www.muslimuz

www.muslimuz

Пятница, 04 Февраль 2022 00:00

Беморлик – ҳам неъмат, ҳам...

Ислом динида касални зиёрат қилиш энг улуғ савобли амаллардан бири ҳисобланади. Барча эзгу амаллар каби бу ишни ҳам астойдил, ихлос билан адо этиш лозим. Киши бемор бўлганда савобли ва хайрли ишларни қила олмай қолса, бемор пайтида ҳам шу ишларининг савоби ёзилаверади. Муборак динимизда беморнинг ҳар бир ҳолати ибодат қилган қаторида саналади. Касаллик туфайли мусулмон киши улкан ажру савобни қўлга киритади, гуноҳлари кечирилади. Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: "Мусулмонга қийинчилик, касаллик, ташвиш, хафалик, азият ва ғам-ғусса етадиган бўлса, ҳаттоки тикон кирса ҳам, Аллоҳ таоло ўшалар билан унинг гуноҳларини кетказади" (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Уммул Аъло разияллоҳу анҳо айтадилар: “Мен касал бўлганимда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани келдилар-да: "Эй, Уммул Аъло! Хурсанд бўлинг! Мусулмон киши касал бўлса, олов кумушнинг кирини кетказгани каби, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кетказади", – дедилар (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Аллоҳ таоло ҳар кимга ҳам дард беравермаc экан, балки дардни Ўзининг суйган бандасига унинг амал дафтарига яхшироқ амал ёзилиши учун, унинг гуноҳларини кечириб, даражасини кўтариш учун берар экан.

Шу билан бирга, беморни зиёрат қилишнинг фазли ҳам улуғ. Беморни кўргани, ҳол-аҳволини сўрагани борган киши ҳам улкан ажру савобни қўлга киритади. Қолаверса, яқинларимиз ёки қавму қариндошларимиздан бемор бўлиб қолганларини дарҳол кўргани бориш биз мўмин-мусулмонларнинг бир-биримиздаги ҳақ-ҳуқуқларимиздан биридир.

Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи бештадир. Саломга алик олиш, касални бориб кўриш, жанозага эргашиш, таклиф этса, бориш ва акса урганга яхшилик тилашдир" (Имом Муслим ривоятлари).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:

«Бир одам бемор кишини фақат Аллоҳ таоло розилиги учун кўришга борса, Аллоҳ таоло у ҳақда бундай дейди: "Жуда яхши қилдинг! Боришинг ҳам чиройли бўлди. Жаннатда ўзингга бир манзил тайёрладинг" (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Шу боис бемор одамни зиёрат қилгани борганда, ундан дуо сўрашни ҳам унутмаслик керак. Зеро Аллоҳнинг берган дардига сабр қилиб ётган беморнинг дуоси албатта ижобат бўлади. Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Агар ҳаста-бемор кимсани олдига борсангиз, сизни ҳаққингизга дуои хайр қилишини сўранг, чунки унинг дуоси фаришталарни дуоси каби ижобат бўлади", – дедилар.

Демак, бирор-бир орзу-ниятимиз бўлса, тилак-дуоимиз ижобат бўлишини хоҳласак, улкан савоб истасак, бемор қўшнимиз, қариндошимиз, яқинимизни йўқлашимиз керак экан. Шунда нафақат ажрга эга бўламиз, балки ундан дуо олиб, хожатимиз раво бўлади.

Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мусулмон киши қачон касал дўстини зиёратига борса, то у қайтиб келгунича жаннат боғлари ичра сайр қилиб юрган бўлади", – деб марҳамат қилдилар (Имом Муслим ривоятлари).

Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладилар. Ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом касалларни бориб кўрардилар ва: “Ё Аллоҳ, инсонларнинг Парвардигори! Касалликни кетказгин, шифо бергин! Ўзинг шифо берувчисан! Ўзингнинг шифоингдан ўзга шифо йўқ! Касални ташлаб қўймайдиган шифо беришни сўрайман!” деса, Аллоҳ унинг бу касаллигига шифо беради, – дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Узоқ умр кўриши ва соғайиб кетишини айтиб, беморни хушнуд этиш тавсия этилган амаллардандир. Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар, Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар касалнинг олдига кирсангизлар, унга умри ҳақида тасалли беринглар. Чунки у бирон нарсани қайтармайди ва касални хушнуд этади”, – дедилар (Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривоятлари).

Маълумки, хаста одам, айниқса, анча муддат ётган бўлса, инжиқтабиат, кўнгли жуда нозик бўлиб қолади. Бундай ҳолга тушган киши мулойимлик ва ширин сўзга эҳтиёжманд бўлиб қолиши табиий. Инчунин, бемор зиёратига борган киши мазкур ҳолатларни албатта инобатга олиб ширин сўзларни айтиши керак.

