҳият” ва “поклаш” каби маънолари бор. Истилоҳда эса, бой киши маълум бир моллардан зиммасига вожиб бўлган миқдорни камбағалга мулк қилиб беришидир. Закот беришда нисоб (бойликнинг энг кам миқдори) ва йил ўтиши эътиборга олинади. Закот бир йилда бир марта берилади.

Закотнинг фарзлигига Қуръони карим, ҳадиси шарифлар ва умматнинг ижмоси  далолат қилади. Аллоҳ таоло шундай дейди:

                                             وَأَقِيمُوا الصَّلاَةَ وَآتُوا الزَّكَاةَ

яъни: “Намозни қоим қилинг ва закотни беринг...” (Бақара сураси 43-оят). Қуръони каримда худди шу буйруқ саккиз марта такрорланган.    

Пайғамбаримиз алайҳиссалом Ислом беш нарса устига қурилганини зикр қилиб уларни ичида закотни ҳам санадилар (Имом Бухорий ривоятлари).

У Зот атрофдаги мусулмонларнинг закот молларини йиғиш учун ходимлар жўнатар эдилар. Жумладан, Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳуни Яманга жўната туриб:

﴿ أَعْلِمْهُمْ أَنَّ اللَّهَ افْتَرَضَ عَلَيْهِمْ صَدَقَةً فِي أَمْوَالِهِمْ تُؤْخَذُ مِنْ أَغْنِيَائِهِمْ وَتُرَدُّ عَلَى فُقَرَائِهِمْ

яъни: “Уларга маълум қилингки, Аллоҳ таоло уларнинг молида бойларидан олиниб камбағалларига қайтариладиган бир садақани вожиб қилган”, деганлар (Имом Бухорий ривоятлари).

Закотни бермайдиганларни Аллоҳ таоло қаттиқ азоб билан огоҳлантиради:

  وَالَّذِينَ يَكْنِزُونَ الذَّهَبَ وَالْفِضَّةَ وَلَا يُنْفِقُونَهَا فِي سَبِيلِ اللَّهِ فَبَشِّرْهُمْ بِعَذَابٍ أَلِيمٍ  

яъни: “...Олтин ва кумушларни кон (махфий хазина) қилиб олиб, уларни Аллоҳ йўлида сарф қилмайдиганларга аламли азоб ҳақида «хушхабар» беринг!” (Тавба сураси 34-оят).

Закот берганда нафақат мол покланади, балки бу билан мўминнинг қалби ҳам покланади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:

  خُذْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ صَدَقَةً تُطَهِّرُهُمْ وَتُزَكِّيهِمْ بِهَا وَصَلِّ عَلَيْهِمْ إِنَّ صَلَاتَكَ سَكَنٌ لَهُمْ وَاللَّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ  

яъни: “Мол-мулкларидан уларни у сабабли поклашингиз ва тозалашингиз учун садақа олинг ва улар (ҳаққи)га дуо қилинг! Албатта, дуоингиз уларга таскин (тасалли)дир. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир” (Тавба сураси 103-оят).

Демак закот берган киши гуноҳлардан покланади.

“Мўминун” сурасида зикр қилинган, Фирдавс жаннатини мерос қилиб олувчи мўминларнинг бир сифати закот берувчи эканидир. Бу ҳақида шундай дейилади:

  وَالَّذِينَ هُمْ لِلزَّكَاةِ فَاعِلُونَ

яъни:Улар закотни адо этувчидирлар(Мўминун сураси, 4-оят).

Бу закот ибодати биздан аввалги умматларга ҳам фарз бўлган эди. Қуръони каримда Иброҳим, Лут, Исҳоқ, Яқуб, Исмоил, Мусо ва Исо алайҳимуссаломга закот фарз қилингани ҳақида баён қилинади. Демак, закот ҳам қадимий ибодатлардан биридир. Қуръони каримда Исо алайҳиссалом тилидан айтилади:

 وَجَعَلَنِي مُبَارَكًا أَيْنَ مَا كُنْتُوَأَوْصَانِي بِالصَّلَاةِ وَالزَّكَاةِ مَا دُمْتُ حَيًّا

яъни: “Яна мени қаерда бўлсам баракотли қилди ва модомики, ҳаёт эканман, менга намозни ва закотни (адо этишни) буюрди” (Марям сураси 31-оят).

