www.muslimuz

www.muslimuz

Бугун, 18 октябрь, душанба куни соат 20:00 да файзли уламолар, зийнат қорилар ва хушовоз нашидхонлар иштирокидаги “Қалбимиз ва ҳаётимиз Сиз ила, ё Расулаллоҳ!” номли онлайн сийрат суҳбатлари тақдим этилади.

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалам сийратлари мўмин-мусулмонларнинг имон-ихлосига чинакам озуқа. Агар кишининг имони комил бўлса, Расули Акрамга бўлган муҳаббат ҳам зиёда бўлади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирорталарингиз мени фарзандидан, ота-онасидан ва одамларнинг барчасидан кўра, кўпроқ яхши кўрмагунча ҳақиқий мўмин бўлолмайди”, деганлар. Демак, имон комил бўлиши учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ота-онамиздан ҳам, болаларимиздан ҳам, жамики одамлардан, ҳатто ўзимиздан ҳам кўпроқ яхши кўришимиз лозим. Бунинг учун эса У зотни яхши танишимиз, ҳаётларини билишимиз, энг муҳими, суннатларини ҳаётга татбиқ этишимиз даркор. Онлайн сийрат тараннуми тадбири мана шу эзгу ишга оз бўлсада ҳисса қўшади, деган умиддамиз.

Қуйидаги ижтимоий тармоқларимиз орқали онлайн сийрат суҳбатлари, гўзал қироатлар ва ажойиб нашидаларни тўғридан-тўғри кузатинг ва бевосита иштирокчисига айланинг!

Youtube: MuslimTV (https://www.youtube.com/channel/UCLbdL0ibb4zqlqe7LRNOSNQ?view_as=subscriber)
Facebook: MuslimUz (https://www.facebook.com/muslimuzportal)
?Мавзу юзасидан савол ва фикр-мулоҳазаларингизни @OnlineSiyratBot орқали жўнатинг.

#СИЙРАТ
#Қалбимиз_ва_ҳаётимиз_Сиз_ила_ё_Расулаллоҳ!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

Робиул аввал ойи мусулмонлар тақвимидаги энг муҳим ойлардан бири ҳисобланади, чунки айнан шу муборак ойда Aллоҳнинг охирги элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилганлар. Бу ойда ҳақиқий имонли киши Aллоҳдан янада кўпроқ ажру мукофот олишни ният қилиб, ибодат қилишга интилади.

Қуйидаги рўйхатда келган амалларга Aллоҳнинг ёрдами билан Робиул аввал ойида ҳам, ундан кейинги ойларда ҳам амал қилсак Аллоҳ ва Унинг Расули яхши кўрган бандалардан бўламиз, инша Аллоҳ:

1. Ҳар куни Қуръон ўқинг ва тингланг. Аллоҳ таоло ва Унинг Расулига яқинлашишнинг энг яхши усулларидан бири – бу Аллоҳнинг Каломи – Қуръони каримни тиловат қилиш ва тинглашдир. Ҳар куни Қуръон ўқишга одатланган бандадан шайтон узоқлашади. Қуръон ўқишни бугундан бошланг. Қуръони карим Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида муҳим ўрин тутарди. Бежиз Аллоҳ таоло Ўзининг Каломини айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилмаган.

 

2. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини кўпроқ ўқиб, ўрганинг. Аллоҳ таолонинг элчисининг ажойиб таржимаи ҳолларини ўқиш орқали ўзингиз учун янги бўлган кўплаб маълумотлар, у зот алайҳиссаломнинг феъл -атворлари, фазилатлари ва гўзал ахлоқ-одоблари ҳақида билиб оласиз.