Мабодо боришга вақтимиз камлик қилса ёки масофа узоқлик қилса, бемор қариндошимиз, яқинимиз ё дўстимиздан телефон орқали ҳам ҳол-аҳвол сўрашимиз, дардманд биродаримизнинг ўзи ёки ёнидаги кишилар орқали дори-дармон ё зарур озиқ-овқат учун электрон шаклда пул ўтказиб, дуосини олишимиз ҳам ниҳоятда улуғ ва беқиёс чиройли савобли ишлардан ҳисобланади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни хайрли ишларга ҳарис қилсин, беморларимизга комил шифо берсин, бир-биримизга меҳр-оқибатли бўлишимизни насиб этсин!

Уйда ётган, шифохонада ётган барча-барча беморларимизга Меҳрибон Парвардигоримиз Ўзи шифосини берсин! Тез кунларда яхши бўлиб, оилалари билан доимо соғ-омон бўлишсин!

 

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари.

Шу йил 4 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари жума намозини мўмин-мусулмонлар билан бирга адо этиш ва мавъиза қилиш учун Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида жойлашган "Олтинтепа" жомесига ташриф буюрадилар.

 Муфтий ҳазратларининг жума намозларига ташрифлари ва суҳбатларини сайт ва ижтимоий тармоқларимиз орқали кузатиб боришингиз мумкин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
muslim.uz

2 февраль куни, соат 10:00 да (Тошкент вақти билан) тажвид устози ва ижоза соҳиби – Жаҳонгир қори Неъматов онлайн-тажвид дарсларининг 56-машғулоти ўтказилади. Унда Қуръони каримнинг 36-сураси бўлмиш "ЁСИН" сурасиннинг 55-61 оятлари ўқиш қоидалари ўргатилади.

Дарсларини ижтимоий тармоқларимиз орқали тўғридан-тўғри кузатинг ва бевосита иштирокчисига айланинг!

Facebook: https://www.facebook.com/muslimuzportal

Youtube: https://www.youtube.com/channel/UCQGFSBrqwBCKY5SYk_6wm7A

Instagram: https://www.instagram.com/muslimuzportali/

Ўз қироатларини текширмоқчи бўлганлар жонли эфир вақтида 97-760-70-49 рақамли телефонга қўнғироқ қилишлари мумкин

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

Бугун, 1 февраль куни “Умра – 2022” мавсумининг илк зиёратчилари Саудия Арабистонидан Жидда – Тошкент йўналиши бўйича юртимизга келишди. Уларни уламолар, мутасаддилар, зиёратчиларнинг яқинлари ҳамда ОАВ вакиллари Тошкент халқаро аэропортида юқори даражада кутиб олишди.

Зиёратчиларнинг юз-кўзларидан хурсандчилик, тилларидан муборак умра амалини адо этиб, она Ватанга эсон-омон қайтишгани учун шукроналик аримаганига гувоҳ бўлдик. Ушбу имконият яратилганига Ҳақ таолога ҳамдлар айтишиб, юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлигини сўраб хайрли дуолар қилишди. Шунингдек, умра амалларини энг юқори шароитларда адо этиш учун барча имкониятларни муҳайё этиб берган Давлатимиз раҳбари, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва бошқа мутасадди идораларга чексиз миннатдорликлар изҳор этилди.

Маълумот учун, зиёратчилар Мадинаи мунавварада Масжидул Набавийда, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Равзаи мутоҳҳараларида, минглаб саҳобаи кромлар абадий қўним топган “Бақи” қабристони, “Қубо” ва “Қиблатайн” масжидлари ва Ухуд тоғида зиёрат ва ибодатда бўлдилар. Маккаи мукаррамада эса умра амалини бажариб, Каъбаи муаззамани тавоф этишди. Шунингдек, Раҳмат тоғи – Арафотни, Нур тоғидаги Ҳиро тоғини ва Савр тоғидаги ғорларни ҳам зиёрат қилишди.

Кутиб олиш жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий сайт ва ижтимоий тармоқларида, шунингдек, давлат ва нодавлат телевидениялари орқали батафсил ёритилади.

Аллоҳ таоло умра сафаридан қайтган ҳамюртларининг ибодат ва зиёратларини даргоҳида қабул қилсин, муборак зиёратни барчамизга насиб этсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бугун, 1 феврал соат 9:00 да “Умра – 2022” мавсумининг навбатдаги зиёратчилари – Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятидаги ҳамюртларимиз Тошкент халқаро аэропортидан HY 3303-сонли рейс билан Тошкент-Жидда йўналиши бўйича учиб кетишди.

Муборак сафарга йўл олган юртдошларимизни мутасадди вакиллар, зиёратчиларнинг яқинлари, ОАВ вакиллари Тошкент халқаро аэропортида кузатиб қўйишди.

Маълумот учун, зиёратчиларимиз Саудия Арабистонидаги Жидда шаҳрига етиб боргандан сўнг замонавий автобусларда Мадина шаҳрига бориб, барча шароитларга эга бўлган меҳмонхонага жойлашдилар. Кейин эса Мадинаи мунавварадаги зиёратларни бошлашади, иншоаллоҳ.

Мазкур рейс 11 февраль куни соат 21:00 да (HY 3310) Тошкентга қайтиб келади.

Аллоҳ таоло умрага отланганларнинг сафарларини муборак қилсин, Байтуллоҳ ёнида дуо қилишни барчамизга насиб этсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Янгиликлар

Top