Муҳтарам жамоат! Закот бериш олтин-кумуш, тижорат учун боқилаётган ҳайвонлар, хом ашё, ишлаб чиқарилаётган барча турдаги ярим тайёр маҳсулотлар ва тайёр маҳсулотлар, қоғоз пул­лар­, дўкондаги сотиладиган атир-упа, кийим-кечак ва бошқа шуларга ўхшаш нарсалардан ўзи ёки қийматини чиқариш билан бўлади. Аслий ҳожатга кирадиган нарсалар закот бериладиган молларга қўшилмайди. Кундалик (аслий) ҳожатига яшаши учун ҳожатини чиқариб турган нарсалар: уй-жой ва уй жиҳозлари, авто-улов, соғин сигир, ҳар бир касб эгасига ўша касб асбоблари, ейиш учун сақлаб қўйилган озиқ-овқат маҳсулотлари киради. Булардан закот берилмайди.

Демак, кимнинг моли нисоб (85 гр тилла ёки қиймати)га етиб, бир йил тўлса, унга закот фарз бўлади. Ана шу молнинг қирқдан бирини ҳақ­дорга чиқариб беради. Закотни ажратаётганда ёки бераётган пайтида закот беришни ният қилиши фарздир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 2022 йил учун нисоб миқдорини 34 млн сўм деб белгилади. Демак, одамнинг зарурий ҳожатларидан ташқари маблағи ва тижорат моллари 34 млндан ошса, у бойлик даражасига етган бўлади. У энди бошқалардан закот ола олмайди. У шу йилнинг ўзида қурбонлик қилиши, ўзи ва балоғатга етмаган болаларига фитр садақаси бериши вожиб бўлади. Бир йил ўтгач эса бойлиги нисобдан камаймаган бўлса, маблағининг қирқдан бирини закот қилиб беради.

Моли биринчи марта нисобга етган бўлса, бир йил ўтса ҳам нисобдан камайиб кетмаса, закот бериши фарз бўлади. Доим закот бериб юрган кишилар, йил давомида қўшилган бойлиги бир йил айланишини кутиб ўтиришмайди. Ўша қўшилган йилининг ўзида қўлидаги бойлигига қўшиб ҳисоблаб, закот чиқаради.

Тижорат учун сотиб олинган ҳар қандай мол мулкни закот ҳисобига қўшилади. Агар мол-мулк сотиш ниятида олинмаган бўлса, қиймати ҳарчанд баланд бўлса-да, ундан закот берилмайди. Масалан, бирор маҳсулот ишлаб чиқарадиган цех – корхона ва ундаги қимматбаҳо ускуналардан закот берилмайди. Балки уларни ишлатиб топган пулидан закот беради.

Кумуш, қоғоз пуллар ва тижорат молларининг закоти бир-бирига қўшиб ҳисобланади. Лекин  чорва молларининг закоти буларга қўшилмасдан, алоҳида ҳисобланади.

Закот бериладиган чорва моллари йилнинг кўп қисмида (6 ойдан кўпроқ) даладан ўтлаб юрган бўлиши керак. Қўлда боқиладиган ҳайвонлардан, модомики тижорат мақсадида боқилмаётган бўлса, закот берилмайди. Тижорат мақсадида олиб боқилаётган ҳар қандай ҳайвонларнинг қиймати тилла-кумуш, қоғоз пул ва тижорат моллари қийматига қўшиб ҳисобланади.

Закот бериладиган чорва ҳайвонлари: қўй-эчки, сигир, туя ва от. Бу чорваларнинг турлари ҳам бир-бирига қўшиб ҳисобланмайди. Алоҳида-алоҳида нисобга етиши шарт бўлади. Қўй қирқтага етса, битта қўй; сигир ўттизтага етса, битта бир ёшни тўлдирган бузоқ; туя бештага етса, битта қўй; урғочи ёки эркак-урғочи отлар аралаш бўлганда, отнинг ҳар биттасидан қийматининг 1/40 и закот қилиб берилади. Бу ҳайвонларнинг сони ортиб борган сари закотга бериладиган сони ўзгариб боради. Уларни батафсил билиб олиш учун фиқҳ китобларга мурожаат қилиш керак.  Бунда ҳайвоннинг ўзидан ҳам, қийматини ҳам бериш мумкин. Қайси ҳайвон бўлса ҳам, фақат болаларининг ўзи бўлса, ундан закот берилмайди, лекин катталари билан аралаш бўлса, кичикларини ҳам ҳисобга қўшилади.