 

3. Aллоҳнинг Расулига итоат этинг. Пайғамбаримизга итоат этиш ҳаётингиздаги кўп нарсаларни ўзгартиради. Ўзингизга савол беринг: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига қанчалик амал қиляпман? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари ва кўрсатмалари бизни Аллоҳ таолонинг ҳидоятига етаклайдиган ҳадисларда баён этилган. Шундай экан, у зот алайҳиссаломнинг ҳадисларини ўқинг ва ўрганинг, улардан ҳаётингиздаги барча саволларга жавоб топинг.

 

4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга янада кўпроқ салавот айтинг. Aллоҳдан тинчлик ва барака ато этишини сўраб дуо қилинг. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш кўплаб ажру савобларга ноил этади ва баракаларнинг ёғилишига сабаб бўлади.

 

5. Яхшиликка чақиринг, ёмонликлардан қайтаринг. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига амал қилиш ва гўзал намуна бўлиш орқали сиз одамларни Исломга даъват қилишингиз мумкин. Қуръони каримда бундай дейилган: "Ҳикмат ва яхши, чиройли ваъз билан Aллоҳнинг йўлига даъват қилинг" (Наҳл сураси, 125-оят).

 

6. Яқин ва дўстларингизни зиёрат қилинг. Исломда оилавий ришталар ва одамлар билан яхши муносабатда бўлиш жуда муҳим. Қавм-қариндошларингизга ташриф буюринг, уларни ўз уйингизга таклиф қилинг, мазали таомлар улашинг ва ҳадялар беринг.

 

7. Саховатпеша бўлинг. Эҳтиёжли, уйсиз, камбағал оилаларга ёрдам қўлини узатишни унутманг. Пайғамбаримиз буни қилганларини эслаб, яхшилик қилинг.

 

8. Рўза тутинг. Имкон қадар рўза тутишга ҳаракат қилинг. Рўза Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар душанба ва пайшанба кунлари рўза тутардилар. Овқатланиш, ичиш ва тақиқланган нарсалардан воз кечиш сизда ҳикматнинг ортишига ва Aллоҳга янада яқин бўлишга сабаб бўлади.

 

9. Кўп дуо қилинг. Дуо – мўминнинг асосий қуроли, у орқали Роббиси билан гаплашади. Aллоҳдан ўзингиз ва яқинларингиз ҳаққига яхшиликлар сўраб дуо қилинг. Бутун умматга офият сўранг ва марҳумлар учун ҳам дуо қилинг.

 

10. Aллоҳга ва Унинг Расулига яқинроқ бўлишга интилинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлик сизни Aллоҳга яқинлаштиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлашиш банданинг нажотидир.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков

Бугун, 12 октябь куни бир гуруҳ уламолар Тошкент шаҳри Сергели туманидаги “Қўшқўрғон” жоме масжидининг янги биноси қурилишини кўздан кечириб, унинг қурилишига табаррукона ғишт қўйиб беришди.

Маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар домла Қаюмов, ЎМИ Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов ва бошқалар қатнашди.

Маълумот учун, масжид илк бор 1914 йилда қурилган. Мустабит тузими даврида масжид фаолияти тўхтаб қолган. У 1989 йилга келиб қайта очилган.

2021 йил март ойида жоме янги биносини қайта қуриш ишлари бошланди. Хонақоси 5 минг кишига мўлжаллаб барпо этилмоқда. Эскисига 600 киши сиғар эди. Ҳозирда масжид хонақоси пойдевори қўйилиб, ғишт териш ишлари жадал олиб борилмоқда. Минорасининг баландлиги 35 метр бўлиши режа қилинмоқда.

Шунингдек, 50 сотохни ўз ичига олган мажмуада аёллар намозхонаси, маъмурият хонаси, қаровулхона ва бошқа хизмат бинолари ўрин олган.

Айни пайтда янги таҳоратхонанинг биноси битказилиб, том қисмини ёпиш ишлари кетмоқда. Масжид янги биноси қурилишини 2022 йилда битказиш режа қилинган.