Муҳтарам азизлар! Закот олишга ҳақдор кишилар асосан камбағал ва мискинлардир. Закот беришни камбағал ака-ука, опа-сингил ва уларнинг фарзандлари, амаки-амма ва уларнинг фарзандлари, тоға-хола ва уларнинг фарзандларидан бошлаш афзалдир. Юқорида саналганлар ичида ҳақлилар топилмаса, ён қўшни, кейин маҳалла аҳолиси, кейин шаҳар аҳлига беради.

Закотни нисоб миқдорича моли бўлган бой кишига, ўзининг ота-онаси, бобо-момосига, ўзининг ўғил-қизларига ва уларнинг фарзандларига, эр-хотин бир-бирига бериш мумкин эмас.

Шуни эслатиб ўтамизки, ҳақдорларни топа олмайдиганлар закот ва фитр садақаларини масжидларда “Вақф” хайрия жамоат фонди учун қўйилган алоҳида закот қутилари орқали адо қилишлари мақсадга мувофиқдир. Закот ва фитр садақаси учун махсус жамғарма ташкил қилинган бўлиб, маблағларнинг ҳақдорларга етиб бориши шаффоф кўринишда олиб борилади.

Азизлар! Қуйида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг милодий 2022 (ҳижрий 1443) йилги закот нисоби, фитр садақа ва фидя миқдори бўйича қарорини баён қиламиз:

  1. Закотнинг тиллодан нисоби 85 грамм бўлиб, бугунги кунда 585 пробали  1 грамм тиллонинг ўртача нархи 400 000 (тўрт юз минг) сўм экани эътиборидан, бу йилги ЗАКОТ нисоби 34 000 000 (ўттиз тўрт миллион) сўм деб белгиланди.

Шунга кўра, зарурий эҳтиёжидан ташқари бир йил давомида 34 000 000 (ўттиз тўрт миллион) сўм ва ундан ортиқ пул маблағи ёки ушбу қийматдаги савдо-тижорат молига эга бўлган мусулмон киши, жами маблағининг қирқдан бири (1/40)ни ажратиб, уни закот ниятида камбағал ва фақирларга беради.

 

  1. Фитр садақасининг миқдори буғдойдан ярим соъ (≈ 2 кг.), арпадан бир соъ (≈ 4 кг.), майиздан ярим соъ (≈ 2 кг.) ва хурмодан бир соъ (≈ 4 кг.)дир.

Бугунги кунда мазкур маҳсулотларнинг Тошкент шаҳар бозорларидаги ўртача нархлари 1 кг. буғдой – 5 минг, 1 кг. арпа  – 4 минг,   1 кг. майиз  –  50 минг ва 1 кг. хурмо  –  40 минг сўм эканлигини инобатга олиб, бу йилги ФИТР садақасининг миқдори  қуйдагича этиб белгиланди:

 

  • буғдойдан ≈ 2 кг. 10 000 (ўн минг) сўм;
  • арпадан ≈ 4 кг. 16 000 (ўн олти минг) сўм;
  • майиздан ≈ 2 кг. 100 000 (юз минг) сўм;
  • хурмодан ≈ 4 кг. 160 000 (бир юз отмиш минг) сўм деб белгиланди.

Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя қилади.

 

  1. Фидя миқдори бир мискиннинг бир кунлик озиқ-овқати қийматида бўлиб, бугунги кунда бир мискиннинг бир кунлик озиқ-овқати ўртача 25 000 (йигирма беш минг) сўмга тўғри келганидан, бу йилги ФИДЯ миқдори бир кун учун 25 000 (йигирма беш минг) сўм, бир ойга 750 000 (етти юз эллик минг) сўм деб белгиланди.

Эслатма: Мазкур қийматлар Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга асосан белгиланди. Ҳар бир вилоят ўз бозорларидаги нархга қараб фитр садақасини белгилайди.

Барчамизга Рамазон ойи муборак бўлсин! Уни ғанимат билиб, яхшиликлар билан ўтказишни барчамизга насиб қилсин! Омин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати Muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан республикада жисмоний имкониятлари чекланган фуқаролар орасида манзилли режа асосида айрим ноисломий диний конфессия вакиллари томонидан амалга оширилаётган ноқонуний миссионерлик ва прозелитизм ҳаракатларига қарши профилактик тадбирлар ташкил этилмоқди.