Тадбир сўнгида ҳомийлар, уста-қурувчилар ва бу хайрли ишга ҳисса қўшаётган барча азизларнинг ҳақига хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 августдаги “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4802-сон Қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”нинг 14-бандининг ижроси юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ва Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти мутахассисларидан иборат ижодий гуруҳ шакллантирилиб, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан мақсадли лойиҳаларга қўйилган талаблар асосида Давлат лойиҳаси тайёрланган эди.

Жорий йилнинг 9 октябрь санасида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Саъдуддин Тафтазонийнинг “Шарҳу ақоиди Насафия” (Насафийнинг Ақида асарига шарҳ) асарини ўзбек тилига илмий-изоҳли таржимаси ҳамда унинг андроид ва мультимедиа дастурларини тайёрлаш бўйича уч йиллик амалий лойиҳанинг молиялаштирилиши тасдиқланди.

Қайд этиб ўтиш лозимки, мазкур лойиҳа 2021-2024 йилларда амалга ошириладиган илмий фаолиятга оид давлат дастурларига киритиладиган амалий лойиҳалар ичидан Инновацион ривожланиш вазирлиги Ҳайъат аъзолари томонидан очиқ овоз бериш йўли билан аниқланди.

Аллома Саъдуддин Тафтазоний ва унинг “Шарҳу ақоиди Насафия” асари ҳақида қисқача маълумот.

Саъдуддин Тафтазоний

 Саъдуддин Тафтазоний номи билан машҳур бўлган бу зотнинг тўлиқ исми шарифи Масъуд ибн Умар ибн Абдуллоҳ бўлиб, Хуросон ўлкасининг Тафтазон шаҳрида туғилган. Аллома Тафтазонийнинг қайси йилда туғилгани ҳақида икки хил қараш бор: 1. Ҳижрий 712/милодий 1312 йилда туғилган. Бу қарашни Жалолиддин Суютий нақл қилган; 2. Ҳижрий 722/милодий 1322 йилда туғилган. Бу қарашни Тошкўпирзода нақл қилган.

Саъдуддин Тафтазоний  кўплаб устозлардан таълим олган бўлиб, улар орасида Аздуддин Ийжий, Зиёуддин Қазвиний, Қутбиддин Розий Таҳтоний ва Насиймуддин Абу Абдуллоҳ Найсабурий каби уламолар энг машҳурлари ҳисобланади. 

Саъдуддин Тафтазоний тафсир, фиқҳ, наҳв, сарф, усулид-дин, мантиқ каби илмларда етук олим бўлган. У Амир Темурнинг таклифи билан Самарқандга келган ҳамда бу ерда дарс бериш ва китоб ёзиш билан машғул бўлган.  Бу зот ўн олти ёшлик ўспиринлик чоғидаёқ дастлабки асарини ёзган.

Саъдуддин Тафтазонийнинг “Шарҳу ақоиди Насафия”

(Насафийнинг Ақида асарига шарҳ) асари ҳақида

Саъдуддин Тафтазонийнинг “Шарҳу ақоид” асари машҳур олим Умар Насафийнинг “Ақоидун Насафия” асарига ёзилган шарҳдир. “Ақоидун Насафия” асари мотуридия мазҳабидаги энг мўътабар ва энг машҳур матнлардан ҳисобланади. Бу матннинг бошқа матнлардан ажралиб турадиган хусусияти бошқа матнлар дастлаб Аллоҳ таолонинг бирлиги ва Унинг сифатлари ҳақидаги баҳслар билан бошланган бўлса, бу матн дастлаб бандаларнинг маълумот олиш воситалари, оламнинг йўқдан бор қилингани ҳақидаги ақлий далиллар ва бу ақлий далиллар Яратувчи бор эканини тақозо қилиши ҳақидаги баҳслар билан бошланган.

Саъдуддин Тафтазонийнинг “Шарҳу ақоид” номли ушбу шарҳи ёзилган вақтдан буён Ислом билим юртларида ақоид фанидан асосий дарслик сифатида ўқитиб келинган. Ибораларининг қийинлиги билан ҳам “машҳур” бўлган бу шарҳнинг ўзига ҳам йигирмадан ортиқ шарҳлар ва ҳошиялар битилган.

Аллома Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳининг бу китоби ўз давридаги ақийда илмига оид илмий баҳсларнинг самарасини акс эттирган китобдир. Ақоидга оид китобларда ҳар бир китобнинг ёзилаётган даврида ҳукм сураётган эътиқодий масалалар ва тортишувлар акс этиши одат тусига кирган нарса.

Саъдуддин Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи ўз китобининг аввалида ақийда илми тарихи ва унга одамларнинг ҳожати тушганлиги ҳақида қисқача тушунтириш беради:

“Аввалда ўтган саҳоба ва тобеъин розияллоҳу анҳум ақийдалари мусаффо бўлгани ва Набий алайҳиссаломнинг суҳбатларининг баракаси, у зотнинг замонларига яқинлик, ҳодиса ва ихтилофларнинг озлиги ҳамда ишончли зотлардан сўраш имконлари бўлгани туфайли ақийда ва фиқҳ илмларини тадвийн қилишга, фаслу бобларга солишга ҳамда фуруъ ва усулларнинг мақсадларини айтишга ҳожатлари тушмаган. Аммо мусулмонлар орасида фитналар, дин имомларига қарши тажовузлар, фикрларда ихтилоф ва бидъатларга мойиллик зоҳир бўлиб, фатволар кўпайди, уламоларга мурожаат кўпайганидан кейин, улар назар солишга, далил топишга, ижтиҳод қилишга, ҳукм ахтаришга, қоидалар ва асослар ишлаб чиқишга, боб ва фаслларни тартибга солишга ўтишга мажбур бўлдилар”.

Ҳозирги кунда аллома Саъдуддин Тафтазоний томонидан ёзилган “Шарҳу алақоди Насафия” асарининг калом илмидаги амияти ҳали етарли даражада ўрганилмаган. Айниқса, бу асарнинг таркибий тузилиши, унда кўтарилган ақидавий масалаларнинг тарихий жараёнлар билан узвий боғлиқлиги таҳлил қилинмаган. Асарнинг Ўзбекистонда ва хорижда сақланаётган қўлёзма нусхалари комплекс тарзда ўрганилиб тўлалигича тавсиф қилинмаган. Саъдуддин Тафтазонийнинг мазкур асари қарийб беш аср мобайнида Мовароуннаҳр ва унга қўшни ҳудудлар мадрасаларида асосий дарслик сифатида ўқитилган. Бироқ, унинг таълим дастуридаги аҳамияти ва ўрни тўлалигача ўрганилмаган.

Аллома Саъдуддин Тафтазонийнинг “Шарҳу алақоди Насафия” асарини тадқиқ қилиш ва ундаги ақидавий масалаларни илмий асосда таҳлил қилиш каломга оид масалаларга аниқлик киритади. Шунингдек, халқимизга Ислом динининг асл моҳиятини тўғри етказишда бу асар аҳамияти ниҳоятда каттадир. Шу билан бирга ҳозирги кунда мавжуд турли хилдаги диний-сиёсий гуруҳлар ва бузғунчи мафкураларга қарши курашда, мазкур асардан ғоявий қурол сифатида фойдаланиш мумкинлигини ҳам айтиш зарур.

Умуман олганда мазкур асарни ўзбек тилига илмий-изоҳли таржимасини амалга ошириш беқиёс аҳамиятга эга бўлиб, халқимиз, айниқса, ёшларимизни чин инсоний фазилатлар соҳиби этиб тарбиялаш, улар қалбида аждодларга муносиб авлодлар бўлиш ҳамда турли бузғунчи, адашган оқимларга қарши раддиялар бериш кўникмаси шаклланишида муҳим манба бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз. 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Бош мутахассиси Ў.Собиров

Янгиликлар

Top