Ушбу режанинг иккинчи босқичида  эшитиш ва сўзлашиш имкониятлари чекланган фуқаролар, айниқса, миссионерлар таъсирига тушган шахслар билан “Сиз бизга кераксиз!” мавзусида диний-маърифий суҳбатлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида марказий масжидларда ташкил этилди. Тадбирларда жами 2486 нафар жисмоний имкониятлари чекланган фуқаролар қамраб олинди.

Суҳбатларга ЎМИ томонидан ҳудудий вакиллар, “Вақф” хайрия жамоат Фонди ва маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорлигида амалга оширилди. Суҳбатларга диний идоранинг сурдо таржимонлари жалб қилинган.

Тадбирларда маҳаллий ҳокимият вакиллари, ҳуқуқшунослар, пенсия жамғармаси ходимлари ва бошқа ижтимоий соҳа вакиллари иштироки таъминланди.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўйича имконияти чекланганлар билан ўтказилган тадбирлар ва “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан кўрсатилган эътибордан 110 нафар имконияти чекланганлар бошқа динга ўтиб, адашган эканликларини тан олдилар ва шаҳодат калималарини имо-ишорада келтириб, Ислом динини қабул қилдилар.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги имконияти чекланганларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 1800 та “Қурьони карим ва ўзбек тилидаги маънолари таржимаси” китоби тарқатилди.

Ушбу диний-маърифий тадбирларнинг таъсирчанлигини ошириш мақсадида махсус видеоролик тайёрланиб ЎМИ ва “Вақф” Фонди тасарруфидаги ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарқатиш ташкил этилди.

 

Мунира Абубакирова

Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим мутахассиси

?Бу ойда Қуръони карим нозил бўлган;
?Бу ойда (шу боис) хатми Қуръон қилинади;
?Бу ойда Аллоҳнинг раҳмати ёғилади;
?Бу ойда мусулмонлар рўзадор бўладилар;
?Бу ойда минг ойдан афзал бўлган қадр кечаси бор;
?Рамазон ойи сабр ойи;
?Дуолар мустажоб бўладиган ой;
?Рўза тутиш сабаб тақво ҳосил қилинади;
?Рўза инсонга нафсни тийишни ўргатади;
?Рўза туфайли инсон руҳияти покланади;
?Рўза туфайли инсон тани покланади;
?Рўзадорнинг тили ғийбат, буҳтон,чақимчилик каби гуноҳлардан тийилади;
?Рўзадорда риё бўлмайди;
?Унинг қулоғи бу ойда гуноҳларни “эшитмайди”;
Унинг кўзлари гуноҳ нарсаларни “кўрмайди”;
?Рўзадорнинг қўллари гуноҳ ишларни қилмайди;
?Унинг оёқлари гуноҳ жойларга бормайди;
?Рўзадор саҳарлик қилиб баракага эришади;
?Рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳид Аллоҳ таолонинг наздида мушки анбардан ҳам хушбуйроқ бўлади;
?Рўза қалбни камтарин, тавозели қилади;
?Бу ой тавбалар қабул бўлувчи ой ҳисобланади;
?Бу ой мағфират ойидир;
?Жаннат эшиклари очиб қўйилган ойдир;
?Дўзах эшиклари ёпиб қўйилган ойдир;
?Шайтонларга кишан солиб қўйилган ойдир;
?Рамазон – бандани Аллоҳга энг яқин қиладиган ой;
?Бу ой – саховат ойи;
?Бу ойда қилинган яхшиликлар савоби ўн баравардан еттиюз бараваргача кўпайтириб ёзилади;
?Рамазон – садақа ва эҳсонлар қилинадиган ой;
?Муҳтожларга ёрдам қўли чўзиладиган ой;
?Бу ойда закот бериб, ҳақдорлар хурсанд қилинади;
?Фитр садақаси берилиб, мискинлар дуоси олинади;
?Закот берувчи кишининг моли покланади;
?Закот берувчининг молига барака киради;
?Бой билан камбағал ўртасидаги гина, адоват йўқолади;
?Қариндош-уруғчилик алоқалари мустаҳкамланади;
?Рўзанинг мукофотини Аллоҳнинг Ўзи беради, яъни рўзадорга бериладиган савоб ва яхшиликлар миқдорини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди;
?Рўзадор Раййон номли эшикдан жаннатга киради.

Ибодуллоҳ Аҳроров
Тошкент ислом институти ўқитувчиси.

#РАМАЗОН
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

Страница 98 из 637

Янгиликлар

Top